Бугуннинг мавзуси

#ZokirAligaOzodlik

Жаҳонгир Муҳаммад: Зокир Али ким?

1. Талабалар тақдири

1994 йил. Истанбулдаги уйимизга икки йигит меҳмон бўлиб келди. Улар Бурсада ўқишар экан. Ошхўрлик қилиб, суҳбатлашдик.

Бири Зокир Алиев (Зокир Али) ва иккинчиси Баҳодир Файзиев деган экан. Баҳодир адашмасам, Тошкент вилоятидан ва “Бирлик”чиман деди. Зокир эса Қашқадарёдан. Улар 21-22 ёшлардаги йигитлар. Мамлакатда бизни телевидение орқали кўришган, номимизни эшитишган ва қарашларимиз қарашларига мос тушганми, хуллас, қизиқишлари катта эди.

Камина Туркистон, Турон бирлиги тарафдори бўлганим учун худди шу ғояни илгари сурган Миллиятчи ҳаракат партияси билан яқин эдим.

Алпарслон Туркаш раҳбари бўлган бу партиянинг обрў-эътибори баланд эди. Турк дунёсини ягона кучга айлантиришга интиларди.

Туркашнинг ўлимидан кейин бу партия секин-аста қудратини бой берди.

Туркиядаги 1990 йиллар Миллиятчи ҳаракати билан бугунгиси орасида жуда катта фарқ бор. У пайтдаги ҳаракат дунёдаги барча туркий халқлар ака-ука, қон-қардош ва бирлигимиз учун дин асос бўлмайди, деган қарашга суянарди. Сахадаги шаманлар, Молдовадаги гагаузлар, Қиримдаги яҳудийлар, Америка қизил тери-ҳиндулари. . . ҳаммаси-қардош, асли битта халқ деб билишарди Бугунги миллиятчилар эса фақат исломдагиларни тан олишади.

Хуллас, Туркия раҳбарияти Ўзбекистон Мустақиллигини самимий қўллаган ва бир неча минг талабани ўқитиб бермоқчи бўлганди. Зокирлар ана шу оқимда Туркияга келишган.

Улар Миллиятчи ҳаракат партиясининг Бурса бўлимига айтиб, каминани учрашувга чақиришди.

Бордим. Ўша кезда ҳам бугунги каби Туркистон -Турон бирлиги, Ўрта Осиё тарихи, бугуни, золим ва зулумга қарши демократик йўл билан кураш суҳбатларимиз мавзуси эди.

Учрашувга анчагина ёшлар келишди. “Онглари заҳарланди”.

Кейин ҳам гаплашиб турдик. Кутилмаганда Ислом Каримов Туркиядаги талабаларни чақириб олишни буюрди. Кимдир буни мухолифат билан боғлади. Туркияда чиқариб, Ўзбекистонга юборилган “ЭРК” газетасида Ислом Каримовнинг қудаси Абдурауф Мақсудий ҳақида мақола чиқиши уни ғазабга олиб келган деганлар бўлди.

Менимча, асосий сабаб Россия КГБсининг ўйини бўлганди. Россия талабалар “Бўзқурт”ларга қўшилиб кетиб, пантуркист бўлмоқда, Ўзбекистонга хавф солмоқда деб Ислом Каримовни ишонтира олган. Чунки қайтиб борган талабалардан асосан Миллиятчи ҳаракат, унинг ёшлар қаноти бўзқуртлар ҳақида ёздириб олишганини бот-бот эшитдик.

Ўқишимни битириб, диплом олиб қайтаман, деганларга зуғум бошланди. Ҳукуматдан келган махсус вакиллар, элчихонадаги “столбачи”лар изғиб қолишди.

Талабаларни мажбурлаб олиб кетишди. Саноқли йигитларгина қолди. Уларнинг устидан иш очилганини эшитдик. Туркия ҳукумати ёрдами билан ўқишларини битириб олишди. Аммо орқага қайтишга йўл қолмаган – МХХ кўприкларни бузганди.

(Давоми бор)

 

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Zokir. Bookmark the permalink.