Мухаммад Шакур: Мана биз киммиз ҳозир…

Гоҳида дилимга гап келиб қолади. Кейин уни ёзгим келади. Қаттиқ ёзгим келади. Ёзаман.

Ёзаётган пайтимда мени оқибати қизиқтирмайди. Менга ўша пайт барибир. Мен ёзишим керак, тамом.

5 йилча олдин Путинга хат ёзгим келди. Қаердан келганини билмайман. Бу ғоя кимгадир кулгили туюлиши мени қизиқтирмади, айтдим-ку, бундай пайтда менга барибир деб. Ёздим.

Путиннинг администрациясидан жавоб келди – хатим Россия маданият министрлигига жўнатилгани ҳақида.

Чунки мен хатимда Россия терроризмни куч билан эмас, яхши ишланган маърифий ҳужжатли филмлар билан енгиши мумкинлигини, терроризмга қарши сарфлаётган катта маблағларини иқтисод қилиб қолиши мумкинлигини асослаб берган эдим. Маблағларни иқтисод, бирқанча ҳаётларни сақлаб қолиши мумкинлигини асослаган эдим.

Маданият министрлигидан жавоб бироз чўзилди. Сабрсизлик қилиб Путин администрациясига маданият министрлиги устидан шикоят қилдим. (Ҳалигача пушаймонман шу ишимдан). Дарров жавоб келди: “ҳужжатли филм олиш масаласи бўйича киностудияга мурожат этинг, улар бизга чиқишсин, биз филм олиш учун маблағ ажратиш масаласини кўриб чиқамиз”, деган. Мен эса киностудияларга қандай чиқишни билмадим. Тамом.

Тамом эмас. Мактубимни ўзгартириб кейинроқ Маргарита Симонянга жўнатдим. Кейин “мактубим нима бўлди” деб офисига мурожат этдим. У ердаги қиз билан мулоқотга киришдим. Ниҳоят у қиз “мактубингизни ўқишди” деб ёзди. Бошқа гап бўлмади.

Биламан, бу гапларни ўқиб кимдир табассум қилади. Аммо ўзим учун бу жиддий ишлар. Мен дилимга келганини бажо келтирдим. Шу мен учун муҳим. Қолгани измимда эмас. Қолгани менинг жавобгарлигим эмас. Мен фақат максимал одоб билан ёзишга интилдим, ичимда борини сарфлашга уриндим.

Маргарита бугун ўз хавотирини билдирипти. Кўниккан дунёси оёғи остидан кетаётганидан, яқинда Россияда мусулмонлар кўпчиликни ташкил қилишидан безовталигини билдирипти.

Маргаританинг бу сўзлари Россия конституциясига зид эканлигини гапира бошлашди. Аммо мен бошқа нарсаларни ўйладим.

Мусулмонлар Андалусга кириб келганда у ердаги халқ мусулмонларни яхши кутиб олган экан, чунки улар маҳаллий ҳукмрон тоифаларнинг зуғумидан, доимий ер талашлариб уришишларидан чарчаган, мусулмонлар ҳақида эса яхши гапларни эшитишган экан.

Бу ҳақда кўп ўйлайман. У мусулмонлар қандай бўлган?

Менимча у мусулмонлар ўша пайтда ер юзидаги, ҳозирги тил билан айтганда, энг интеллигент одамлар бўлишган. Мен бунга ишонаман.

Маҳаллий халққа ўзларининг юқори одоби билан, юқори савияси билан таъсир эткан эканки, қисқа вақт мобайнида улар ҳам мусулмон бўлишган.

Биз эса – ҳозирги мусулмонлар – кўпроқ одамларни чўчитяпмиз экан. Бизнинг иқтидорга келишимиз ўзгаларни ваҳимага соляпти экан.

Мана шу нуқта муҳим! Мана шу нуқта “бизники”! Шу нуқтага эътиборимиз қаратилиш керак деб ўйлайман.

Нега биздан чўчишади? Биз ўзимизни қандай тутяпмиз-ки, бошқаларни бизнинг иқтидорга келишимиз ваҳимага солади?

Биз асл диний одобга амал қиляпмизми, ёки уни ўзимизга мослаштириб олиб, ўзимизни алдаяпмизми? Динга хизмат қиляпмизми, ёки “геройлик” қилиб ўзимизча шон орттиряпмизми?

Ўзимизда йўқ салобатни, ички мазмун билан ҳосил бўладиган салобатнинг ўзимизда йўқлигини билдирмаслик учун ўзимизни кимларгадир ўхшатишга уринмаяпмизми?

Саҳобаларда ички мамзун бор эди ва улар қаҳр қилганларида ҳам… меҳр кўрсатар эдилар… Қаҳр қилганда ҳам меҳр кўрсатиш ичида мазмуни борларнинг ҳоли. Ичи бўшларнинг эмас.

Ичимиз нега бўш? Чунки ўзимиз учун рухсатлар тўқиб олиб, ғафлатда қолдик. “Бу менга мумкин, бунда рухсат, бу жойиз, бу фарз эмас, қилмасам бўлаверади, закотини берсам бўлди, қиммат мошина миниш харом эмас, яхши яшашнинг ёмон жойи йўқ…” “Ёмон жойи йўқ, аммо қўшнинг қандай яшаяпти?” Натижада бўшаб қолдик, мазмун идиши бўшаб қолди.

Бизни ҳурмат қилишмайди. Биздан қўрқишади. Биз жангчиларнинг кийимини кийиб олган масхарабозларга ўхшаб қолдик. Мана биз киммиз ҳозир…

Facebook: Мухаммад Шакур
%d bloggers like this: