Ибрат Сафо: Демократияга тайёрмизми?

Демократия ҳақида кўп постлар кўряпман… Мен умуман фоллов қилмайдиган Познер “Ўрта Осиё” демократияга тайёр эмас, дебди. Бир жиҳатдан у ҳақ.

Демократияга “тайёр” бўлиш ундаги демократик институтларни ва фуқаролик жамиятини яратишга бўлган иштиёққа боғлиқ. Буни ҳукуматлардан эмас, жамиятнинг ўзидан кутиш керак. Мухолифат ташқи душман ва инсон ҳуқуқлари фаоллари қип-қизил жинни ҳисобланадиган, судлар сотилган ва маҳаллий ижрочи органлар халқни бир тийинга олмайдиган жамият ҳақиқатдан ҳам демократияга тайёр эмас. Демократия – халқ бошқаруви дегани. Сайловлар шаффоф бўлмаган, ҳақиқий рақобат бўлмаган, матбуот ёлғончи ёки умуман амалдорлар сайланмайдиган жамиятда халқ бошқаруви бўлмайди. Буни халқнинг ўзи ўзгартира олади, холос. Халқ эса хоҳламаяпти. Демак, Познер ҳақ.

Бу ерда мен буткул объектив мушоҳада қиляпман, Познернинг ҳақлиги мен учун яхши ҳам, ёмон ҳам факт эмас.

Демократияга тайёр эмас дегани, демак, демократия керак эмас дегани эмас. Демократия ҳар қандай жамиятга керак. Демократиядан яхшироқ бошқарув тизими ҳали ишлаб чиқилмаган. Демократиянинг ўзига яраша “даража”лари ва нуқсонлари бор, аммо улар барибир диктатура, тоталитаризм ё монархиядан яхшироқ экани исботланган.

Бугунги демократия биз аввал билган демократия эмас. Freedom House’нинг 2019 ҳисоботига кўра, 13 йилдирки глобал эркинликлар камайиб боряпти, ва бу ҳатто демократик саналган гигант АҚШда, авторитар деб кўрилган Хитой ва Россияда қайд қилинмоқда. Демократия мунтазам равишда орқага чекиняпти.

Айни дамда АҚШ президентлик сайловлари, Италия ва Австрияда ирқчи сиёсатчилар ҳукуматга келиши, Германия ва Скандинавия давлатларида ўнг қанотнинг тобора кучайиб бораётгани, Брексит каби ҳодисалар “Демократия ўзи керакмикан?” деган саволни ҳам ўртага ташлади. Яқинда бир дўстим – Кембридж профессори “Freedom of speech is over-rated” дегани қизиқ бўлди. Яъни, ҳаммага ҳам эркин сўзлаш ҳуқуқини бериш жоизмас деяпти. Дарҳақиқат, Европа ва Америкадаги сайловларда эркин сўзлашга ҳуқуқи бўлган ҳар бир инсон ҳар доим ҳам эркин фикр юритишга қодир эмаслиги аён бўлди. Уларнинг фикр юритиши маълум манипуляция, фейк хабарлар, ваҳима ёрдамида ўзгартирилиши исботланди. Демак, демоснинг фикрини ўзгартириб, уни ўз манфаатларига қарши қўйиш мумкин. Менинг ҳуқуқларимни чекла, деяпти демоснинг ўзи.

Аммо, бу дегани Ўзбекистонга демократия керак эмас экан дегани эмас. Биз ҳали у даражага етиб ҳам бормадик. Ҳар ким ўз хатосида, ўзи қоқилиб, ниманидир ўрганади. Ўзга давлатлар тажрибаси деган иборани кўп қўллаймиз, аммо давлат, ҳар бир инсон каби, фақат ўз хатолари ва тажрибаси асосида ниманидир ўрганиши мумкин, чунки ҳар бир давлатдаги жамият уникал. Ҳар бир жамиятнинг ўз ривожланиш босқичлари бор – айтайлик Эрон Исломий Инқилобга 1979 йилда эришган бўлса, бугунга келиб мамлакатнинг ярмидан кўпини ташкил қиладиган ёш авлод оятуллолардан ҳафсаласи пир бўлиб бўлган ва улар энди секуляр демократик тизимни исташяпти. Яқин Шарқнинг бошқа давлатларида эса ҳали энди-энди Исломий тизимга хайрихоҳлик кучая бошлади.

Ўзбекистон уникал давлат. Унинг демократияга тайёр эмаслиги бор гап, лекин бир кун у барибир, табиийки, буни ўз бошидан кечиради.

FB:Ibrat Safo
%d bloggers like this: