Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон: Ушбу айтилганларни ҳисобга олиб

Кеча – апрелнинг 28-куни “Бу кунлар” эълон этилганига роппа-роса уч йил тўлди.
Эсимда йўқ эди. Эсимда бўлганида ҳам фб.да эсламасдим барибир.
Айрим дўстларимиз ҳаракати билан ўша кунги мақолам лентада айланиб қолди. Одамларнинг муносабатларини ўқидим. Қувондим.
Лекин бир нарса дегим келмади. Чунки юрагим тўла уч йиллик зардоб билан жилмайишга ҳам мадорим йўқ эди. Айниқса, охирги бир ярим йиллик мавҳум ҳолатим у зардобга қон ҳам аралаштириб юборгандек. Бундай “озод” юрганимдан кўра қамоқдан чиқарилмаганим яхшимиди, деб юбораман баъзан. Очиқликдаги ҳиссий-руҳий қамоқдан қамоқхонадаги руҳий-ҳиссий озодлик енгилроқ кўриниб кетади кўзимга!

Ушбуни ўша қону зардобга тўла туйғулар билан бундан икки ҳафтача бурун адвокатим учун ёзган эдим. Ҳеч қаерга ҳеч кимга жўнатмадим. Қаёққа ва кимга жўнатишни билмайман ҳам. Қолаверса, юборганим билан фойда бўлишига ишончим қолмади. Ким қулоқ соларди дейман.
Бугун бирдан бу ерда эълон қилгим келиб қолди. Бир оз катталиги учун узр. Эринмаганлар ўқиб чиқсин.
Дардларни тинглайдиган, лозим бўлганида яраларга малҳам сурадиган барибир Ўзингсан, эй Оллоҳ!

—————————————–

БЎЛИБ ЎТГАН ИШЛАР (қисқача) ВА КАМИНАГА ҚАЙТАРИЛИШИ ЛОЗИМ БЎЛГАН НАРСАЛАР

1. “Бу кунлар” асаримни эълон этганимдан 4 (тўрт) ой ўтиб – 2016 йил августининг охири ёки сентабирининг бошида (мен ҳали Туркияда яшаб турган, Ислом Каримов эса, ўлиб ўлолмай ётган кунлар) Тошкентдаги уйимни Яшнобод туман ИИБидан десант босиб, маҳалла раиси иштирокида уйни тинтув қилган. Хоналардан эскию янги газет-журналлар, айрим китоблар, қўлёзмаларни ҳеч қандай рўйхатсиз, тилхатсиз, имзосиз йиғиштириб, қопларга тиқиб, айтишларича, ярим юкмошина қилиб олиб кетишган. Булар ичида қимматбаҳо қадимий қўлёзма китоблар ҳам, 7 (етти) йиллик меҳнатим – “Тафсири ҳилол”нинг қўлёзма-таҳрир нусхаси ҳам бўлган. Руйхат тузилмагани ва уй эгаларига бир нусха қолдирилмагани учун бошқа яна нималар олиб кетилганини то ҳанузгача билмайман.
2. 2017 йил сентабирининг 27-куни Тошкент аэропортидан тўғри Яшнабод туман ИИБга келтирилдим ва ёнимда бўлган қуйидаги нарсаларим мендан олиб қўйилди. Рўйхат тузилди, қўл қўйдирилди, аммо менга ё оиламга бир нусхаси берилмади:
– ноутбук (бир дона);
– Президент Шавкат Мирзиёев номига ҳадя ўлароқ ёзилган “Бу кунлар” китобим (бир дона);
– тарихга оид китоб (бир дона);
– ўтган аср газет-журналлари жамланмаси китоб шаклида (икки жилд);
– “Köytüdeki Külübe” (“Этакдаги кулба”) туркча ҳикоялар китобим (беш дона);
– ноутбук сумкаси (бир дона).
3. Диққат, энг аҳамиятлиси: шахсий ноутбукимда менинг бутун ижодим тўпланган. Унда:
– умрим давомида ёзган асарларим – ҳикоялар, қиссалар, киносенарийлар, мақолалар, адабий-илмий суҳбатлар, долзарб интервюлар;
– нодир асарлардан кўчирмалар;
– мухлисларим ва адабиёт аҳли билан бўлган ёзишмаларим;
– аждодларимга, оиламга тегишли қимматли маълумотлар, хотиралар;
– архив ҳужжатлари;
– келгуси бирон асарга тўпланган хомаки материаллар;
– янги ёзилаётган, бошлаб қўйилган, ҳали битмаган қисса, рўман ва ҳикояларим, қораламаларим;
– ва ҳоказолар бор эди…
Бу нарсаларнинг қийматини ҳеч бир нарса билан ўлчаб бўлмайди! Агар ноутбук сал лат еса ёки эҳтиётсизлик бўлиб материаллар ўчиб кетса, ҳаётимнинг мазмуни ўчирилган бўлади!
Мен ёзувчиман! Асар ёзишим, битмаганларини битиришим керак! Ноутбукимни қайтариб беринглар! Бир ярим йилдан у ёғида олиб қўйилган эди, шунча вақт ичида ўқиб-ўрганиб бўлинмадими?! У шахсий архивим шунчалик керак бўлса, нусха кўчириб олиб қолинсин, сўнг бемалол текширилаверади, аммо ноутбукимни қайтариб беринглар! Ижод нималигини, у нақадар нодир ва ноёб ҳодиса эканини тушунасизларми?! Ёзилаётган ё ярми ёзилган асари йўқолса, ёзувчи қай ҳолга тушишини англайсизларми?!
4. Мен ҳақсиз равишда қўлга олинганимда менинг ҳақ-ҳуқуқим ўзимга тушунтирилмади!
5. “Бу кунлар” китобим устидан суд-адабиётшунослик экспертизаси ўтказилиш чоғи менинг ҳуқуқларим қўпол равишда бузилди:
– экспертиза аъзоларини танлашда асарнинг хусусиятлари: у адабиёт маҳсули экани, уни дин олими эмас, бир ёзувчи ёзгани ҳисобга олинмади;
– экспертиза учун нимагадир ёзувчиларга, сиёсатчи, жамиятшунос, тарихчи олимларга эмас, адабиёт ҳақида тушунчаси тор, бирёқлама фикрлайдиган Дин ишлари бўйича қўмитага берилган;
– экспертлар гуруҳини тузишда ҳам менинг ҳуқуқларим оёқости этилди – мен билан келишилмади, таклиф ҳам, розилигим ҳам олинмади, аъзолар менга умуман таништирилмади, ҳолбуки қонунда булар белгиланган;
– хулосанинг бир нусхаси менга берилмади;
– ва ҳоказо…
6. Жиноят иши ҳужжатлари билан тўлиқ таништирилмадим, танишиб чиқишимга имкон берилмади.
7. “Бу кунлар” 2011 – 2013 йиллар оралиғида ёзилган. 2016 йил апрелида эълон этилди, жиноят иши эса, нимагадир орадан бир йил ўтиб 2017 йил май ойининг 11-куни очилган, шундан кейин президент Шавкат Мирзиёевнинг янгича сиёсати туфайли 2017 йил август ойида менинг номим қандайдир “қора рўйхат”дан ўчирилган, аммо 2017 йил 27 сентабир куни аэропортда қўлимга кишан тақилди! Мантиқ йўқ.
8. 2017 йил сентабирининг 27-куни тутуқландим, Президентнинг шахсан аралашуви натижасида ўктабирнинг 1-куни қўйиб юборилдим. Ўшандан бери биронта ҳаракат қилинмади – на тушунтириш берилди, на тергов-суриштирув ишлари олиб борилди, на “Иш” ёпилди.
Шу масалалар ҳақида 2018 йил январида Яшнобод тумани ИИБга хат ёздим, май ойида шахсан ўзим бориб мурожаат қилдим, яна ёзма талабнома топширдим. Сўнгра икки марта адвокатим билан бирга ёзма ва оғзаки мурожаат қилдик. Ҳар гал икки-уч кунда жавоб қиламиз деб ваъда берилади, аммо ҳеч бирига ҳозиргача аниқ-тиниқ расмий жавоб йўқ. Менга ва ҳуқуқларимга нисбатан ҳамма қонун ва ЖПКнинг бу “Иш”га тегишли барча моддалари қўпол равишда бузилди ва менинг шахс сифатида ҳам, ижодкор сифатида ҳам ҳуқуқларим шу кунларгача оёқости қилиб келиняпти.
