Жамшид Муслимов

КЎЗГУ ВА УЙҒОҚЛИК

“Овоз бўл, акс садо эмас.”

.
Бировларни ўзгача қарашлари ва позициялари сабабли ёқтирмаслик – табиий ҳол. Хатто душман даражасига кўтариб ёмон кўриб кетиш ҳам табиий ҳол… Аммо яна бир табиий ҳол бор-ки унинг тузоғидан анча мунча одам қутула олмас экан. Бу – ўз душманига ўхшаб кетиш…

.
Мазлум ўз золимининг услубларини, қул ўз қулдори жабрини, қасоскор ўз ғаними сиймоси-ю, кўникмаларини ичига чуқур сингдириб, одатланишини кузатамиз. Мисолларга ҳожат йўқ деб ўйлайман.

.
Фан олимлари мияда «кўзгу» ҳужайралари мавжуд деишади. Бу нейронлар инсонни ташқи оламни англаши ва у билан мулоқотга киришишига имкон берар экан. Яъни инсон ўзи билмаган ҳолда рўпарасидаги оламнинг вакили (шахс, хайвон ва хатто жонсиз нарса) ҳатти ҳаракатини миясида акс этиб қайтаради. Рўпарадаги шахс/ҳайвон/нарса қанчалик таъсир кучига эга бўлса шу кўзгу нейронлари шунчалик фаол ҳаракатланиб, қарши объектининг қилиқларини акс этишга ундайди.

.
Энг ёмони – дуч келган ўзгача шахсга нисбатан асосий душмани қилиғини ўтказиш одатланиб қолиш. Яъни нусҳа олиган одатлар нафақат нусҳа манбасига нисбатан, балки атрофига ҳам соча бошлайди.

.
Юқорида буни табиий ҳол дедим. Аммо биз – инсонмиз. Фақат ҳайвонларгина ўз табиатларига берилиб, онгсиз яшайдилар. Бировни ёқтирмасликда ақл меъёридан чиқмайлик, ёмон кўрганда адолат, фаросат каби фикрлаш режимини ёқиб қўйишни унутмайлик. Ҳиссий реакциялар парҳезкорлик назоратини талаб этади. Бу уйғоқлик деб аталади.

.
Бу – ўзимга огоҳлантириш, дўстларимга тавсия, бошқалар эса ўзлари билади…

%d bloggers like this: