ЖАҲОНГИР МУҲАММАД: Номсиз замон

1- май… Болаликда шу кунни ухламай кутардик.
Биринчидан, янги кийим киярдик, иккинчидан, томошага чиқардик. Ана одам, мана одам.
Кимлардир гердайиб параднинг олдинги қаторларида борарди.
Кимлардир охирги қаторда ва олдингиларга ҳавас билан қараб ўша томонга талпинарди.
Параднинг икки томонига автобус ва юк машиналари терилган. Хотин-халаж, бола-чақа уларнинг устига чиқиб олишган.
Биз аввал Самарқанд шаҳрининг юраги бўлмиш Регистонга келардик. Навоий кинотеатри олдида рангли тухумларни “уриштириш” мусобақаси бўларди. Ундан кейин пиёда юриб “Операбалет” олдидан ўтиб, “Ленинская”га (Марказий хиёбонни шундай дейишарди) борардик. У ерда фокус-мокус кўрсатганларни томоша қилардик.
Ҳамма ёқда навбат. Дунё навбатга айланган.
Кимдир сувга, кимдир марожнийга (ҳозир музқаймоқ деймиз), кимдир кинога… навбатда.
“Качели-карусел” кутганлар…
“Парк озеро”га қараб юрганлар…
“Динамо” стадиони томонга югурганлар..
Болаларнинг қўлларида қизил байроқчалар… ва шиширилган шарлар…
Аслида бу байрам худди ана шу шиширилган шар-балонга ўхшарди. Жуда тез  “бўшаб қоларди”-тугарди. Ҳамма пиёда юрмоқдан чарчаб, шалпайиб-палпайиб уйига қайтарди.
Шўролар халқнинг бу қадар оммавий тарзда кўчаларга чиқишидан қўрқишмаган эканда-а? Устига устак буни уларнинг ўзлари ташкил қиларди. Чиқмасангиз жазоси бўларди. Ҳатто ўқувчилар ҳам чиқишга мажбур эдилар. Лекин барибир шу кун орзиқиб кутиларди.
Кейинчалик биз ўзимиз парадда қатнашадиган бўлганда бу жонимизга тега бошлади. Чунки параднинг бошланишини битта жойда узоқ кутишингиз керак бўларди. Парад бошланиши билан тезроқ-тезроқ минбар ёнидан гердайиб, “Ура!”, Ура!” деб ўтиб кетишни ўйлардингиз. Биринчи сафдагиларга ҳавасингиз келарди. Улар сиздан олдинроқ озод бўлардилар. Нарёқда сизни кутиб турган яқинларингизга қўшилишни истайсиз, чунки автобуснинг устида ўтирволиб томоша қилиш бошқада…
Бу параднинг номи “Намойиш” (Бугун қўрқинчли сўз-а?) эди: Биринчи май намойишлари. Бугун эса ҳатто Мустақиллик куни ҳам номойиш қиламан десангиз қамоққа кетасиз. Тасаввур қилинг, ҳукуматнинг ўзи ҳаммани қувиб, кўчаларга олиб чиқиб, намойиш ташкил қилдирса? Астағфурулло! Айтиб бўладими, бирдан халқ “Йўқолсин золим!” деб бақира бошласа, нима бўлади?
Бизнинг даврда қўрқмасдан “Йўқолсин золим!” деб айтиларди, аммо Америка назарда тутиларди.
“Вьетнамдан қўлингни торт!” деб бақиришарди намойишларда. Йўқ, аввал “Операбалет” биноси устидаги ва столбалардаги карнайлардан чиқарди бу овоз, кейин ҳамма такрорларди.
“Анжела Девисга озодлик!” деб додлашарди бизнинг даврдаги намойишчилар Америкага қарата.
“Йўқолсин  империалист Америка” дейиларди бир овоздан.
Бугун энди ҳар бир халқнинг ўз империалисти бор. Улар эса “Йўқолсин” деган гапни эшитишни истамайдилар. Шунинг учун намойишлар ҳам йўқ.
Илгари ёмон замонлар эди. Бугун-чи? Бугун энди ёмон замонлардан ҳам ёмон замон…
Буни бугун мен каби хорижда кузатаётган эмас, балки бу замоннинг ичида яшаётганлар яхшироқ билишар? Айниқса етти-саккиз ёшли бола. Қизиқ, 1-май намойишлари йўқ, у эллик йилдан кейин нимани эслайди? Дарвоқе, Наврўзни эслайди. Қандай қилиб Наврўз концертини кутишганини эслайди… Нақд бошланганида “лип” этиб свет ўчиб қолгани чатоқ иш бўлганди-а? Лекин эллик йил кейинги одамлар унга ишонмайдилар. Ҳеч свет ҳам ўчадими?
У яна одамлар уйида сўкиб, кўчада мақтайдиган президентини эслайди. Саксонга сакраб ҳам қасара қусур ўйнагани кўз олдига келади. Свет ўчмаган кунлар қайта-қайта кўрсатишарди.
Бизнинг замонда президентлар ва ҳокимлар (“Генсек”, “обкомбобо”, “райкомбобо” дейишарди уларни) савлат тўкиб минбарда туришарди, халқ эса ўйнарди. Бу замонда эса халқни миниб олган зот жилпанглаб ўйнамоқда, тағин Америка ва Россия элчилари билан. Ким кимни ўйнатаётганини билиш қийин.
Агар эллик йил кейин бугунни эслаган авлод ҳам ўз замони ҳақида мен каби Америкадан туриб ёзса, (Илоҳим Ўзбекистонда туриб ёзсин! Шундай дейману ҳамма вақт ҳам орзуларим амалга ошмай қолганини эслаб, юрагим орқага тортиб кетади.) эллик йилдан кейин бу сирни билиш осон бўлади. Чунки Америкада ҳар қандай сир устидаги “қопқоқ” эллик йилда очилади.
Лекин сирни ўрганиш кечга қолиши ҳам мумкин. Чунки Россияда давлат сирлари устидаги ёпинғич эллик йилда ҳам ечилмайди. Афсусланиш керак эмас, ҳар етмиш йилда бу давлатнинг савлати тўкилиб туради…
Хуллас, бугунги етти-сакккиз ёшли бола орадан ярим аср ўтиб, ўз замонини ё эслар ё йўқ. Балки ном-нишонсиз кетар бу замон… Номсиз-нишонсиз замон ҳам бўладими? Нега бўлмасин? Мана бизнинг замон “Номсиз замон” эди. Бугунги замон эса “Нонсиз замон”. Ҳатто байрамда ҳам кўчаларда одам йўқ, ҳамма нон излашга кетган…

2012 йил, Март.