Самад Мурод

ТУҲМАТ
“Ҳақиқат эгилур, аммо, синмайди…”

Йўқ, бу туҳмат! Бу туҳмат!
Эгилса, у ҳақиқат эмас!
Синмаслиги рост,
Кирса, кирар ер қаърига,
Эгилмайди, асло эгилмас.

Вақтида эгила билсайди магар,
Йўқотиб қўймасдик биз уни.
Босиб кетар эди ернинг юзини
Ёлғон каби, ёлғончи каби.

Билмайсиз сиз уни,
Кўп ношуд, кўп саркаш,
Қаққайганча тураберар
Қаршингда яккаш.

Билмайди у йўл беришни,
Бурилишни ҳам.
Сурилишни, чекинишни ҳам.
Хўб беўхшов яралган азал.

Яхшиси, четлаб ўтмоқ,
Ё ерга киритиб юбормоқ абзал.
****

АДОЛАТНИНГ ЁЗУҒИ

Тарихнинг ибратвор,
То ҳануз устивор йўриғлари кўп.
Риёнинг турфа ранг
Бисоти тахланиб ётибди тўп-тўп.

Масхара қилганлар,
Расво деб кулганлар.
Осий деб билганлар,
Билдирганлар халойиққа ҳам.

Кўмганлар қутурган ит каби,
Кўмганлар чуқур.
Қайсидир сўқир
Суринмасин деб.

Йўқ, бу туҳмат! Бу туҳмат!
Эгилса, у ҳақиқат эмас!

Кўкда хитоб қолмиш муаллақ:
“Ал қасосул минал ҳақ”
Гумон кўп ғаламус,
Гоҳида, тез-тез
Ёлғонга ҳам қилганлар туҳмат.

Юкунса-да ёлвориб шафқат.
Кўмиб юборганлар шўрликни.
Шу тахлит кўмилган ҳақиқат,
Ёлғон кўмилгандир шу тахлит.

Энди улар ётар аралаш.
Осонми минг йиллик бисотни саралаш.
Ким таниб олади ёлғонни,
Шафе қилиб ҳақни, имонни?

Ҳа, бу туҳмат! Бу туҳмат!
Эгилса, у ҳақиқат эмас!

Аслида бу жуда жўн савдо.
Магар у чиқиб қолса,
Тинчингни бузади, солади ғовғо.
Мисоли чорчўпга михланган Исо,
Бир гадо шаклида, ёки бир шоир.

Кўзлари ханжардек санчилиб турса,
Юрагингингиз санча бошласа,
Нигоҳингиз қоча бошласа,
ТАМОМ!! Ўша! Ўша! …

“Ёз!” денг. “Ёз!” денг унга ариза!
Ишдан, яхшиси дунёдан кетиш ҳақида.
Бош тортса, тураберса қаққайиб,
(Бунга асло шубҳа йўқ) Начора,
“Парвардигор ёлғиз беайиб”,
Тура қолсин кўздан нарида.

У азалдан болакайдай гўл,
Ҳақиатдан бўлса адолат.
Шак-шубҳасиз, ёзиқлари мўл,
Қарғанг, сўкинг, қилинг маломат
Киритиб юборинг ернинг қаърига.
Ҳечқиси йўқ, ўзи кўрган йўл.
Кўникиб кетган у барига…
1996

%d bloggers like this: