Одил Икром таржималаридан

ЛОЙИҚ ШЕРАЛИ: МИНГ ЙИЛДАН СЎНГ…

Рўдакийга ҳасад қилганлар, хусусан, Рўдакийга маломат ёғдириб, қуйидагича шеър битган ҳасадгўй шоир Абузироага жавоб ўрнида:

Гарчи Рўдакийдек ғаний эмасман,
Не ажаб, ундан кам сўзим, демасман.
Агар у кўр бўлиб топмиш жаҳонни,
Жаҳонни деб ундай кўр бўлолмасман.
У топган мулкининг мингдан бир қисмин
Берсанг, мен минг чандон сўзлаб, тинмасман.

* * *
Эй сиз, шеърфурушлар, оҳангфурушлар,
Ўзни кўз-кўз қилган, эй муғомбирлар,
Эй илму ирфоннинг югурдаклари,
Эй кўзи сўқирлар, эй кўнгли кирлар.

Сиз арпа сотасиз буғдойсимон деб,
Сиз ижод йўлида оқсаган, гаранг.
Янги деб сотасиз эски сўзларни,
Сизлар сўз тўқишда – устаси фаранг.

Нодонлик туфайли минбарда туриб
Мисингизни буткул зар деб санайсиз.
Қачонлардир сўнган кулларингизни
Ўчоқлар ичига чўғ деб қалайсиз.

Кўрликдандир – туҳмат, бўҳтону ғараз
Ҳамда айб излашда топқирлигингиз.
Сиздаги жасорат – жон қурқувидан,
Ҳезликдан баттардир ботирлигингиз.

Сиз майдон мардисиз ўз уйингизда,
Май базмида эса сиз ҳақпарастсиз.
Гоҳида минбарга чиқсангиз, бироқ,
Ҳақиру ожизу қўрқоғу пастсиз!

Агар шоир бўлса замона кўзи,
Сиз кўрсиз, ҳассасин йўқтган кўрсиз!
Агар шоир бўлса айём фарзанди,
Сиз разил, нолойиқ, манглайи шўрсиз!

Агар шоир бўлса фурсат кўзгуси,
Сиз синган кўзгусиз, юз порадирсиз!
Агар шоир бўлса миллат аскари,
Сизлар бекорчию бечорадирсиз!

Жонингиз, нонингиз ярмидан қўрқиб
Сиз – ҳаёт, ростликдан титраган юзсиз.
На жангга қобил, на базмга лойиқ,
Сиз шеър савдойиси? Қаҳ! Қа-а-аҳ!
Сиз шеърфурушсиз!!!
1.12.1973
——————————–
1-Абузироа – Абузироа Муаммарий Гургоний, Рўдакийга замондош шоирлардан бири бўлиб, Рўдакий ўлимидан сўнг сомонийлар сулоласи саройига йўл топган. Туғилган ва вафот этган йили – номаълум.

Тожик тилидан Одил Икром таржимаси