Баҳодир Файз:

  Мен таниган Зокир

Ватанга қайтган Зокир Алиевни мен 1992 йилдан бери танийман. Ватанимиз мустақилликка эришганидан кейин, биз ёш талаба сифатида, билим олиш ва янги дунё тажрибаларини ўрганиш учун Туркиянинг ўша пайтдаги призеденти раҳматли Турғут Ўзол ташабуси билан Туркияга ўқишга бордик.

Ўқишимиз давом этар экан, 1994 йил Ўзбекистонлик талабаларнинг кўпчилиги сиёсий сабаблар туфайли Ўзбекистонга қайтариб олиб кетилди. Мен, Зокир ва яна икки талаба таҳсилимизни Туркияда тугатиш мақсадида Тошкент чақирувига бўйсунмасдан Туркияда қолишга қарор бердик. Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонаси вакиллари ва Тошкентдан келган махсус вакиллар бизга турли таҳдидлар, зуғумлар ўтказишга ҳаракат қилишди, ўқиётган университетларимиздан ҳайдатиб кўришди, стипендияларимиз кесилди ва ҳоказо…

Бу қарор ҳаётимизнинг энг узун ва оғир қарори эканлигини у пайтлар тассавур ҳам қила олмаганмиз албатта. Мақсадимиз, ўқишимизни тугатиб, ватанга қайтиб, хизмат қилишдан ўзгача бўлмаган.

Бу қийинчиликларга қарамасдан, бир амаллаб ўқишимизни тугатдик. Ва ниҳоят 1999 йили машъум 16 феврал воқеалари арафасида яна Ўзбекистон элчихонаси вакиллари ва Тошкентдан келган МХХ бизни Туркиядан олиб кетиш учун таҳдид ва зўровонликлар уюштиришни бошлаганидан кейин, 1999 йили охирларида БМТ кўмагида сиёсий қочқин ўларақ АҚШга келиб яшашга қарор бердик.

Ўзбекистонда демократик тузум қурилиши истагида Туркияга келган ўзбекистонлик ёшлар билан семинарлар, суҳбатлар ўтказдик. Юқорида қисқача қилиб жамлаганим менинг Зокир ҳақида 1992-1999 йиллари талабалик давридан билганларим ва кўрганларимдир.

Америкага келганимиздан кейинги йилларда баъзи сабабларга кўра йўлларимиз айрилди, узоқ вақтдан бери кўришмаймиз, ватанга қайтгани ва ҳибсга олингани ҳақида интернет орқали хабардор бўлиб турибман.

Зокирга ДХХ тарафидан қўйилаётган айбловларни ўқиб тўғриси даҳшатга тушдим. Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатда иддао этилаётган ислоҳатлар мантиғига тескари ва Каримов тузуми ҳиди анқиб турган қадам бу.

Айбловларга назар солсак, ҳеч бирида мантиқий бир асос йўқ. Бу ДХХ мантиғи билан ҳафвсизлик хизмати чет элда юрган ҳоҳлаган одамга тўқима жиноятлар занжирини илиб қўйиши мумкин. Кимларнингдир кўрсатмаларига кўра (ЎИҲ аъзолари эмиш) қўйилаётган айблов моддалари:

1) Конститициявий тузумга тажовуз қилиш ЖК 159 моддасини ҳар эркин фикирловчи шахсга ёки диний, сиёсий фаолиятда бўлган ватандошларимизга тиркаб қўйиш Каримов режимида удумга айланган эди, бу моддага ажабланмасак ҳам бўлади.

2) Қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш, ЖК 223 моддаси ҳам Зокир Алиевга нисбатан нотўғри. Ўзбекистон Олий Таълими вазирлиги талабаларни ўқишга бутун мавжуд қонун қоидалар доирасида юборган.

3) Афғнистонга борган дейиш ҳам ғирт туҳмат, қўлимизда эски совет паспортидан бошқа ҳеч вақо бўлмаган, чет элга чиқиш у ёқда турсин, яшаётган шаҳримиздан ҳам ташқарига чиқа олмаганмиз.

Зокир қочқинлик мақомини олгач, БМТ ҳимоясида Истанбулдан тўгри АҚШга келиб жойлашган эди.

4) ЖК 244 Диний экстримистик ташкилот қуриш, уларда иштирок этиш ва диний айбловлар эса жиддий исботи талаб қилиниши керак бўлган, хулоса чиқаришдан олдин жиддий текширувлар олиб борилиши керак бўлган моддалардир.

20 йил аввал бўлиб ўтган ҳодисаларга бир кечанинг ўзида «айбига иқрор бўлди» деб эълон қилиш ҳам эски тузум машинасининг ҳаммамиз билган усулларидан бири.

Зокир Туркиядан кўчишидан олдин, икки йилча 1997-1999 орасида Истанбулда яшади.

У пайтларда Истанбулда ўзбеклар жуда оз, кўпчилик бир-бирини танир ва алоқада бўлиб туришар эди. Жумладан, диний муҳолифат вакиллари, сиёсий мухолифат етакчилари ҳам кўришиб туришган.

Масалан, ўша вақтларда Истанбулда тижорат билан шуғулланиб юрган Зайниддин Асқаровни ҳаммамиз танир эдик.

Таҳминим, 1999 йилда Туркиядан ушлаб олиб кетилганлар ёки бу гуруҳларга аралашиб юрган ҳукумат айғоқчилариниг кўрсатмалари асос қилиб олинган бу ишда.

Лекин бу дегани Зокирга қўйилаётган айбловларнинг бирортасига далил бўла олмайди. Бу иш чет элларда юрган кўпчилик ватандошларимизга руҳий бир зарбадир.

Ўзбекистонда Каримов арвоҳлари ҳали ҳам кезиб юрар экан, ҳозир ватанга қайтиш бир сўз билан айтганда соддадиллик бўлади.

Баҳодир Файз. АҚШ. Питтсбург шаҳри

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Zokir. Bookmark the permalink.