Санжарали Имомов

“Нега нолийверасиз”…

Бу гапни ФБ да ҳам,турмушда ҳам менга кўп дакки қилишади. Бир вақтлар Маданият вазири “Санжарали Оллох сизга ҳар тарафлама бериб қўйган бўлса-ю,нега ношукурлик қилаверасиз”деганди.Кеча қўшним “Санжар хожиака учта бақувват эркакнинг меҳнатини қила олсангиз. Уч қаватли участка қуриб қўйиб,яна ношукурлик қиласиз-а. Оллохнинг қаҳри келишидан қўрқмайсизми?”эмиш.”Унга А.Қаҳҳорнинг “Уй-жой бахт бўлган-да,иссиқ оғилҳонада кавш қайтариб ётадиган, молдан бахтлиси бўлмасди.”дедим.
Қўшним-ку ўқимаган.Лекин туппа-тузук одам деб юрганларинг ҳам шу аҳвол.
Ростдан ношукурманми?
Ҳа…Ношукур эканман…
Ҳатто томоғимдан таом ўтиб турганидан ҳам нолир эканман.Чунки қамоқдаги мусулмон нима еб кун кўраётган,сил касалидан қуруқ устихон бўлган пайтда,томоғимдан лўқ-лўқ таом ўтишидан нолийман, Қанчадан-қанча оила қозонида гўшт қайнамаётганидан, минглаб гўдак оиламга пул топай деб тентираб юришидан нолийман,
Ҳа мен ношукур бандаман…
Комолиддин ,Жаҳонгир, Мўътабар, Ёдгор улар каби минглаб юртнинг асл фарзандлари юртига келолмаётганидан нолийвераман.
Ҳа мен ношукур бандаман…
Уччига чиққан порахўрлашган юрт граждани бўлганимдан нолийвераман.
Ҳа мен ношукур бандаман…
Санайверсам бу каби важларим адоғсиз.
Фаровон яшасам-у,бир тарафга қарасам ғамнок кўзлар,бир тарафда лоқайликдан дийдаси қотган умидсиз,маънисиз чеҳраларни кўравериб қандай ўзимни бахтли ҳис этай?
Ишонинг-ишонманг…Агар-ки…Одамларнинг завқ тўла қувончли кўзларини кўрсам-у,ўзим бировлар эшигида хор-зор юрган бир нотовон ночор бўлганимда эди,ҳеч зорланмас эдим.Нега-ки дарвешлик ижодкорга мансаб.
Кўрябсизми шу ерда ҳам ношукурман…

%d bloggers like this: