Баxтиёр Шоҳназар: Тарихий шахсни она юртига киритмаслик шармандаликдан бошқа нарса эмас

Ўзбекистон Олий Кенгашиниг 1990-йиллар бошларидаги депутати, ҳозирда Канада ватандоши Насрулло Сайид 21-апрелда Тошкент аеропортида ўз она юртига киритилмай, 12 соат ушлаб турилиб, депортация қилинган ва Истанбулга қайтарилган эди. “Озодлик”да хабар қилинишича, у Халқаро фуқаро авиацияси тўғрисидаги Конвенсиянинг 9-иловасига асосан чиқариб юборилибди. “Озодлик”ка кўра, Н. Сайидов ўлка хавфсизлигига таҳдид солгани учун киритилмаган эмиш.

Мен илова билан танишдим. Унинг 9(1)-моддаси саёҳат учун зарур ҳужжатларни йўқотган ёки йўқ қилган йўлчилар ҳақидадир. Жаноб Сайидов Тошкент аеропортида ҳақиқий Канада паспортини тақдим қилгани учун бу модда унга татбиқ қилинмайди.

9(2)-модда эса чегарада ҳақиқий бўлмаган, сохта ҳужжат (яъни – паспорт) ёки ўзи бошқа шахс ўлароқ кўрсатилган ҳақиқий ҳужжат тақдим қилган шахслар чиқариб юборилаётганда бериладиган хат мазмуни ҳақидадир.

Сайидов эски президент қарори билан Ўзбекистон ватандошлигидан чиқариб юборилган. У ҳозир ҳақиқий Канада паспортига эга. Шунинг учун, 9-иловани унга нисбатан татбиқ қилиб бўлмайди.

Сивил авиация тўғрисидаги халқаро Конвенсияда “Озодлик” хабарида таъкидланган “ўлка хавфсизлигига таҳдид солган шахс мамлакатга киритилмайди” деган норма мавжуд эмас. Бундай мазмунда янглиш хабар тарқатишдан тийилиш зарур.

Сайидовни мустақил Ўзбекистонга киритишни рад қилиш ҳақидаги хат рус тилида битилганига эътиборингизни қаратмоқчиман. Насрулло Саидов ўзбек тилининг жонкуяр тарғботчиларидан биридир. Балки, уни Ўзбекистонга киритмаганлар шундан ҳам қўрқиб кетишгандир?!

Юқоридагилардан қандай хулоса чиқариш мумкин?

Сирадаги депортация эски президент давридаги репрессив сиёсат натижасида ҳаёти хавф остада қолгани учун Ўзбекистонни ташлаб, чиқиб кетишга мажбур бўлган эркин ва ҳур фикрли айрим кишиларга нисбатан васваса ҳалигача давом этаётганини кўрсатади. Бу эса собиқ Совет Иттифоқининг 1920-йилларда чет элларга чиқиб кетган мухолифларга нисбатан сиёсатини эслатади.

Ҳозирги пайтда байрам қилинадиган расмий мустақилликдан бир йил олдин парламент томонидан Мустақиллик декларацияси қабул қилинишига улкан ҳисса қўшган тарихий шахсни она юртига киритмаслик шармандаликдан бошқа нарса эмас.

Қолаверса, ривожланган давлатлардан кўпроқ турист келиши учун визасиз келишга рухсат берилган давлатларда яшовчилар бундай депортациялар ҳақида эшитишади. Бу эса уларнинг юртимизга бўлган қизиқиши сусайишига олиб келиб, кутилаётган турист сонига ва мамлакатнинг халқаро имижига салбий таъсир қилади.

Етказилган маънавий зиёнини эса ҳеч қандай пул билан ўлчаб бўлмайди.

Bahtiyar Shahnazar
%d bloggers like this: