Ҳақберди Толипов : Мирзиёев фаолиятидан қониқмаяпман

Рисоладаги раҳбар(ми?)

Мен давлат структураларида камроқ ва оддий ишларда ишладим, олий билимгоҳларда талабаларга дарс бердим. Бирон мансабдор вазифада ва олий раҳбариятга яқин жойларда ишламаганим учун балки кўп нарсаларни нотўғри тушунишим мумкин. Лекин кузатувларим, илмий тадқиқотларимдан келиб чиқиб айрим хулосаларга келганман.

Энг аввало Мирзиёев ҳокимиятга келиши кунидаёқ менда шубҳа бўлган, яъни у киши рисоладаги раҳбар бўлишига ишонмаганман. Аммо кейинчалик Президент томонидан бир-икки ижобий ҳаракатлар бошланганида кўнглимда бир оз умид, ишонч пайдо бўлди.

Айниқса, қўшни давлатлар билан алоқаларни яхшилаш учун қўйилган қадамни жуда катта ўзгариш деб ҳисобладим.

Бундан ташқари, сўз ва матбуот эркинлигига сал бўлсада эркинлик берилгани ҳам менда мамлакат келажагига нисбатан умид учқунларини уйғотди.

Бироқ,  кейинги сиёсий  ва иқтисодий жараёнларни кузатиб Президент фаолиятида популизм элементларини кўргандай бўляпман.

Шунингдек, унинг минбардан туриб таъкидлаётган гаплари билан амалдаги ишлар умуман тескари бўлаётганлиги иккиюзламачилик, ёлғончилик аломатларини ҳам кўрсатяпти. Кўпчилик наздида Президент сиёсатига нисбатан саботажлар қилинаётганлиги учун шундай бўлмоқда.

Ҳа, ҳар қандай шароитда  ва ҳар қандай давлатда Президентнинг  бир ўзи ҳамма ишни қилишга қодир бўлмайди. Ҳаттоки, ўша диктаторлар ҳам ўз ҳокимиятларини мустаҳкамлашда армияга, хавфсизлик хизматларига, ички ишларга, кланларга ёки ташқи бир катта кучга таянганлар.

Бизни шароитда ҳам ҳолат шундай лекин Президентга ҳақиқатда саботажлар бўлаётганлигига ишониш қийин. Куёвларини ўз ёнига ишга олди ва ҳеч нарса содир бўлмади, ўз қудасини ДХХ раисининг биринчи ўринбосари қилиб тайинлади ва бирон кор-ҳол рўй бергани йўқ. Қизларини ҳокимиятга яқинлаштирди ва ҳеч ким лом-мим дегани йўқ. Ташқи томондан босим бўлаётгани ҳам йўқ.

Кўп масалаларда Россияга яқинлашиш бўлмоқда, Хитойнинг таъсири ҳам ошиб бормоқда. Бу давлатларга ён босиляпти ва тегишлича улар давлат раҳбарига босим қилаётганларида мантиқ кўрмаяпман.

Демак, ҳокимият деярли тўлиғича унинг қўлида ва унга жиддий таъсир этадиган куч йўқ. Жойларда фермерларнинг боғ-роғлари кластер баҳонасида бузиб ташланиши ҳолатлари кўп кузатилмоқда, айрим тадбиркорларнинг бинолари турли баҳоналар билан вайрон қилинмоқда. Кун.уз. чилар бориб ўрганиб кўрсатувлар тайёрлашяпти лекин ҳали бу ишларга бош-қош бўлаётган биронта ҳоким ишдан олингани йўқ. Агарки, ўша Ҳоким бу иши ортидан ишдан ҳайдалиб жавобгарликка тортилишини билса ҳеч қачон бундай ишларга риск қилмайди.

Улар аслида юқорининг оғзаки буйруғини бажаришмоқда. Уларнинг тепасида турган Президентнинг ўзи, лекин халқни манипуляция қилиб гўёки саботаж бор, гўёки битта бечора Президентни халқни ўйлаяпти-ю, атрофидагилар ёмон, гўёки тепада ҳамма нарса жойда-ю, пастдагилар ёмон қилиб кўрсатилмоқда.