9. “Бу кунлар” халқнинг умумий эътирофини қозонди. Минглаб одам ижтимоий тармоқларда муносабат билдирди, ўқиганларнинг юздан тўқсон беши муаллифни чин юракдан қўллаб-қувватлади. Айниқса, касби адабиётшунослик, ёзувчи-шоирлик бўлган ўндан ортиқ зиёли – Мурод Муҳаммад Дўст, Гулчеҳра Нуруллаева, Хуршид Даврон, Муҳаммад Солиҳ, Қудрат Дўсмуҳаммад, Темур Пўлатов, Ёқубжон Хўжамбердиев, Улуғбек Ҳамдам, Фахриёр, Вафо Файзулло, Каримберди Тўрамурод, Раъно Раҳмонберди қизи ва бошқалар “Бу кунлар”ни ипидан-игнасигача ўрганиб, ундан на сиёсатга қарши ва на конститутсиявий тузумга қарши биронта маъно топмади. Аксинча, жуда ижобий баҳо берди. Ҳатто айримлар асарни Нобел мукофотига тавсия этиш керак деган ташаббус билан чиқди.
Бу мустақил экспертлик хулосаларининг айримларидан нусха кўчириб, Яшнабод туман ИИБнинг Тергов бўлими бошлиғига адвокат билан бирга шахсан топширганмиз. Ҳамон натижадан хабарсизмиз.
10. “Бу кунлар” танқидий руҳда ёзилган. Лекин унинг бирон-бир ерида конститутсиявий тузумга қарши гап йўқ! Аксинча, асар ғояси фақат эзгулик, тинчлик ва тотувликдир. Бу ҳақда китобдан айрим кўчирмаларни ўқинг:
“Бошдан айтиб қўяй: мен на давлатман, на мухолиф сиёсатчиман. Оддий бир ёзувчи ўлароқ, мамлакат ичида кечаётган ишларга ичдан боқиб кўришга уринаётган бир ватандошман. Шу боис ўртада – халқ орасида туришга ҳаракат қилдим. Йигирма йиллик кўрган-кечирганларимни онгимдан ва юрагимдан сиздириб ўтказиб олдим. Қарашлар қарама-қаршилиги аро мустақил яшашга ҳақли учинчи қараш ўртага чиқди” (10-бет).
“Менимча, сиёсат майдонига кирган ҳар қандай одам – у бошқарувда бўладими, мухолифатда бўладими – ўзини давлат одами деб ҳис этиши ва шу мавқеига яраша фикрлаши керак. Бу майдонга кирган киши курашни ҳақиқий давлат одами ўлароқ олиб бориши, шахсий алам ва адоватлардан баланд туриши лозим” (11-бет).
“Чинакам адабиёт ҳамиша ҳақиқатни айтади. Ишкалли давлат ва ҳокимият эса, айби очилишини сира истамайди. Айбимни кўрсата-кўрсата охири ҳокимиятимни олиб қўяди, деб ўйлайди. Ҳолбуки, адабиётнинг бирламчи вазифаси давлатни қўрқитиш ё уни ағдариш ва эгаллаш эмас, балки жамиятни тўғрилик ва адолат йўлида – ҳақ йўлида тарбиялашдир. Тўғрилик асосида тарбияланган жамият ўзига мос ҳокимиятни ўзи етиштириб-парваришлаб олади” (118-бет).
“Қарашлар хилма-хиллиги инсоннинг фитрий хусусиятидандир… Шарти – хилма-хил қарашлар (ихтилоф) ҳақиқат учун, ҳақиқатни юзага чиқариш ва тўғри ечимни топиш учун бўлиши, унга хизмат қилиши керак. Бундай ижобий ихтилофи бор жамият изланаётган, демак, ўсаётган бўлади. Агар ихтилоф қарашлар орасида эмас, чиройли ечим учун эмас, балки шахслар орасида ҳамда тарафкашликка асосланган бўлса, жанжал учун бўлса, бундай ихтилоф дунёмизга ҳам, охиратимизга ҳам фойда келтирмайди” (180-бет).
“Замон муолажа (тузалиш) замони, йиғи замони эмас. Бугун бўлиниш замони ҳам эмас, аҳиллик замонидир” (448-бет).
“Тажрибадан биламиз: зулм уч йўл билан кетади (кетказилади):
Табиий йўл. Бунда золим ўлиб халқ қутулади. Ўшанда ҳам ўрнига келгани баттар золим бўлмаса.
Тинч йўл. Эркин сайлов, норозилик намойишлари ва бошқа тур тадбирлар ёрдамида.
Исён йўли. Золимни алмаштиришнинг бошқа йўли қолмаса, зулм жонидан ўтиб кетган халқ ғалаёнга келади: уруш бўлади, қон тўкилади.
Бугунги аҳволимизда ва бугунгидай шароитда булар ичида энг зарарлиси ва ёқимсизи учинчи йўлдир. Биринчидан, бунда адолат истовчилар енгса енгди, енголмаса, баттар зулм остида қолади. Иккинчидан, бир халқ иккига бўлиниб олиб урушганида адолат ўртадан кўтарилади – иккала томон ҳам бир-бирига зулм қилади. Учинчидан, булардан ташқари, иккала томон ҳам мушкулни мустақил ҳал эта олмай, кўмак истаб чеккага мўлтирайди, бегона ва кучли давлатларнинг ёрдамига муҳтож бўлади. Натижада ҳурриятини йўқотади. Бу йўл бизга кескин тўғри келмайди!
Биринчи йўл ҳаракат билан амалга ошадиган иш эмас. Золимнинг ўлими фақат кутилади ва ўрнига келадиганидан яхшилик умид қилинади. Бу жуда бўш ва иложсизлик йўлидир.
Менинг назаримда, бизга энг тўғри келадигани иккинчи йўлдир!.. (Бунинг учун) каттаю кичик, президенту оддий ватандош, давлату мухолифат, юрт ичидагию ташидагилар эски ғиди-биди ва гина-кудуратларни ташлаб, ўртадан тушунмовчиликларни кўтариб, йигирма йил ичида пайдо бўлган жарликка кўприк солиб, бир-бирига қарши душманчасига ўқталган қўлларни қайирароқ, бир-бири томон дўстона узатиб… бир орага келиш керак!
…Бундай бир мураккаб вазиятда, шу яқин замонларда дунёда кечган ва кечаётган ҳодисалардан ўрнак олсак, айниқса Ўзбекистон шароитида бошланишига ҳам, давомига ҳам энг тўғри ва энг одилона йўл шу деб ўйлайман” (521 – 522-бетлар).
“Давлат билан халқ бирлашса, бундай давлат ҳам, бундай халқ ҳам кучли-қудратли бўлади. Халқини деган давлатни, давлатини деган халқни биров енголмайди, кучи етмайди. Давлат билан халқ орасида жарлик бўлса, халқнинг ҳам, давлатнинг ҳам кучи синади, иккаласи ҳам бировларнинг қўлловига муҳтож бўлади. Бу дегани у том мустақил бўлолмайди, озодлигини, эркинлигини бой беради (522 – 523-бетлар).
“Ҳарҳолда, зулм тинчликнинг чораси эмас. Ўзаро душманлик ватан манфаатига терсдир” (523-бет).
“Менинг қатъий қаноатимга кўра, бу натижаларга қараб
аста-секин, табиий юксала бориб…
тинч-тотувлик, илм-маърифат орқали…
халқнинг сиёсий-ижтимоий онгини юксалтириш ва норозиликларни қонун доирасида ифодалаш йўли билан борган яхши.
Қурол, уруш-жанжал, тўпалон миллатга ҳам, ватанга ҳам катта зарар келтиради” (525-бет).
