СОҲИБҚИРОН ҲАЙКАЛИ ҚОШИДАГИ ЎЙЛАР
Бошқа ҳудудларни билмадиму, лекин пойтахт Тошкентдаги 1992 йилдан бошлаб қурилган-тикланган ё барпо этилган аксар монумент-ёдгорликлар яқинида алоҳида мармартошга УШБУ “Шахсан Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Каримов ғояси(таклифи), ташаббуси билан тикланган)” мазмунидаги таъкид зарҳал ҳарфларда ёзиб қўйилган.
Шу ўринда “Тошкент оқшоми” газетасининг 1992 йил 9 июн сонида “Кўпнинг кенгашига!” рукни остида берилган “БУЮКЛАРГА БУЮКОНА ЭҲТИРОМ ЗАРУР!” мақоласидан иқтибос келтиришга эҳтиёж туғилди.
“…мукаммаллигимизни билмаслигимиз, саллани деса бошни олиб келишга одатланганимиз, қолаверса, Манқуртга айлана бошлаганимиз сабабли минг-минг йиллардан суяк суриб келган, қадимий ота-боболаримиздан қолган меъморий ёдгорликларни, жаҳонга машҳур “Буюк ипак йўли” сарбонлари назарига тушган тарихий жойларни ўйламай –нетмай бир қалам уриш билан ўзгартириб юборавердик. Дангалини айтадиган бўлсак, … Тошкент шаҳри ўз тарихий қиёфаси қадриятларининг топталиши, оёқости қилиниши, ҳатто ҳақоратланишида жаҳон шаҳарлари орасида биринчи ўринда турса керак…
…Тошкент шаҳар Атамалар комиссияси томонидан тавсия қилинган навбатдаги таклифлар ўз тасдиғини топиб, … “Энгельс кўчаси” Улуғ соҳибқирон Амир ТЕМУР номи билан юритиладиган бўлди. Демак, яна бир ҳақиқат тикланди.
Маълумки, Амир Темур кўчаси ҳозирда “Марказий хиёбон” деб номланаётган собиқ “Октябрь инқилоби хиёбони”дан бошланади. Шу муносабат билан айрим таклифларни баён қилишга ўзимизни бурчли, деб билдик:
“Марказий хиёбон”да Карл Маркснинг машъала ёқиладиган идишга ўхшаш тагсупага ўрнатилган ҳайкали (боши) қўйилган. Бу ҳайкал (агар уни шундай аташ мумкин бўлса!) шу қадар дидсизона ишланган “санъат асари”ки, у қадим-қадимдан ўз буюк бадиий нафосатига эга бўлган халқимизнинг иззат-нафсига мос тушмайди. Уни қанчалик тез олиб ташланса, шунчалик мақсадга мувофиқдир. Ана шу ҳайкал ўрнига Улуғ соҳибқирон Амир ТЕМУР ҳайкалини ўрнатишни таклиф этамиз. Шу ният амалга ошса, Тошкентимиз Марказий хиёбонида буюк ватандошимизнинг от устида салобат, виқор ва мағрур турган ҳолати шаҳримиз кўркига кўрк қўшиб, ҳалқимиз ғурури, ифтихорини кўз-кўз қилиши табиий.” (“Тошкент оқшоми” газетасининг 1992 йил 9 июн сони, муаллифлар: Малик МУРОДОВ, Филология фанлари доктори, профессор, “Амир Темур ўтган йўллар” экспедицияси раҳбари, Тошкент шаҳар Кенгашининг депутати; Дилмурод Саидов, Тошкент шаҳар Ҳокими ижроия маҳкамаси Атамалар комиссиясининг масъул котиби.)
Айнан шундай сарлавҳадаги мақолани ўша йили “Халқ сўзи” газетасида ҳам доцент Муҳсин Зокиров билан ҳаммуаллифликда эълон қилгандим. Муҳсин Зокиров ҳаммуаллифлигида ёзилган мақолада ҳайкал тиклаш билан бир қаторда ўша ҳудуддаги метро бекати ва Марказий хиёбонга ҳам соҳибқирон Амир Темур номи берилишини киритганмиз. Бу таклифлар ҳар икки олим билан ўзаро келишувим асосида мен томонимдан мақола қилиниб, тайёрланганди. Бунинг учун “Шаҳар Ҳокимлиги номидан ҳокимлик раҳбарияти розилигисиз таклиф киритганим”га ҳам Министрлар Советидаги, ҳам ҳокимликдаги “куратор”лардан оғзаки огоҳлантириш олгандим. Чунки ҳайкал борасидаги Қарорни шаҳар эмас, фақат “КабМин” чиқариши мумкинлиги ва бу уларнинг ЛИНИЯСИ экани, бунга аралашув менинг ваколатимга кирмаслиги алоҳида таъкидланганди…
Хулоса ўрнида айтганда, биз кўтарган масала- Улуғ соҳибқирон Амир ТЕМУР ҳайкалини ўрнатиш, ўша ҳудуддаги метро бекати ва Марказий хиёбонга ҳам соҳибқирон Амир Темур номи берилиши таклифлари кўп ўтмай “Темурийлар даври музейи”ни ҳам барпо этиш лойиҳаси киритилиб, “Шахсан Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Каримов ғояси(таклифи), ташаббуси билан” амалга оширилди… Шунисига ҳам шукр!
Дилмурод САЙЙИД,
мустақил ижодкор.

Filed under: 1.BOSH SAHIFA |