ФИДОЛАР КЕРАК!!!
Бир неча кун аввал ҳамкорларимиздан бири хушхабар тарзида ҳозирда Францияда истиқомат қилаётган таниқли инсон ҳақлари ҳимоячиси Толиб ака ЁҚУБОВнинг тез кунларда Ватанга қайтишлари ҳақида сўз очиб қолди. Табиийки, биз-суҳбатдошлар гоҳ ишониб, гоҳ ишонмай, лекин мамнуният билан илиқ тилаклар билдирдик.
Айнан шу қисқа суҳбат анчадан бери юрак тубида жунбушга келиб турган бир истакни юзага кўтарди.
Қолаверса, Ўзбекистон Президентининг БМТ 72-сессияси чоғида АҚШдаги ватандошлар билан учрашиб, хориждаги Юртдошларимизни Ўзбекистонга қайтишга рағбатлантирганлиги ҳам ҳали-ҳануз кўз ўнгимизда турибди.
Шуларни хаёлдан ўтказа туриб, юрак тубидан юзага кўтарилган истакни баёнлашга эҳтиёж туғилди.
Ўзбекистон кейинги икки ўнйилликда кўп йўқотишларни бошдан кечирганлиги сир эмас. Айниқса, маънавий-маърифий йўналишдаги пайдо бўлган бўшлиқнинг ҳудуди улкан: матбуот ёлғон ташвиқоту маддоҳлик маконига; телевидение ва радиотўлқинлар эса, мунофиқлик мафкураси яловбардорига айланди. Ва ҳали-ҳануз бу ботқоқдан қутилиш чорасини топишда эсанкирамоқда. Уларга ҳақиқий ДАРҒА бўлгулик Устоз, МАЁҚ бўларлик дадил Тажриба зарур!
Бизнингча, бу борада таниқли журналист Жаҳонгир МУҲАММАД бугунги мамлакат оммавий ахборот воситалари учун жонкуяр маслаҳатчи бўла олишига шубҳа йўқ! Зеро, Жаҳонгир Муҳаммад ҳам ижодкор, ҳам курашчан депутат сифатида бундан чорак аср аввал халқимиз ишончини оқлаган. Айнан шу жиҳат бугунги кунда ҳам Ўзбекистонда унинг юзминглаб мухлислари борлигига сабаб бўлди.
Зеро, ХХ аср 80-йиллари охири, 90-йиллари бошида “НАВРЎЗ” марафони ташаббускори Жаҳонгир Муҳаммад бўлганлигини бугун ҳам мамнуният билан эслайди одамлар.
Олий минбардан туриб, энг аччиқ ва энг очиқ таъкидни собиқ тиранга айнан шу – Жаҳонгир Муҳаммад айта олганди! Ўша пайтда кимдир мансабини, кимдир мандатини ўйлаб, икки кафтини сони билан сиқиб олиб ўтирганида айнан Жаҳонгир Муҳаммад мансабдан-да МИЛЛАТни, мандатдан-да ҒУРУРни устун билиб, тўғридан-тўғри намойиш вақтида бутун ЮРТ гувоҳлигида айта олганди ҲАҚ сўзни!
Жаҳонгир МУҲАММАДнинг шу қатъияти Одамлар эътиборига, чексиз ҳурматига сазовор бўлди, бу эътибор, бу ҳурмат орадан неча йиллар ўтса-да, унутилмади, аксинча, янада мустаҳкамланди. Айниқса, зулм авжга чиқиб, матбуот ёлғон ташвиқоту маддоҳлик маконига; телевидение ва радиотўлқинлар эса, мунофиқлик мафкураси яловбардорига айланган, Ҳақ сўз анқонинг уруғидек ўта камёб бўлган кечаги кунларимизда Одамлар бу Инсонни кўп эсладилар! Бу-муболаға эмас, бу-айни бор гап! Нафақат кўчада, балки зулм қўрғонлари бўлмиш қамоқ ва зоналарда маҳкумлар бот-бот эслаб турардилар.
“Жаҳонгир МУҲАММАД ватанга қайтиб, Ўзбекистон телерадиокомпаниясини бошқарсин”, деган талабдан буткул йироқмиз. Бироқ Унинг Ватанга қайтиши мамлакатдаги ОАВ ижодий муҳити учун маънавий қувват, касбий ишонч туйғуларини мустаҳкамлашига шубҳа йўқ!
Бугунги кунда Ўзбекистон суд-ҳуқуқ масалалари соҳасида ҳам катта ижобий ўзгаришлар қилишга бел боғлаган, демакки, инсон ҳуқуқлари ҳимояси борасида эзгу чора-тадбирларни амалга оширишга интилмоқда. Бу-демократия ва эркин фуқаролик жамияти юзага келишининг энг муҳим кафолати ҳамдир. Бироқ ҳозирда биздаги чаласавод, чорак аср давомида “хўп бўлади”чилик тажрибасини бўйинбоғ ўрнида тақиб ишлаган ҳуқуқшунослар билан Ўзбекистоннинг суд-ҳуқуқ соҳасидаги эзгу мақсадлари амалга ошишида муаммолар юзага келиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Хорижлик мутахассислар эса, шунчаки тажриба алмашмайдилар ёки одил судловда ҳакамлик қилмайдилар.
Бунинг учун мамлакатда шу соҳанинг маҳаллий билимдонларини таклиф қилиш зарур. Токи бундай Инсонлар ўз тажриба ва билимлари билан соҳанинг ўсиб келаётган ёш мутахассисларига УСТОЗЛИК қилишсин. Бизнингча, ҳозирда хорижда яшаётган Муҳаммадбобур МАЛИКОВни Ватанга қайтиб келишини ижобий қабул қилиш керак.
Шунингдек, айни чоғда нодавлат тузилмалар фаолиятини шакллантиришга барча жабҳаларда эътибор қаратилмоқда. Шу баробарида Инсон ҳуқуқлари ҳимояси йўналишидаги хайрихоҳлик алоҳида эътирофга молик. Афсуски, кейинги ўн-ўн икки йил ичида мустақил ҳуқуқпарварлар ё кексайиб, ё кеккайиб қолганлар! Улар фаолиятини жонлантириш учун албатта дунё стандартлари даражасидаги тренинглар, семинарлар ташкил этиш шарт эмас, чунки аксарияти ўзини бу борада қарийб авлиё ҳисоблаб бўлиб улгурган. Бу соҳани жонлантириш учун зулму таъқиблар боисидан хорижга кетишга мажбур бўлган тажрибали, Европа ва Америкада йиллар давомида тажриба орттириб, етук мутахассис даражасига етган Ватандошларимизнинг Она юртга қайтишлари кифоя қилади. Айниқса, Мўътабар ТОЖИБОЕВА, Умида НИЁЗОВАнинг тажрибалари, холис ва жонкуярликлари мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари борасидаги бугунги ўзгаришларга бўлган интилишлар учун жуда-жуда зарур!
Биз бир мунча муддат олдин, аниқроғи, шу йилнинг апрел ойи иккинчи ярмида эълон қилган “Ташаббус гуруҳи” фаолиятидан” сарлавҳали мақоламизда:
- “Ўзбекистон Республикасида аввалдан фаолият юритган, бироқ авторитар этикага асосланган тузум сабаб мамлакатни тарк этишга мажбур бўлган Халқаро Инсон Ҳуқуқлари Ташкилоти, Халқаро Амнистия Комитети, Freedom House ваколатхоналарининг қайта ташкил этилишини.
- “Америка овози”, “ББС”, “Озодлик” радиолари мухбирларининг Ўзбекистондаги фаолияти қайта тикланишини” таклиф қилган эдик.
Бу таклифлар кўп ўтмай амалга оша бошлади. Бу билан: “айнан бизнинг таклиф эътиборга олинмоқда” деган даъводан мутлақо йироқмиз! Биз фақат чин дилдан сўраганмиз! Бугун ҳам шу улуғ айём кунлари чин кўнгилдан ният билдириб, ушбу мақолани битдик. Зеро, шоир айтганидек: “Юртга қуллар эмас, фидолар керак!” Айниқса, бугунги – АДОЛАТ бўй кўрсатаётган илк кунларда!
Дилмурод САЙЙИД,
Саид КАМОЛ,
Аъзам ТУРҒУНОВ,
Аъзам ФАРМОНОВ.
Ўзбекистон, Тошкент шаҳри, 18 май 2018 йил.
Filed under: 1.BOSH SAHIFA, Uzbek |