ОҚ-ҚОРА СУРАТЛАР БИЛАН СУҲБАТ

Яқинда қишлоқда бўлиб қайтдим. Шаҳардаги уй тор бўлгани учун альбомларим, китоблар ва турли кундаликларим ота уйда туради. Ҳар-ҳар замонда уларни бир-бир варақлайман. Олис хотираларни жонлантиради. Суратлар эса энг ширин лаҳзаларни эслатади. Беғубор ва хуш дамлардан дарак берувчи ёзишмаларнинг ўз тарихи бор.
Ўқувчилик ва талабалик даврида “Ёшликдан эсдалик” номли кундалик дафтар тутиб, унда синфдош ва курсдошларнинг дил изҳорларини ёзиб олганман. 15 ёшда тутган илк дафтардаги сатрларни ўқий туриб, қалбни ўзгача тотли хаёллар чулғаб олди. Бир муддат ўша таъсирга тушдим. Кўз ҳам ёшлангандай бўлди, назаримда. Қўй, бутун ташвишларни унут, дейди оқ-қора бу расмлар. Бизнинг дунёни ҳам сайр қилиб туринг, дейди қораламалар. Қарийб 25 йил ортга қайтгандек бўлдим.
Туси кўчган парталар, йиртиқ доска, буржуйка печка, совуқ ва нимқоронғи тангу тор синфхоналар кўз олдимга келди. Аслида, биз учун бу синфхоналарнинг қиймати ҳар қандай каҳкашон бинолардан кўра файзлироқ эди, чамамда. Беғуборлик, самимият, пок дил изҳорлари, бегидир ўйинқароқлик, хуллас, ўқувчиликка хос барча шўхлигу интилувчанлик бор эди. Юрак бор эди, журъату шиддат ҳамроҳ эди.
Баъзида ўйлаб қоламан: қишлоқларга шаҳар тусини бериш керакмикан?! Йўқ, мен чироқсиз, газсиз, хароба мактаб ва боғчалару ўнқир-чўнқир кўчалардан иборат қишлоқни назарда тутмаяпман. Шунчаки ҳашаматдан йироқ уйлар солинган, бой ва камбағалга ажралмаган ҳудуд бўлса етади. Одамларга қанчалик қулай шароит қилиб берилаверса, у ердан тароват қочади, сунъийлик кўпаяди.
Ёзувларда аксарият синфдошларим жумлаларни жуда ҳам яхши ёзган, хатога кам йўл қўйганини кўрдим. Буям таълим сифати анча юқори эканини билдиради. Тўғри, компьютер, телефон йўқ эди, кутубхонага кириб, китоб олиб ўқиларди. Эрта баҳордан далага чиқиб ишлаган бўлсак ҳам кундуз ва кечалари мутолаа қилиб, дам олардик. Ахир бу ўтмишдан эртаклар эмас, кечаги кунимиз шундоқ эди.
Ўсиш бор, улғайиш мавжуд экан, яшамоқнинг ҳам ранжу балоларига чидаш керак. Чекимизга тушгани эса насибамиздир. Олдга қараб кетаверар эканмиз, ортда қолаётган суратлар тобора хира тортиб бораверади. Аммо ундаги ҳақиқатлар, ёниқ хотиралар ранг-баранг тус ола бошлайди.

Фазлиддин САТТОРОВ