Қани оқибат?

Рузибой Азимий

Ӯзбекистон билан Қозоғистон ӯртасида барча соҳаларда юксалиш бӯлишидан ҳар иккала халқ манфаатдор. Дӯстона алоқаларимиз янада ривожланишини ӯзбегу қозоқ бирдек хоҳлайди. Лекин икки давлат ӯртасида кӯп йиллардан бери қатор муаммолар ечим топмаётир. Ана шундай муаммолардан бири бу Ӯзбекистонда доимий яшовчи фуқаролиги бӯлмаган шахслар билан боғлиқ.

Қозоғистонда туғилган ва СССР парчаланишдан 2-3 йил олдин Ӯзбекистонга кӯчиб келиб, бугунги кунда Ӯзбекистонда узоқ йиллардан бери доимий яшаётган ва диктатор Каримовнинг қабиҳ сиёсати туфайли ҳеч қайси давлат фуқароси бӯла олмай қолган ӯзбеклар Қозоғистонга, таъбир жоиз бӯлса ӯз уйига минг азоб-уқубатлар билан бориб қайтади.

Гарчи Ӯзбекистон билан Қозоғистон ӯртасида виза бӯлмаса ҳам Ӯзбекистонда яшовчи фуқаролиги бӯлмаган шахслар Қозоғистонга фақат виза расмийлаштириб боришга мажбур. Маълумот учун айни пайтда бир марталик виза нархи 80$, кӯп марталик виза нархи эса 200$. Бу дунёдаги қашшоқ давлатлардан бири бӯлмиш Ӯзбекистон учун кам пул эмас. Нега, ҳар иккала давлат раҳбарлари мана шу муаммога ҳалигача панжа орқасидан қараб келмоқда? Ӯзбекистонда доимий яшовчи фуқаролиги бӯлмаган шахслар ҳам худди Ӯзбекистон фуқаролари каби ӯзлари туғилиб ӯсган Қозоғистонга визасиз боришни йӯлга қӯйиш шунчали мураккаб ишми?

Қозоғистон томон Ӯзбекистонда доимий яшаётган, фуқаролиги бӯлмаган, миллати қозоқ бӯлган биродарларимиз учун Қозоғистонга бир йиллик визани бепул беришади. Лекин ӯзбеклар виза учун Қозоғистон томонга ҳам катта пул тӯлашади, ҳам визани ҳафталаб кутишади. Қани оқибат?

Иккинчи масала, Қозоғистондан Ӯзбекистонга келган меҳмонларни рӯйхатга қӯйиш муаммоси. Дунё учун эшигини очаётган Ӯзбекистон бу борада ҳам Қозоғистонга келганда яна эски усулда иш юритмоқда. Хуллас, қозоғистонликлар Ӯзбекистонда рӯйхатсиз атиги 5 кун яшай олади. Бу муаммони ҳам ҳал қилиш мавриди келди деб ӯйлайман. Акс ҳолда ӯтган йили Қозоғистонда Ӯзбекистон йили деб эълон қилиниши ҳеч қандай самара бермаганидек, бу йил Ӯзбекистоннинг ҳам Ӯзбекистонда Қозоғистон йили деган эълони ҳеч қандай самара бермайди. Қоғозбозлик, расмиятчиликни бир чеккага йиғиштириб, реал ҳаётда ҳар иккала халқ учун реал ишлар қилишга ӯтилиши керак.

Ruzibay Azimiy

%d bloggers like this: