ЖАҲОНГИР МУҲАММАД: Мирсаидов учун ҳақиқатани айтиш оддий нарса эди

Шукрулло Мирсаидов ҳақидаги хотиралар

Мирсаидовни “Шукрулло” деганларини эшитмаганман. Ҳамма у кишини “Шукур Раҳматович” дерди. Ўзи ҳам шундай деб аташларни ёқтирарди, шекилли?

Шукур Раҳматович ҳақида у киши ҳаёт эканликларида кўп нарса ёзганман. Бугун ўйлаб қарасам, ёзилмаган нарсалар ундан ҳам кўп экан. Шулардан айримларини сиз билан баҳам кўрмоқчиман. Булар турли воқеалардир ва инсоннинг кимлиги воқеалар жараёнида кўринади. Бу воқеаларни эшитиб, Мирсаидов қандай одам бўлгани ҳақида ўзингиз хулоса қилинг.

1.Елцининг эътирофи

Ўзбекистон вице-президенти Мирсаидов раиси бўлган ҳукумат делегациялари таркибида Украина ва Россияга боргандим. Россияга 1991 йилда бордик. Ўшанда икки давлат ўртасида илк иқтисодий шартномалар имзоланганди.

Ҳайъат таркибига ҳукумат аъзоларидан ташқари Олий Кенгашдан Шавкат Ўразаев ва камина  киритилганди. Москвага боришимизни бир кун олдин билганман.

Ўшанда Олий Кенгаш ва ҳукумат битта бинода эди. У киши бешинчи,  биз олтинчи қаватда ишлардик.

Бир кун энди уйга кетаман, деб турсам, ёрдамчиси телефон қилиб, Шукур ака сўраётганини айтди. Тушсам  чой ҳўплаб ўтирган экан. Доим столининг устида пахта гулли чойнак ва иккита пиёла турарди.  Менга ҳам чой қуйди. У киши чой қуйганда бир қултумдан ошмасди. Ичиб юборишни ҳам, ичмасликни ҳам билмасдингиз.

-Украина сафаримиз яхши бўлганди. Шуни эслаб Ислом акадан сўраб, сизни ҳам рўйхатга қўшдим. Ошкоралик қўмитаси Олий Кенгашдаги энг кучли қўмита. Эркин ака(Эркин Воҳидов-ЖМ)ни яхши кўраман.  Битта маҳаллада турамиз.  Москвага борайлик десам саломатлигим бўлмаяти, дедилар. Бундай тарихий воқеаларда саломатликни ўйламаслик керак.

Эркин Воҳидов қўмита раиси ва камина раис ўринбосар эдим.  Ўшанда Ислом Каримов “Ҳайъат таркибига номингизни мен қўшдим” деганди. Эркин ака ҳам кейинчалик “Сизни мен тавсия қилгандим” деган.  Нима бўлганда ҳам ҳайъат таркибидаги энг ёши мен эдим. Балки шунинг учун ҳам қўшган бўлишлари мумкин. Оқсоқол депутат Ўразаевнинг ёнида ёш депутат ҳам бўлиши керак, деб ўйлаш ўша пайтнинг мантиғига мос эди.

Шукур Раҳматович стол устидаги “папка”ни узатди:

-Мана шуларни бир кўринг,  фикр туғилса эртага самолётда гаплашамиз,-деб хайрлашди.

Аслида унинг ўзи саломатлиги ҳақида ўйламасди, шекилли, доим кўзининг остида “халтачалари” бўларди. Унинг “почкаси” касал бўлса керак деган хаёлга борардим. Кимдир буни “кўп ичганидан” деса, кимдир “ухламасдан ишлаганидан” дерди, бошқа биров эса “юрагининг мазаси бўлмаса керак” деб қўярди. Халқнинг кўз олдида бўлгандан кейин кўзингизни ости осилса ҳам  бир дунё гап-да. Лекин у кишининг кўп ичиб, маст бўлганини кўрганим йўқ. Тунлари ухламасдан ҳукумат ишлари билан банд бўлишини эса  билардим.

Самолёт саҳар пайти экан. Тайёргарлик кўраман, деб қоғозларни қараб чиқишни унутибман. Ярим тунда ёдимга тушиб, ўрнимдан туриб, саҳарга қадар ўқиб чиқдим. Ҳаммаси иқтисодий мавзулардаги ҳужжатлар. Бунинг устига урусча ва олдиндан Россия мулозимлари билан кўриб чиқилган. “Бир нарса” тополмадим, у киши ҳам сўрамади.

Москванинг “Оқ уйи”да адашмасам ё 9-, ё 10 қаватда музокаралар олиб борилди. Узун столнинг икки томонида икки мамлакатнинг ҳайъати ўтирди. Руслардан гапирганлар икки-учта. Биздан эса фақат Шукур Раҳматович. Эсимда қолгани шуки, Зарафшон шаҳрининг  аэропорти ва тахтаю болорлик учун рус ўрмонларидан кесиб олиб келинадиган дарахтлар каби масалаларда кўпроқ баҳс бўлди.

Охирида Россия томонидан Борис Елцин ва биз томондан Шукур Раҳматович ҳужжатларни тантанали равишда имзоладилар.

Россия ҳукуматининг Кремлда зиёфат зали бор экан. Кечқурун ҳаммамиз ўша жойга бордик. Қадаҳ айтишлар бошланиб кетди. “Мастлик-ростлик” дейишади. Анчагина ичиб олган Борис Елцин Ўзбекистон билан тузилган илк шартномани тарихий дея мақтаб, Шукур Раҳматовични “Ўзбек халқининг патриоти” (ватанпарвари-ЖМ) деди. Кейин бу иборасини тахминан шундай изоҳлади:

-Ҳамма ҳужжатларни вакилларимиз кўриб чиққанди ва биз бир қараб, имзолашимиз лозим эди. Аммо кўрдингизлар, музокарамиз икки кунга чўзилиб кетди. Бу Шукур Раҳматовичнинг ўжарлигидан. У ўзбек халқи учун Россиядан кўпроқ нарса ундириб олди. Майли, биз афсусда эмас, кетса ўз қардошимизга кетибди.

Ўшанда жуда мағрурландим. Қайтиб келгач, буни депутат дўстларимга айтиб бердим. 1991 йилнинг кузида “Каримовга ишончсизлик” деб ёзилган 12 саҳифалик баёнотимизга шу воқеа ҳам киритилганди.

Дарвоқе, Украина сафаримиз ҳам тарихий воқеа эди.

2.“Боғидилкушо”

Президентнинг миллий масалалар бўйича маслаҳатчиси Шохобиддин Зиёмов ва каминани Украинага Ислом Каримовнинг ўзи юборди.

-Қрим татарларни Ўзбекистондан кўчирамиз ва бунинг пулини Украинанинг бўйнига қўйишимиз керак. Сизлар бориб Украина билан имзоланадиган шартномалардан шуниси билан шуғулланиб, уларни бунга кўндиринглар,-деди Ислом Каримов кетишимиз олдидан.

Ундан қрим туркларини кўчириш учун Москва катта миқдорда пул ажратганку, деб сўрадим.

-Ана шу пуллар Украинага ўтиб кетган,-деб жавоб қилди Каримов.

Биз Зиёмов билан Киевга боргандан кейин билдикки, Украинага ҳеч қанақа пул ўтган эмас экан. Биз гаплашган ҳукумат вакиллари ва депутатлар аввалига бутун харажатни “Ўзбекистон тўлаши” керак деб туриб олдилар. Охири “Ўзбекистон ҳам бунга қисман ҳисса қўшиши” шарти билан кўчириш харажатларининг асосий қисмини кўтаришга рози бўлдилар. Каримов буни истамади. Ана шу “ҳисса”ни “ҳужжатдан олиб ташлаш” учун биз бир неча кун Киевда қолиб кетдик.

