Муҳаммад Темур Аъзам

Миннат қилманг!

Бугун юртимизнинг қай гўшасига борманг, бир гап: “Турли йўналишларда эркинлик берилди, одамлар ношукрлик қилишяпти, ўзларидан кетиб қолишяпти”.

Шу ўринда савол туғилади: нега эркинлик берилди? Жавоб оддий: илгари эркинлик тортиб олинганди. Ўзимиздан олган ҳақни яна ўзимизга босқичма-босқич қайтара бошлашди. Биз ҳам ўзгаришлардан илҳомланиб, бир қатор йўналишларни кўрсатган ҳолда “Шулар бўйича ҳам эркинлик қилинса яхши бўларди” қабилида гапирдик. Шундан сўнг ношукрга айландик.

Келинг, шу ўринда бир мулоҳаза қиламиз: эркинлик ўзи нима? Ҳар бир одамнинг ҳуқуқи, шундайми? Қандай кийим кийиш, қандай кўринишда юриш, қайси динга эътиқод қилишни ва унинг амалларини ўзи истагандек бажариши, шундай эмасми?

Энди шу ҳуқуқлар тортиб олинса ва ҳаммасига эмас, маълум қисларига бироз эркинлик берилса, мазлум одамлар бизнинг мана бундай ҳуқуқларимиз ҳам бор эди, ана шуларга ҳам рухсат берсанглар деб сўрагани учун ношукрга чиқиб қолаверадими?

Миннат аҳли “Мана, буларга эркинлик бериб бўлмайди”, деб қисман қайтарилган ҳуқуқларни юзимизга солаверадими?

Ўшалар билиб олсин, ўзимиздан тортиб олинган нарсани президент қайтарган бўлса, бунинг оғирлиги сизга тушмасин! Берилган эркинлик тепасида турмадингизми, ҳаммуаллифдек миннат қилманг, ҳаққингиз йўқ!

Муаллифнинг Facebook саҳифасидан.

 

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Uzbek. Bookmark the permalink.