Каримберди Турамурод

Энди менинг ҳам ишим бор

Газетадан, кейинроқ “Хабар”дан бўшатишганидан бери ишсиз эдим. Охирги икки йил асосий ишхонам “Фейсбук” эди. Ўзи ишламаган йилларимда кўпроқ “ишладим”.
Ниҳоят, мени расман ишга олишди. Умримда олмаган ойлигим ва умримда кўрмаган эҳтиром, яъни хизмат машинаси билан. Яна бир ўзимга икки хонали офис! Яна бир ўзимга иккита ёрдамчи! Яна қиммат, жуда қиммат фото, видеокамералар! Яна униформа!
“Яна нима керак сенга?” дейдиган одам керак! Энди ишлайман-да!
Энди мен “Иқтисодий газета”нинг 5-6 вилоятга масъул бўлган ҳудудий мухбирлик пункти раҳбари – “катакон”ман!
“Иқтисодий газета”ни ким ўқирди, унда нима ёзиларди, деманг. Ҳамма нарсанинг асоси, пойдевори – иқтисод!
Мен энди шунчаки ёзмайман, энди муаммоларни кўрсатиш билангина чекланмайман, энди ишни муаммолар ҳал бўлишигача олиб бораман!
Ҳозирча қуйидаги мавзуларни ёритиб, уларнинг ҳал қилинишига эришишни режа қилдим:
1. Ҳайдовчилардан ундириб олинаётган миллиардлаб жарима пуллари қаерга кетаяпти?
2. Президент юрмайдиган кўчаларнинг аҳволи нега хароб? Улар уруш ҳақидаги киноларни суратга олиш учун шу ҳолда сақланиб турилибдими?
3. Ҳар бир машина сотиб олинганда, ҳар бир литр ёқилғи сотиб олинганда “Йўл фонди” учун ундирилаётган миллиардлаб маблағлар кимларнинг ўртасида тақсимланмоқда?
4. СИТИлар қурилиши оқибатида кўчада қолаётган минглаб хонадонларнинг аҳолисига ким бошпана беради? Қачон беради? Қанақа бошпана беради?
5. Нега ҳар бир туман ё шаҳарга янги ҳоким тайинланса, ишни ўша ернинг бозорини бузишдан бошлайди? Бунинг тагида қандай сир бор?
6. “Халқимиз узоқ келажакда эмас, бугун бахтли яшашни истайди”, деди Ўзбекистон Президенти. Бугун қачон бошланади?

Ҳозирча ана шу муаммоларни кўтармоқчиман. Такрор айтаман, шунчаки “ҳуриб қўймоқчи” эмасман! Ҳеч бўлмаганда “узиб олмоқчиман”!
Бу ишларда Сиз, мухлисларимнинг ёрдамига таянаман, албатта. Кейинги режаларимга киритишим лозим бўлган аниқ муаммоларни менга айтиб туринг! Менга маслаҳатлар бериб туринг! Мени қўллаб-қувватлаб туринг!
Самарқандликлар, жиззахликлар, қашқадарёлик ва суррхондарёликлар, навоийлик ва бухороликлар, сизлар “меникисиз”лар! Аммо қолган вилоятда яшаётган аҳолининг ғами, ташвиши ҳам бизга бегона эмас.
Бирлашиб, жамиятимиздаги иллатларга қарши курашайлик! Халқимизнинг нонини “туя” қилаётганларга орамизда ўрин қолмасин!
Мақсадимиз битта: Халқимиз ҳо-ов, узоқ “буюк келажак”да эмас, бугун бахтли яшасин! Халқимиз шунга лойиқ! Халқимиз шунга муносиб! Миллатнинг дардига дармон бўлайлик!

Каримберди Турамурод