Муҳаммад Исмоил

Бир қишлоқда бир йигит бор экан. У номи чиқиб машҳур бўлишни, одамлар у ҳақида гапириб юришларини орзу қилар экан. У ишни қилибди, бу ишни қилибди, лекин барибир номи чиқмабди. Охири ўйлаб ўйлаб, қишлоқ ўртасидаги ҳамма сув ичадиган ҳовузга бориб туфлабди. Қишлоқда шов шув кўтарилиб кетибди. Ҳамма у ҳақида гапира бошлабди. Кимдир лаънатлабди, кимдир қарғабди, кимдир билмасдан қилгандир дея тарафини олибди.
Кейинги пайтларда ФБда ҳам мана шундай обрў қозонишни, шов шув кўтаришни истайдиганлар, миллатимиз, динимиз, ор-номусимизга тупурадиганлар ва ўзига гап сотиб олишни истайдиганлар кўпайиб қолди. Бу яхши ҳолат эмас. Катта олимнинг ёқасидан олсам кейин мени ҳамма танийдиган бўлади, қабилида иш тутувчилар бор. Миллатни менсимасам, миллатдан ўзимни юқори олсам мени доно деб ўйлашади дегувчилар бор. Президентни сўксам, шаҳар хокимини ошкора сўксам ҳамма менга қойил қолади дегувчилар бор. Сўкиш – жоҳилликдан далолатдир. Олим бўлсанг, Президентга ҳам, шаҳар хокимига ҳам ётиғи билан айт. Агар ҳақиқатдан ҳам билимдон бўлсанг, марҳамат майдон кенг, ФБ га миллион варақ илмли сўзлардан ёз, биз қойил қолайлик ва сени энг катта уламо сифатида тан олайлик. Кўз ўнгимизда миллатимиз маърифати ривожланганига гувоҳ бўлайлик. Аммо, қани ўша илм? Қани ўша донолик? Биз негадир кўрмаяпмиз. Шахсан мен яхши илмга, яхши сўзга муҳтожман. Аммо ФБда яхши сўз ҳам, яхши илм ҳам тобора камайиб бораяпти. Яхши сўзимиз бўлмаса, илмимиз бўлмаса миллат сув ичадиган ҳовузга тупурмаганимиз маъқул. Чунки, Термизий бобо келтирган ҳадисда шундай дейилган: “Мусулмон одам ахлоқсиз, бировларни лаънатловчи ва ифлос сўзларни айтиб юрувчи бўлмайди”. Ҳеч бўлмаганда оддийгина мусулмон бандаси бўлиб юрайлик. Шунинг ўзи катта бахт. Шундай эмасми? Ҳовузчи, ҳовуз нима бўлибди дейсизми, кейин одамлар ҳовуздан ирганадиган бўлишибди. Эҳтиёт бўлайлик, баъзиларнинг касофати туфайли одамлар исломдан қочадиган бўлишмасин, азизлар.

Муҳаммад Исмоил

Image may contain: 1 person, outdoor