Баҳодирхон Элибоев

“Бизнинг давримизда…”

Қўшним китоб сўради. Русчада ёзилган десам майли деди. “Инсон ҳуқуқлари ва сен” (“Права человека и ты”) китобини чиқариб бермоқчи бўлдим. Олмади. Бадиий китобларингиз йўқми дейди. Кутубхонага борасан дедим.
Бизда ҳама бадиий китоб ўқиш билан овора. Нима қилиб беради бадиий китоб? Қаерда фойда беради? Ахлоқни тарбиялайди дейдиган бўлсак, Қур`он ва Ҳадис кифоя эмасми?
Илмий асарлар ўқимаслик оқибатида ТВ-журналистлар ҳам бадиийлашиб кетди. Журналистикадан кўра публицистика кўп.
Китобулаш ҳештеги кетяптию, шунга менгаям 1-2 та китобларингиздан берингмиш. “Ма, ол мана бу китобларни ўқигин” деса, “йўқ, бадиий асарларни ўқийман” дейди.
Эртага бу одам адабиётчи бўлиб етишади-да энди, а?
“Бизнинг давримизда…” (шу иборани чоллар билан гаплашганимда кўп ишлатаман)
Бизнинг давримизда телефон тугул телевизор ҳам бўлмаган. Аёллар уйда ўтиришган. Шунда ўқишни билган биронтаси бошқаларига турли бадиий асарлар ўқиб берган. Шамни ёруғида бўлса ҳам ше`рият ва бадиий асарлар мутолаа қилишган. Мисол учун биттаси ўқиган, қолгани каштасини тикиб, эшитиб ўтироврган. Бедилдан, Ҳофиздан, Са`дийдан, Навоийдан ва ҳоказо… Китобларда ўз навбатида та`лим ва тарбия ҳақида кўп гаплар айтилган. Шуларни ўқиган ёки эшитган аёл ўз боласига тарбия берган. Болалар ҳам шундай тарбия кўриб етукликка пойдевор ясаган. Ҳозир бу китобларнинг ўрнини сериаллар эгаллади. Сериаллардан озуқаланган аёлларимизнинг тарбиясини сизларга айтишнинг кераги ҳам йўқ.
Севги, ўлдим, куйдим ишлар билан аёллар шуғулланишган. Чунки улар бадиий китоблар ўқишга ишқибоз бўлишган. Эркаклар учун бу ишлар номус иши ҳисобланган. Китобнинг жинсини аёл киши ҳал қилган. Қайсинисини ким ўқиши кераклигини белгилаб берувчи цензор бўлган.
Айни дамда эркакларимиз сиёсий-ижтимоий муҳокамаларни чойхоналарда қилишган. Диққат қилинг – чойхонада! Ошхонада эмас. Ёки интернетда эмас. Ҳозир бунақа чойхонаям қолмади. Кўчада меҳнатни қилган, кетмон чопгандир, косиблик қилгандир, мол боққандур, хуллас, меҳнатдан қочмаган. Лекин чойхонада қишлоқ, овул тақдири ҳал бўладиган бўлса, иштирок этган, фикрини билдирган.
Мен ана шу даврни қумсайман. Аёл аёллигини, эркак эркаклигини билган даврни. Эркак ҳол ба қудат топиб келишни, аёл эса қаноат билан рўзғор тебратишни билган даврларни. Ҳозир у даврлар йўқ. Аёлларимизга сериалларни бериб, уларнинг қўлидан китобни олиб қўйгандекмиз. Уларга китобни бериб, ўзимиз илмни эгалламас эканмиз, бир жойда қимирламай юроврамиз.
Диний билим йўқлигида, ҳуқуқий билим йўқлигида, илм етишмаслигида деб айбдорни қидириб юраверамиз. Китобулаш ҳашарида Жиноят Кодекси ёки Меҳнат Кодексини улашган биронтасини танийсизларми? “Уйда ўзимиз ясаймиз” китоби борми?
Бадиий китобларни бойлар ўқийверсин. Чунки уларга шунақа дам олиш ёқади. Бой эмаслигимизни халқаро рейтинглар айтиб турибди, яна эртакнамо бадиий китоблар ўқиш билан оворамиз, товба. Кимнингдир ҳаёлоти қоғозга туширилган китобларни ўқишдан нима фойда? Қайтараман, бизга илмий китоблар керак.
Бадиий китоблар билан чалғишни ва чалғитишни бас қилайлик. Фан-техника китобларини содда тилда ёзилган вариантларини кўпайтиришимиз керак. Болани ўйлантирсин, бола синаб кўрсин, ихтирочилиги ошсин. Боғчада кубиклардан бир нималар ясашини айтамизу, мактабга келганда ҳақиқий иш қуролларини бермаймиз. Меҳнат дарси ўлди чамамда. Қўлидан бир иш келмаган бола тили билан ишлашни бошлайди.
Муҳандисликка ёки техникага қизиқмаса, ҳуқуқий китоблар бордир? Жуда бўлмаса, диний китоблар улашайлик. Агар бу китоблар оғирлик қилса, енгиллаштириб чиқарейлик. Лекин бадиий китобга муккамиздан кетмайлик. Бу қизларга, аёлларга ёқадиган ишлар. Мамлакатни ривожлантириш учун бадиий китоблардан кўра, илмий китобларга урғу беришимиз керак. Бу аввало, эркакликни бой бермаслик учун ҳам керак. Шунда ёзган ёки гапирган гапларимизда салмоқ бўлади.

%d bloggers like this: