Ўзбек журналистикасининг бугуни

Рўзибой Қўлдошев: Бир йигит «Медиа марказ»нинг баланд темир панжарасидан ошиб ўтиб, студияга кириб келди

«Маҳалла» телеканали орқали намойиш этила бошлаган шу номдаги кўрсатув бор-йўғи тўрт мартагина жонли эфирга узатилди. Кейин-чи?

«Жонли эфир бекор қилинди»

Шу йилнинг 14 февралида телестудияда тўғридан-тўғри олиб бориладиган кўрсатув ҳеч қандай огоҳлантиришсиз, изоҳсиз олиб ташланди. Таклиф этилган экспертлар, мутахассислар, оддий томошабинлар олдида мулзам бўлганимиз етмаганидек, уларнинг «Тинчликми, нега энди, мулоқот бўлмайдими?» деган саволларига жўялироқ жавоб беролмадик.

Очиғини айтсам, салкам ўттиз беш йилдан бери шу тизимда баҳоли қудрат ишлаб, бунақа кўнгилсиз ҳолатларга кўникиб қолганман. Тўғри, авваллариям шунга ўхшаш воқеалар бўлиб турарди. Томдан тараша тушгандек, «жонли эфир бекор қилинди» деган совуқ хабар тарқалгач, бунинг сабабини «Маҳалла» телеканали директоридан сўрадим. Унинг айтишича, бу «топшириқ» Ўзбекистон телерадиокомпанияси раисининг биринчи ўринбосари томонидан берилибди. Ҳар ҳафтанинг пайшанба кунлари намойиш қилинаётган кўрсатувнинг дабдурустдан тўхтатилиши кўпчиликни ҳайрон қолдирди. Барибир калаванинг учи топилмади. Кейин турли туман шов-шув, миш-мишлар бошланди. Хуллас, ушбу кўнгилсиз ҳолатга мен бир журналист, қолаверса, муаллиф сифатида изоҳ бериш билан бирга, ўзимни қийнаётган оғриқли саволларга жавоб топишим керак-ку!

«Юқори»дан ишора…

Ўйлаб қолдим. Аввалига ўзимни «тафтиш» қилиб кўрай-чи: хўш, журналист, бошловчи сифатида қаерда хато қилдим, жиддийроқ мавзуни кўтариб, шу вақтгача одамлар билан юзма-юз мулоқот қилишдан қочиб, пусиб юрганларнинг жиғига тегиб қўйдимми? Умуман, ана шундай «кутилмаган қарор» қабул қилинишига нима туртки бўлди ўзи?

Аввало, бугун дунё бўғзигача ахборотга ботган замонда яшаётганимизни унутмайлик. Шундай экан, бу оқимдан ҳеч қандай куч, ҳеч кимни четда яшашга мажбур эта олмайди. Бугун узоқ тоғ ёки чўл яйловларидаги чўпон ҳам дунёнинг қайси бурчагида қанақанги муҳим хабар ва янгилик бўлаётганидан ўша лаҳзада воқиф бўлади. Шундай бўлгач, бугун ёлғон билан одамларни алдаб бўлмайди. Энди Жаҳон ОАВлари ва ижтимоий тармоқлар зудлик билан тарқатишга шошилаётган хабарни ўз халқидан яширмоқчи бўлган мусъул мулозим ҳам чучварани хом санайди. Одамлар нодон ёки ахмоқ эмас. Журналистни  малакасизликда айбламоқчи бўлган айрим жаноблар ҳам Президентимиз қайта-қайта таъкидлаётганидек, энди ўзларини ўзгартиришлари шарт.

Журналистнинг малакаси етарли эмас эмиш. Ҳолбуки, унга тўсиқ бўлиб, «ишдан ҳайдайман, жазолайман, сиёсатга қарши фикрлар айтдинг», дея журналистни малакасизликда айблаётган мулозимлар ўзларини тийишлари керакка ўхшайди. Журналист  бугун мамлакат Президенти қўяётган адолатни таъминлашга, халқнинг дардларига малҳам бўлишга, суд-ҳуқуқ идораларининг остонасида  адолат ва қонунийликни талаб қилаётган фуқароларнинг қонуний манфаатлари  таъминланишига кўмаклашмоқда, холос.

Журналист олаётган маоши ва қалам ҳақи турмушига етмаса ҳам, фарзандлари ночор кийиниб юрса ҳам, ҳеч кимдан нолигани йўқ. Аксинча, бугунги ислоҳотларга кўз тикиб, уни тезроқ амалга ошиши йўлида фидойилик кўрсатяпти.

Мамлакат тараққиётига зимдан тўсиқ бўлаётган ва халқимизнинг нонини туя қилаётганларнинг башарасини очмоқчи. Бу хилдага ёндашув коррупцион кучларга ёқмаслиги аниқ. Шу боис улар газеталар, теле ва радиоканаллардаги адолат ва ҳақиқатни ошкор қиладиган мақола ва кўрсатувларни ич-ичидан ёмон кўради. Ошкора ва танқидий фикрларни уларнинг жини суймайди-да.

«Маҳалла» телеканалининг «Халқ билан мулоқот» кўрсатуви ҳам ана шундай мулозимларнинг қаҳр, ғазабига учради. Шунинг учун ҳам ким томонидан, нима учун мақола, эшиттириш, кўрсатув олиб ташлангани очиқ айтилмайди. Фақат ҳеч кимнинг номи айтилмайдиган ва алмисоқдан қолган «юқоридан» дея ишора қилинади, холос. Аслида «юқори»дан ҳеч ким, ҳеч нарса демаган.

Ислоҳотларга қаршилик

Мамлакат Президенти қайта-қайта «Биз оғир йўлни танладик. Лекин бу йўлдан орқага қайтмоқнинг иложи йўқ. Халқимизнинг фаровон ҳаёти йўлидаги ғовларга қарши аёвсиз курашамиз, халқимизни рози қилишимиз керак, халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа қилиши керак», дейишлари бир тўда кучларга ёқмаяпти. Улар қайси йўллар билан бўлса-да, Президентнинг халқпарвар, адолатпарвар ислоҳотларига зимдан, тиш-тирноғлари билан қаршилик кўрсатмоқдалар. Яна ёлғон ваъдалар, бажарилмаган ишларни бажардик, дея хаспўшлашга уриншлар давом этмоқда. Озгина ҳақиқат айтилса бас, дарров унинг туйнугини ёпишга уринадилар. Йўқ жойдан айб қидириб, керак бўлса, уюштириб адолатни айтмоқчи бўлган журналистни, муҳарририятга мурожаат қилган фуқарони бадном қилиш йўллари изланади.

Ҳалиям қўрқиб-пусиб, энди-энди рост сўзни гапирмоқчи бўлаётган журналистларга «тепа»да мулозимлар борлиги ва улар осонликча жон бермасликлари ҳам бор гап. Ҳолбуки, энди жон сақлашнинг бу хилдаги куҳна усули қариди.

«Медиа марказ»даги ҳодиса

«Халқ билан мулоқот» кўрсатувининг тиббиётдаги ислоҳотлар ва муаммоларга бағишланган махсус сонида бир йигит «Медиа марказ»нинг баланд темир панжарасидан ошиб ўтибди. Кўрсатув олиб борилаётган студияга кириб келди. Қиёфасидан кимлардандир норозироқ эканлиги аён эди. Четдаги ўриндиқлардан бирига ўтириб сўз сўради. Биз навбати етганда унга ҳам сўз беришни, мабодо, вақт етмай қолгудек бўлса, кўрсатув ниҳоясида мутасаддилар унинг мурожаатини тинглашига  имкон яратилишини айтдик. Лекин мавзу кенглиги, томошабинлар ва қатнашчиларнинг савол, мурожаатлари кўплги учун у йигитга сўз бера олмадик. Аммо кўрсатувдан сўнг соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасаддилари уни қабул қилиб, мурожаатини тинглади.

Асосий ваҳима шундан кейин бошланди. «Бу одам қандай баланд темир панжарадан ошиб ўтган? Нима учун айнан шу кўрсатувда қатнашмоқчи? У кўрсатув муаллифи Рўзибой Қўлдошевни ва бошқа журналистларни танир эмиш? Қўлида пичоқ олиб юрадиган одам қандай қилиб бу ерга келиб қолди?» каби саволлар болалаб кетди.

Биринчидан, бу одам қуш қийналиб ўтадиган баланд панжарадан қандай қилиб ошиб тушишига ойдинлик киритайлик. Чунки, телерадиокомпания ҳудудини юзга яқин қўриқлаш идораси ходимлари кечаю кундуз назорат қилади. Иккинчидан, ҳудуд атрофини доимий назорат қилиб турадиган камералар ва уларни кузатиб борадиган режим хизмати ходимлари бор. Учинчидан, фуқаролар йиллар давомида суд-ҳуқуқ идоралари ходимларидан кутмаган адолатни оммавий ахборот воситалири ходимларидан излаб келаётган бўлса, журналистнинг нима айби бор? Тўртинчидан, бугунги яратилган имкониятдан озроқ фойдаланиб, кўрсатувлари орқали ошкора фикрларни озми-кўпми айтаётган журналист Рўзибой Қўлдошевни томошабинларнинг таниши кимлардадир шубҳа-гумонлар уйғотса, унинг учун тирноқ остидан кир қидириш керакми? Агар озроқ сукут сақласак, панжарадан ошиб тушган фуқарога журналистлар нарвон қўйиб берган дейишдан ҳам қайтмайдилар.

Қолаверса, «Халқ билан мулоқот» кўрсатувининг охиргиси — суд-ҳуқуқ идоралари вакиллари иштирок этган сонида томошабинлар ва адвокатлар суд, прокуратура идоралари ходимлари фаолиятига жиддий, ошкора ва танқидий фикрлар билдирдилар. Тўғри, айрим иштирокчилар бир оз қаттиқроқ ва баланд овозда суд-ҳуқуқ идораларидан норози эканликларини баралла айтдилар. Уларга қарши иккинчи томон вакиллари, яъни судялар, прокуратура ходимларига ҳам ўзларининг қарши фикрларини айтиш имконияти яратилди.

Шундай бўлсада, ушбу кўрсатувни муддатидан беш дақиқа олдин тўхтатишди. Ҳолбуки, фикрлаш ва керакли пайтда қайсидир соҳадаги камчиликни танқид қилиб, у тизимдаги муаммоларни тузатиш йўлидаги ҳаракатлар жиноят эмас. Фикр айтиш ҳар бир фуқаронинг конституциявий ҳуқуқидир.

Журналистнинг попугини пасайтириш ҳаракати

Кўрсатувда айтилган танқидий фикрлар эса маълум тизимдаги камчиликларни тузатишга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Қолаверса, бугун мамлакатимизнинг суд-ҳуқуқ тизимидаги оғриқли ва аянчли воқа-ҳодисалар борасида турли хорижий ОАВ ва ижтимоий тармоқларда бонг урилаётган бир пайтда, ҳатто суд ва прокуратуранинг бир неча ходимлари устидан жиноий иш очилгани, қонунийликни назорат қилиши, инсон ҳуқуқларини ҳимоя этиши лозим бўлган бу тизимда жиддий камчиликлар борлиги ошкор қилинаётган бўлса-да,  бизнинг давлат оммавий ахборот воситалари ҳеч нима бўлмагандек мум тишлаб ўтирибди.

Бугун мамлакат Президентининг  адолат, ҳақиқатни қарор топтиришга бош-қош бўлаётгани боис  турли соҳалардаги ислоҳотларнинг бажарилишидаги тўсиқларни қийинчилик билан бўлсада, уни рўйи рост айтаётган журналистлар ҳам бор. Аммо бу жараённи хушламаётганлар дарҳол журналистни малакаси етишмасликда, этикасизликда айблашга уринмоқдалар. Дарҳол оғриқли тизимни танқид остига олган журналист балога қолади. Йўқ жойдан унинг бошига турли туҳмат тошлари отиш йўллари изланади.

Ёки журналист этикаси ҳақида  қонун қабул қилиб, журналистнинг попугини пасайтириш ҳаракатига тушадилар. Ваҳоланки, журналист этикани эмас, коррупционер амалдорнинг тинчини бузди.

Журналистнинг қайсидир амалдорнинг ноқонуний фаолиятини оммага ошкор қилиши этикани бузиш эмас, адолатни қарор топишидаги дадил қадамидир. Бугун ижтимоий тармоқларда этикани бузган, фуқароларни ҳақоратлаб, калтаклаётган амалдорларнинг қўполлиги, ҳақоратомуз ҳаракатлари кўпайганлиги оддий ҳолга айланганлиги такрор ва такрор айтилмоқда. Шундай бўлгач, журналист этикаси борасида эмас, амалдорларнинг этикаси борасида қонун қабул қилиш фурсати етганлиги ҳақида бонг уриш фурсати етди, деб ўйлайман.

Кези келганда айтай, Ўзбеистонда малакали журналистлар жуда кўп. Фақат уларга халақит бермайдиган, газеталар ва телеканаллар фаолиятига аралшамайдиган мард ва ватанпарвар мулозимлар керак. Мен ватанпарвар сўзига алоҳида эътибор қаратяпман. Чунки, бугунги синовли дамларда мамлакатни ватанпарвар ва фидойи раҳбарларгина  нурли манзилларга олиб бора олади. Улар вазиятни ўз пайтида оммага ошкор ва рўйи рост айта оладилар. Вазиятдан чиқиш йўлларини излайдилар. Ўшанда  халқимизга ўзи хоҳлаётган жамиятда яшаш бахти насиб этади. Ана ўшанда миллионлаб томошабин кутаётган «Халқ билан мулоқот» кўрсатувига ўхшаш дастурлар огоҳлантиршисиз эфирдан олиб ташланмайди. Миллионлаб томошабинларга  ҳурматсизлик қилинмайди.

Журналистлар ўртасида аҳиллик йўқ

Шу ўринда яна бир оғриқли муаммони айтишим керак. Журналистларимиз ўртасида бирлик, ҳамжиҳатлик, аҳиллик йўқлигининг исботини кўравериб, ҳафсаламиз пир бўлади доим. Масалан, телевидениеда худди бизнинг кўрсатувимиз билан боғлиқ кўнгилсиз воқеаларга ўхшаш ҳолатлар бошқа ОАВларда содир бўлмаяптими? Асоссиз равишда  мақолалар, эшиттириш ёки кўрсатувлар олиб ташланса, қачонгача ҳаммамиз томошабин бўлиб ўтирамиз? Қани охири қандай тугаркин, ҳамкасбимизнинг ҳоли не кечаркин, дейдиганлар орамизда, афсуски, кам эмас-да.

Ана шундай вазиятда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ўз ваколатидан келиб чиқиб, юзага келган муаммога аралашиши вақти келмадими? Кўряпмиз-ку, бошқа ўлкаларда, журналистлар иттифоқи ёки уюшмаси ҳар қандай ҳолатда (баҳсли, мунозарали муаммо туғилгудек бўлса) ОАВ вакиллари иштирокида матбуот конференциялари ташкил этади. Бизда эса акси… туппа-тузук чиқиб турган газета-журнал чиқмай қоладими, ёпилиб кетадими, бирор журналист ноҳақ айбланадими, барибир, шу пайтгача ҳеч ким миқ этгани йўқ… Демак, бу борада ҳам ислоҳотлар ўтказиш фурсати етиб келди.

«Халқ билан мулоқот»нинг тақдири нима бўлади?

«Халқ билан мулоқот» кўрсатувининг тақдири нима билан тугади, дейсизми? Ҳозирча аввал студияда ёзиб олиниб, обдон монтаж қилинганидан кейингина эфир юзини кўрмоқда. Тасаввур қилинг, бугун дунё телеканаллари ўз маҳсулотларининг 80-90 фоизини жонли тарзда намойиш этаётир. Боиси, бунинг қатор афзал жиҳатлари бор. Аввало, жонли кўрсатувда томошабин студия билан тўғридан тўғри боғланиб, савол, таклиф айтиш унга ўша вақтнинг ўзида жавоб олиш имконига эга бўлади. Иккинчидан, кўрсатувни олдиндан ёзиб олишга кетадиган сарф-харажатлар кескин камаяди. Масалан, бизда оддий студияни тайёрлаш учун ҳар соатига 145680 сўм, тасвирга олишнинг ҳар бир соатига эса (битта кўрсатув камида 5 соат ёзилади) 177752 сўм сарфланади. Ҳали бунга ташқарида тасвирга олиш ишлари, камера ва ниҳоят монтаж учун ажратиладиган харажатларни қўшсак, эҳ-е, қанча маблағ ишлатилади? Энди ўйланг, бу жараёнда ким ютяптию, ким ютқазяпти?

Шунча сарф-харажатларнинг олдини олишнинг бирдан бир йўли жонли кўрсатувларни кўпайтиришдир. Бунинг устига МТРКнинг бугунги иқтисодий аҳволи инқироз ёқасида эканлигини ҳам унутмаслик керак!

Президент қарорининг ижроси нима учун таъминланмаяпти?

Боз устига Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 августдаги «Маданият ва санъат ташкилотлари, ижодий уюшмалар ва оммавий ахборот воситалари фаолиятини янада ривожлантириш, соҳа ходимлари меҳнатини рағбатлантириш бўйича қўшимча шароитлар яратиш чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинганига икки йилга яқин вақт ўтаётган бўлса-да, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясида унинг ижроси таъминланмади. Қарорда «Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, телевидение ва радио каналлари орқали бериладиган материаллар учун ҳақ тўлашнинг энг кам ставкалари – 3 иловага мувофиқ белгилансин ва 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб амалга киритилсин», дейилган бўлишига қарамай, ҳалигача телерадокомпанияда Президент Қарорининг ижроси эътиборсиз қолдирилмоқда. Ҳалигача Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси раисининг 2013 йил қабул қилинган 118-буруғи бўйича ижодий ходимларга қалам ҳақи тўланяпти. Ҳолбуки, телерадиоижодкорлар бугун ойлик маош ва қалам ҳақини энг кам оладиган, моддий жиҳатдан бечора қатламга айланиб улгурди. Бир йилу уч ойдан буён оширилган қалам ҳақини ололмай юрган ижодкорлар уни кимнинг ҳисобидан ундиради, Президент қарорининг ижроси нима учун таъминланмаяпи? Бу каби саволларга кўп минг сонли телерадио ижодкорлари ҳуқуқни ҳимоя қилиш идоралари ходимларининг адолатли хулосаларига умид қилиб яшамоқдалар.

Яна бир воқеа: телерадио ходимлари  йиллар давомида байрамлар муносабати билан бериладиган байрам пулларидан мосуво қилинган эди. Яқин орада озгина бўлсада, байрам пули берилиши йўлга қўйилганидан дўппимизни осмонга отган эдик. Тилаб олган боламни эчки тепиб ўлдирди, деганларидек бу йилги Наврўз байрамида яна пулсиз қолирилдик. Эшитишимизга қараганда, айни дамларда Миллий телерадиокомпаниянинг 20 миллиард сўм қарзи бор экан.

Хуллас, бу ҳали ҳаммаси эмас, хамир учидан патир, холос. Қолаверса, сўз эркинлигини таъминлаш, адолатни қарор топтиришда қонунийлик, холисликнинг ўрни  муҳимдир. Ана ўшанда халқимиз ҳар хил миш-мишларни хорижий оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар орқали эмас, ўзимизнинг матбуот ва телеканаллар орқали билиш имконига эга бўладилар. Ана ўшанда ҳақитқатни айтган журналист малакаси етишмаслик ва этикаси йўқлиги каби ноўрин айблов ва туҳматлардан  қутилади, деб ўйлайман.

Рўзибой Қўлдошев, тележурналист (Xabar.uz)