Баҳодиркҳон Элибоев

“Олтин қалам” эгалари vs блоггерлар

Бугун ижтимоий тармоқлар босма матбуотни анча ортда қолдирди. Сабабларини нимадалигини келинг бир кўриб чиқамиз.
1. Эркинлик.
Расмий матбуотда эркинлик қай даражда эканлигини ҳамма билади. Ижтимоий тармоқларда эса истаган одам истаган мавзусида ёзиши мумкин. Ҳеч қандай та`қиқ йўқ. “Юқори” деб аталмиш яжуж-мажужлар йўқ бу майдонда. Муаллиф ютуқниям, камчиликниям ўзи ҳал қилади. Мабодо ҳақорат қилинса, тегишли моддалар борлиги бошқа мавзу.
2. Тезкорлик.
Расмий матбуотнинг аксари бир ҳафтада бир марта чиқади. Қизиқ, ҳар кунимиз янгиликка бой бўлиб турган даврда – ҳафталик газета. Бу дангасаликдир. Журналистларимизнинг дангасалиги. Мисол учун, пайшанба куни кечқурун бўлган воқеани кейинги ҳафта пайшанба куни эрталаб чиқадиган газетада ўқиймиз. Ижтимоий тармоқлар бу янгиликни ўқиб, хазм қилиб, фикрини бериб, бошқа янгилик билан шуғулланаётган бўлади. Кулгуга қоляпмиз, ҳурматли журналист ҳамкасблар.
3. Даврийлик.
Битта газета бир кунда икки марта чиқса нима қилади? Ҳафтада 14 марта чиқса, нима қилибди? Ҳозир ҳафталикда битта жамоа ишлаётган бўлса, кундаликда 14 та жамоа ишлайди. Мана сизга иш ўринлари. Ахир ижтимоий тармоқда бир кунда 10 тагача материал қўяётганлар борку. Мамлакатнинг турли бурчагидан туриб ҳар куни ёзишади. Ҳар куни ижод қилишади.
4. Ҳаққонийлик.
Газетада ишлаганман бир пайтлар. Бирор бир мавзу учун расм қўйиш керак бўлса, эски расмлардан фойдаланилган ҳолларни кузатганман. Ижтимоий тармоқларда эса ундай эмас. Қадамини расмга олиб жойлаштирадиганлар бор. Нима еди, нима кийди, қаер ёнди, ким куйди, ким-кимни урди, нима деб ҳақорат қилди, ҳаммаси бор.
Хуллас, бу фарқларни санасак, кўп. Қолганини сиз сананг майли.
Мана 5 йилдирки, бизнинг қайсар журналистларимиз обуна нега пасайиб кетаётганини ўтириб мушоҳада қилишмайди. Қилишса-да бунга ечим топгилари келмайди. Балки топгандирлар, лекин мен сезмаяпман. Бугун бутун бошли халқнинг бир қисми журналистга айланди. 4-5 та расмий журналист буларга қарши ўйнаб ғолиб бўлмаслиги аниқ. Энг алам қиларлиси эса, мингдан ортиқ ОАВ давлат пулини еб ётибди. Яна қайсидир амалдорнинг харом пул еганини ёзганига ўлайми? Халққа ўзинг учун ўл етим дейилдими, нега газеталарга шундай дейилмайди? Нега улар ҳануз давлатдан молиялаштирилади? Давлатдан молиялаштирилган газета давлат манфаатини кўзлайди-ку! Бунда ҳаққонийлик бўладими? Холислик бўладими? Молиявий мустақил бўлиши керак эмасми? Ижтимоий тармоқлар молиявий бировга қарам бўлмаганлари учун истаган пайт, истаган гапни айтишади. Энди айримлари буюртма учун бир нималар деб қоўяр, лекин бу айтишга арзимайди.
Мамлакатдаги барча расмий газеталарнинг сайти актив ҳолдами? Борлигини биламан, лекин фаол ишлаяптими? Ҳар бир журналист ижтимоий тармоқда блоггер бўла олади. Лекин буни истамаётгандек. Халқ журналист учун эмас, журналист халқ учун ишлаши керак десак, обуна деб йиғлашни бас қилиш керак. Обуна бўлинг деб айтиш ҳам керак эмас. Халқнинг ўзи келиб обуна қилинглар деб сўрасин. Чарчасин бозорга бориб газета сотиб олишга. Бунинг учун жуда катта жамоа ишлаши керак. Бизда ундай эмас. Иложи борича камроқ одам ишласин ва кўпроқ маблағ ўзимизга қолсин.
Ҳар бир газетанинг ҳам босма ҳам электрон варианти бўлмас экан унда қийин. Журналист интернет-газетасининг аудиториясини кучайтириши керак. ББC ёки Озодлик кунда 1-2 соат эфирга чиқади. Лекин асосан ижтимоий тармоқларда юради. Ижтимоий тармоқ орқали ўз wебсайтини олдинга суради. Қизиқсангиз, кириб ўқийсиз. Нега шу усулдан фойдаланиш ҳолатлари кам?
Ижтимоий тармоқда блоггерликни да`во қиладиган юзлаб одамлар бор. Улар билан шартнома тузиш керак. Шунча берамиз ишлайсизми деб эмас, белгининг нархи ёки сўзнинг нархи шунча деб келишилсин. Гонорарга. Ойликка эмас. Умуман ойликка ишлайдиган журналистикани хазм қила олмайман. Ҳафталик олсин. Эскилик сарқити дейишни ҳушловчилар шу “ойлик” иборасиниям бир ўйлаб кўришса тузук.
Ижтимоий тармоқлар одамлар онгини ўзгартириб юборди. Олдин одамлар газеталарга ёрдам сўраб боришарди. Арз-додларини газеталарга ёзишарди. Бугун газеталардан одамлар узоқлашмоқда ва ҳар қандай дардини ижтимоий тармоқларда айтмоқда. <Бу сиз журналист хамкасбларимнинг фожеаси!
Сўзим охирида сарлавҳани эслайман. “Олтин қалам” соҳиблари бугун халқнинг қаршисида занг босган қалам эгалари бўлиб кўриниб қолмоқдалар. Дўппини ечиб, ўйлаб иш қиладиган пайт келди. Қайси газетада ишламанг, ижтимоий тармоқлардан олдинга ўтишни эплай олмасангиз, бой берасиз. Нимани бой бераман деманг, чунки мамлакатимиз мафкура полигонида фуқаролик уруши кетаётганини ҳис қилишингиз керак!