Комилжон Шамсиддинов:

Ассалому алайкум, ҳурматли Жаҳонгир ака!
Энг аввало бир ҳақиқатни тан олиб айтишим керакки, Сизни ғойибона таниганимга, мардона гапларингизни тинглаб, кўп бора қойил қолганимга анча бўлган. Депутатлик чоғларингизда парламент сессиялари минбаридан туриб билдирган фикрларингизни – ҳали мактабда ўқиб юрган чоғларимданоқ ўсмирона бир қизиқиш билан тинглардим. Ҳув ўша айтган битта машҳур иборангиз ҳануз қулоқларим остида янграйди… Очиқ айтаман, принципларни ҳимоя қилиш борасида Сизга ўхшашга ҳаракат ҳам қилганмиз. Агар уддасидан чиқолмаган бўлсам, бу – менинг айбим…
Очиғи, ҳозирги суҳбатингизни тинглаб, баъзи бир мулоҳазаларни билдириб ўтишни ўзимнинг бурчим деб билдим. “ЎзА” сайтида эълон қилинган ва Сиз суҳбатда тилга олганингиз – Шавкат Муҳиддинович билан қилинган суҳбат – тўғриси, менинг ташаббусим эди. Боиси аниқ: ўзингиз ҳам эътироф этиб айтганингиздек, бугун одамларимиз тарихнинг, яқин тарихимизнинг ўқилмаган, қайсидир маънода ўқишдан маҳрум этилган саҳифаларини варақлашга чанқоқ. Азбаройи ана шу чанқоқни бироз қондириш, йиллар давомида минбар бериш тугул, ҳатто чоғроқ бир даврага ҳам таклиф этилмаган одамларнинг кечаги кунлар ҳақидаги хотираларини тинглаш мақсадида шу ишга қўл ургандим. Рўйхат хийла узун. (Очиғи, бугун уларни кўндириш ҳам осон кечаётгани йўқ. Ҳаммаси зада бўлиб қолишган, шекилли). Бир нарсани виждонан тан олиб айтаманки, “Гурунг”нинг ўша сонида билдирилган фикрлар – интервью берувчининг шахсий фикрлари эди: у кишига мен ҳам, агентлик раҳбарияти ҳам ҳеч қандай гапни айтасан, дея, ҳатто ишора ҳам қилганимиз йўқ.
Жаҳонгир ака, беш-ўн кўйлакни мендан кўра кўпроқ йиртган, устоз мақомидаги одамсиз. Шу боис фикрларингизга эътироз билдиришга менинг маънавий ҳаққим йўқ. Лекин А.Кўчимов ҳақидаги мулоҳазаларингизга унчалик қўшилолмайман. Боиси – у кишининг қўл остида телерадиокомпанияда анча йил ишлаганман, табиатини биламан. Айтмоқчиманки, каминанинг ҳам, бошқа ҳамкасбларимизнинг ҳам – нисбатан ҳур, эркин ва бемалол ишлаганларимиз кўпроқ у одам ишлаган давр ҳиссасига тўғри келади. Телевидение эса айнан ўша пайтларда анча жонли ва дадил эди. Миллий агентликка эса азбаройи ўшандоқ эркин муҳит яралгани учун, яқиндан бошлаб келиб қўшилдим. Бу мулоҳазаларни Абдусаид акага ёқиш учун ёзаётганим, у одамдан тили қисиқлик жойим ҳам йўқ. Шунчаки адолат посангиси оғиб кетмасин, дейман. Йилларки, эркин сўзнинг бўғилганига, тарих ва аслият бекитилганига у одам сабабчи эмас…