Суд жараёнидан

… ҲОЖАТХОНАМИДИКИ, ЗАРУРАТГА ҚАРАЛАДИГАН?

15 апрел куни таниқли ҳуқуқбон, “Адолатни қарор топтириш Ташаббус гуруҳи” ташкилотчиларидан Аъзам ТУРҒУНОВга ҳамда фуқаро Зулфия ХУДАЙБЕРГАНОВАга нисбатан Тошкент шаҳар, Шайхонтаҳур тумани Маъмурий ишлар бўйича судида жараён бошланди.
Эслатиб ўтамиз, мазкур жараёнда судланувчилардан Аъзам Турғуновга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий Кодексининг 41-, 180-моддалари, 194-моддаси 2-қисми; Зулфия Худайбергановага эса, 41- ва 180-моддалари бўйича айблов кўрилмоқда.
Суд биносига киришдаёқ телефонларимиз олиб қўйилди, ўзимиз эса, тинтув қилиндик.
Мантиқан олиб қаралганда суд жараёнида барча иштирокчилар – жавобгар томон ҳам, даъвогар томон ҳам тўлиқ ҳозир бўлишлари керак. Ва бу, энг аввало, ХОЛИСОНАЛИКнинг кўринишларидан бири бўлиши билан бир қаторда, Қонун олдида барчанинг тенглиги тамойили ҳам ҳисобланади! Бироқ фақатгина жавобгарлар чақирилиб, даъвогар ХАСАНОВ Холмамат (Маъмурий ишлар бўйича Тошкент шаҳар суди судьяси!) иштироки таъминланмаган эди. Ва тушунишимча, бундай ҳолат суд тарафидан эътиборга ҳам олинмаган кўринади.
Муҳокама олдидан суд томонларнинг судлов ҳайъатига нисбатан илтимос, аризалари мавжуд ёки мавжуд эмаслиги билан қизиқди. Бу – албатта, расмиятчилик учунгина экани билиниб турарди. Чунки адвокатлар ҳамда судланувчи Аъзам Турғунов суд жараёнида аудио – видео ёзувлардан фойдаланиш илтимосини киритганларида, раислик этувчи бу илтимосни рад қилиб, сабабини “ЗАРУРАТ СЕЗМАГАНЛИГИ” билан изоҳлади. АХИР, СУД ЖАРАЁНИ ҲОЖАТХОНА ЭМАСКИ, ФАҚАТ ЗАРУРАТ СЕЗИЛГАНДА ФОЙДАЛАНИЛСА! Ваҳоланки, Асосий Қонуннинг 26-моддасида: “Судда айбланаётган шахсга ўзини ҳимоя қилиш учун барча шароитлар таъминлаб берилади”, деган таъкид белгилаб қўйилган! Қолаверса, бунгача ҳам Аъзам Турғуновга нисбатан ўтказилган (2018 йил август ойидаги!) маъмурий судловда айнан шундай нохолислик сабаб асоссиз жазо тайинланган эди.
Бундан ташқари, судланувчи Зулфия Худайберганова “ИШ” материаллари билан таништирилган эмас. Ва шу ҳолатда раислик этувчи уни сўроқ қилишга уриниб кўрди. Бироқ Зулфиянинг қатъияти, адвокатларнинг талаби ва хорижий ташкилотлар вакилларининг ҳам иштирок этаётганликлари боис суд жараёнини бошқа кунга кўчирилиб, Зулфияга “ИШ” билан танишиш имкони берилди. Шу ўринда яна бир жиҳат: жавобгар Зулфия Худайберганова мазкур суд жараёнига чақирув қоғози олган эмас. Бу борадаги эътирозга эса, котиблик қилувчи, “расман чақирув қоғози ПОЧТА орқали жўнатилган”лигини таъкидлаб, масъулиятни почта хизмати зиммасига юклаб юборди.
15 апрел куни бўлиб ўтган суд жараёни хусусида ҳозирча шу матн билан чекланамиз ва мазкур судлов борасида алоҳида таҳлилий мақолани сал кейинроқ бафуржа – “ЭГА-КЕСИМИ”ни жойига келтириб ёйинлаймиз.
Бизнинг тушунишимизча, асли боши 2018 йил август ойида Аъзам ТУРҒУНОВга нисбатан атайлаб, КИМларнингдир кўмагида уюштирилган ва ҳали-ҳануз КИМларнингдир ғаразли истаги билан чўзғилаб келинаётган мазкур “СУД-СУД” ўйини аслида биз – собиқ сиёсий маҳкумлар томонидан ташкил этилаётган ва тез орада рўйхатдан ўтиши керак бўлган “АДОЛАТНИ ҚАРОР ТОПТИРИШ ТАШКИЛОТИ”ни тузаётган Ташаббус гуруҳига қарши фитнадан бошқа нарса эмас!
15 апрелдаги суд жараёни (агар шундай аташ мумкин бўлса!)дан кейин “Ташаббус гуруҳи” ташкилотчилари йиғилиб, фикрлашдик. Бундай ножоиз, мунофиқона ҳаракатлар нафақат бизнинг фаолиятимизга қарши тўсқинлик, балки Ўзбекистон Президентининг 2018 йил 4 май кунидаги Нодавлат ташкилотлар фаолиятини қўлловчи Фармонига нисбатан ҳам ошкора бузғунчи кайфият ифодаси ҳамдир. Шу нуқтаи назардан биз ўз норозилигимизни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси (Асосий Қонун) 33-моддаси тамойилига мувофиқ ЙИҒИЛИШ (Пикет) ташкиллаб, билдиришга қарор қилдик. Шунга кўра тез орада бу борада бизнинг Конституциявий ҳуқуқимиз мамлакат Конституцияси тамойилига мувофиқ тарзда ҳимояланишини сўраб, Тошкент шаҳар Ҳокими номига АРИЗА билан МУРОЖААТ қиламиз.

Дилмурод САЙЙИД,
“Адолатни қарор топтириш Ташаббус гуруҳи”.

%d bloggers like this: