Kўппак одамлар билан бир қабристонда ётишга ҳақлидур!
Ўтган даврларда бир одам қабристондан мозор қазиб, унга ўлган кўппагининг жасадини кўмди. Бундан ғазабланган аҳоли даврон қозисининг ҳузурига бориб, шикоят қилдилар. Қози у одамни чақириб, сўроққа тутди:
– Эшитганларим тўғрими?
– Тўғридир, жанобим, – деди у одам. – Лекин мен ҳеч бир ёмон иш қилмадим, кўппагимнинг васиятини бажо келтирдим, холос…
Бу гапдан қозининг тепа сочи тикка бўлди.
– Сен бизни мазах қиляпсанми?! – ғазаб билан бақирди у.
– Асло! – деди одам тавозе билан. – Мен бор гапни айтяпман. Менинг кўппагим нафақат ўзини одамлар қабристонига кўмишни, балки сизга ўн минг дирҳам беришни ҳам васият қилган…
Бу гапни эшитган қозининг юзига табассум югурди. «Кўппак васият қилган» ўн минг дирҳамни олгач, оммага бу одамда айб йўқ эканини эълон қилди. Одамлар ҳайратда қолишди:
– Ахир бу қанақаси, қози жаноблари?!
-Тинчланинглар! – деди қози йиғилганларга виқор билан боқаркан. – Бунинг ҳеч ажабланадиган жойи йўқ. Мен бу одамнинг кўппаги ҳақида ҳамма нарсани ўргандим. Ва аниқлашимча, у кўппакнинг ота-боболари машҳур шайхлар юрган карвонларни қўриқлаган азиз кўппаклардан эканлар. Бундан аёнки, у аслзода кўппак одамлар билан бир қабристонда ётишга ҳақлидур!..
…Кўряпмизки, у азиз кўппак… э йўғ-е, ўша қози жанобларининг айрим «азиз» авлодлари ҳамон ўз «адолатли» аждодларининг фаолиятини муносиб давом эттириб келмоқдалар.
Manba: Дилфуза Комил
Filed under: 1.BOSH SAHIFA |