Шухрат БАРЛОС

ТИЛ КЕСИЛДИМИ ЁКИ ЧАЁН ЧАҚДИМИ !

Миллий журналистикамизни ривожлантириш учун хизмат қилаётган, эркин ва ҳур ёза оладиган қаламкашларнинг ростдан ҳам тили кесилдими ёки уларни ўз мехробимиздан чиққан чаёнлар чақиб фалаж қилдими?

Шу кунларда Миллий Журналистикамизни назарга илмайдиган, ўзимиздан чиққан баъзи бир хойинсифат нусхаларнинг кўчасида эса катта шодиёна, байрам. Чунки, олдингидек танқидий мақолалар чиқиши тўхтатилди. Бир неча кундан буён ўзбек тилида ижод қиладиган Ўзбекистонда фаолият олиб борувчи бир нечта Оммавий Ахборот Воситаларимиз ҳеч қандай сабабларсиз 18 июндан бошлаб интернет тизимидан кесиб қўйилди.

Ўзбекистон сиёсий-ижтимоий ҳаётида бўлаётган ўзгаришлардан дунё ўзбеклари хабардор бўлиб туриши шарт. Чунки Ўзбекистонда 33 миллионга яқин халқ бўлса Ўзбекистон ташқарисида ҳам тахминларга кўра 30-40 миллион ўзбек тилида гаплашувчилар яшайди. Уларнинг кўпчилиги ўзбек тилида чиққан янгиликларни хўш кўришини билдириб келмоқда.

Лекин, бугунги кунга келиб, ижтимоий тармоқларда фаол бўлган ва асосан дунё янгиликларини ўзбек тилида ўқишни истайдиганларнинг ҳақ-ҳуқуқлари сабабсиз поймол қилинмоқда.

Охирги бир-икки йил ичида матбуотимиз олдингидан анча эркинлашгани сезила бошлаган эди. Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳатлар натижасида матбуотда сўз эркинлиги қайта тикланаётгани дунё ҳамжамияти кўз олдида кўрина бошлаши билан давлатимизнинг нуфузи ортиб бормоқда эди. Бу масалада Ўзбекистоннинг ёш журналистлари кўрсатган жонбозликлари таҳсинга сазовор.

Яқин ўтмишимизда, қандайдир таниш-билишчилик йўллари билан ҳукумат тепасига чиқиб олиб, ман-манлик касаллигига мубтола бўлган баъзи бир амалдорлар матбуотдаги ачинарли вазиятимизни тушунмас эди. Тўғрироғи, бу вазиятни яхши билишса ҳам ўзларининг сири оммага фош бўлишидан қўрққани учун журналистларни ва ахбарот агентликларини қўрқувда ушлаб туриш ишлари билан банд эди.

Айнан мана шу камчилигимизни, баъзи бир халқаро ташкилотлар ўзимизга нисбатан қарши фойдаланиб, Ўзбекистоннинг обрў-эътиборини дунё ҳамжамияти кўз олдида расво қилиш ва булғаш кампанияларида қулланишар эди.

Ўзбекистон матбуотида сўз эркинлиги йўқлиги, халқнинг ижтимоий фикри жонли эфирда олдин берилмаслиги, қайсидир мутасадди шахснинг чеклашларига кўра интервьюлардаги танқидий фикрлар кесиб ташланишлари ва белгиланган шаблонлар ичидагина сўз айтиш мумкинлиги бутун дунёга маълум эди.

Бу муаммонинг борлиги ҳеч кимга сир ҳам бўлмай қолган эди. Яна шундай бемаъни аҳволга тушиб қолдикми деган ҳадиксирашлар кўпчилик журналистларни азобламоқда.

Шу вақтгача қандай сабабларга кўра ахборот ресурсларининг иши нега тўхтатилгани ҳақида ҳеч қандай расмий маълумот берилмаяпти. Бу аҳвол кўпчиликнинг асабини бузаётгани сезилиб турибди.

Сирли мавҳумлик интернет оламининг ўзбек сегменти иштирокчиларида шубҳа ўйғотмоқда. Ўзбекистон Оммавий Ахборот Воситаларига қарши диверсия уюштирилганга ўхшаяпти.

Агар техник сабабларга кўра ишламаётган бўлса нега ҳалигача бартараф қилинмаётгани биронта расмий маълумот билан огоҳлантирилмади. Шу туфайли ижтимоий тармоқларда ҳар хил тахминлар кундан кунга ортиб бормоқда.

Ижтимоий тармоқдаги шахсий хабарлар ва таҳлилларга кўра, асосан ўзбек тилида иш олиб борувчи бир нечта ресурсларни интернетга чиқишини кесиб қўйиш иши шахсан Ўзбекистон ахборот коммуникациялар ва технологияларини ривожлантириш вазири Азим Ахмедходжаев томонидан амалга оширилган бўлиши мумкин, деган тахминлар мавжуд.

Чунки, жаноб Азим Ахмедходжаев вазиятни ўрганиш ва масалани ижобий ҳал этиш учун журналистлар билан учрашиб гаплашишдан бош тортмоқда.

Шухрат Саламов
Тарихчи публицист

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Zokir. Bookmark the permalink.