Равшан Шамс

Лаби ҳавузга бориш ниятим бор

Икки ё уч яшарлигимда қаттиқ касалликка чалиниб қолганимда, раҳматли онамлар мани кроватда, ўзи ерда ётиб, касалхонада узоооқ даволатган, врачлар онамга «бу болача барибир ўлиб кетади, қийналиб юрманг, олиб кетинг» деганида, қайсидир бир қаландар-дарвиш раҳматли дадамларга, «кўп ғам ема, болага кокил қўй ва бошини Бухорони фалон ерига ниёз қил, зора тирик қолса» деган экан. Дадамлар ҳам кўп қаттиқ ният билан сочимни олдириб, кокил қолдириб, яхши орзулар қилган экан. Тирик қолганман.

Ўша кокилдор узоқ болалигимда маҳаллада тенгқурларим кокилимдан тортиб, масхара қилишар, хўрлигим келарди. Аммо Аллоҳни иродаси, ўтган асрнинг 60-йилларида ўлиб кетади дейилган ўғил гўдак мана ҳануз яшамоқда.

Каттароқ бўлганимда, 3 ё 4-синфдалигимда ёзги таътилда дадамлар Самарқанд, Бухоро ва Хивага саёҳатга олиб боргандилар. Бухородан анчагина наридаги қандайдир зиёратгоҳга борганмиз ҳам. Аммо у қаер эди, қанақа жой, ёдимда йўқ. Хотирамда колгани, эски бир қадимий, чала ярим бузилиб кетган хароба, гумбазли жой эди.

Кейин тушликда Бухоронинг машҳур Лаби ҳавузида тушлик қилаётганимда бир оппоқ соқолли кекса чол манга ҳовуздан бир коса сув келтириб беришни сўраганди, крандан келтирай десам, йўқ, ҳовуздан деганди. Бир коса сувга эса, белидаги рўмолга тугилган нонни ивитиб еганини эслайман.

Саёҳатимиздан сўнг, раҳматли дадамлар ўша чолни эслаб, кўп йиллар давомида «Ўшанда у мўйсафедга пул берсам бўларкан» деб қўярдилар, мен ҳам «Ҳа, пул берсак яхши бўларди» деб ўйлаганман. Ҳозир тушуниб, англаб етяпманки, у мўйсафед пулни олмасди, хафа бўларди.

Буларни эслаётганим шунданки, ҳозир ижтимоий тармоқда кўҳна ва муқаддас Бухоронинг Лаби хавузига яқин ердаги Инсон билан танишмоқдаман. Дўстларнинг кўпайгани яхши, айниқса Бухородан! 

Лаби ҳавузга албатта бориш, у ерда чой ичиш ниятим бор.

Image may contain: tree, sky and outdoor
Image may contain: tree and outdoor

 

LikeShow more reactions

Comment

%d bloggers like this: