Майли нонкўрга чиқаринг, майли душманга ва майли провокаторга. Лекин мен ҳозир шунчаки фактларни констатация қилмоқчиман.
Ушбу расмга қаранг. Кимдадир бу расм русларга нисбатан ғазабни кимдадир эса бошқа ҳисларни уйғотади. Мен эса бу ерда Россияда шаклланиб, ўрнашиб бўлган тушунчани кўряпман. “Узбек на день”. Ўзбек деган бутун бир миллат улар наздида мардикор сўзининг синонимига айланди.
Бу россияликларни айбими? Бу уларнинг бизга паст назар билан қарашими? Йўқ. Бу факт. Ўзбеклар энг арзон ишчи кучи. Ўзбеклар энг ҳимояланмаган гастербайтерлар қатлами. Ўзбек сариқ чақага ҳам ишловчи мардикор. Бунда фақат ва фақат ўзимиз айбдормиз. Ҳечким ўзбекларни мажбурлаб Россияга олиб бориб ишлатаётгани йўқ. Бу ҳатто ўша мигрантларнинг ҳам заррача айби эмас.
Бу эски хукуматнинг ва уни қўллаб қувватлаган бизу-сизнинг айбимиз. Миллионлаб ўзбеклар тўп-тўп бўлиб, гала-гала бўлиб Россияга кетишганида ҳам ахборотдан жаннатдан хабарлар берилди. Алоҳида алоҳида бўлиб тахта тобутларда қайтиб келганида ҳам телевизор ва газетада осмон мусаффо эди.
Зато тинчмизку дедик, шукр қилдик, индамадик, бошимизни қуйи солиб ўзимиз билан ўзимиз юравердик. Сиёсатга аралашма дедик, ўз хуқуқини талаб қилмасликка чақирдик.
Кимдир қўрққанидан, кимдир ақли етмаганидан ва кимдир амал истаб индамади. Қўл силтади. Ҳеехх дедида, яна ўз ишларини қилди. Бир томондан ёшлар идеология билан накачать қилинаверди. Бошқа томондан катталар эса сериал ва майда маишияттан зеҳни ва қизиқиши уёққа ўтмайдиган тор доира қарашларида айланиб юрадиган халққа айланди. Тўй, тўй, тўй. Ўғлини уйлантириш ва қизини эрга беришдан бошқасига қизиқмади. Натижада ўзи билан ўзи овора, тўйдан тўйгача яшайдиган майда миллатга айландик. Ҳа худди шундай. Майда миллат. Мендан хафа бўлманг. Бу факт. Бундай халқни бошқача номлай бўлса айтинг. Инкор этинг сўзларимни.
Псевдо-патриотлар қарсак чалди, амалдорлар қилт этмади.
Ўзгача ҳар қандай қараш ва фикр кескин тазйиққа олинди. Муаммоларни кўтарганлар эса халқ душманларига.
Биз ўзимизни мардикорга айлантиришларига ўзимиз қўйиб бердик. Кузатдик. Ош еб, чой ичиб, зимдан кузатдик. Индамадик. Эҳ майли дедик.
Ўзбеклар гала-гала бўлиб, тўп-тўп бўлиб Россияга кетаверди. Алоҳида алоҳида бўлиб тобутларда груз 200 бўлиб қайтаверди. Ахборот эса ҳамон палон тонна пахтаю писмадончи қишлоқдаги муҳтарам президентимиз шарофатлари билан амалга оширилган ишларни ялтиллатиб ёритаверди.
Боболардан фаҳрландигу, ҳозирги реал ўзлигимиз аҳволини ўз ҳолига қўйиб бердик. Тақдиримизни ягона шахснинг ихтиёрига топширдик. Унинг кайфиятига боғлаб қўйдик.
Ўзимиз айбдормиз. Энди ўзимиз чидаймиз.
Узбек на день.
Ўзбеклар кетаверди, биз ошни еявердик.
Ким айбдор бўлса ҳам биз айбдор эмасмиз дедик. Замонни зайли дедик, юксак келажакка ишондик.
Нимадирни ўзгартирмоқчи бўлсак яқин тарихга қарашимиз керак. Бу тарихни ковлаштириб, тарих билан яшаш эмас. Бу келажакда хато қилмаслик учун керак. Буюклигимиз, зўрлигимиз хақидаги иллузияларни четга суриш керак. Маънавиятимиз, менталитетимиз хақидаги бекорчи гапларни йиғиштириш керак. Лаганбардорликни, пахтақўярликни, маддоҳликни ёмонлигини болаларимизга сингдиришимиз керак. Уларни ўз фикрини қўрқмай айтадиган, бош эгиб яшамайдиган, ўз хуқуқларини талаб қила оладиган, соғлом ва илғор фикрлайдиган, билимли қилиб тарбиялашимиз керак. Токи биз қилган хатоларни улар қилмасин. Токи биз ишонган ёлғон идеологияга ишонмасин. Токи биздай бўлмасир. Токи биздан яхшироқ бўлсин.
Бу авлод йўқотиб бўлинди. Биз тарихга мардикор ўзбеклар бўлиб кирамиз. Лекин бизнинг авлод келажакда ёзиладиган тарихни ўзгартирсин. Буюк ўсиш, миллий онгнинг уйғониш даври улардан бошлансин. Биз эса уларга халақит қилмайлик. Оталаримизга боболаримиздан мерос бўлиб қолган ошиқча қўрқув ва андишани кейинги авлодга юқтирмайлик.
Кейинги авлод эркин онглар ва илғор фикрлар авлоди бўлиши керак. Бу авлодни эса бўлари шу.
Келажак ҳозир қурилади.
Тарих бугун яратилади.
Ўзбеклар кетаверди, биз эса кузатдик. Аччиқ чой қуйиб, қайси вилоятнинг оши энг яхшилигини муҳокама қилиб, қаппайган қоринларни силаб, ёнбошлаб ётавердик.
https://t.me/joinchat/AAAAAEyQD8WyT3tkRWp4bg
Filed under: 1.BOSH SAHIFA |