Президент Каримов даврида ҳам худди шундай бўларди. У телевизорга чиқиб ўзича ватанпарварлик, ҳалоллик ҳақида бонг урарди, аммо аҳвол ёмон эди. Манипуляция орқали мияси заҳарланган халқ барча камчиликларга пастдагилар айбдор деб ўйлаб юрардилар. Президент эса авлиёдек эди гўё.

Илгари қишлоқ хўжалигида оптимизация деб қанча фермерларни меҳнатлари йўққа чиқарилар эди, Прокуратура ва бошқа органлар фермерларга хўжайин эдилар. Хўш, Мирзиёев ўша пайтда Бош Вазир бўлиб бу ишларни устида бевосита турмаган бўлса унда нега ҳозир ҳам шу ишлар такрор этиляпти?

Гап шундаки, Президентнинг ўзи шу йўлни танлаган, шу усулни маъқуллаган ва ишлар унинг назорати остида кечмоқда. Мирзиёевни осмонга кўтариб ислоҳотчи деяётганларга ҳайронман. Буни конформист оддий халқ вакиллари айтишса уларни тушуниш мумкин лекин зиёлилар ҳам шу гапни бот-бот таъкидлаётганликлари кишини таажжубга солади. Ахир бозор иқтисодиётининг оддий бир қонуниятини тушунмасдан ишни олиб бораётган раҳбар қандай қилиб ислоҳотчи ҳисоблансин.

Кўпчилик бир нарсани ҳисобга олмаяпти. Мирзиёев қандай каръера қилган? У комсомол секретари ва кейинчалик партия комитети секретари каби вазифаларда институтда фаолият кўрсатган. Билишимча кандидатлик иши ҳам ёқлаган. Бевосита қишлоқ хўжалиги бўйича мутахассис бўлиб бу соҳани маъмурий-буйруқбозлик асосида бошқараётган экан, унга ислоҳотчи дея таъриф бериш мантиқсизлик. Свет, газ, ишсизлик муаммолари ва бошқа бир қатор ижтимоий-иқтисодий муаммолар кўндаланг бўлиб турганда маблағларни, инвестицияларни ёки шубҳали инвестицияларни қандайдир кўпчиликка манфаати тегмайдиган ижтимоий инфратузилмаларга сарфлаш, муз саройини қуриш, Ситилар қуришга йўналтириш ҳеч ҳам ислоҳотчининг иши эмас, бу популистлар қўллайдиган ишдир. Қонунларга амал қилинмасдан, одамларни кўчага чиқариб бўлса ҳам турли сносларни амалга ошириш ҳам Ҳокимларнинг ўзбошимчалиги билан эмас, балки марказлашган ҳолда буйруқ асосида амалга ошаётганлигини зиёли қатлам билиши керак. Гўёки шу йўл билан халқга қулайроқ бўлган уйларни қуришмоқчи.

Агар бундай десак Тошкентда ҳамма шароити бўлган ва уйлари замонавий қурилган катта бир маҳаллани бузишга киришишди, катта жанжаллар бўлди. Кейинроқ четдан мустақил текширилганда бу жой шубҳали бўлган инвесторларга берилиши кўзланган экан. Демак, кир пул ювиш механизми ишламоқда, халқнинг қулоғига эса лағмон осишмоқда. Буни Президент билмаслигига ишонмайман.

Йиғилишларда одатдагидай фақат Президент гапиради ва қолганлар қўлида ручка билан блокнотга ёзиб худдики университетда талабалар маърузани ёзаётгандек ёзиб ўтиришлари ҳам ислоҳотлардан дарак бермайди. Биз кўпинча шу калласи эгик ҳолда ёзаётганларни танқид этамиз лекин бу иш нотўғрилигини “Ислоҳотчи Президент” сезмайдими? Агарки у ҳақиқатда ислоҳотчи бўлса бу иш нотўғрилигини билиб уни тўхтатмайдими? Тўғри,баъзи бир гапларни ёзиб олиш керак бўлиб қолиши мумкин аммо бутун бир йиғилиш давомида ҳаммани боши эгик ҳолда ёзиб ўтириши ахмоқона кўриниш-ку ахир. Президентнинг вилоятларга ташрифлари, танланган ва олдиндан тайёрланган кишилар билан учрашиши, қандайдир илтимослар айтилиб уни Президент томонидан маъқулланиши каби ишлар ҳам худди Совет давридагидек ва Каримов пайтидаги ишларнинг давомидир.

Президентлик давридаги илк ойларда бир йиғилишда аҳолига товуқ боқишни тавсия этган пайтда бу инсон бозор иқтисодиётидан хабари йўқлигига амин бўлган эдим. Шунда бир шарҳ ҳам қолдирган эдим. Шарҳда бозор иқтисодиётининг оддий қонуниятларини таъкидлаб ҳар бир уй хўжалиги нимани экиши, нимани боқиши ўз ихтиёрида бўлишлиги, давлат уларга мажбурламаслиги балки талаб ва таклиф асосида бу ишлар рўй бериши лозимлигини таъкидлагандим. Давлатнинг вазифаси эса аҳолининг тадбиркорлик қилиши учун зарурий инфратузилмани яратишдан иборат бўлиши, уларга эркинлик берилиши, солиқ, божхона, йўл, транспорт масалаларида давлат шароит қилиб беришини ёзгандим.

Ўзбекистоннинг бугунги сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ҳолатидан келиб чиқадиган бўлсак, янги Президент олдида ечимини кутаётган бир қатор масалаларни ҳал этиш масаласи кўндаланг турибди. Бир сўз билан айтганда, Президент мамлакатдаги барча соҳаларда ислоҳотлар ўтказиши лозимдир. Ислоҳотлар ўтказишда қайси бир соҳани устувор деб белгилаш масаласи нисбийдир чунки муайян бир соҳада ўзгаришларни амалга ошириш ўз навбатида бошқа соҳаларда ҳам жиддий бурилишлар этишни талаб этади. Бундай шароитда ишни нимадан бошлаш ҳам Президентни жиддий ўйлашга мажбур қилади.

Президент ўз фаолиятини энг аввало ўтган 25 йил ичида қилинган ишларни танқидий нуқтаи назардан таҳлил этиб, хулоса ясаб, реал воқеъликни тўғри англаган ҳолда мукаммал, пухта, пишиқ дастур ишлаб чиқишдан бошлаши керак эди. Албатта бу жараёнга билимли, тажрибали, холис мутахассислар жалб этилиши ва уларнинг фикрлари эътиборга  олиниши зарур. Юқорида кўрсатганимиздек, қилинадиган ишларнинг кўлами кенг ва шунинг учун уларни қисқа муддатда ҳал этиш ҳам ҳаминқадар мушкулдир. Бироқ, дастур реал бўлса ва асосийси уни амалга ошириш учун жиддий ҳаракат, жонбозлик, фидоийлик кўрсатилса, сўз ва иш бирлигига қатъий риоя этилса, қисқа даврда ижобий натижаларга эришиш мумкин.

 

Нима қилиш керак?

Менимча, Ўзбекистон учун энг йирик ва муҳим масала бу адолатсизликдир. Жумладан,

биринчидан, халқ билан Ҳукумат орасида катта кўприк мавжуд, яъни Ҳукумат халқдан ажралган,

иккинчидан, мамлакат коррупция ва порахўрлик ботқоғига ботган,

учинчидан, сўз ва  матбуот эркинлиги батамом чекланган,

тўртинчидан, фуқаролик жамияти шаклланмаган,

бешинчидан, давлатнинг халқ устидан, иқтисодий, ижтимоий ҳаётнинг барча соҳалари устидан назорати ўта кучлидир ва кўпинча қўрқув, таҳдидга асосланган, куч ишлатар органлари ходимларининг сони ҳаддан зиёддир,

олтинчидан, мустақил, адолатли суд тизими мавжуд эмас, адвокатура институти жуда ҳам қолоқ даражада,

еттинчидан, қонунларнинг кўпчилиги адолатли эмас, яъни улар халқнинг хоҳиш-иродасини ифода этмайди ҳамда эркинликни чеклайди. Шунинг билан биргаликда ишлаб чиқилган адолатли қонунлар ҳам фақат қоғозда қолиб кетган. Баъзи ишлаб чиқилган қонунлар ва қонуности актлари Конституцияга зид ҳисобланади,

саккизинчидан, статистик маълумотлар реал аҳволни кўрсатмайди ва сохта ҳисобланади,

тўққизинчидан, илм-фан, маориф соҳаси иқтисодиёт билан биргаликда таназзулга учраган, соҳа ўта сиёсийлаштирилган ва фақат нореал мафкурага хизмат қилишга йўналтирилган. Олийгоҳга ўқишга кириш асосан пора ҳисобига амалга ошади, тест тизими кўзбўямачилик учун ташкил қилинган.

Худди шунингдек, санъат, маданият, адабиёт ҳам сиёсийлаштирилди, ҳаддан зиёд цензурага йўл қўйилди, она тилига эътибор сусайиб кетди.

Ўнинчидан, қишлоқ хўжалигида номигагина фермерларга ер бўлиб берилди, амалда улар ернинг эгаси, ўзлари ишлаб чиқарган маҳсулотларнинг эгалари бўлмадилар.

Ўн биринчидан, ишсизлик ва инфляция даражаси юқори, миллий валютанинг қадри йилма-йил, кунма-кун тушиб борди, эркин валюта алмашинишига эришилмади, ҳеч қандай ҳимоясиз гастербайтерларнинг катта армияси вужудга келди ва улар хориж юртларда сарсон-саргардонликда умр кечирмоқдалар.

Ўн иккинчидан давлат бошқарув тизими ўта бюрократияга  асосланган, мансабга кўтарилиш коррупция, маҳаллийчилик, кланчилик, таниш-билишлик, уруғ-аймоқчиликка кўра амалга ошади. Катта-ю-кичик раҳбарларда сиёсий маданият етишмайди, улар асосан турли интригалар қилиш орқали, ўзларига тобеъ бўлганларни сўкиш, ҳақоратлаш билан бошқарувни олиб борадилар.

Ўн учинчидан, электр ва газ таъминотидаги муаммолар ўн йиллар давомида ҳал этилмасдан аксинча бу борада аҳвол янада ёмонлашди. Лаганбардорлик, хушомадгўйлик, маддоҳлик, таъмагирлик каби иллатлар одатга айланиб кетди. Шахсга сиғиниш шаклланди. Буларга қўшимча яна бир нечта мисолларни санаб ўтиш мумкин. Ислоҳотлар бевосита ана шу юқоридаги жиддий камчиликларни бартараф этишга, муаммоларни ечимига йўналтирилиши зарур.

 

Мен Президентнинг ўрнида бўлганимда

Мен Президентнинг ўрнида бўлганимда иш фаолиятим дастури сифатида қуйидаги вазифаларни амалга оширардим:

  • Ўз шахсий тансоқчиларим сонини максимал қисқартириб, ишга бориш-келишда йўлларни ёпишга барҳам бериб, ваҳимали тарздаги хавфсизлик чораларини бекор этардим;
  • Барча давлат идоралари атрофида ўрнатилган панжараларни олиб ташлашга буйруқ берардим;
  • Ўз шахсий даромадларим ҳақида баёнот беришни жорий этиб, ушбу амалиётни бошқа барча давлат мулозимларига қўллашни жорий қилардим;
  • Сиёсий ва диний мотивлар билан зиндонбанд қилинганларни зудлик билан озод этиб, уларнинг жамиятда бошқа инсонлар каби эмин-эркин яшашлари учун барча шароитларни муҳайё этардим;
  • ОВИР ва “Прописка” амалиётига тўла барҳам берардим;
  • ўз, матбуот, диний эркинликларни жорий қилардим. Динни муайян даражада назорат қилишни зарур деб ҳисоблаб, айни пайтда диний экстремизм, фундаментализмга қарши кураш баҳонасида диний эркинликларни ноўрин чеклаш, таҳқирлашларга чек қўярдим;
  • Куч ишлатар тизимлари штатини 2-3 баробарга қисқартириб, уларни сифатли кадрлар билан бутлашга киришардим;
  • Йўлларни, айниқса қишлоқ ҳудудлардаги йўлларни асфальтлаш бўйича кенг қамровда ишларни бошлардим;
  • Свет, газ ва бошқа маиший муаммоларни ҳал этиш юзасидан тегишли тадбирий-ташкилий ишларни амалга оширардим;
  • Ўқитувчи, тиббий ходимлар ва бошқа бюджет ҳисобидан кун кўрадиган соҳа ходимлари маошларини оширар эдим, ўқитувчиликни ҳақиқий обрў-эътиборини кўтарардим;
  • Пул-кредит, солиқ, валюта соҳасида амалдаги қарорлар, кўрсатмаларни қайта кўриб чиқиш ва янги сиёсат ишлаб чиқиш ҳақида Фармон чиқарар эдим; Фармоннинг мазмуни рағбатлантирувчи бюджет-солиқ ва пул-кредит сиёсатини жорий этиш бўларди. Марказий Банк Раҳбариятини тўла янгилардим;
  • Менинг шахсимга сиғиниш каби ҳолатлар юз беришига умуман йўл қўймасдим. Бунинг учун хушомадгўйлик, лаганбардорлик, маддоҳлик ҳақида очиқ-ойдин гапириб, бу иллатлар билан курашишни ўзимга ғоя қилиб олардим;
  • Иқтисодиётни эркинлаштирган бўлардим, фермерлар, кичик ва ўрта бизнес субъектларини қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқардим. Иқтисодиётни амалда либераллаштирардим;
  • Мухолифат партияларни рўйхатга олишини таъминлардим ва амалдаги партияларни ҳам ҳақиқий партияларга айланиши учун зарур бўлган ишларни қилардим;
  • Вилоятларга, жойларга ташриф буюришда амалда бўлган кўзбўямачилик, яъни олдиндан ким билан учрашишим белгиланиши, учрашадиган кишиларнинг нима дейишлари уларга аввалдан айтиб қўйилиши каби саҳна намойишларига чек қўярдим, халқ билан табиий мулоқот қилиш йўлини танлардим;
  • Давлат хизмати тўғрисида қонун қабул қилинишига кўрсатма берардим ҳамда давлат хизматини ўта рақобатли, масъулиятли, ҳалолликка, ходимнинг билими, ақли, тажрибаси, дунёқараши асосида шакллантириладиган тизимга айлантирардим;
  • Статистик маълумотларни тўплаш, кузатиш ишларида ҳаққонийлик бўлишлигини таъминлаб, маълумотлар тўғрилиги ва шаффофлигини талаб қилардим;
  • Популистик ҳатти-ҳаракатларга йўл қўймасдим ва барча поғонадаги раҳбарлар учун ҳам популизм ҳолатлари бўлишлигини йўққа чиқарардим, халққа очиқ-ойдин, қалбимдан фақат ҳақ гапни сўзлардим. Сўз ва иш бирлигини ўзимдан бошлаб бошқа барча инсонлардан ҳам шуни талаб этардим. Менга, Ҳукуматга бўлган ўринли танқидий фикрларга тоқатли бўлардим, ҳар бир фуқаронинг арзи-додига қулоқ тутиб, уларни адолатли, ижобий ҳал этардим;
  • Маҳаллийчилик, кланчилик, қариндош-уруғчилик, қабилачилик, миллатчилик каби иллатлар билан аёвсиз курашар эдим. Бундай амалиётни қилганларга нисбатан жиноий жавобгарликка тортиш даражасигача бўлган чора-тадбирларни жорий этардим;
  • Коррупция ва порахўрликка қарши кескин чоралар кўрардим. Ушбу жараёнда коррупция қонунчилигига амал қилиниши устидан назорат этувчи органларнинг жавобгарликларини кучайтирардим;
  • Саноатлаштириш бўйича ҳамда минтақаларни мажмуавий ривожлантириш юзасидан амалий ишлар қилардим ва шу орқали янги иш ўринларини яратишга эришардим;
  • Ўқишга киришдаги тест тизимини қайта кўриб чиқардим ва асосийси болаларни фақатгина билимлари асосида талаба бўлишларини таъминлардим. Шунингдек, ўқишга кириш учун белгиланган квоталар сонини икки бараварга оширардим;
  • Олий Мажлис палаталарининг ҳақиқий қонунчилик ҳокимиятига эга бўлишлари учун йўл берардим;
  • Суд ҳокимиятининг мустақил ва адолатли бўлишлигини таъминлардим.
  • Ҳуқуқни муҳофаза этувчи органларда тозалаш ишларини амалга оширардим;
  • Маҳалла йиғинларини ҳақиқий нодавлат ва нотижорат муассасаларига айланишига имкон бериб, фуқаролик жамияти шаклланишини рағбатлантирардим;
  • Ўз командамни, яъни Президент Девони ва Вазирлар Маҳкамасини, шунингдек барча давлат ҳокимияти органларини юқори малакали, билимдон, дунёқараши кенг, ҳақиқий ватанпарвар, халқсевар, ҳур фикрли, ҳалол мутахассислардан таркиб топдирардим;
  • Инсон эркинлиги, инсон ҳуқуқлари масаласи доимо диққат марказимда бўларди;
  • Қўшни давлатлар билан чегараларни очардим, визасиз кириш-чиқишни жорий этардим. Қўшни давлатларга фуқароларнинг транспортни барча турлари орқали сафар этишлари учун имконият яратардим. Қўшни давлат ҳукуматлари билан келишиб Марказий Осиёда иқтисодий интеграциялашувни кучайтириш бўйича амалий ишлар қилардим;
  • Тиббиёт соҳасида босқичма-босқич суғурта тизимига ўтишни жорий этардим;
  • Қулай инвестицион муҳитини яратиш орқали хориж инвесторларининг кириб келишларига кўпроқ имкониятлар берардим;
  • Қуйи вилоят, туман Ҳокимиятларининг ваколатларини кенгайтириб ва тегишлича жавобгарликларини ҳам оширардим;
  • Таълим тизимини тубдан ўзгартирардим, болаларни эркин фикрлашга йўналтирилган тизимни шакллантирардим;
  • Шиорбозликка чек қўярдим, баландпарвоз, мавҳум сўзларни гапирмасдим, ўз номимдан бошқалар томонидан ёзилган китобларни чиқариш, уларни мажбурлаб ўқитиш каби ишларни умуман қилмасдим;
  • Ташқи сиёсатни фақатгина халқ манфаатларидан келиб чиқиб белгилардим;
  • Мамлакат фуқароларини давлат ичида ҳам ва ташқарисида ҳам манфаатларини ҳимоя этардим;
  • Президентнинг сурункасига икки маротаба 5 йил муддатга сайланиши мумкинлиги ҳақидаги Конституциявий қоидага қатъий риоя этардим ва уни ўзгартириш ҳақидаги ҳар қандай фикрни тўлалигича йўққа чиқарардим;
  • Мамлакатда шундай тизим яратардимки, у Президент бўлиш-бўлмаслигидан қатъий назар тўла фаолият кўрсатадиган механизмга айлансин. Бунинг калитини эса демократия, инсон ҳуқуқлари, эркинлик, ошкоралик деб ҳисоблардим.

Албатта мазкур ишларни амалда рўёбга чиқариш анчагина меҳнат, маблағ, куч ва салоҳиятни талаб қилади. Бироқ, агарки Президент ўз халқини ҳақиқатда севса, иймонли, виждонли инсон бўлса, қатъий иродага эга бўлса юқоридаги вазифаларни ўз командаси билан муваффақиятли амалга ошира олишига аминман. Асосийси олдинги даврда йўл қўйилган хатоларни такрорламаслик, тарихдан тўғри сабоқ чиқариш жуда ҳам зарурдир. Мамлакатимизга қаттиққўл ва адолатли раҳбар зарурдир. Бироқ қаттиққўллик адолатли жамиятни, демократик давлатни барпо этиш йўлида қаттиққўллик қилиш демакдир. Қаттиққўллик камчиликлар билан курашишда ўзини кўрсатиши даркордир. Қаттиққўллик билан диктаторлик ҳеч ҳам айни тушунча эмасдир. Зулм қилиш қаттиққўлликка кирмайди. Умид қиламизки янги жамият адолатли бўлади”.

Ватандан четга чиққанлар

 Ватандан четга чиққанларни қисқача қуйидаги гуруҳларга бўлиш мумкин:

(1) сиёсий муҳожирлар (оппозиция вакиллари, мустақил журналистлар, диндорлар ва ҳоказолар);

(2) ўқиш ва ишлаш учун вақтинча чиқиб кетганлар;

(3) чет элда ўқиб, ишлаб сўнгра доимий яшаш учун қолиб кетганлар;

(4) грин кард ютиб АҚШга яшаётганлар.

Ватандошларни мамлакатга қайтишлари учун менимча биринчи навбатда Миллий Ярашув эълон этилиши зарур. Бу аввало сиёсий мотив билан чиқиб кетганларга тегишлидир. Сиёсий муҳожирлар ватанга қайтишлари учун уларга ҳар томонлама давлат томонидан тўла кафолат таъминланиши талаб қилинади. Уларга душман кўзи билан қараш, уларни назорат қилиш каби ишларга чек қўйилиши даркор.

Агарки сиёсий муҳожирлар орасидан кимлардир ҳақиқатда давлатнинг зарарига қандайдир жиноий ишларни амалга оширган бўлса буни алоҳида кўриб чиқиб қарор қабул қилинса мақсадга мувофиқ. Давлат сиёсий муҳожирларни шу юртнинг тўла қонли фарзандлари деб қабул қилсагина ҳақиқий миллий ярашув юзага келади.

Давлатимиз ҳақиқий демократик тузум тарафдори бўлса бундан буён ҳар қандай муқобил фикрга бағрикенглик билан жавоб бериши, оппозицион партиялар фаолияти учун эркин майдон яратиши лозимдир. Кейинги ўринда интеллектуал салоҳиятга эга бўлган ва айни пайтда турли давлатларда фаолият кўрсатаётган зиёлиларни ватанга қайтариш масаласида давлатимиз уларни қайтишлари учун рағбатлантириш чораларини кўрса бу иш самарали бўлади.

Жумладан, уларнинг меҳнатларига ҳақ тўлашда бошқача ёндашиш, уларни масъулиятли вазифаларга тайинлаш, бу инсонлар томонидан билдириладиган турли таклифларни инобатга олиш каби ишларни амалга ошириш керак бўлади. Маълумки, мамлакатимиздан чиқиб кетган муҳожирларнинг катта қисмини меҳнат муҳожирлари, яъни бошқача айтадиган бўлсак оддий қора иш билан хорижда юрганлар ташкил этади. Уларнинг асосий қисми Россияда меҳнат қилишади. Бу турга кирувчи муҳожирларни ватанга қайтишлари алоҳида катта мавзудир. Токи реал янги иш ўринлари яратилмаса, муносиб меҳнат ҳақи белгиланмаса, солиқ ставкалари камайтирилмаса, иқтисодий эркинлик берилмаса, коррупция қисқармаса меҳнат муҳожирларини қайтариш қийин бўлади. Қисқача хулоса қиладиган бўлсак, қачонки реал иқтисодий ва сиёсий ислоҳотлар амалга оширилса кўтарилган мавзу бўйича ечим топилади.

Китоб борасида

Президент китоб ўқишни тарғиб қилиб чиқди. Албатта бу яхши лекин бундан кўзланган мақсад ҳам ҳақиқатда инсонларни илмли бўлишларига қаратилиб айтилганига шубҳам бор. Шунингдек, Президентнинг ўзини жуда кўп китоб ўқиб қўйган, жуда маърифатли, дунёқараши кенг инсон деб билмайман. Ҳа, катта ишларда ишлаган ва вақти бўлмаган дейишимиз мумкин. Бизда нима бўлмасин кечгача ишласа ватанпарварлик белгиси ҳисобланади. Айнан эрталаб 6-7 да селектор ўтказиш ёки кечаси 12-00 да йиғилишларни ўтказиш бевосита Мирзиёев томонидан янада ривожлантирилди. Агарки ҳақиқатда Мирзиёев чин маънода замонавий сиёсий лидер бўлишни хоҳлаганида ўзини устида ишлаб янги замонавий дунё ва ундаги бошқарув тизими ҳақида ўрганишга ҳаракат қиларди, лекин бу иш бўлаётгани йўқ.

Шунчаки 1-2 та атрофидаги спичрайтерлар ёзиб берган маърузаларни ўқиб гўёки Президент ислоҳотчи, Президент кўп нарсани билади. Менимча бундай эмас. Президентнинг бошқариш психологияси ўша маъмурий-буйруқбозлик тизимига асосланган. Барча масалаларда Прокуратурани аралаштириши, Мажбурий Ижро Бюросини ташкил этилиши булар ҳаммаси бевосита Президентнинг ўз фикри-хаёли, дунёқарашидан келиб чиқиб амалга оширилмоқда.

Бир жойга бориб Ислом бу нур деб, иккинчи жойга бориб Исломни ёшларга ўргатмадик деб бошқа томондан оддий баъзи эътиқод масалаларида чекловлар қўйилишидан унинг гаплари жиддий эмаслигини англаш мумкин.

Ҳақберди Толипов,

тадқиқотчи.

Maxsus: “Turonzamin” uchun

%d bloggers like this: