Абдулазизхон Акрамов

Борига Барака ростдан Бараками?

ёки капитал шоулар хақида тахлилий фикрлар

Яқинда кўчада тасодифан бир эркак ва аёли мендан “Атлас ” савдо мажмуаси қаердалигини сўраб қолди. Шевасидан бухороликка ўхшаб турган бу жуфтлик Зўр тв да ўтказилаётган ўша машхур Борига барака капитал шоусига пул тўлаш учун Атласга бормоқчимиз, ўзимизда тўласак рақамимиз чиқмаяпти деди. Хазил аралаш кулиб йўлни кўрсатарканман бу сафар аниқ рақамларинг чиқади деб хайрлашдим.

Фикрлайдиган одам сифатида капитал шоуни кўриб аввал иқтисод кейин сиёсат қабилида хомчўт қилиб кўрдим. Масалан бир иштирокчи 5 минг сўмдан тўласа ва тахминан 500 минг одам ўйнаётган бўлса 5000×500000 = 2.5 миллиард сўм бўлади. Бу хозирги қора бозор курсида тахминан 300 минг доллар бўлади. Бу Ўзбекистон шароитида катта пул. Кўрсатувда 4 та иштирокчи иштирок этяпти ва гохида оддий ваза гохида 3 хафтада бир машина ютяпти. Совғалар суммасини жамлаб хисобласак агар машина ва уй чиқмаса 5 минг долларга боради. Машина чиқса хам 15 минг борингки уй чиқса 40– 50 минг доллар атрофида бўлади. Аммо адашмасам икки хонали уй шубхали равишда бир мартта чиқди ёки чиқмади. Демак битта ўйинда Борига барака шоуси ўрта хисобда 250-290 минг доллар атрофида фойда кўряпти. Агар менинг тахминим бўйича 500 минг киши ўйнаса. Албатта бундан камроқ ва КЎПРОҚ бўлиши хам мумкин.

Бундай тахминий хисоб китоб қилишимдан аввалроқ Зўр тв га боғланиб бу хақида маълумот сўрагандим. Афсуски бу маълумотлар сир сақланишини агар жуда зарил бўлса юзма юз учрашишимиз кераклигини айтишди. Шу туфайли тахминий хисоб китоб қилишга мажбур бўлдим. Аслида бу рақамлар шоудан олдин эълон қилиниши керак.

Энди буни қонуний асосларини кўриб чиқсак. Капитал шоулар тўғрисида lex.uz ва norma.uz дан бирор нарса топа олмадим. Балки яхши қидирмагандирман.

Аммо лоторея ва қимор ўйинлари тўғрисидаги айрим қонунларни топдим. Масалан ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИ 2007 йил 1 сентябрдан бошлаб:
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қимор ўйинларини ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни (шу жумладан тотализаторлар) ташкил этиш ва ўтказиш (тиражли, бир лаҳзали ва рақамли лотереялардан ташқари);
қимор ўйинларини ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни ташкил этиш ва ўтказиш учун телекоммуникация тармоқларида, шу жумладан Интернет бутунжаҳон ахборот тармоғи провайдерлари томонидан хизматлар кўрсатиш;
Ўзбекистон Республикаси ҳудудига пул ютуғига эга бўлган ўйин автоматларини олиб кириш ТАҚИҚЛАНСИН.

Демак бу қарорнинг таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинлар деган жойига эхтимол бу Борига Барака капитал шоуси тушмас. Шу туфайли эхтимол бу тиражли лоторея қонуни асосида ўтказилса керак деб Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 15 ноябрдаги 396-сон қарорига
ИЛОВА сини кўздан кечирдим.

Яъни лахзалик ва тиражли лотореяларни ўтказиш тартиби хақидаги қонун ва низомларни кўриб чиқдим. У ерда жуда кўп нарсалар хозирги капитал шоуда негадир йўқ. Масалан камида 20 кишилик комиссия тузилиши, йиғилган пул миқдори уларга очиқ айтилиши шарт деган низомга умуман жавоб бермайди. Битта бошловчи, иккита даллол ва рақам очувчи қиздан бошқа текширувчи йўқ. Шу низомда яна бир нарса эътиборимни тортди:

39. Ўйинларнинг ютуқ (мукофот) фондлари қуйидаги миқдорларда белгиланиши керак:
тиражли ва лаҳзали лотереялар учун – лотерея билетларини тарқатишдан олинган пул маблағлари суммасидан қатъи назар, чиқарилган лотереялар ҳажмининг камида 40 фоизи миқдорида;
лотереяларнинг бошқа турлари учун – тарқатилган лотерея билетлари умумий суммасининг камида 40 фоизи миқдорида.Яъни ютуқ фонди 40 фоиз Россия қонунчилиги бўйича 50 фоиздан кам бўлмаслиги керак экан. Бу дегани юқоридаги хомчўтимизга асослансак тахминан хар ўйинда 5 та икки хонали уй, ёки 50 та машина ёки юзлаб холодилниклар ютилиши керак. Хайронман адлия, солиқ, молия ва департамент ходимлари буни назоратга олиш кераклиги тўғрисида ўйлаб кўрмаган бўлсалар керак.

Қисқасини айтганда Борига барака ростдан хам Барака эканлигига шубха қилиб қолдим. Блогпостимни охирида юқорида тилга олиб ўтган қарордаги лотерея мақсадлари билар тугатсам

-лотереяларни ўтказишдан олинадиган даромадларни минтақаларда соғлом авлодни тарбиялаш, жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, аҳоли манзилгоҳларини ободонлаштириш ва уларнинг инфратузилмасини такомиллаштириш, бошқа ижтимоий дастурларни рўёбга чиқариш чора-тадбирларини амалга ошириш учун қўшимча манба сифатида жамлашдир.

Ўйлайманки Борига барака капитал шоуси хам шу мақсадда фойдаланяпти. Яна билмадим.

Абдулазизхон Акрамов

%d bloggers like this: