Толиб ЁҚУБ: “Қип-қизил ёлғон бўлиб чиқди!”

Э-Э-ЭҲ, ОХИРГИ КУНЛАРДА СВЕТ ДЕЯРЛИ ЎЧМАЁТГАНИ КАБИ ИНТЕРНЕТ ТЕЗЛИГИ ҲАМ ФРАНЦИЯДАГИДЕК БЎЛСАЙДИ!
Рост, қишлоғимизда свет деярли ўчмайдиган бўлиб қолди. Хабарингиз бор: Ислом Карим тириклиги пайтида свет бир сутка давомида нари борса 4-5 соат берилган. Қолган пайтда аҳоли шамчироқ ёруғида тирикчилик қилган. “Тирикчилик” сўзини сиз тўғри тушунинг – у фақат эру-хотин орасидаги тирикчилик эмас, балки оилага кечки овқат тайёрлаш, болаларнинг дарс қилиши, қоронғу оғилда мол-ҳолга қараш, тўй-тамошо ўтказиш каби фаолиятни амалга ошириш ва бошқа кўпгина ҳаётий муаммоларни ечиш ҳамдир. Қишлоғимизда светнинг дам-ба-дам ўчириб қўйилиши нафақат И.Карим даврида, балки Шавкат Мирзиё Ўзбекистон Республикаси президенти этиб сайлангандан кейин ҳам кўп кузатилган.
Хабарингиз бор: мен Франциядан Ўзбекистонга қайтгач, қишлоғимизда свет тез-тез ўчириб қўйилиши ҳақида президент Ш.Мирзиё ва Бош вазир Абдулла Ориф номига мурожаатнома йўлладим. Мурожаатноманинг биринчи банди “Нега Францияда свет ўчмайди?” дея номланган эди. Давлатнинг икки энг юқори мансабини эгаллаб турган мулозимларга ёзган хатим ижобий натижа берди. Статистика: Франциянинг Angers шахрида, 12 йиллик муҳожиротда яшашимиз даврида, свет бор-йўғи 2 (икки) марта ўчди, холос; 2018 йил 30 сентябрь [менинг Ўзбекистонга қайтган куним]дан 30 октябрьгача [яъни, 1 (бир) ойда] свет қишлоғимизда камида 50 (эллик) марта ўчди. Хатим Тошкентга етиб боргач, тез орада ҳовлимга Жиззах вилояти электр тармоқлари мутахассиси кириб келди. Узоқ сўҳбатлашдик. Сўҳбат давомида тан олиш ҳам бўлди, ихтилоф [тан олмаслик] ҳам келиб чиқди.
Свет масаласида қишлоғимизда ҳозир вазият қандай? Ишонаверинг, мен алдаётганим йўқ: свет деярли ўчмай қолди! Свет охирги марта қачон ўчганини мен, ҳатто, эслай ҳам олмадим! Ўзбек тилида: “ёмон ўрганиб қолиш” деган тушунча бор. Мас.: “биз Францияда свет ўчмаслигига ёмон ўрганиб қолувдик”, ёки “Францияда интернет тезлиги ўта юқори – биз шунга ёмон ўрганиб қолувдик”, ёки “Оврупо Иттифоқига кирувчи давлат орасида чегара деган гап йўқ, сен машинагда 5 минут илгари Франция ҳудудида эдинг, 5 минутдан кейин сен Швейцария ҳудудида кетаётганингни билмай қоласан – биз шунга ёмон ўрганиб қолган эдик”. Биз ҳам, Тоқчилиқ қишлоғи аҳолиси, свет ўчмаслигига ёмон ўрганиб қола бошладик.
Лекин, интернет чатоқ – хоҳласа ишлайди, хоҳламаса безрайиб тураверади, пулни эса кўрдим демай ямламай ютаверади. Шунга ўргана олмаяпмиз: менга ўхшаган қариялар кун бўйи бир жойда, бир нуқтага тикилиб, ўтиравериши қийин – одам зерикиб кетади. Ишга ярамасанг, гап-гаштакга ярамасанг, муҳожиротдан қайтгач, қариндош-уруғ, ёру-биродарларнинг “бир пиёла чой”га таклифлари одош бўлган бўлса нима қиласан? Тўғри, “алам”ингни компьютер ва интернетдан олар экансан! Лекин, Ўзбекистонда бу қурмағур интернетнинг характери, яъни, хулқ-атворини тушуниш қийин экан – интернет ишлаб туради-да, ёзаётган мақолангизнинг марказий нуқтасига келганингизда, ёки бирор сайтда ўта қизиқарли хабарни ўқиётганингизда қурмағур интернет “поп” этиб ўчиб қолади ёки “ўлай-ўлай” деб ишлай бошлайди. “Бориб дардингни Худога айт” – бошқа кимга ҳам айтасан?
“Ёмон ўрганиб қолиш” Ўзбекистон шароитида яхши нарса эмас экан! Интернет тезлигини баҳолайдиган халқаро ташкилот мамлакатимиздаги интернет тезлигини бир юз-у эллик …чи ўринга қўйса-да, Ислом Карим даврида “ёмон ўрганиб қолиш” яхши эди. Сабаби оддий: интернетдаги “фисқу-фасод”дан гап-гаштакдаги фисқу-фасод аълороқ эди. Биз И.Карим яратган сиёсий ва информацион муҳитни тушунмаган эканмиз – интернет ўчиб қолса, ёки тезлиги кескин пасайиб кетса, биз хафа бўлиб юрардик. Беҳуда хафа бўлар эканмиз – фисқу-фасодни камроқ эшитиш ёки ўқиш яхши-ку! Зато мамлакатимиз Шимолий Қурия, Афғонистон, Эрон, Куба, Зимбабве каби ўта ривожланган ажнабий давлатларни қувиб етди! И.Карим даврида мамлакатимиз ҳар йили “интернет душманлари” сафидан жой оларди – бўлмаган гап! Бу гапни Ўзбекистонни кўролмайдиган, давлатимизга ҳасад кўзи билан қарайдиган одамлар тўқиб чиқарган!
Э-э-э, гапим чўзилиб кетди! Тугатаяпман. Яна бир гап. Франциядан қайтган кунларимнинг бирида матбуотда: “Яқин кунларда Ўзбекистонда интернет тезлиги 10 (ўн) баробар [яъни, 500%га] ошади” деган хабар тарқалди. Кутдик. Қип-қизил ёлғон бўлиб чиқди! Аксинча, … буёғи юқорида айтилди.
(Тамом) 2019 йил, 1 май;
Жиззах вилояти, Ш.Рашид тумани, Тоқчилиқ қишлоғи, Ҳамид Олимжон кўчаси, 27-уй.

%d bloggers like this: