Рузибай Азимий: Зокир Алматов, билмасангиз билиб қӯйинг!

Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири маслаҳатчиси генерал-полковник Зокиржон Алматов Тошкент шаҳар ИИББ йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари билан учрашувда ЙҲХ ходимларини порахўрликдан тийилишга чақирган.
Жаноб Зокир Алматов, жумладан шундай деган: “Албатта, ишингиз қийин, маошингиз балки етарли эмасдир. Лекин ҳеч қачон порахўрликка берилманг. Сизларнинг орангиздан кимдир йўл тўсиб, пора талаб қилиши – пасткашлик. Сизларни беобрў қилишга ҳаракатлар бўлмоқда, видеога тушириб интернетларга чиқарилмоқда, атайлаб пул ташлаб қўйишга уринишлар қайд этилган. Буларга қарши курашилади, яқиндан бошлаб ҳар бирингизда боди-камералар бўлади ва бу сизларнинг ижтимоий ҳимоянгизга хизмат қилади. Шунингдек, маошларингизни ошириш масаласи кўриб чиқилмоқда. Аммо пора олиш кечирилмайди ва бу жуда уят!”.

Жаноб Зокир Алматов, билмасангиз билиб қӯйинг! ЙҲХ ходимларининг ҳайдовчилардан пора олиши шунчаки “жуда уят” эмас, балки ЖИНОЯТ саналади. Шунингдек, ЙҲХ ходимлари орасидан кимдир йўл тўсиб, пора талаб қилиши ҳам шунчаки “пасткашлик” эмас, ЖИНОЯТ ҳисобланади.
Бироқ ЙҲХ ходимларининг нафси айнан Сиз Ички ишлар вазири бӯлган чоғингизда ҳакалак отганини, қуюшқондан чиқиб, бор диққат-эътиборини ҳайдовчилардан пора ундиришга қаратганини асло унутмаслигингиз керак.
“Пора олиш кечирилмайди” деяпсиз, у ҳолда мазкур тизимнинг энг катта раҳбари бӯлган чоғингизда пора олган ЙҲХ ходимларини нега кечириб келдингиз? Бугунги порахӯр ЙҲХчилар, яъни ДАН ходимлари бу ишлар билан кеча ёки бугун шуғулланаётгани йӯқ, улар Сиз раҳбарлик қилган чоғда кенг илдиз ёзган порахӯрлардир.
Мазкур тизим айнан Сиз раҳбарлик қилган чоғларда коррупцияга, порахӯрликка белигача ботган эди. Сизнинг даврингизда ИИВнинг энг оддий бӯлимига ишга жойлашиш учун пора сифатида бериш учун отнинг калласидан ҳам катта пул керак бӯлган. Буни Сизу ва бошқа Сиз каби сӯфига айланган амалдорлар ёдларидан чиқариб қӯйган бӯлсалар ҳам қора халқ жуда яхши билишади.
Унутмангизлар, минбарларда туриб олиб, ширин сӯзлар гапириш орқали яқин ӯтмишда содир этган айбларингизни асло юва олмайсизлар!!!

Ruzibay Azimiy