“Ҳар қандай яхшилик каби, ёмонлик ҳам ўзимизники. Уни биров эмас, ўзимиз тузатамиз. Биров камчилигимизни бутлаб, бузуғимизни тузатиб бермайди” (528-бет).
“Бир мамлакат ичидаги зулм шу мамлакатнинг ички масаласидир. Бундай зулмдан қутулиш йўлларини ҳар бир юртнинг асл эгалари шу юртнинг ўзига хос томонларини ҳисобга олган ва маҳаллий шарт-шароитдан келиб чиққан ҳолда ўзи топиши керак” (529-бет).
“Такрор бўлса ҳам айтамиз: бугун қуролли қўзғолон жуда хатарли бўлганидек, қурол ишлаб чиқувчи ва ҳарбий томондан кучли давлатга қарам бўлиб қолиш эҳтимоли борлигидан кечирилмас хато ҳамдир!.. Ватан бировнинг пули ва қуроли билан яшамайди-яшнамайди. Ватан ўз халқининг манглай тери билан яшайди-яшнайди” (530-бет).
“Оллоҳ кўрсатмасин, чеккадан биронта давлат, ҳар қанақа олижаноб ғоя билан, ҳатто “золимни ағдариб ташлаб халққа озодлик бериш” мақсади билан-да бўлсин, агар Ватанимга хавф солса ва мамлакатимга бостириб кирадиган бўлса, у давлат қанчалик кучли-қудратли бўлмасин, ёшим ҳам олтмишга бориб қолганига қарамай, қўлимга қурол олиб Ватаним ҳимоясига чиқаман!
Ўзбекистоннинг бугунги президентини (Ислом Каримовни. – Н.М.Р.) золим деб ҳисоблайман, у қурган тузумни ёқламайман-ёқтирмайман, аммо бирон чет давлат “Золим президентни ағдариб демократик тузум ўрнатиш” баҳонасида агар юртимга бостириб кирадиган бўлса, Оллоҳ танамдан ғайратни олмасин, ҳеч иккиланмасдан бу тажовузга қарши президент ёнига кираман! Бунда мен унинг шахсиятини ё мансабини эмас, орқасида турган Ватанимни, халқимни ҳимоя қилган бўламан” (530-бет).
“Биз ўтмишда илм-маърифатда буюк ва шарафли миллат эдик, аммо сиёсатда, ҳокимият учун талашишларда қанчадан-қанча қонли можароларни бошимиздан ўтказганмиз. Энди у аянчли хатоларни қайтармайлик, илм-маърифатда бўлганидек, сиёсатда ҳам ўшандай буюк ва шарафли миллат бўлайлик, жоҳиллардан бўлиб қолмайлик” (533-бет).
“Сиёсат икки нарсага ‒ меҳрга ва кучга таянади. “Куч адолатдадир” (Амир Темур). Бу дегани, сиёсат адолат билан кучли, деганидир.
Адолатсиз куч ёввойидир.
Адолат билимга таянади. Билимсиз адолат том адолат бўлмайди.
Меҳрсиз ва кучсиз сиёсат касалдир, чалажондир, орқаси кесикдир.
Демак, ҳамма нарсанинг тагида бўлганидек, сиёсатнинг тагида ҳам билим ётади.
Сиёсат билимга таянмас, билим асосида юритилмас экан, у сиёсат адолатсиздир, меҳрсиздир, кучсиздир.
Мен адолат, меҳр, куч ва билим томонидаман, асло зулм томонида эмас” (537-бет).
“Сезилган бўлса, ушбу китобимни мен бошда танлаган усулимга ‒ мусбат ҳаракатга содиқ қолган ҳолда ёздим.
Яъни, севимли мамлакатимда узоқ йиллардан бери давом этаётган ҳақсизлик, адолатсизлик ва ёлғонларни халқимга билдириш, зарарли оқибатларидан огоҳлантириш ва бу каби иллатлардан қутулиш йўлларини кўрсатиш усулини ушладим.
Жаҳолатга қарши маърифат билан кураш дейилади бу…” (543-бет).
“Бу асарни ёзишдан асосий мақсадим ватанимга, халқимга, давлатимга, ҳатто бугун мутлақ ҳокимият тепасида ўтирган мана шу президентга ҳам яхшилик соғинишдир. Ҳадис ҳикматига кўра, менинг унга ёрдамимдир. Бу нуқтани ушбу асаримни холис кўз билан ўқиган киши ҳам тан олади.
Бундан ташқари, асарда ҳеч бир йўсинда бузғунчиликка чақириқ йўқ. Аксинча, бузуқни тузатишга чорлов бор. Талаб қилинаётган бўлса, бор-йўғи сўз эркинлиги талаб қилиняпти. Давлатдан ўзи яратган қонунларга тўла-тўкис риоя этиш, қонунлар халққа берган ҳуқуқни ҳаётда ҳам бериш талаб қилиняпти. Бор нарса бор бўйича айтилсин, ёзилсин, халққа тўғри гап етказилсин дейиляпти, холос” (546 – 547-бетлар).
“Одам оғирчиликка чидайди, ёлғонга чидамайди! Шу боис бу ерда (“Бу кунлар” китобида. – Н.М.Р.) “Йўқолсин ёлғон, яшасин тўғрисўзлик!” деган ғоя илгари суриляпти… (547 – бет).
“Сиёсатдаги айрим хатолар кўрсатилар экан, халқнинг орзу-умидига тўғри келадиган тузумни оёққа турғизиш учун ижобий йўл-йўриқлар таклиф этиляпти, холос.
Ҳатто зулмни ҳам яхшилик билан, ўз кучимиз билан тузатишга тарғиб этиляпти. Фақат ўз кучимизга таяниш, ички масалаларимизни ўзимизгина ҳал этишимиз, бунда халқимизнинг тенгсиз ақл-заковатига, тажрибаси ва лаёқатига суяниш энг тўғри йўл экани уқтириляпти” (548-бет).
“Кейинги йигирма йилда тушиб қолган ҳолатимизни таҳлил ва муҳокама қилар, фикр ва мулоҳазаларимни ўртага ташлар эканман, иккала оёғим билан ҳам шу азиз Ватаним тупроғида турдим. Буюк халқимнинг ва давлатимнинг иродасига, орзу-умидигагина суяндим. Миллий манфаатларимизни бирламчи билиб, кўнглимдагиларни самимий ифода этишга ҳаракат қилдим. Асло ётларга суянмадим, ҳеч бир давлатга орқа қилмадим. Ниятим холис бўлди ‒ Оллоҳ таолонинг розилиги. Халқимга, Ватанимга, Миллатимга, Динимга ва Давлатимга хизматдан бошқа манфаатни кўзламадим. Аслида ҳам бундан бошқа қайғум йўқ” (548 – 549-бетлар).
Ва ҳоказо…
11. Умуман олганда, “Бу кунлар” китоби ва муаллифининг ғоясини тўлиқ билмоқчи бўлган одам асарни бошидан охиригача синчиклаб ўқиб чиқсин, жуда бўлмаса, охирги “Катта хулоса” ва “Чиқиш” боблари (520 -550-бетлар)ни ўқисин.
12. Бўйнимга қўйилган айб олиб ташланмагани, устимдан очилган “Иш” то ҳануз ёпилмагани менинг шахсий ва ижтимоий ҳаётимга, ижодий-ёзувчилик ишларимга катта тўсиқ бўлиб турибди: одамлар мендан ўзини олиб қочади, ташкилотлар мен билан очиқ муомала қилишга ҳадиксирайди, мени биров ишга олмайди, асарларим матбуотда босилмайди, китобларимга нашриётлар харидор бўлмайди ва ҳоказо. Кексалик нафақасидан бошқа тирикчилик манбаим қолмади, ҳисоб. Хайрият, илгаридан бир мошинам бор, шу билан киракашлик қилиб турибман, Оллоҳга шукр.

Ушбу айтилганларни ҳисобга олиб, менинг муаллақ осилиб ётган “иш”имни ижобий томонга ҳал этиб беришларингизни талаб қиламан.

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон, ёзувчи.
2019 йил апрелининг 16-куни.

FB:Nurulloh Muhammad Raufxon
%d bloggers like this: