Ибрат Сафо

Биз совет давридан зарарига ишлаб ўрганган халқмиз

Мулк хусусий эмас экан, саноат минусга ишлайверган. Давлат аҳоли учун зарур маҳсулотлар нархини сунъий равишда паст ушлаб туриши ортидан харажатлар оқланмади ва совет иқтисоди касодга учради.

Ўзбекистон мустақил бўлганидан 28 йил ўтиб ҳам марказий бошқарув хусусий мулк ва ишлаб чиқаришнинг белига тепишда давом этяпти. Кўпгина саноатлар ҳалиям зарарга ишлайди. Жумладан, Ўзбекистон Ҳаво Йўллари.

Ҳаво йўллари майли, ерга қайтайлик. Номига мустақил дейилган фермер ҳалиям марказнинг қули.

Бу кунлар Ўзбекистонда ғайриоддий равишда ёғингарчилик кўп бўлди. Тошкент яқинидаги дўстларимга кўра, экилган чигитлар чириб кетти. Энди чигитни бошқатдан экиш керак. Бу кўп такрорланар экан. Нега шундай деб сўрасам, фермерларга босим ҳақида гапиришди. 30-40 йиллик тажрибага эга фермерлар бор, улар қачон чигит экиш кераклиги ва об-ҳаво таъсирини жуда яхши билишади, лекин уларга бир неча идора бошлиқлари “экасан, экасан!” деб зуғум қилиб туришади. Фермернинг огоҳлантиришлари бир тийинга олинмайди, дейди улар. “Ёш-ёш прокурор боллар экасан деб турволади, тепага ҳисобот бериши керак. Уларга фарқи йўқ чигит чирийдими, чиримайдими…” дейди бир дўстим.

Тасаввур қилинг бутун бошли далаларга қайтадан чигит экиб чиқишни. Бу яна қўшимча харажат, қўшимча куч, оворагарчилик, яна тонгдан шомгача селектор мажлислар… Шундай тизимда деҳқоннинг косаси оқарадими? Аграр ва ирригация учун бутун бошли университетлари бўлган давлатда шартмикан шундай беъманиликка йўл қўйиш? Прокурорга бало борми пахтага аралашиб – бу соҳа мутахассислари жуда кўп-ку? Ё шунгаям “чет элларда таълим олган талантли ёшлар”ни олиб келиш керакми?

Ibrat Safo