НОСИЁСИЙ ЛАТИФАЛАР

ЗАМБУРМАСАЛ

ИФЛОСЛАР

Жўмрак шириллаб турганди.
-Ўчир товушингни,-деб унга бақирди ифлос идишлардан бири.
Қолганлари ҳам унга қўшилдилар.
-Мен товушимни ўчирсам, сиз қандай қилиб тоза бўласиз, қандай қилиб покланасиз?-деди Жўмрак.
-Бизга тозалик муҳим эмас, бизга тинчлик, яъни жимлик муҳим,-дейишди ифлос идишлар.

ПИЧОҚ
-Мен бу тарвузни кесмайман,-деди Пичоқ.
-Нега?-сўради бошқаси ундан.
-Бу тарвуз менга ёқмайди, чунки пўсти жуда ҳам қалин.
-Унда мен ҳам сени қўллайман… Маладес, маҳкам тур!
-Биз ҳам сени қўллаймиз, сен билан биргамиз,- дейишди бошқа пичоқлар ҳам.
Улар бу масалани тонгга қадар, кейин тушгача муҳокама қилдилар.
Лекин улар билан ким ҳам ҳисоб-китоб қиларди. Бу ёғини ўйлаш учун ақл керак, уларда эса тиғ бор, ақл эмас.

ТOВОҚ
-Мен бу ерни ташлаб кетаман,-дея бақирди сопол Товоқ.
-Қаерга ҳам кетасан?
-Бу ер жонимга тегди. Шу ҳам ҳаёт бўлдими?
-Ҳов, ошна, ҳовлиқма бунча. Бу ерни сен ўз ихтиёринг билан танламадинг ва бу ердан кетадиган битта жой бор, у ҳам ахлат қутиси.
-Бу ердан ахлат қутиси яхши!
-Ундай бўлса, синишинг керак. Дарҳол мақсадингга етасан! Қани бошла, биз томоша қиламиз. Ҳе… сен ҳатто синишни ҳам эплолмайсан!

ЧОЙНАК ВА ПИЁЛА
-Кўрдингми, ҳамма мени ўпади. Мана, сен ҳам менинг соямда юрибсан. Агар мен бўлмасам ичингдаги чойинг билан қолиб кетасан,- деб Чойнакка зарда қилди Пиёла.
-Жиннимисан, агар менинг чойим бўлмаса, ким ҳам сени ўпарди. Бўш пиёлани ўпадиган аҳмоқ йўқ. Сен паканани дастурхон бошига олиб келиб юрган мен бўламан, буни унутмагин!
Улар тинмай жанжал қилиб туришганда, дастурхонга минерал ва ширин сувлар тортилди ва “шақар-шуқур” қилиб стаканларни ишга солишди.
-Чой ичадиган йўқми?-деган овоз келди.
-Йўқ…
Чойнак ва пиёлани датурхондан олиб кетишди.

Жаҳонгир Муҳаммад.

jahonnoma.com

 

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: