Самандар Қўқонов Олий суд раисидан ИСТЕЪФО ТАЛАБ ҚИЛМОҚДА 

Диктатор Каримов буюртмаси бўйича қўзғатилган жиноят иши

Икки йилдан буён “отписка” жавоблардан зада бўлган Самандар Қўқонов Ўзбекстон судлари сиёсий маҳбуслар ишини кўришга тайёр эмас деб ҳисоблайди ва президент Шавкат Мирзиёевдан конституцион ҳуқуқларини поймол этган  судьяларни жавобгарликга тортиш ҳамда Олий суд раиси К.Комиловнинг истеъфосини талаб қилди.

Шахсан Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевга 

Олий суднинг 23.08.1994 йилдаги, ЖИБТошкент вилоят судининг 02.03.1995 йилдаги ҳукмлари билан 20 йил озодликдан маҳрум этилиб, 24 йилдан сўнг озодликга  чиқарилган, Тошкент шаҳар, Олмазор тумани, Нозимахоним 7 – тор кўчаси, 47 – уйда яшовчи,  10.04.1945 йилда туғилган, Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши депутати Қўқонов Самандар Умаровичдан

Т А К Р О Р И Й  О Ч И Қ  М У Р О Ж А А Т 

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 2, 13, 15, 16, 18, 19, 22, 24, 25, 26, 27, 43, 44, 67, 931, 112., Жиноят процессуал кодексининг 1, 2, 11, 14, 17, 18, 23, 33, 83, 226, 227, 228, 230, 231, 242, 244, 245-моддалари талаблари асосида.

Ўзбекистон Республикаси Олий судига топширган назорат тартибидаги шикоятимга Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси ўринбосари Н.Акбаровдан: –  2017 йил 14 ноябрдаги № 260438-s/17 – сонли мурожаатингизда асоссиз судланганлигингиз  ҳақида важлар келтириб, ишни адолатли кўриб чиқишни сўрагансиз. Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 498, 510-моддаларига мувофиқ, аппеляция ёки кассация тартибида кўриб чиқилган ишлар бўйича чиқарилган ҳукм ва ажрим устидан маҳкум, унинг ҳимоячиси, қонуний вакили, шунингдек жабрланувчи, унинг вакили назорат тартибида шикоят бериши мумкин. Шу боис, суд қарорларидан норози бўлсангиз Олий судга назорат тартибида шикоят қилиш ҳуқуқига эга эканлигингиз тушунтирилади., деган мавҳум жавоб олдим. Мавҳум деганим сабаби, чунки, ушбу шикоятни ўзим имзолаб, Олий суд қабулхонасига шахсан ўзим топширганман. Кўп ўтмай, Олий суд ушбу назорат тартибидаги шикоятимни 202 варақлик иловалари билан почта орқали қайтариб юборди.

Бу ишлардан бироз ҳайрон қолсамда, орадан 24 йил ўтгани, олдин на аппеляция, на кассация тартибида шикоят берилмаганлигини инобатга олган ҳолда Олий судга 2018 йил 10 апрел куни Кассация тартибида шикоят топширдим. Олий суднинг мурожаатлар билан ишлаш бошқармаси бошлиғи в.б М.Набиевнинг 2018 йил 10 майдаги №13-9497-17-сонли жавобига кўра: –  ушбу шикоятим кассация тартибида кўриб чиқиш учун Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят судига юборилган.

Тошкент вилоят суди раиси Д.Таджибоев қабулида бўлганимда: –  ишни ўрганиб вилоятга тегишли қисми бўйича жиноят таркиби йўқлиги маълум бўлди. Энди, судлов ҳайъати ўз хулосасини билдиради., деганди. Лекин, орадан уч ой ўтгач, айни шу суд раиси: –  бу ишни биз кўраолмас эканмиз., Олий судга мурожаат этинг., деди.

Д.Таджибоевнинг тавсиясига асосан, 2018 йил 16 июлда Олий судга қайта топширган кассация шикоятимга Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси ўринбосари В.Назаровнинг 2018 йил 16 августдаги № 24724/18-сонли расмий  жавобида Н.Акбаровнинг тавсияларини айнан такрорлаб: – ЖПКнинг 510-моддасига асосан., Олий судга назорат тартибида шикоят қилиш., тушунтирилган.  Шундан сўнг кўп ўтмай, ЖИБ Тошкент вилоят суди раиси Д.Таджибоевнинг 24.08.2018 йилдаги: – амалдаги меъёрий ҳужжатлар асосида Сизга оид жиноят иши муддати ўтганлиги ва жиноят иши вилоят архиви ходимлари томонидан 2017 йил 06 апрель куни йўқ қилинганлиги ҳамда бу ишни қайта тиклаш имконияти бўлмаганлиги сабабли шикоятингизни кассация тартибида расмийлаштириш ва кассация тартибида кўриш имконияти йўқ., дейилган расмий жавобни ўқиб яна ҳайрон бўлдим. Чунки, айнан шу судья май ойида:  – ишни ўрганиб чиқдик., деганида мавжуд бўлган жиноят иши ундан олдин 06 апрелда қандай йўқ қилиниши мумкин?!

Жиноят ишини қонунга хилоф тарзда йўқ қилган шахсларга қонуний чора кўриш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президенти Веб сайтига 2018 йил 12 сентябрда юборилган ишончли вакилим Х.Р.Асқаровнинг мурожаатига ЖИБ Тошкент вилоят суди раиси Д.Таджибоевнинг 20.09.2018 йилдаги № 1-1209-18-сонли расмий жавобида: – Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг 21.01.2013 йилдаги 3-сонли Фармойишига илова қилинган рўйхат асосида ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон – тарож қилиш жиноят ишларини сақлаш муддати 12 йил бўлганлиги сабабли С.Қўқоновга оид жиноят иши (орадан 22 йил ўтганидан сўнг) Тошкент вилоят Давлат архиви томонидан 2017 йил 06 апрелдаги Тошкент вилояти архив иши бошқармаси эксперт текширув комиссияси томонидан 5-сонли баённомага асосан қайта ишлов берилиб, йўқ қилинганлиги боис, ҳозирда ушбу жиноят ишини қайта тиклаш имконияти йўқлиги маълум қилинади., дейилган. Ушбу жавобдаги йўқ этилишидан жиноят ишига қандай “қайта ишлов.,” берилганига ҳам тушунмадим?!

Ҳолбуки, Ўзбекистон Республикасининг 15.06.2010 йилдаги  № ЎРҚ-252 сонли “Архив иши тўғрисидаги” қонунининг 24-моддасида: – фуқаролик ҳолати далолатномалари ёзувлари, нотариал ҳаракат ёзувлари, шахсий таркиб бўйича ҳужжатлар, суд ишлари ва хўжалик китоблари идоравий архивларда етмиш беш йил мобайнида сақланиши лозим., дейилган.

Ушбу ҳолатда Тошкент вилояти архив иши бошқармаси “Архив иши тўғрисидаги” қонунга  асосан суд иши ҳужжатларини 75 йил сақланмаганлиги, агар қонун ости акти бўлмиш Олий суд раиси Фармойишига амал қилсалар 12 йилдан сўнг йўқ қилмасдан, орадан 22 йил ўтиб мен 2016 йил 24 ноябрь куни қамоқддан озод этилганимдан сўнг йўқ этганликларига қонуний изоҳ берилиши лозим!

Гўё, жиноят иши йўқотилганидан бехабардек, Олий суднинг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси ўринбосари В.Назаровнинг 2018 йил ноябрдаги № 13-9497-17-сонли расмий  жавобида яна:  – ЖПКнинг 501 – моддасига мувофиқ маҳкум, унинг ҳимоячиси ва қонуний вакили аппеляция ёки кассация тартибида кўрилган иш бўйича чиқарилган ҳукм ва ажрим устидан назорат тартибида шикоят бериши мумкин. Аниқланишича, ЖИБ Олий суд судлов ҳайъатининг 1994 йил 23 августдаги ҳукми устидан аппеляция ёки кассация тартибида шикоят келтирилмаган. Шу сабали мазкур ҳукмдан норози бўлсангиз  Олий судга кассация тартибида шикоят келтиришингиз мумкин., деб айнан такрорлаган?! Фақат назорат термини кассацияга алмашган холос?! Ҳолбуки, ўшанда айни шу Олий суд судьяси Н.Акбаров 2017 йил 02 октябрда топширган назорат тартибидаги шикоятимни почта орқали қайтариб юборганига ҳам бир йилдан ошган эди…

Бундан ташқари, Олий Мажлис Сенатига юборган шикоятимга, шу йилднинг 18 февраль санасида Олий суднинг яна бир ўринбосари Й.Муслимов имзоси билан:  – Кассация тартибида мурожаат этишим мумкинлиги., тавсия этилган яна бир жавобни олгач, бугунги Олий суд мен қамалган 27 йил олдинги даврдагидан ҳам баттар ботқоққа ботганига амин бўлдим!

Ушбу “отписка”жавоблар, жиноят ишининг йўқ этилиши амалдаги Олий суд БМТэътироф этган мен каби сиёсий маҳбуслар иши муҳокамасига мутлақа тайёр эмаслигини кўрсатмоқда.

Шу ўринда, айблов хулосаси, суд ҳукмларида қайд этилмаган қўлга олиниш, дастлабки тергов, ҳибсда сақлаш, суд жараёнлари ва 24 йил қамоқда бўлган пайтимда бузулган конституцон ҳуқуқларимга Ўзбекистон Республикаси Конситуцияси ҳамда Айбсизлик презумпцияси талаблари асосида холис баҳо берилиши лозим. Улардан айримлари:

  1. Мен 1989 йилда 117- Эски Тошкент сайлов округидан сайланган Олий Мажлис Кенгаши депутати сифатида фаолият кўрсатаётган даврда партбилаетдан воз кечганим учун Ўз.КПСС МК биринчи котиби И.Каримовнинг оғзаки топшириғи билан 14.03.1991 йилда жиноят иши қўзғатилиб ишдан бўшатилдим. Мазкур иш Олий Мажлисда кўрилиб кўпчилик овоз билан ишга тикланганимдан сўнг ҳам таъзийқлар муттасил давом этди. Ўша пайтда Президентнинг Давлат маслаҳатчиси бўлган Жаҳонгир Маматовга И.Каримов: – Қўқоновни қўллаш эмас, унинг ортидан одамлар эргашиб бизга қарши бўлмаслиги учун уни бутунлай йўқ қилиш керак., дегани унинг “Каримовнинг кирдикорлари” номли асарида баён этилган. Айни кунларда Ж.Маматов менга қўнғироқ қилиб мазкур ҳолат бўйича гувоҳлик кўргазмаси беришга тайёрлигини маълум қилди.;
  1. Конституциянинг 25-моддасига хилоф тарзда Абдусамат Абдуразақов, Обид Ҳамроевлар 1993 йил 02 июль куни уйимда санкциясиз тинтув ўтказиб, холислар иштирокида баённома тузмасдан менинг, оила аъзоларимга қарашли жуда катта миқдордаги пулллар ва қимматбаҳо шахсий рўзғор буюмларини олиб кетдилар. Бир МХХ ходими: – 6 та набираси бор экан, шахсий буюмларига тегманглар., деганида. А.Абдуразақов: – не твои дело., деб сўкиниб, гўдакларнинг иштон- кўйлагигагача юк машиналарига ортиб олиб кетиб талон – тарож этилган бўлсада, бу мол-мулклар на тергов, на Олий суд ҳукмида қайд этилмаган. Суд жараёнида талаб қилишимизга қарамасдан Олий суд судьялари А.Сарабеков, Ю.Турсунбоев, М.Холмонов, Бош прокурор ўринбосари в/б Б.Пўлатовлар ушбу ошкора талончиликни била туриб кўз юмдилар. Қонун ниқобидаги бу талончилар ҳануз жазолангани йўқ.;
  1. Депутатлик дахлсизлигим Олий Мажлисда ҳал этилмасдан, на прокурор, на суд томонидан айб эълон этилмасдан, Ислом Каримовнинг оғзаки топшириғи билан 1993 йил 02 июл куни санкциясиз ҳибсга олишиб, МХХ ертўласининг бир кишилик камерасида1 йилу 3 ой сақлашди. Олдимга на врач, на адвокат, на оила аъзоларимни киритмасдан, ёзган шикоятларимни юборишмади.;
  1. Айбсизлик презумпцияси ва Матбуот қонунига хилоф тарзда мен МХХ ертўласида сақланган пайтимда Ўзбекистон телеканалларида С.Қўқонов ашаддий жиноятчи., сифатида қораланган ғирт бўҳтондан иборат кўрсатув бир неча марта намойиш этилди.;
  1. Бош буюртмачи И.Каримовнинг нафақат мени бутун оиламни яксон этишга киришганлиги яна шунда кўринадики, унинг топшириғи билан Тоштурмада оғир қийноқларга солинсада, ўз оталарига қарши кўргазма беришдан бош тортган ўғилларим Муҳаммаджон 4 йилу 7 ой, Сардор 3,5 йил озодликдан маҳрум этилди. Турмуш ўртоғим Ш.Қўқоновга ҳам туҳматлар қилиниб, унинг отамерос ҳовлиси тортиб олинди. Бу ёвузлик ва туҳматлар кимнинг топшириғи билан амалга оширилганлигини Бош прокуратура томонидан ташкил этилган тергов гуруҳи раҳбари, ана шу хизматлари учун мукофот тариқасида Қорақалпоғитон прокурори сўнгра Бош прокурор ўринбосари лавозимига тайинланган Х.А.Халимов сўроқ қилиниб, жавобгарликга тортилиши лозим.;
  1. Бош буюртмачи И.Каримов топшириғи билан Конституцон ҳуқуқларимни ошкора поймол этиш жинояти менинг ишим Олий судда кўрилаётган пайтда ҳам давом этди. Бош прокуратура ходими 1994 йил 14 октябрь куни Ўзбекистон радиоси орқали мени: – уюшган жиноий гуруҳ раҳбари, мафия бошлиғи., деб эълон қилиб ҳали суд ҳукми чиқмасидан туриб ўз айбловини олдиндан халқга эълон қилди.;
  1. Бош прокурор Б.Мустафоев топшириғи билан 1991 йилда мен раҳбар бўлган нефтбаза ташкилотида Молия вазирлиги томонидан ўтказилган тафтиш чоғида ҳеч қандай талон – тарож, камомад аниқланмаган бўлсада, тергов гуруҳи бошлиғи Х.А.Халимов топшириғи билан қайта тафтиш ўтказилиб, 1991 йил ва ундан олдинги даврдаги бухгалтерия ҳужжатлари қалбакилаштирилган ҳолда 15 нафар ходимга жиноят иши қўзғатилиб, улар менга қарши кўргазма бермаганлиги учун қамоққа олиниб оғир қийноқга солинди. Турли вилоятдаги 200 дан ортиқ ҳайдовчилардан С.Қўқоновга пора берганман., деган кўргазма талаб этилган. Ғайри – ихтиёрий С.Қўқоновга пора берганман., дея ёлғон кўргазма берган 2 нафар ҳайдовчи юзлаштириш чоғида мени танимасдан, бошқа одамни кўрсатиб терговчини шарманда қилди. Ушбу ва туҳмат қилишдан бош тортган бошқа шахслар судга чақирилмади.;
  1. Менга нисбатан қўзғатилган 54 жилдлик жиноят ишидаги талон – тарожга оид ҳужжатларда  на имзом, на сохта айблов бўйича бирорта иқрорлик кўргазмам йўқ. Шу боис, шўрлик судьялар 1994 йил 23 августдаги ҳукмининг 32-бетида: –  Ўз.Р.ЖКнинг 149-моддаси, 2-қисми диспозициясида “мансабни суистеъмол қилиш оғир оқибатлар юз берса жиноий жавобгарлик назарда тутилган. Лекин, Қўқоновнинг мансабини суистеъмол этиши натижасида юқорида кўрсатилган иккита хўжаликларда бирон – бир оғир оқибатлар юз берганлиги тўпланган далилларда кўринмайди., деб қайд этишдан ўзга илож топаолмаганлар. ; 
  1. Конституциямизнинг 110-моддасига кўра: – Ўзбекистон Олий суди фуқоролик, жиноий ва маъмурий суд ишларини юритиш соҳасида суд ҳокимиятининг олий органи ҳисоблансада., 1994 йил 23 августда Олий суд мени 20 йил озодликдан маҳрум этиш тўғрисида ҳукм чиқарганидан сўнг., айни шу иш ЖИБ Тошкент вилоят судида қайта кўрилиб 1995 йил 02 мартда яна бир ҳукм чиқарилди. ЖИБ Тошкент вилоят суди ҳукмида Олий суд ҳукмидги 26 нафар ходимга ажратилган ер масаласи бўйича Вазирлар Маҳкамаси раиси Ш.Мирсаидовнинг шахсан ўзи Олий судга келиб: – Вазирлар Маҳкамаси қарорига асосан ерлар қонуний ажратилган, бу депутатлик бурчини ҳалол адо этган бу Самандар Қўқоновга нисбатан туҳмат., деган кўргазмаси ва Олий суд ҳукмидаги менинг айбсизлимни тасдиқловчи барча важлар чиқариб ташланган. Ҳатто, энг қолоқ давлатда ҳам бир одамни бир хил айблов билан икки марта судланиши, соғлом ақлга хилоф. Бу дорга осилган одамни, қайта осишдек кулгули ҳол. 

Жиноят ишини йўқотилиши ҳам унча янгилик эмас. Чунки, буюрта иш ижрочилари келгуси қисматларидан хавотирлари боис, жиноят ишини “рандалашни” ўша пайтдаёқ бошлаганлар. Яъни, Олий суддан сўнг айни шу жиноят иши Тошкент вилоят судида такроран кўрилишининг асосий сабаби С.Қўқоновнинг айбсизлигини тасдиқловчи гувоҳлик кўргазмалари ғараз ниятда таҳрир этилиб, Олий суднинг 90 варақ ҳукми бор йўғи 6 варақга келтирилган?! Энди эса, 54 жилдлик жиноят иши йўқ этилган дейишмоқда. Ушбу ҳол конституцион ҳуқуқларим бузулиши ҳануз давом этаётганлигининг яна бир исботидир. Улар балким ноиложликдан, балким кимларнингдир топшириғи бўйича жиноят ишини йўқ этиш орқали мазкур жиноят иши бўйича жиноий ҳодиса юз бермаганлиги, менинг ҳаракатимда жиноят таркиби йўқлигини ўзлари тасдиқладилар ва энди ЖПКнинг 23-моддасида қайд этилган: – айбдорликга оид барча шубҳаларни бартараф этиш имкони., ҳам жиноят иши билан бирга тугатилди. Ушбу вазиятдан келиб чиққан ҳолда менинг ишим: – Айбдорликга оид барча шубҳалар, башарти уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, судланувчининг фойдасига ҳал этилиши лозим., дейилган. Шунга кўра, ЖПКнинг мазкур 23-моддаси талаби асосида қайта кўрилиб, оқлов ҳукми чиқарилиши лозим эди. 

Муҳтарам Шавкат Миромонович!

Мен 24 йиллик қамоқнинг 14 йилини ўлим камерада ёлғиз ўтказдим. 24 йиллик азоблар камдай яна 3 йилу 5 кун муддат қўшиб берганларида, Сизнинг ҳокимият тепасига келишингиз шарофати билан 72 ёшимда озодликга чиқдим. Юқорида қайд этилган конституция моддаларини бирма – бир санашимдан мурод шулки, Сиз  “ахлат” атаган чорак асрлик даврда туҳмат билан қамалган барча сиёсий маҳбуслар қисмати шундай аҳволда қолмоқда.

Бунинг асосий сабаби, И.Каримов диктатураси қурбонлари мавжуд бўлсада, ана шу қатағон даврига сиёсий баҳо берилмаганлиги, мавжуд Олий суд маҳкамасининг бу ишни жаҳон стандартлари талаби асосида муҳокома этишга ожиз эканлигида.

Зотан, ўзлари порахўр бўлган прокурор ва судьялар на порахўрлик, на уюшган жиноятчиликга қарши курашаолмайдилар. Собиқ Бош прокурор Р.Қодиров, Олий суднинг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Б.Деҳқоновлар ҳибсга олинсада, токи бу саботажчилар илдизи билан қўпориб ташланмагунча Ўзбекистон давлатида адолат тантана қилмайди!

Зотан, суд ҳокимияти жиноят ишини йўқ этишдан ўзга чора топаолмас экан, амалдаги конституциямиз талабига биноан менинг ва оила аъзоларим ҳақ – ҳуқуқларини поймол этган, оилавий молу – мулкларимизни талаб, талон – тарож этишда иштирок этган хоҳ ўлик, хоҳ тирик барча қонунбузарлар жавобгарликга тортилишини талаб қиламан!

Юқорида баён этилганлар муносабати билан Сиздан: 

– менинг ишимни шахсан ўз назоратингизга олишни ва менинг айбсизлигимни била туриб қасддан жиноят иши қўзғатилиб, 24 йил озодликдан маҳрум этилишимга ўз ҳиссасини қўшган,  Архив тўғрисидаги қонунга хилоф тарзда жиноят ишини йўқ қилишда иштирок этган барча мулозимларни жавобгарликга тортишни.;

–  Икки йилдан буён ёзган мурожаатларимни ўқиб кўрмасдан, мантиқсиз “отписка” жавоблар билан мен сарсон қилган Олий суд раиси К.Комиловнинг истеъфосини, Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси ўринбосари Н.Акбаров, Олий суднинг мурожаатлар билан ишлаш бошқармаси бошлиғи в.б М.Набиев, Олий суднинг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси ўринбосарлари В.Назаров, Й.Муслимов ва Тошкент вилоят суди раиси Д.Таджибоевлар лавозимларидан четлатилиб уларга кескин чора кўрилишини талаб қиламан.;

– Диктатор И.Каримов буюртмаси бўйича қўзғатилган жиноят иши бўйича қўйилган айбловлар ўз тасдиғини топмаган шубҳали суд ҳукмлари асосида озодликдан маҳрум этилганим, тинтув, қамоққа олиниш, ҳибсда сақлаш, тергов, суд ва 24 йил жазони ўташ муассасаларида поймол этилган конституцион ҳуқуқларим тикланиб, Ўзбекистон Жиноят Процессуал Кодексининнг 23, 83 – моддалари талабига биноан реаблитация этилишимда ўз ваколатингиз дарожотида амалий, инсонпарварлик ёрдами кўрсатишингизни сўрайман!

Сизга энг эъзгу тилаклар ила –  

С.У.Қўқонов

                        07.03.2019 йил.

мобил тел: +99899 870 77 75

 

Ишончли вакил: Х.Р.Асқаров

мобил тел: 99 843 1758

 

Иловалар: Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси ўринбосари Н.Акбаров, Тошкент вилоят суди раиси Д.Таджибоев, Олий суднинг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси ўринбосари В.Назаров, Олий суд ўринбосари Й.Муслимовларнинг жавоблари ва Х.Р.Асқаровга берилган нотариал тасдиқланган ишончномадан нусхалар.

Жами: 5 варақда.

PS: Олий суд томонидан қайтариб юборилган айблов хулосаси, суд ҳукмлари ва ишга тегишли 202 варақдан иборат мавжуд ҳужжатлар комиссияга тақдим этилади.

 

Сизнинг мурожаатингиз Ўзбекистон Республикаси Президенти Виртуал Қабулхонасига муваффақиятли юборилди!

Диққат!!! Қуйидаги малумотларни сақлаб олинг

Мурожаат рақами 20255-s/19
Текшириш коди 5111e3455d