Кеча бир одам менга қўнғироқ қилди

Дилфуза Комил

Жуда кўп одамлар биров ҳақида фикр билдиришганида, шахсан ўзларининг манфаатлари, ўзаро муаммолари ёки шахсий муносабатларига кўра (албатта, ўз айб ва хатоларини яширган ҳолда) фикр билдирадилар ва атрофларидагиларнинг ҳам айни одам ҳақида худди ўзларидек хулоса қилишларини исташади. Оқибатда, жуда кўпчилик ўзи умуман танимаган, билмаган одами ҳақида ёмон гумонда бўлиб, гуноҳга ботади.
Бир одамнинг шахсий қарашларига тобе бўлиб, бошқа бир нотаниш бандани ёмонга чиқариш – Аллоҳнинг: «Эй, иймон келтирганлар! Кўп гумонлардан четда бўлинглар, чунки баъзи гумонлар гуноҳдир» (Ҳужурот сураси, 12-оят) деган огоҳлантиришини писанд қилмасликдек гап…
* * *
Кеча бир одам менга қўнғироқ қилди.
– Мен сизга бир пайтлар ёмонлик қилганман, ноҳақ жабр тортишингизга сабабчи бўлганлардан бириман. Мени кечира оласизми? – деди.
Исмини айтгач, эсладим – зиёли ва машҳур одам.
– Мен сизни яхши билмай туриб, бировларнинг гапи билан адолатсизлик қилганман ўшанда, – деди. – Мана энди, сиртдан бўлса ҳам танияпман, биляпман. Асл ҳақиқатларни дўстларимдан эшитяпман… Жуда қаттиқ виждон азобида қолдим…
…Мен бу одамни умрим бино бўлиб кўрган эмасман, сиртдан билардим. Чиндан ҳам, бир вақтлар бир танқидий мақолам юзасидан шу одамнинг катта бир йиғинда билдирган «илмий асосланган» фикрлари туфайли тузуккина жабр тортганман. Бизни хонавайрон қилиш «лойиҳаси» учун айни шу (бақир-чақирли) мулоҳазалар айрим ваколатли идораларга жуда қўл келганди… Мен у кўргуликларни ортиқ эсламоқчи эмасман. Мени ўшанда бир нарса қаттиқ ранжитган: ўзи умрида кўрмаган, билмаган, ақалли бир марта бўлса ҳам ҳамсуҳбат бўлмаган киши ҳақида (кимларнингдир гапи билан) хулоса қилиш, уни ёмонга чиқариш учун одамга қанчалик катта виждонсизлик керак бўлади! Одам дегани бунинг учун одамийликнинг диний ва дунёвий қоидаларига тупуриб қўйиши керак!..
Мен у одамни ва унинг шерикларини аллақачон кечирганман. Буни ўзига айтдим кеча.
– Худога шукр-ей, виждоним роҳат қиладиган бўлди. Раҳмат сизга! – деди. Ундан кўра кўпроқ ўзим қувондим…
Ҳаётимда менга ёмонлик қилганларнинг барчасини кечирганман. Худодан бандалари билан шу дунёнинг ўзида ҳисоб-китоб қилиб олиш учун имкон сўраганман. Чунки мен Қиёматда – Яратганнинг олдида – ҳеч ким билан қарама-қарши турмоқчи эмасман!

Дилфуза Комил
%d bloggers like this: