Комилжон Шамсиддинов:

Ассалому алайкум, ҳурматли Жаҳонгир ака!
Энг аввало бир ҳақиқатни тан олиб айтишим керакки, Сизни ғойибона таниганимга, мардона гапларингизни тинглаб, кўп бора қойил қолганимга анча бўлган. Депутатлик чоғларингизда парламент сессиялари минбаридан туриб билдирган фикрларингизни – ҳали мактабда ўқиб юрган чоғларимданоқ ўсмирона бир қизиқиш билан тинглардим. Ҳув ўша айтган битта машҳур иборангиз ҳануз қулоқларим остида янграйди… Очиқ айтаман, принципларни ҳимоя қилиш борасида Сизга ўхшашга ҳаракат ҳам қилганмиз. Агар уддасидан чиқолмаган бўлсам, бу – менинг айбим…
Очиғи, ҳозирги суҳбатингизни тинглаб, баъзи бир мулоҳазаларни билдириб ўтишни ўзимнинг бурчим деб билдим. “ЎзА” сайтида эълон қилинган ва Сиз суҳбатда тилга олганингиз – Шавкат Муҳиддинович билан қилинган суҳбат – тўғриси, менинг ташаббусим эди. Боиси аниқ: ўзингиз ҳам эътироф этиб айтганингиздек, бугун одамларимиз тарихнинг, яқин тарихимизнинг ўқилмаган, қайсидир маънода ўқишдан маҳрум этилган саҳифаларини варақлашга чанқоқ. Азбаройи ана шу чанқоқни бироз қондириш, йиллар давомида минбар бериш тугул, ҳатто чоғроқ бир даврага ҳам таклиф этилмаган одамларнинг кечаги кунлар ҳақидаги хотираларини тинглаш мақсадида шу ишга қўл ургандим. Рўйхат хийла узун. (Очиғи, бугун уларни кўндириш ҳам осон кечаётгани йўқ. Ҳаммаси зада бўлиб қолишган, шекилли). Бир нарсани виждонан тан олиб айтаманки, “Гурунг”нинг ўша сонида билдирилган фикрлар – интервью берувчининг шахсий фикрлари эди: у кишига мен ҳам, агентлик раҳбарияти ҳам ҳеч қандай гапни айтасан, дея, ҳатто ишора ҳам қилганимиз йўқ.
Жаҳонгир ака, беш-ўн кўйлакни мендан кўра кўпроқ йиртган, устоз мақомидаги одамсиз. Шу боис фикрларингизга эътироз билдиришга менинг маънавий ҳаққим йўқ. Лекин А.Кўчимов ҳақидаги мулоҳазаларингизга унчалик қўшилолмайман. Боиси – у кишининг қўл остида телерадиокомпанияда анча йил ишлаганман, табиатини биламан. Айтмоқчиманки, каминанинг ҳам, бошқа ҳамкасбларимизнинг ҳам – нисбатан ҳур, эркин ва бемалол ишлаганларимиз кўпроқ у одам ишлаган давр ҳиссасига тўғри келади. Телевидение эса айнан ўша пайтларда анча жонли ва дадил эди. Миллий агентликка эса азбаройи ўшандоқ эркин муҳит яралгани учун, яқиндан бошлаб келиб қўшилдим. Бу мулоҳазаларни Абдусаид акага ёқиш учун ёзаётганим, у одамдан тили қисиқлик жойим ҳам йўқ. Шунчаки адолат посангиси оғиб кетмасин, дейман. Йилларки, эркин сўзнинг бўғилганига, тарих ва аслият бекитилганига у одам сабабчи эмас…

Ибрат Сафо: Демократияга тайёрмизми?

Демократия ҳақида кўп постлар кўряпман… Мен умуман фоллов қилмайдиган Познер “Ўрта Осиё” демократияга тайёр эмас, дебди. Бир жиҳатдан у ҳақ.

Демократияга “тайёр” бўлиш ундаги демократик институтларни ва фуқаролик жамиятини яратишга бўлган иштиёққа боғлиқ. Буни ҳукуматлардан эмас, жамиятнинг ўзидан кутиш керак. Мухолифат ташқи душман ва инсон ҳуқуқлари фаоллари қип-қизил жинни ҳисобланадиган, судлар сотилган ва маҳаллий ижрочи органлар халқни бир тийинга олмайдиган жамият ҳақиқатдан ҳам демократияга тайёр эмас. Демократия – халқ бошқаруви дегани. Сайловлар шаффоф бўлмаган, ҳақиқий рақобат бўлмаган, матбуот ёлғончи ёки умуман амалдорлар сайланмайдиган жамиятда халқ бошқаруви бўлмайди. Буни халқнинг ўзи ўзгартира олади, холос. Халқ эса хоҳламаяпти. Демак, Познер ҳақ.

Бу ерда мен буткул объектив мушоҳада қиляпман, Познернинг ҳақлиги мен учун яхши ҳам, ёмон ҳам факт эмас.

Демократияга тайёр эмас дегани, демак, демократия керак эмас дегани эмас. Демократия ҳар қандай жамиятга керак. Демократиядан яхшироқ бошқарув тизими ҳали ишлаб чиқилмаган. Демократиянинг ўзига яраша “даража”лари ва нуқсонлари бор, аммо улар барибир диктатура, тоталитаризм ё монархиядан яхшироқ экани исботланган.

Бугунги демократия биз аввал билган демократия эмас. Freedom House’нинг 2019 ҳисоботига кўра, 13 йилдирки глобал эркинликлар камайиб боряпти, ва бу ҳатто демократик саналган гигант АҚШда, авторитар деб кўрилган Хитой ва Россияда қайд қилинмоқда. Демократия мунтазам равишда орқага чекиняпти.

Айни дамда АҚШ президентлик сайловлари, Италия ва Австрияда ирқчи сиёсатчилар ҳукуматга келиши, Германия ва Скандинавия давлатларида ўнг қанотнинг тобора кучайиб бораётгани, Брексит каби ҳодисалар “Демократия ўзи керакмикан?” деган саволни ҳам ўртага ташлади. Яқинда бир дўстим – Кембридж профессори “Freedom of speech is over-rated” дегани қизиқ бўлди. Яъни, ҳаммага ҳам эркин сўзлаш ҳуқуқини бериш жоизмас деяпти. Дарҳақиқат, Европа ва Америкадаги сайловларда эркин сўзлашга ҳуқуқи бўлган ҳар бир инсон ҳар доим ҳам эркин фикр юритишга қодир эмаслиги аён бўлди. Уларнинг фикр юритиши маълум манипуляция, фейк хабарлар, ваҳима ёрдамида ўзгартирилиши исботланди. Демак, демоснинг фикрини ўзгартириб, уни ўз манфаатларига қарши қўйиш мумкин. Менинг ҳуқуқларимни чекла, деяпти демоснинг ўзи.

Аммо, бу дегани Ўзбекистонга демократия керак эмас экан дегани эмас. Биз ҳали у даражага етиб ҳам бормадик. Ҳар ким ўз хатосида, ўзи қоқилиб, ниманидир ўрганади. Ўзга давлатлар тажрибаси деган иборани кўп қўллаймиз, аммо давлат, ҳар бир инсон каби, фақат ўз хатолари ва тажрибаси асосида ниманидир ўрганиши мумкин, чунки ҳар бир давлатдаги жамият уникал. Ҳар бир жамиятнинг ўз ривожланиш босқичлари бор – айтайлик Эрон Исломий Инқилобга 1979 йилда эришган бўлса, бугунга келиб мамлакатнинг ярмидан кўпини ташкил қиладиган ёш авлод оятуллолардан ҳафсаласи пир бўлиб бўлган ва улар энди секуляр демократик тизимни исташяпти. Яқин Шарқнинг бошқа давлатларида эса ҳали энди-энди Исломий тизимга хайрихоҳлик кучая бошлади.

Ўзбекистон уникал давлат. Унинг демократияга тайёр эмаслиги бор гап, лекин бир кун у барибир, табиийки, буни ўз бошидан кечиради.

FB:Ibrat Safo

ЖАҲОНГИР МУҲАММАД: Номсиз замон

1- май… Болаликда шу кунни ухламай кутардик.
Биринчидан, янги кийим киярдик, иккинчидан, томошага чиқардик. Ана одам, мана одам.
Кимлардир гердайиб параднинг олдинги қаторларида борарди.
Кимлардир охирги қаторда ва олдингиларга ҳавас билан қараб ўша томонга талпинарди.
Параднинг икки томонига автобус ва юк машиналари терилган. Хотин-халаж, бола-чақа уларнинг устига чиқиб олишган.
Биз аввал Самарқанд шаҳрининг юраги бўлмиш Регистонга келардик. Навоий кинотеатри олдида рангли тухумларни “уриштириш” мусобақаси бўларди. Ундан кейин пиёда юриб “Операбалет” олдидан ўтиб, “Ленинская”га (Марказий хиёбонни шундай дейишарди) борардик. У ерда фокус-мокус кўрсатганларни томоша қилардик.
Ҳамма ёқда навбат. Дунё навбатга айланган.
Кимдир сувга, кимдир марожнийга (ҳозир музқаймоқ деймиз), кимдир кинога… навбатда.
“Качели-карусел” кутганлар…
“Парк озеро”га қараб юрганлар…
“Динамо” стадиони томонга югурганлар..
Болаларнинг қўлларида қизил байроқчалар… ва шиширилган шарлар…
Аслида бу байрам худди ана шу шиширилган шар-балонга ўхшарди. Жуда тез  “бўшаб қоларди”-тугарди. Ҳамма пиёда юрмоқдан чарчаб, шалпайиб-палпайиб уйига қайтарди.
Шўролар халқнинг бу қадар оммавий тарзда кўчаларга чиқишидан қўрқишмаган эканда-а? Устига устак буни уларнинг ўзлари ташкил қиларди. Чиқмасангиз жазоси бўларди. Ҳатто ўқувчилар ҳам чиқишга мажбур эдилар. Лекин барибир шу кун орзиқиб кутиларди.
Кейинчалик биз ўзимиз парадда қатнашадиган бўлганда бу жонимизга тега бошлади. Чунки параднинг бошланишини битта жойда узоқ кутишингиз керак бўларди. Парад бошланиши билан тезроқ-тезроқ минбар ёнидан гердайиб, “Ура!”, Ура!” деб ўтиб кетишни ўйлардингиз. Биринчи сафдагиларга ҳавасингиз келарди. Улар сиздан олдинроқ озод бўлардилар. Нарёқда сизни кутиб турган яқинларингизга қўшилишни истайсиз, чунки автобуснинг устида ўтирволиб томоша қилиш бошқада…
Бу параднинг номи “Намойиш” (Бугун қўрқинчли сўз-а?) эди: Биринчи май намойишлари. Бугун эса ҳатто Мустақиллик куни ҳам номойиш қиламан десангиз қамоққа кетасиз. Тасаввур қилинг, ҳукуматнинг ўзи ҳаммани қувиб, кўчаларга олиб чиқиб, намойиш ташкил қилдирса? Астағфурулло! Айтиб бўладими, бирдан халқ “Йўқолсин золим!” деб бақира бошласа, нима бўлади?
Бизнинг даврда қўрқмасдан “Йўқолсин золим!” деб айтиларди, аммо Америка назарда тутиларди.
“Вьетнамдан қўлингни торт!” деб бақиришарди намойишларда. Йўқ, аввал “Операбалет” биноси устидаги ва столбалардаги карнайлардан чиқарди бу овоз, кейин ҳамма такрорларди.
“Анжела Девисга озодлик!” деб додлашарди бизнинг даврдаги намойишчилар Америкага қарата.
“Йўқолсин  империалист Америка” дейиларди бир овоздан.
Бугун энди ҳар бир халқнинг ўз империалисти бор. Улар эса “Йўқолсин” деган гапни эшитишни истамайдилар. Шунинг учун намойишлар ҳам йўқ.
Илгари ёмон замонлар эди. Бугун-чи? Бугун энди ёмон замонлардан ҳам ёмон замон…
Буни бугун мен каби хорижда кузатаётган эмас, балки бу замоннинг ичида яшаётганлар яхшироқ билишар? Айниқса етти-саккиз ёшли бола. Қизиқ, 1-май намойишлари йўқ, у эллик йилдан кейин нимани эслайди? Дарвоқе, Наврўзни эслайди. Қандай қилиб Наврўз концертини кутишганини эслайди… Нақд бошланганида “лип” этиб свет ўчиб қолгани чатоқ иш бўлганди-а? Лекин эллик йил кейинги одамлар унга ишонмайдилар. Ҳеч свет ҳам ўчадими?
У яна одамлар уйида сўкиб, кўчада мақтайдиган президентини эслайди. Саксонга сакраб ҳам қасара қусур ўйнагани кўз олдига келади. Свет ўчмаган кунлар қайта-қайта кўрсатишарди.
Бизнинг замонда президентлар ва ҳокимлар (“Генсек”, “обкомбобо”, “райкомбобо” дейишарди уларни) савлат тўкиб минбарда туришарди, халқ эса ўйнарди. Бу замонда эса халқни миниб олган зот жилпанглаб ўйнамоқда, тағин Америка ва Россия элчилари билан. Ким кимни ўйнатаётганини билиш қийин.
Агар эллик йил кейин бугунни эслаган авлод ҳам ўз замони ҳақида мен каби Америкадан туриб ёзса, (Илоҳим Ўзбекистонда туриб ёзсин! Шундай дейману ҳамма вақт ҳам орзуларим амалга ошмай қолганини эслаб, юрагим орқага тортиб кетади.) эллик йилдан кейин бу сирни билиш осон бўлади. Чунки Америкада ҳар қандай сир устидаги “қопқоқ” эллик йилда очилади.
Лекин сирни ўрганиш кечга қолиши ҳам мумкин. Чунки Россияда давлат сирлари устидаги ёпинғич эллик йилда ҳам ечилмайди. Афсусланиш керак эмас, ҳар етмиш йилда бу давлатнинг савлати тўкилиб туради…
Хуллас, бугунги етти-сакккиз ёшли бола орадан ярим аср ўтиб, ўз замонини ё эслар ё йўқ. Балки ном-нишонсиз кетар бу замон… Номсиз-нишонсиз замон ҳам бўладими? Нега бўлмасин? Мана бизнинг замон “Номсиз замон” эди. Бугунги замон эса “Нонсиз замон”. Ҳатто байрамда ҳам кўчаларда одам йўқ, ҳамма нон излашга кетган…

2012 йил, Март.

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон: Ушбу айтилганларни ҳисобга олиб

Кеча – апрелнинг 28-куни “Бу кунлар” эълон этилганига роппа-роса уч йил тўлди.
Эсимда йўқ эди. Эсимда бўлганида ҳам фб.да эсламасдим барибир.
Айрим дўстларимиз ҳаракати билан ўша кунги мақолам лентада айланиб қолди. Одамларнинг муносабатларини ўқидим. Қувондим.
Лекин бир нарса дегим келмади. Чунки юрагим тўла уч йиллик зардоб билан жилмайишга ҳам мадорим йўқ эди. Айниқса, охирги бир ярим йиллик мавҳум ҳолатим у зардобга қон ҳам аралаштириб юборгандек. Бундай “озод” юрганимдан кўра қамоқдан чиқарилмаганим яхшимиди, деб юбораман баъзан. Очиқликдаги ҳиссий-руҳий қамоқдан қамоқхонадаги руҳий-ҳиссий озодлик енгилроқ кўриниб кетади кўзимга!

Ушбуни ўша қону зардобга тўла туйғулар билан бундан икки ҳафтача бурун адвокатим учун ёзган эдим. Ҳеч қаерга ҳеч кимга жўнатмадим. Қаёққа ва кимга жўнатишни билмайман ҳам. Қолаверса, юборганим билан фойда бўлишига ишончим қолмади. Ким қулоқ соларди дейман.
Бугун бирдан бу ерда эълон қилгим келиб қолди. Бир оз катталиги учун узр. Эринмаганлар ўқиб чиқсин.
Дардларни тинглайдиган, лозим бўлганида яраларга малҳам сурадиган барибир Ўзингсан, эй Оллоҳ!

—————————————–

БЎЛИБ ЎТГАН ИШЛАР (қисқача) ВА КАМИНАГА ҚАЙТАРИЛИШИ ЛОЗИМ БЎЛГАН НАРСАЛАР

1. “Бу кунлар” асаримни эълон этганимдан 4 (тўрт) ой ўтиб – 2016 йил августининг охири ёки сентабирининг бошида (мен ҳали Туркияда яшаб турган, Ислом Каримов эса, ўлиб ўлолмай ётган кунлар) Тошкентдаги уйимни Яшнобод туман ИИБидан десант босиб, маҳалла раиси иштирокида уйни тинтув қилган. Хоналардан эскию янги газет-журналлар, айрим китоблар, қўлёзмаларни ҳеч қандай рўйхатсиз, тилхатсиз, имзосиз йиғиштириб, қопларга тиқиб, айтишларича, ярим юкмошина қилиб олиб кетишган. Булар ичида қимматбаҳо қадимий қўлёзма китоблар ҳам, 7 (етти) йиллик меҳнатим – “Тафсири ҳилол”нинг қўлёзма-таҳрир нусхаси ҳам бўлган. Руйхат тузилмагани ва уй эгаларига бир нусха қолдирилмагани учун бошқа яна нималар олиб кетилганини то ҳанузгача билмайман.
2. 2017 йил сентабирининг 27-куни Тошкент аэропортидан тўғри Яшнабод туман ИИБга келтирилдим ва ёнимда бўлган қуйидаги нарсаларим мендан олиб қўйилди. Рўйхат тузилди, қўл қўйдирилди, аммо менга ё оиламга бир нусхаси берилмади:
– ноутбук (бир дона);
– Президент Шавкат Мирзиёев номига ҳадя ўлароқ ёзилган “Бу кунлар” китобим (бир дона);
– тарихга оид китоб (бир дона);
– ўтган аср газет-журналлари жамланмаси китоб шаклида (икки жилд);
– “Köytüdeki Külübe” (“Этакдаги кулба”) туркча ҳикоялар китобим (беш дона);
– ноутбук сумкаси (бир дона).
3. Диққат, энг аҳамиятлиси: шахсий ноутбукимда менинг бутун ижодим тўпланган. Унда:
– умрим давомида ёзган асарларим – ҳикоялар, қиссалар, киносенарийлар, мақолалар, адабий-илмий суҳбатлар, долзарб интервюлар;
– нодир асарлардан кўчирмалар;
– мухлисларим ва адабиёт аҳли билан бўлган ёзишмаларим;
– аждодларимга, оиламга тегишли қимматли маълумотлар, хотиралар;
– архив ҳужжатлари;
– келгуси бирон асарга тўпланган хомаки материаллар;
– янги ёзилаётган, бошлаб қўйилган, ҳали битмаган қисса, рўман ва ҳикояларим, қораламаларим;
– ва ҳоказолар бор эди…
Бу нарсаларнинг қийматини ҳеч бир нарса билан ўлчаб бўлмайди! Агар ноутбук сал лат еса ёки эҳтиётсизлик бўлиб материаллар ўчиб кетса, ҳаётимнинг мазмуни ўчирилган бўлади!
Мен ёзувчиман! Асар ёзишим, битмаганларини битиришим керак! Ноутбукимни қайтариб беринглар! Бир ярим йилдан у ёғида олиб қўйилган эди, шунча вақт ичида ўқиб-ўрганиб бўлинмадими?! У шахсий архивим шунчалик керак бўлса, нусха кўчириб олиб қолинсин, сўнг бемалол текширилаверади, аммо ноутбукимни қайтариб беринглар! Ижод нималигини, у нақадар нодир ва ноёб ҳодиса эканини тушунасизларми?! Ёзилаётган ё ярми ёзилган асари йўқолса, ёзувчи қай ҳолга тушишини англайсизларми?!
4. Мен ҳақсиз равишда қўлга олинганимда менинг ҳақ-ҳуқуқим ўзимга тушунтирилмади!
5. “Бу кунлар” китобим устидан суд-адабиётшунослик экспертизаси ўтказилиш чоғи менинг ҳуқуқларим қўпол равишда бузилди:
– экспертиза аъзоларини танлашда асарнинг хусусиятлари: у адабиёт маҳсули экани, уни дин олими эмас, бир ёзувчи ёзгани ҳисобга олинмади;
– экспертиза учун нимагадир ёзувчиларга, сиёсатчи, жамиятшунос, тарихчи олимларга эмас, адабиёт ҳақида тушунчаси тор, бирёқлама фикрлайдиган Дин ишлари бўйича қўмитага берилган;
– экспертлар гуруҳини тузишда ҳам менинг ҳуқуқларим оёқости этилди – мен билан келишилмади, таклиф ҳам, розилигим ҳам олинмади, аъзолар менга умуман таништирилмади, ҳолбуки қонунда булар белгиланган;
– хулосанинг бир нусхаси менга берилмади;
– ва ҳоказо…
6. Жиноят иши ҳужжатлари билан тўлиқ таништирилмадим, танишиб чиқишимга имкон берилмади.
7. “Бу кунлар” 2011 – 2013 йиллар оралиғида ёзилган. 2016 йил апрелида эълон этилди, жиноят иши эса, нимагадир орадан бир йил ўтиб 2017 йил май ойининг 11-куни очилган, шундан кейин президент Шавкат Мирзиёевнинг янгича сиёсати туфайли 2017 йил август ойида менинг номим қандайдир “қора рўйхат”дан ўчирилган, аммо 2017 йил 27 сентабир куни аэропортда қўлимга кишан тақилди! Мантиқ йўқ.
8. 2017 йил сентабирининг 27-куни тутуқландим, Президентнинг шахсан аралашуви натижасида ўктабирнинг 1-куни қўйиб юборилдим. Ўшандан бери биронта ҳаракат қилинмади – на тушунтириш берилди, на тергов-суриштирув ишлари олиб борилди, на “Иш” ёпилди.
Шу масалалар ҳақида 2018 йил январида Яшнобод тумани ИИБга хат ёздим, май ойида шахсан ўзим бориб мурожаат қилдим, яна ёзма талабнома топширдим. Сўнгра икки марта адвокатим билан бирга ёзма ва оғзаки мурожаат қилдик. Ҳар гал икки-уч кунда жавоб қиламиз деб ваъда берилади, аммо ҳеч бирига ҳозиргача аниқ-тиниқ расмий жавоб йўқ. Менга ва ҳуқуқларимга нисбатан ҳамма қонун ва ЖПКнинг бу “Иш”га тегишли барча моддалари қўпол равишда бузилди ва менинг шахс сифатида ҳам, ижодкор сифатида ҳам ҳуқуқларим шу кунларгача оёқости қилиб келиняпти.
9. “Бу кунлар” халқнинг умумий эътирофини қозонди. Минглаб одам ижтимоий тармоқларда муносабат билдирди, ўқиганларнинг юздан тўқсон беши муаллифни чин юракдан қўллаб-қувватлади. Айниқса, касби адабиётшунослик, ёзувчи-шоирлик бўлган ўндан ортиқ зиёли – Мурод Муҳаммад Дўст, Гулчеҳра Нуруллаева, Хуршид Даврон, Муҳаммад Солиҳ, Қудрат Дўсмуҳаммад, Темур Пўлатов, Ёқубжон Хўжамбердиев, Улуғбек Ҳамдам, Фахриёр, Вафо Файзулло, Каримберди Тўрамурод, Раъно Раҳмонберди қизи ва бошқалар “Бу кунлар”ни ипидан-игнасигача ўрганиб, ундан на сиёсатга қарши ва на конститутсиявий тузумга қарши биронта маъно топмади. Аксинча, жуда ижобий баҳо берди. Ҳатто айримлар асарни Нобел мукофотига тавсия этиш керак деган ташаббус билан чиқди.
Бу мустақил экспертлик хулосаларининг айримларидан нусха кўчириб, Яшнабод туман ИИБнинг Тергов бўлими бошлиғига адвокат билан бирга шахсан топширганмиз. Ҳамон натижадан хабарсизмиз.
10. “Бу кунлар” танқидий руҳда ёзилган. Лекин унинг бирон-бир ерида конститутсиявий тузумга қарши гап йўқ! Аксинча, асар ғояси фақат эзгулик, тинчлик ва тотувликдир. Бу ҳақда китобдан айрим кўчирмаларни ўқинг:
“Бошдан айтиб қўяй: мен на давлатман, на мухолиф сиёсатчиман. Оддий бир ёзувчи ўлароқ, мамлакат ичида кечаётган ишларга ичдан боқиб кўришга уринаётган бир ватандошман. Шу боис ўртада – халқ орасида туришга ҳаракат қилдим. Йигирма йиллик кўрган-кечирганларимни онгимдан ва юрагимдан сиздириб ўтказиб олдим. Қарашлар қарама-қаршилиги аро мустақил яшашга ҳақли учинчи қараш ўртага чиқди” (10-бет).
“Менимча, сиёсат майдонига кирган ҳар қандай одам – у бошқарувда бўладими, мухолифатда бўладими – ўзини давлат одами деб ҳис этиши ва шу мавқеига яраша фикрлаши керак. Бу майдонга кирган киши курашни ҳақиқий давлат одами ўлароқ олиб бориши, шахсий алам ва адоватлардан баланд туриши лозим” (11-бет).
“Чинакам адабиёт ҳамиша ҳақиқатни айтади. Ишкалли давлат ва ҳокимият эса, айби очилишини сира истамайди. Айбимни кўрсата-кўрсата охири ҳокимиятимни олиб қўяди, деб ўйлайди. Ҳолбуки, адабиётнинг бирламчи вазифаси давлатни қўрқитиш ё уни ағдариш ва эгаллаш эмас, балки жамиятни тўғрилик ва адолат йўлида – ҳақ йўлида тарбиялашдир. Тўғрилик асосида тарбияланган жамият ўзига мос ҳокимиятни ўзи етиштириб-парваришлаб олади” (118-бет).
“Қарашлар хилма-хиллиги инсоннинг фитрий хусусиятидандир… Шарти – хилма-хил қарашлар (ихтилоф) ҳақиқат учун, ҳақиқатни юзага чиқариш ва тўғри ечимни топиш учун бўлиши, унга хизмат қилиши керак. Бундай ижобий ихтилофи бор жамият изланаётган, демак, ўсаётган бўлади. Агар ихтилоф қарашлар орасида эмас, чиройли ечим учун эмас, балки шахслар орасида ҳамда тарафкашликка асосланган бўлса, жанжал учун бўлса, бундай ихтилоф дунёмизга ҳам, охиратимизга ҳам фойда келтирмайди” (180-бет).
“Замон муолажа (тузалиш) замони, йиғи замони эмас. Бугун бўлиниш замони ҳам эмас, аҳиллик замонидир” (448-бет).
“Тажрибадан биламиз: зулм уч йўл билан кетади (кетказилади):
Табиий йўл. Бунда золим ўлиб халқ қутулади. Ўшанда ҳам ўрнига келгани баттар золим бўлмаса.
Тинч йўл. Эркин сайлов, норозилик намойишлари ва бошқа тур тадбирлар ёрдамида.
Исён йўли. Золимни алмаштиришнинг бошқа йўли қолмаса, зулм жонидан ўтиб кетган халқ ғалаёнга келади: уруш бўлади, қон тўкилади.
Бугунги аҳволимизда ва бугунгидай шароитда булар ичида энг зарарлиси ва ёқимсизи учинчи йўлдир. Биринчидан, бунда адолат истовчилар енгса енгди, енголмаса, баттар зулм остида қолади. Иккинчидан, бир халқ иккига бўлиниб олиб урушганида адолат ўртадан кўтарилади – иккала томон ҳам бир-бирига зулм қилади. Учинчидан, булардан ташқари, иккала томон ҳам мушкулни мустақил ҳал эта олмай, кўмак истаб чеккага мўлтирайди, бегона ва кучли давлатларнинг ёрдамига муҳтож бўлади. Натижада ҳурриятини йўқотади. Бу йўл бизга кескин тўғри келмайди!
Биринчи йўл ҳаракат билан амалга ошадиган иш эмас. Золимнинг ўлими фақат кутилади ва ўрнига келадиганидан яхшилик умид қилинади. Бу жуда бўш ва иложсизлик йўлидир.
Менинг назаримда, бизга энг тўғри келадигани иккинчи йўлдир!.. (Бунинг учун) каттаю кичик, президенту оддий ватандош, давлату мухолифат, юрт ичидагию ташидагилар эски ғиди-биди ва гина-кудуратларни ташлаб, ўртадан тушунмовчиликларни кўтариб, йигирма йил ичида пайдо бўлган жарликка кўприк солиб, бир-бирига қарши душманчасига ўқталган қўлларни қайирароқ, бир-бири томон дўстона узатиб… бир орага келиш керак!
…Бундай бир мураккаб вазиятда, шу яқин замонларда дунёда кечган ва кечаётган ҳодисалардан ўрнак олсак, айниқса Ўзбекистон шароитида бошланишига ҳам, давомига ҳам энг тўғри ва энг одилона йўл шу деб ўйлайман” (521 – 522-бетлар).
“Давлат билан халқ бирлашса, бундай давлат ҳам, бундай халқ ҳам кучли-қудратли бўлади. Халқини деган давлатни, давлатини деган халқни биров енголмайди, кучи етмайди. Давлат билан халқ орасида жарлик бўлса, халқнинг ҳам, давлатнинг ҳам кучи синади, иккаласи ҳам бировларнинг қўлловига муҳтож бўлади. Бу дегани у том мустақил бўлолмайди, озодлигини, эркинлигини бой беради (522 – 523-бетлар).
“Ҳарҳолда, зулм тинчликнинг чораси эмас. Ўзаро душманлик ватан манфаатига терсдир” (523-бет).
“Менинг қатъий қаноатимга кўра, бу натижаларга қараб
аста-секин, табиий юксала бориб…
тинч-тотувлик, илм-маърифат орқали…
халқнинг сиёсий-ижтимоий онгини юксалтириш ва норозиликларни қонун доирасида ифодалаш йўли билан борган яхши.
Қурол, уруш-жанжал, тўпалон миллатга ҳам, ватанга ҳам катта зарар келтиради” (525-бет).
“Ҳар қандай яхшилик каби, ёмонлик ҳам ўзимизники. Уни биров эмас, ўзимиз тузатамиз. Биров камчилигимизни бутлаб, бузуғимизни тузатиб бермайди” (528-бет).
“Бир мамлакат ичидаги зулм шу мамлакатнинг ички масаласидир. Бундай зулмдан қутулиш йўлларини ҳар бир юртнинг асл эгалари шу юртнинг ўзига хос томонларини ҳисобга олган ва маҳаллий шарт-шароитдан келиб чиққан ҳолда ўзи топиши керак” (529-бет).
“Такрор бўлса ҳам айтамиз: бугун қуролли қўзғолон жуда хатарли бўлганидек, қурол ишлаб чиқувчи ва ҳарбий томондан кучли давлатга қарам бўлиб қолиш эҳтимоли борлигидан кечирилмас хато ҳамдир!.. Ватан бировнинг пули ва қуроли билан яшамайди-яшнамайди. Ватан ўз халқининг манглай тери билан яшайди-яшнайди” (530-бет).
“Оллоҳ кўрсатмасин, чеккадан биронта давлат, ҳар қанақа олижаноб ғоя билан, ҳатто “золимни ағдариб ташлаб халққа озодлик бериш” мақсади билан-да бўлсин, агар Ватанимга хавф солса ва мамлакатимга бостириб кирадиган бўлса, у давлат қанчалик кучли-қудратли бўлмасин, ёшим ҳам олтмишга бориб қолганига қарамай, қўлимга қурол олиб Ватаним ҳимоясига чиқаман!
Ўзбекистоннинг бугунги президентини (Ислом Каримовни. – Н.М.Р.) золим деб ҳисоблайман, у қурган тузумни ёқламайман-ёқтирмайман, аммо бирон чет давлат “Золим президентни ағдариб демократик тузум ўрнатиш” баҳонасида агар юртимга бостириб кирадиган бўлса, Оллоҳ танамдан ғайратни олмасин, ҳеч иккиланмасдан бу тажовузга қарши президент ёнига кираман! Бунда мен унинг шахсиятини ё мансабини эмас, орқасида турган Ватанимни, халқимни ҳимоя қилган бўламан” (530-бет).
“Биз ўтмишда илм-маърифатда буюк ва шарафли миллат эдик, аммо сиёсатда, ҳокимият учун талашишларда қанчадан-қанча қонли можароларни бошимиздан ўтказганмиз. Энди у аянчли хатоларни қайтармайлик, илм-маърифатда бўлганидек, сиёсатда ҳам ўшандай буюк ва шарафли миллат бўлайлик, жоҳиллардан бўлиб қолмайлик” (533-бет).
“Сиёсат икки нарсага ‒ меҳрга ва кучга таянади. “Куч адолатдадир” (Амир Темур). Бу дегани, сиёсат адолат билан кучли, деганидир.
Адолатсиз куч ёввойидир.
Адолат билимга таянади. Билимсиз адолат том адолат бўлмайди.
Меҳрсиз ва кучсиз сиёсат касалдир, чалажондир, орқаси кесикдир.
Демак, ҳамма нарсанинг тагида бўлганидек, сиёсатнинг тагида ҳам билим ётади.
Сиёсат билимга таянмас, билим асосида юритилмас экан, у сиёсат адолатсиздир, меҳрсиздир, кучсиздир.
Мен адолат, меҳр, куч ва билим томонидаман, асло зулм томонида эмас” (537-бет).
“Сезилган бўлса, ушбу китобимни мен бошда танлаган усулимга ‒ мусбат ҳаракатга содиқ қолган ҳолда ёздим.
Яъни, севимли мамлакатимда узоқ йиллардан бери давом этаётган ҳақсизлик, адолатсизлик ва ёлғонларни халқимга билдириш, зарарли оқибатларидан огоҳлантириш ва бу каби иллатлардан қутулиш йўлларини кўрсатиш усулини ушладим.
Жаҳолатга қарши маърифат билан кураш дейилади бу…” (543-бет).
“Бу асарни ёзишдан асосий мақсадим ватанимга, халқимга, давлатимга, ҳатто бугун мутлақ ҳокимият тепасида ўтирган мана шу президентга ҳам яхшилик соғинишдир. Ҳадис ҳикматига кўра, менинг унга ёрдамимдир. Бу нуқтани ушбу асаримни холис кўз билан ўқиган киши ҳам тан олади.
Бундан ташқари, асарда ҳеч бир йўсинда бузғунчиликка чақириқ йўқ. Аксинча, бузуқни тузатишга чорлов бор. Талаб қилинаётган бўлса, бор-йўғи сўз эркинлиги талаб қилиняпти. Давлатдан ўзи яратган қонунларга тўла-тўкис риоя этиш, қонунлар халққа берган ҳуқуқни ҳаётда ҳам бериш талаб қилиняпти. Бор нарса бор бўйича айтилсин, ёзилсин, халққа тўғри гап етказилсин дейиляпти, холос” (546 – 547-бетлар).
“Одам оғирчиликка чидайди, ёлғонга чидамайди! Шу боис бу ерда (“Бу кунлар” китобида. – Н.М.Р.) “Йўқолсин ёлғон, яшасин тўғрисўзлик!” деган ғоя илгари суриляпти… (547 – бет).
“Сиёсатдаги айрим хатолар кўрсатилар экан, халқнинг орзу-умидига тўғри келадиган тузумни оёққа турғизиш учун ижобий йўл-йўриқлар таклиф этиляпти, холос.
Ҳатто зулмни ҳам яхшилик билан, ўз кучимиз билан тузатишга тарғиб этиляпти. Фақат ўз кучимизга таяниш, ички масалаларимизни ўзимизгина ҳал этишимиз, бунда халқимизнинг тенгсиз ақл-заковатига, тажрибаси ва лаёқатига суяниш энг тўғри йўл экани уқтириляпти” (548-бет).
“Кейинги йигирма йилда тушиб қолган ҳолатимизни таҳлил ва муҳокама қилар, фикр ва мулоҳазаларимни ўртага ташлар эканман, иккала оёғим билан ҳам шу азиз Ватаним тупроғида турдим. Буюк халқимнинг ва давлатимнинг иродасига, орзу-умидигагина суяндим. Миллий манфаатларимизни бирламчи билиб, кўнглимдагиларни самимий ифода этишга ҳаракат қилдим. Асло ётларга суянмадим, ҳеч бир давлатга орқа қилмадим. Ниятим холис бўлди ‒ Оллоҳ таолонинг розилиги. Халқимга, Ватанимга, Миллатимга, Динимга ва Давлатимга хизматдан бошқа манфаатни кўзламадим. Аслида ҳам бундан бошқа қайғум йўқ” (548 – 549-бетлар).
Ва ҳоказо…
11. Умуман олганда, “Бу кунлар” китоби ва муаллифининг ғоясини тўлиқ билмоқчи бўлган одам асарни бошидан охиригача синчиклаб ўқиб чиқсин, жуда бўлмаса, охирги “Катта хулоса” ва “Чиқиш” боблари (520 -550-бетлар)ни ўқисин.
12. Бўйнимга қўйилган айб олиб ташланмагани, устимдан очилган “Иш” то ҳануз ёпилмагани менинг шахсий ва ижтимоий ҳаётимга, ижодий-ёзувчилик ишларимга катта тўсиқ бўлиб турибди: одамлар мендан ўзини олиб қочади, ташкилотлар мен билан очиқ муомала қилишга ҳадиксирайди, мени биров ишга олмайди, асарларим матбуотда босилмайди, китобларимга нашриётлар харидор бўлмайди ва ҳоказо. Кексалик нафақасидан бошқа тирикчилик манбаим қолмади, ҳисоб. Хайрият, илгаридан бир мошинам бор, шу билан киракашлик қилиб турибман, Оллоҳга шукр.

Ушбу айтилганларни ҳисобга олиб, менинг муаллақ осилиб ётган “иш”имни ижобий томонга ҳал этиб беришларингизни талаб қиламан.

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон, ёзувчи.
2019 йил апрелининг 16-куни.

FB:Nurulloh Muhammad Raufxon

Faxriddin Farhod: Kim bizga tayyor demokratiyani sovg‘a qiladi?

Bir narsani tushunish kerak. Demokratiya insonlarga erkinlik berar ekan, albatta, jamiyat turli fikrlarga to‘lib ketadi.
Hamma xohlagan dinga e‘tiqod qilishidan, o‘z fikrlarini ochiq bayon qilishgacha bo‘lgan jarayonlar bo‘ladi. Bunda, albatta, hammani bir xil yashatib bo‘lmaydi.
Turfa yo‘llar, qarashlar paydo bo‘ladi. Ammo hokimiyat xalq qo‘lida bo‘ladi. Xalqning xohish-irodasi birlamchi bo‘ladi. Iqtidor egalari o‘rtaga chiqadi.
Nohaq tuxmatlar, kimgadir yoqmaganlik uchun o‘lim jazosi, millionlab insonlarning mardikorlikda xor bo‘lishi, yaqinlaridan ayrilib qolishi, millat xazinalarining talanishi, insoniylikni unutib yashash, erkin mehnat qilish huquqidan mahrum bo‘lish, o‘z kuchiga emas ishongan ammasiga tayaninib ish qilishlar, mehnatga yarasha haq to‘lamaslik va minglab muammolar yechimi topadi bu jamiyatda.
Axir inson ham shu sinovlar ichida yashash uchun kelgan-ku hayotga.
Demokratiya shunday tuzum. Biz bugun qaysidir qadriyatni yo‘qotishdan qo‘rqib bu ishga qo‘l urmasak, ertaga yana rus yoki xitoylik og‘alar choponini kiyib yashashga to‘g‘ri keladi. Yonimizda axir shuncha namunalar bor. Koreya deb og‘iz ko‘pirtiramiz.
Bular ham shu tuzum sharofatidan shu darajaga yetmadimi axir. Yaponiya parlamenti hal qilmayaptimi hamma ishni. Xalq ishtirokisizmi bularda hamma ish.
Yo‘q albatta. Buni bilamiz. Ammo ular qo‘rqmadi. Mana natijasini ko‘ryapti. Biznikilar ham qo‘rqmagandi. Ularni 37-tilda o‘z qo‘limiz bilan qatag‘onga topshirdik. Shu odamlar joni bekorga ketaveradimi? Yana jon ketsayam endi qaytmaslik kerak. Axir avlodlarga nima qoldirib ketamiz?!
Erkin matbuotda bir marta xato gapirarmiz, ikki marta xato gapirarmiz.
Ammo shu xato ekanligini bilib keyin takrorlamaymiz. Shu tarzda yuklasamizda. Kim bizga tayyor demokratiyani sovg‘a qiladi. Hamma davlatga ham oson bo‘lmagan.

Самад Мурод: “ИШҚ НИМА?”.

(Мен аслида Бибихонимнинг шу саволига жавоб бермоқчи эдим. Аммо, буёғи бутун бошли ҳикояга айланиб кетди)

Синглим, бу саволга инсоният ибтидодан бери жавоб излайди.Ҳар ким ўзича жавоб ҳам беради. Жавоблар шу қадар кўп-ки эталонни аниқлашнинг имкони тоборо камайиб бормоқда.
Ёшлик. Аудиторияда ўтирибмиз. Дарс эстетика. Иккинчи қават. Мен одатдагидай орқада, очиқ турган дераза олдида ўтирибман. Олдимдаги ўриндиқда алп келбатли Лапас исмлик Чиял жўрам ўтирибди. Унинг сояси шу қадар куюқ-ки мени излаган одам орқага ўтиб, изламаса, тополмайди.
Лапас билан орамизда шундай бир битим бор. У доимо мени “ёт кўзлардан асрайди”, мабода уйқу элтиб, ухлаб қолган бўлсам, хавф туғулса, ўйғотади, мен эса,унга имтиҳонлардан ўтИшда ёрдам бераман.
Июн. Кун шунчаки иссиқ эмас, жуда иссиқ. Бунчалик қулай муҳитда ухламасликнинг сира иложи йўқ.
Бир пайт, чўчиб, ўйғониб кетдим. Лапас худди бир жойга ўт кетгандай ҳовлиқиб, мени туртаётир.
– Тур! Тур, Самад! Сени излашаётир!
– Ким излаётир?
– Ҳаммаси излаётир. –
– Нима ишлари бор экан?
– Мен қаёқдан билай, лекин турмасанг бўлмайди чоғи. Иш чатоқ, жўражон!
– Оббо! Бир амаллаб тинчит, оғайни. Шу эстетикангдан беш қўйдириб бераман.
– Сенга савол беришмоқчи, чоғимда.
– Қанақа савол?
– Мен қаёқдан билай, ана,ўзинг қулоқ сол. Ким “Ишқ”, кими “Севги”, кими “Муҳаббат” деб шовқин солади. Яхши англамаяпман
– Уйқусираб, қулоқ сола бошладим. Чиял дўстим бехато англабди. Ўша энг абаддий ва кун тартибидан ҳечқачон тушмайдиган, энг ширин ва энг аччиқ мавзу. “- Энди нима қилсамикин? Булардан осонликча қутулиб бўлмайди”.
– Бу талаб! Самад жавоб берсин.
– Тўғри, у яширинча шерлар ёзиб юради.
– Шеърлар ёзади? Жуда яхши-да. Унда туриб, шерларидан ўқиб берсин.
– Ҳа,ўз шерларидан ўқисин, Мен буни талаб қиламан.
– Қани ўзи? У йўқку!
– Нега йўқ бўлади? Ҳозиргина шуерда эди-ку! – Лапас худди “Ана, айтмадимми? Шўринг қурсин, жўражон. Лекин, менда айб йўқ” дегандай мўлтираб қарайди.
Рўмолчамни намлаб, юз-кўзимни артиб,эпақага келтирдим-да жойимдан оғир турдим.
– Ана Самад! Пусиб ўтирган экан!
– Ҳамма айб Лапасда. Бу лаванг, ошнасини яшириб ўтрган экан.
– Тинчланинглар, қизлар. Ана,Самад ҳам топилди. Қани, кимда савол бор унга?
– Менда! – Менда! ..Чувиллашарди қизлар. Йигитлар эса, ҳамишагидай жим. Пешонам қурсин. Менга савол берувчилар бунча кўп бўлмаса.
– Бўпти. Беринглар саволларингни. Бўмаса, бу деразадан ташлаб қочиб қолиши мумкин. – Домла шумлик билан менга қараб кўз қисиб қўйди ва “Ноиложман, укажон. Бу халқнинг талаби” дегандай қўлларини икки томонга ёзди. Ўлимга ҳукм қилинган маҳкумдай бош эгиб турибман. Агар дарс пайтида ухлаб қолганимни демаса, айтарли гуноҳим йўқ. Тағин билмадим…
Замира исмли курсдошимиз, худди ҳозиргина ФБдан чиққандай айнин Бибихонимнинг саволини берсами.
Олдин асъаса билан минбарга кўтарилди. Бу билан у саволнинг нақадар оламшумул аҳамиятини таъкидламоқчи бўлди, чоғи. Кулиб юборишимга оз қолди. Вақтида шаппа оғзимни ушладим. Аслида бериладиган саволни, ҳатто, берадиган жавобимни ҳам олдиндан чамалаб тургандим. Аудитория тўла қизлар бўлса, тушадиган савол, албатта, севги ҳақида бўлади-да.
– Менинг саволим шундай. Яхшилаб эшитиб ол, Самад. – У худди мени ростакамига дорга тортадигандай чуқур нафас олиб, тараддутланди.- “Мунча ваҳима қилмаса. –ўйлардим мен”.
– Сен “СЕВГИ” деганда нимани тушунасан? Сен ўзи “СЕВГИ”нималигини биласанми?
– Билмасам, Замирахон… – атай гарангсирадим.- Юрибмиз шу элқатори…
– Ўв, мен сендан қаерда юрганингни эмас, “СУВГИГА” муносабатингни сўраяпман!
– Муносабатимми?
– Ҳа, муносабатинг! – У худи «Бопладимми?» дегандай атрофга бир қур назар солди.
– Муносабатим жуда яхши,… эл қатори…
– Яна “Эл қатори” дейдия! Мен сендан элнинг муносабатини эмас, ўз муносабатингни сўраяпман.
– Мен шу-да.
– Қайси “Шу”? – қизнинг борган сари хуноби ошарди.
– Тўғрисини айтсам, хафа бўлмайсанми? – Энди вақт етишди. Бомбани портлатсак ҳам бўлаверади.- деган қарорга келдим.
– Унда қулоқ сол,Замира ва бошқа барча ишқибозлар ҳам яхшилаб эшитиб олсин. сизларнинг бошингизни қотираётган севги масаласини ҳозироқ ҳал этамиз. Асчлида бу сиз ўйлагандек мураккаь муаммо, эмас, азаз дўстлар. Кимдаки жўяли савол бўлса, отини тезроқ қамсиласин. Танаффусда тушган саволларга жавоб берилмайди.
– Хўп, бўлди-да энди. Бунча чўзасан. Бошлайқол, ноинсоф!
-Майли, қўй, нимани айтса ҳам, эртачироқ бошлайқолсин. Қон қилди-ку.
– Мен аниқ бир қарорга келдим, дугошлар! –Кимидир барлла баёнот берди.
– Қанақа қарорга келдинг, Жамила?
– Агар уйланса, туриши шу бўлса, бунинг хотини чилласи чиқмай кетиб қолади.
– Олаа, топган гапингни қара-ю. Кел, яхшиси, фикрини эшитайлик. Давом этинг, Самад ака. – Шу ака сўзи таъсир қилдими, пома пой гапларга чек қўйиб, индоллосини айтишга қарор қилдим.
– Гап бундай, қизлар.
– Ҳой Самад, нега нуқул “Қизлар, қизлар деяверасан. Нима, бизчи? Сенингча биз йигитлар одам эмасмизми?”
– Ҳой, Жомғир, гап сенинг гуманоидликка дахлинг ҳақида эмас, “СЕВГИ” ҳақидаку. Ҳап тур, яхшиси, Бундай жиддий ва ўта мураккааь масалаларга ақлинг калталик қилади. Ахир, сен гумоноидларнинг илк шаклланиш даврига хос экспонатсанку. – Афтидан у Жомғир то ўлгунча тушинмасин деган ўйда гапга имкон қадар,ҳатто ўзининг ҳам ақли етмайдиган терминларни тиқиштирарди.
– Менинг бадгумонлигимни сен қаёқдан биласан, Сурайё? Негадир сенга уйланганим сира ёдим га тушмаётир.
– Сен аввал совчи қўйиб кўр. Бир йўла қачон уйланганингни ҳам пухтароқ эслаб қоласан.
– Дунёдан тоқ ўтсам ҳам сенга тегмайман, ҳой, Жомғир. Фууу. Энди бир камим ёзи билан тезак теришим қолувди.
– Шуни айт, айниқса, баҳор қурғоқчил келиб, сигирлар қисир қолиб кетишса. Тезакни қаердан излайсан?
– Нима , қисир сигир тезакламайдими? – Йигитлар бири олиб, бири қўйиб, ҳангомани бошлаб юборишди.
– Шу пайт менинг бахтимга даранглаб қўнғироқ чалинди(…

(ДЎСТЛАР, БУ ҲИКОЯ ҲОЗИР ЁЗИЛАЁТИР. дАВОМИНИ ТУШЛИКДАН КЕЙИН ЁЗИБ ТАШЛАБ ЮБОРАМ)

Мана, ниҳоят,тарихда биринчи бор орзиқиб кутилган иккинчипара ҳам бошланди.
Замира одатдагидай минбарда.. Чамаси у танаффус пайтида ҳам шу минбардан тушмаганга ўхшайди .
– Диққат,ўртоғлар! Ҳамма жим бўлсин! Сўз дўстимиз Самадга. Олдинига у биздан яшириб юрган шеърларидан ўқиб беради.
-Илтимос,мумкин бўлса, қисқароғидан. Агар чўзилиб кетса, тайин қоча-қоч бошланади.- Азиз нутқи бениҳоя чўзилиб кетганидан хижолат бўлаётгандек, бир ютуниб, давом этди.- Келинглар шу иш эртага қолмасин.Ўзига қолса,чанқаб йурган нарса, кечгача бошни оғритиши ҳам мумкин.
– Мун бир муддатлик маъноли паузадан кейин гап бошладим, аммо, бошқа мавзуда. Майлику-я, лекин шу Сурайё бошлаган гапини тугатиб олсин. Адашмасам у чиялнинг даштида тезак тераётган эди.
-Адашдинг, Самад. Сурайё тезак тераётгани йўқ. У Жомғирга тегиш-тегмаслигини ҳал қилмоқчи эди.
.- Нега гапнинг белига тепасан? Бу масла аллақачон ҳал бўлган. У рози. Тезак териш бўйича малакаси етарли эканлиги аниқ бўлди-ку.
– Тўғри айтасан, Тошқул. Уёғини сўрасангиз, жомғир рози эмас.
– Ие, Жомғир норози? Тарихий воқеа содир бўлибдур, англамай қолибмиз. Ў,Жомғир, мен билувда қишлоғингда сенга кўзи учиб турган қиз қолмаган деган хабарлар бор. Топилганига шукур қилиб, олавермайсанми, мурдор! -Азиз ёлғондакам жаҳил билан ўшқирди. Иккаласи ростданам ҳамқишлоқ..
-Сурайё бу ҳнгамага гап худдибошқа одам ҳақида бораётгандай, оғзини очиб, жим қараб турарди.- Бу Сурайё деганимиз, адл қоматли, унча,мунчани назарига илмайдиган хушсуврат қизлардан эди.- Замира яна ўзвазифасига қайтмаса, иш чала қолишини пайқаб, қайтадан минбарга кўтарилди.
– Ўртоғлар! Ўўўртоғлар! Жимлик сақлансин. Асосий масалага ўтамиз. Сурайё билан Жомғирнинг масаласи эртага кўрилади. Ҳамма тайёрланиб келсин.
Шундай қилиб, асосий масала бўйича сўз Самадга. Илтимос, барака топкур, шумлигингни шу сафарга унутиб, тезроқ нуқта қўяқол. Бўмаса, яна кунимиз қўнғиролққа қолибкетади. Домлабўлса, парвойи палак, китоб варақлаб ўтирарди.
– Диққать! бошлайман,ўртоғлар.. Эрта баҳор кунларининг бирида мен отимни етаклаб, қирга чиқдим. кун илиқ, бир озбурун ёмғир ёғиб ўтган. Отимни бир ўтлоқ жойга қоқиб қўйиб, ёнбошлаганимни биламан, Жонивор отим тоқатсизланиб, кишнай бошлади.. Табиийки ўйғониб кетдим.Оғайнилар, кун тартибидаги мачала ёддан чиқмасин.”СЕВГИ НИМА?”ДЕГАН САВОЛГА АЙЙНАН МЕН ЖАВОББЕРИШИМ КЕРАК БЎЛИБ ТУРИБДИ..мен отим билан кирнинг офтобрўя бағрида ётибман. Бу жуда муҳим.. Бир пайт кир ортида, яъни терсгай бағрида отлар галаси юрган эканми, навжувон бир биянинг жингирлаган саси эшитилди.
Отим олдинига шунчаки тиқиб , бетоқат бўлаётга ҳалиги Ғунончаниншг сасини эшитгач, уят-ҳаётни йиғиштириб қўйди.
Мен тағин бўшалиб-нетиб кетмасин деб энди жойимдан турганимни биламан, қозиқни худди хасдай суғуриб, думини булғаб, ҳаё ҳайт беб, қир ортига йўл олди.То мен оёғимни судраб, қир устига чиққунчаТўй аллақачон тугаб, расм-русумлар ҳам тугаб, “Куёв-келин чимилдиқ ортига ўтишган экан. Бояги Замиранинг саволига менинг жавобим шу..Энг намунали ишқ, ёки муҳаббат ёки севги деб, мен менинг туопорим билан ҳалиги саман ғунончанинг орасида ярим соат ичида қарор топган соф, беғубор ва гўзал муносабатни тан оламан.. Мен уларнинг бошига ҳижрон солишга кўнглим бўлмай, уйга пиёда қайтиб келганди ўшанда.
– Ўшанда ҳаммадан олдин бошловчи Замиранинг ҳуши жойига келди.
– Нима,нимаааа? ҳой қизлар,бу ҳали бизни ўша ғунончага тенглаштирмоқда. хшиси, бизга ҳам ўша Ғунончанинг бахтидан берсин деб
– Шкуни айт,Қурбонали. фойдасини билишмайди булар.
– Сега эса, қани эди, Самаднинг отининг тағдиридан ато қилса.
– Менимча ўзинг ҳам сира йўқ демасдинг,
Бу пайтга келиб, аудиториядаги барча аёл зоти ўзига келиб, ўзларининг камситиганини пухта англаб, ҳужумга ўтишга шай ҳолатга келиб бўлган, оғир-енгил сумкалар, ручка-дафтарлар менга қараб отила бошлаган, аёллар саф бўлиб мен томон бостириб кела бошлаган эди.
Мен авангардетиша бошлаган чоғда позицияяларни чамалаб кўриб, зудлик билан чекинишга қарор қмилдим.. Деразадан бошқа чекиниш йўли ёплган. Лапаснинг елкасига таяниб, “Ё боболаримнинг йўли!” деб, кам деса уч ярим метрлик баландликдан пастга қараб сакрадим.
Бир дуцмалаб,жойимдан туравериб, хаёлимдан чакмоқ тзлигида бир ажойиб фикр ўтди. Қайта йиқилиб,жим ётиб олдим.
Ўшанда мириқиб даврон сурганман. Беҳуш ётибман, денг. Барча золим қизлар атрофимда парвона. Кими этаги билан елпиётир,кими юзимга сув сепаётир, кими шу сувни юзимдан артаётир.
Агар Азиз ишнинг белигша тепмаганда Турк султони кўрмаган кунларни кўрармидим.
Нобакор, кутилмаганда қўлтиғимдан қитиқлаб юборсами. У менинг қитиқдан ўлгудай қўрқишимни биларди.да.
Триумф шундай шармандали тарзда барҳам топди.

ТАМОМ. 2019. 30. 04.

Самад Мурод