Бакҳтиёр Шералиев: ПАРАДОКСЛАР ЎЛКАСИ

1. Бир мутахассисни етиштириш учун аввал бошда ўлиб-тириламиз, пул, вақт, ресурс сарфлаймиз. У етишиб чиқиб биз истагандек кучли мутахассис бўлгач ўз фикрини айта бошлайди, фаолиятимиздаги камчиликларни санайди, бартараф этиш йўлларини кўрсатади, бу эса бизга ёқмайди, дарровда ундан қутулишга ҳаракат қиламиз. Керак эмас экан нега яратдик?

2. Бир мутахассисни тайёрлаш учун олам-олам ресурс, вақт сарфлашга тайёрмиз, лекин ана шундай биз истагандек, камига чет эл тажрибасига эга ўзимизнинг ватандош бўлган мутахассис келаман деса уни қабул қилишни истамаймиз.

3. Имиджни кўтариш ҳақида бонг урамизу, лекин айтган ишларимизнинг тескарисини қиламиз.

4. Инвесторларни келишини тинимсиз тарғиб этамизу, иш бошлаганини «самосуд» қилиб пўстагини қоқамиз.

5. Бизда инфиляция 7-8 фоиздан ошмайди деймизу, лекин сув, газ, электр, бошқа нарсаларимизнинг нархи бир йилда 20 фоизга ортади.

6. Яхши асарлар ёзилмаяпти деб нолиймизу, ёзувчиларимиз кун кўриш учун киракашлик қилаётганига бепарво бўламиз.

7. Ҳалигача ўзбек тили чинакам давлат тилига айланмагани ҳақида оддий халқ куюниб гапирадию, жамиятнинг «зиёли» қатламидагилар рус тилга расмий мақом бериш таклифи билан чиқади.

8. Қон босимимиз ортган вақтда «давлениямни ўлчаб қўйсин» деб чақирган тез ёрдам шифокорларини уялмасдан дўппослаймизу, лекин чақирганда маст шифокор келса оламга жар соламиз.

9. Битта малакали шифокорнинг етишиб чиқишига камида 10 йил кетишини билган ҳолда унга шунча йиллар давомида бироз бўлсада кўмак бермаймизу, лекин у пуллик хизмат кўрсата бошласа устидан шикоят қиламиз.

10. Ўқитувчиларимиз пахта терса, ҳашарга чиқса, темир-терсак йиғиб юрса, домимизнинг тагини тозалаб юрса эътибор бермаймизу, мактабдан чиқаётган битирувчилар ҳеч нарсани билмаса ўқитувчиларни дарс ўта олмасликда айблаймиз.

11. Банкларимиз доллар сотмайдию, лекин машиналаримиз, уйларимиз фақат долларга сотилади.

12. Чет эл ОАВ журналистларига мамлакат ичкарисида ишлашга рухсатнома берамизу, лекин сайтларини блокдан чиқармаймиз.

13. Бир йилда миллиардлаб куб метр газ экспорт қиламизу, ўзимиз таппи ёқамиз.

14. Оддий одам машина ҳайдаётганда йўловчини уриб юборса йилларга қамаб юбора оламизу, лекин прокурор машинада йўловчини уриб ўлдириб қўйса, йўловчи ўзи маст, камига машина йўлига чиқиб олган эди деймиз.

15. Битта фаррош 50$ билан қўлга тушса ТВ га олиб чиқиб бутун оламга овоза қиламизу, бошқа битта «эркатой қиз» млрд лаб доллар ўмарса ҳам чурқ этмаймиз.

16. Бир қиз кўчада мини юпка кийиб юрса бу унинг ҳуқуқи, эркинлиги деймизу, бир муслима қиз рўмол ўраса дарров террористга чиқарамиз.

17. Қизимизни қуда томон қийнаса олам жаҳонга овоза қилиб гапирамизу, лекин уйимиздаги бировнинг қизи бўлган келинимизга итнинг кунини кўрсатамиз.

Бу рўйхатни жуда узоқ давом эттиришим мумкин эди, лекин …

Bakhtiyor Sheraliev