Бир кун кечқурун кутилмаганда биз турган ҳукумат уйига Шукр Раҳматович кириб келди, ёнида бир нечта мулозим ҳам бор.

-Бизнинг одамлар иқтисод бўйича ҳамма ҳужжатларни келишиб бўлишди, сизлар битта нарсани битира олмадингларми?-деди. У пайтда депутатлар мустақил бўлгани учун Шукр Раҳматович асосан Зиёмовга гапирди. Кейин менга юзланди׃

-Жоҳонгиржон депутат дўстларингизни кўндира олмадингизми?

Шукр ака ҳам Каримов каби “Жоҳонгир” деб гапирарди.

-Кўнишди, лекин биз ҳам озгина ҳисса қўшсак бўлади, улар бизнинг ҳам қардошларимиз-дедим .

-Мен уже Леонид Макарович (Кравчук, Украина Компартияси МКсининг ўша кездаги биринчи котиби-ЖМ) билан гаплашдим, Ислом акам келгунча ҳамма ҳужжатлар тахт бўлишини айтдилар. Фақат ўша “ҳисса” расмиятчилик учун бўлса ҳам қолсин деяти. Бўлмаса бузғунчи депутатлар жанжал қилишлари мумкин экан. Лекин унинг ўрнига бошқа нарса сўранглар деди.

Шукр ака шундай деб ҳаммага бир-бир қаради. Ҳеч ким индамади. Менга навбат келганда׃

-Бухоро амири Саид Абдулаҳатхон Ялтада қурдирган дам олиш зонасининг “ордери”ни олайлик,-дедим Ўзбекистоннинг хорижда қолиб кетаётган мулклари ҳақида “Ўзбекистон овози”да чиққан мақоламни эслаб.

-Қизиқмисиз, у ўзимизнинг балансдаку, иккинчи биносини ҳам ўзимиз қурганмиз, ҳар йил пул ажратамиз, ҳозир ҳам 4-управления ҳисобида,-деб жавоб қилди Шукр Раҳматович.

“Билмаган нарсангга қўшилиб нима қиласан?”, дегандек ҳамма менга қаради. “Суриштирмаган эканман”, деб ўйлаб бу ҳақда бошқа гапирмадим.

Тошкентга келганимиздан кейин Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 4-бошқармасига қарайдиган поликлиникамиздан таътилда Ялтада дам олиб келишим ва бунга йўлланма ажратилганини айтишди. Ким ҳам “Йўқ” дейди. Дарров пулини тўлаб, таътилни расмийлаштириб, умр йўлдошим Роҳилахон билан Ялтага учдик.

Аэропортда бизни санаторий бош врачи 70-80 километрлик жойдан келиб кутиб олди ва кейин хизмат учун қора “Волга”сини бериб қўйди. Ажаб?

Санаториянинг иккита биноси бор экан. Биттаси Амир иншо эттирган “Дилкушо”, иккинчиси Шароф Рашидов томонидан қурдирилган замонавий, кўп қаватли бино.

Биз турган бинони Амир Абдулаҳатхон ва унинг ўғли ҳам қароргоҳ, ҳамда ёзги дам олиш жойи сифатида фойдаланган. Амир бу жойни Чор Россиясидан сотиб олиб, Шарқ услубида қурдирган. Фавқулодда гўзал.

Биринчи қаватда Шароф Рашидов келганда қоладиган махсус жой бор. Усмонли қароргоҳларида ишлатилгани каби нақшдор қимматбаҳо тошлар билан марвитанчасига безатилган. Ҳатто ваннасигача топилиш қийин, даволовчи тошдан қилинган.

Биз билан бирга Ислом Каримовнинг устози, узоқ йиллар Давлат Планлаштириш қўмитасини бошқарган, ўша кезда Давлат нарх-наво қўмитасининг раиси, кейинчалик президентлик сайловида Комиссия раиси бўлган Қудрат Ахмедов ва умр йўлдоши Олмос опа (Ғафур Ғуломнинг қизи) ҳам келишганди. Бутун мулозимат уларга ва соясидан биз ҳам фойдаланяпмиз, деб ўйладим. Лекин Қудрат акани тепага жойлаштириб, “Рашидовнинг хонаси” дейилган жойни бизга беришди. Ҳайрон эдик. Бир икки вазирлар билан бирга хонандалар Бобомурод Ҳамдамов дойрачиси Ҳамроқул ака билан, Хайрулла Лутфуллаев дойрачиси Талъат ака билан ҳам ҳам шу ерда эдилар.

-Бу бино 1924 йили Қрим ижроқўми қарори билан бир умрга фойдаланиш учун Ўзбекистонга берилган ва шундан бери бизники,-деди бир куни бош врач суҳбат орасида.

Унинг кўп гапдан хабари бор эди. Ҳатто Киевдаги савол-жавобдан ҳам.

Хуллас, яхши дам олиб қайтдик.

Шукр аканинг ҳовлисида дарвозадан кирганда чап томонда “тераска”си бўларди. Шу ерда икки киши юзма-юз гаплашиб ўтириши учун иккита кресло қўйилган. Бир кун чой ичиб бўлганимиздан кейин ана шу креслода ўтириб Ялтадаги снаторийдан гап очдилар. У бинонинг аҳамияти ва ичидаги тошларнинг ноёблигини гапирдилар.

-Вазирга Жоҳонгир оиласи билан бориб, ўша ерда дам олиб келмоқчи, қараб қўйинглар деб айтгандим,-дедилар.

-Боришимни қандай билгандингиз? -дея ажабландим.

-Ҳукумат ҳамма нарсани билади,-деб жилмайдилару кейин тин олиб,-Биласизми, гапингизни кесиб ташлаб хато қилган эканман. Тошкентга келиб суриштирсам, санаториянинг ҳамма харажатлари бизда, биз қурганмиз, лекин “ордери” бизда эмас экан. Ўшанда бу масалани қўйсак, Қрим ижроқўмининг 1924 йилги қарорини баҳона қилиб, бу биноларни бутунлай ўзимизга олардик. Энди “Шуни сотиб олайлик” десам Ислом ака кўнмаяти. Сиз бориб дам олиб, у ерга меҳр қўйиб келинг, дегандим. Мана бориб, кўриб келдингиз, энди шу масалани сессияда кўтармайсизми?-дедилар.

Икки раҳбар орасидаги ўйинга тушиб қолаётгандек ҳис қилдим ўзимни ва ўша кезда санатория масаласига қайтмадим.

Лекин бир кун мавриди келиб қолиб, хориждаги мулкларимизни қайтариб олиш ҳақида гапирсам, Каримов׃

-Бу Маданият қўмитасига оид, мана Примқул ака Қодиров шу ерда ўтирибдилар, бу ҳақда таклиф тайёрласалар кўриб чиқамиз, булар жуда кичик нарсалар,- деб масалани ёпди.

Кейинчалик суҳбатларимизда Шукр ака Киевда имкон туғилганда диққат қилмаганларини бир неча марта эслаб, афсусландилар. Табиийки, у кишининг бу нарсани бир неча марта эслаши диққатимни тортганди. Чунки раҳбар одамнинг миллионта ташвиши бор, миллионта гапга “ҳа” ё “йўқ” дейиши табиий ҳол. Қайси бирини эслаб юради? Аммо Шукр ака бу масалани бир эмас, бир неча марта эслашидан у балки ўзини айбдор ҳисобладимикан, деб ҳам ўйладим.

Бундай олганда, “бу кичик нарса”дек кўринади, лекин миллат мулкининг катта-кичиги бўлмайди. Шукр ака ана шуни ўйлаб, виждонан қийналган эди, манимча?! Виждонан қийналган одамда виждон кучланиб боради. Чунки виждон қийналишдан чиниқади.

Виждон сиёсатчиликка дош беролмайди. Сиёсатчиликни касб қилганларнинг кўпи виждонидан айрилган. Бунинг тарихда ҳам, бугун ҳам мисоллари жуда кўп. Шукр ака балки виждонини асраб қолиш учун сиёсатчиликдан чекиндимикан? Бу энди кейинги мавзу.

Дарвоқе, санатория тақдири нима бўлди, аниқ билмайман, эшитишимча номи сақлангани билан ўзи Украина ҳисобида.

3. Қўрқув фактори

Иқтисод фанлари доктори Шукрулло Мирсаидовнинг Бош вазирликка келиши масаласига бевосита аралашиб қолганман. Олий Кенгашнинг 1990 йил март ойидаги сессиясида Каримов Министрлар Совети раислигига (Бош вазир-ЖМ) шу вазифада ишлаб турган Мираҳмад Мирқосимовни тавсия қилди.

У пайтда қайта қуриш, ошкоралик шамоллари бизга ҳам етиб келган ва Олий Кенгаш ҳокимиятнинг кучли бўғинига айланиш учун оёққа турганди. Ҳар бир масала катта баҳслар, тортишувлар билангина ҳал бўларди.

Биз депутатлар Паркентда халққа қарши қурол ишлатилганидан (Бу ҳақда “ИАК” да ўқишингиз мумкин-ЖМ) ғазабда эдик. СССР миқёсида тўполонларни бостириш учун генерал Шаталин бошчилигида махсус ҳарбий қўшин тузилганди. Ислом Каримов ана шу қўшинни ёрдамга чақирган.

Қўшиннинг бир бўлинмаси Паркентга яқин жойда турган ва воқеаларга аралашиш учун ҳукуматдан ёзма равишда изн сўраган. Мирқосимов ярим тунда ўша жойга борган. Унга Ислом Каримов телефон қилиб, ҳарбийларга ҳужжат имзолаб беришни ва эрталаб Паркент марказига танкларни олиб кириш лозимлигини айтган. Тошкент вилоятилик депутатлардан бири бунга гувоҳ бўлган. Биз бу ҳақда сессиядан олдин Мирқосимовдан сўрасак, у ким телефон қилганини яширди.

Шунинг учун у тасдиқланадиган пайтда шартта ўрнимдан турдимда унга:
-Паркентга ҳарбийларни олиб киришга ва оддий одамларни отишга ким рухсат берганди?-деб савол бердим.

Сессия жонли тарзда телевизордан кўрсатилаётган эди. Мирқосимов боши берк кўчага кириб қолди. Залда ғала-ғовур. Паркентлик бир депутат ўрнидан туриб, минбарга қараб юра бошлади. Каримов катта жанжал бошланиб кетишини сезди, шекилли, микрофонни ўзи томонга буриб:
-Менда битта таклиф бор, Бош вазирни алтернатив йўл билан сайлайлик, иккита номзод кўрсатайлик ва биттасини танлаб олинглар,- деди. Ваҳоланки, бир неча дақиқа олдин фақат Мирқосимов номзодинигина кўрсатган эди.

-Госпланнинг раиси Мирсаидовни ҳам тавсия қиламан, демократия бу, биттасини танлаб олинглар,-деди у.

Депутатлардан бири “Мирсаидов ҳақида фикрингизни ҳам очиқ айтинг” деб бақирди. Чунки у Мирқосимовни роса мақтаганди. Шундан кейин Каримов ўрнидан турдида сакраб-сакраб минбар ёнига келди. У Мирсаидовни “мард ва жасур, сўзида турадиган, тажрибали раҳбар, энг кучли иқтисодчи” деб мақтади.

Паркент ҳақидаги гаплар бир зумда ўртадан кўтарилди ва депутатлар ура-ура билан Мирсаидовни Бош вазирликка тасдиқладилар.

Каримов  ишсиз қолган Мирқосимовни Компартия қошида тузилган, барча текшир-текширларнинг бошида турадиган, ўша кездаги жуда кучли идора-Давлат Назорат Қўмитасига раис этиб тайинлади.

Шукр аканинг “Халқлар дўстлиги саройи” яқинида “штаб-квартираси” бор эди. Муҳим гаплар чиқса, ўша ерда учрашардик. У ишдан кетгандан кейин ҳам жуда кўп раҳбарлар маслаҳат олиш учун шу ерга келиб кетардилар.

Бир кун борсам, Мираҳмат ака ҳам ўша ерда. Илгари у “Совмин”га раис бўлган, Шукр ака эса унга ўринбосар ҳисобланган. Давлат планлаштириш қўмитаси раиси Бош вазир ўринбосари ҳисобланган. Мана энди у ишсиз Мирсаидовнинг уйида ўтирибди ва ундан маслаҳат олишга келган. Бир пайтлар Тошкент вилоятини ҳам бошқарган Мирқосимов Шукр аканинг айтганларига “хўп-хўп”лаб турганди.

Лекин кўп ўтмай бу уйга тез-тез қатнайдиган Мирқосимов ҳам, Адҳам Фозилбеков ҳам, Бахтиёр Ҳамидов ҳам… хуллас, Шукр аканинг маслаҳатлари билан муаммоларни ҳал этган бошқа раҳбарлар ҳам келмай қўйишди. Кимки у билан гаплашса, жазоланарди. Ҳатто Тошкент шаҳар ижроқўми раислиги пайтида туманларга тайинлаган кадрлари ҳам қувғинга олинди. Уларни ўғирлаб кетиб, қийнаш одатга айланди. Туманлардан бирида раҳбар, кейин Олий Кенгашда қўмита раиси бўлган Ҳалима Усмонова “Америка овози”га:
-Каримов сайланиши учун кўп югурганман. Аммо у мени Мирсаидовнинг одами, деб шу қадар қийнадики, ҳатто менга сув бермай, ўз сийдигимни ичиртирди,-дея юм-юм йиғлаб бошидан ўтганларни гапириб берганди.

Ҳалима Усмонова АҚШда бир неча марта юрак хуружига учради ва шу дард чангалида Айдаҳо штатида оламдан ўтди…

Мирсаидовнинг жуда кўп кадрлари ундан юз бурдилар. Уни ҳурмат қилиб, учрашиб турганлари Ҳалима Усмонова каби азобларга рўбарў қилиндилар. Нима учун? Кечагина уни мақтаб кўкларга кўтарган Каримов нега унга бунча душман бўлиб қолди. Китобларимда батафсил ёзилган бир воқеани қисман эслатсам, бунинг сабабини англаб оласиз.

Каримов Ошкоралик қўмитасида ўзининг устидан келган шикоятларни кўриб:
-Ҳе, бу нонкур халқнинг онасини…! – дея сўкканини Республика журналистлари билан учрашувда айтганимдан кейин “туҳматчи”га чиқиб қолдим. Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети текширув бошлатди ва бу ишни Ефимов, Мирқосимов назоратга олишди. Каримовнинг сўкканини бевосита эшитганлар – Мирзаолим Иброҳимов, Эркин Воҳидов, Эркин Хўжаев, Эркин Халилов ва бошқалар бунақа гапни “эшитмай қолганлари”ни ёзиб беришган. Шунда битта Мирсаидов ҳақиқатдан шундай гап бўлди, деб мени қутқазиб қолган.

Шукр аканинг “штаб-кавартира”сида ўтирганимизда Мирқосимов:
-Бор гапни ёзиб бермаганларида қамалиб кетардингиз, лекин ёзганларини ўқиб, жиннисии чиқиб қолганди,-деди Каримовни назарда тутиб.

Мирсаидов соддагина қилиб гапирарди:
-Ўзимдан ҳеч нарса қўшмаганманку, бор нарсани ёзиб бергандим, нега жинниси чиқиб қолади? Менга ҳам бақир-чақир қилган, лекин эшитмаганман,-деди.

Унинг учун ҳақиқатани айтиш оддий нарса эди. Мана шу нарса  ҳам Каримовни қўрқитган факторлардан биридир.

2012 йил.