“Андижон – 2005” мавзуси ёпилмаган!

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга 

Ўтюраклар клубиИнсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Халқаро ташкилоти                                     МУРОЖААТНОМАСИ 

                     

Ҳурматли Шавкат Миромонович!

Аввало, Сизни муборак Рамазон ойининг бошида Америка Қўшма Штатларига қилаётган илк тарихий расмий ташрифингиз билан қутлаймиз!

Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги икки томонлама ўзаро манфаатли ҳамкорлик ва стратегик шериклик муносабатлари янги босқичга кўтарилаётганлигини олқишлаймиз!

Ўтиб бораётган бир ярим йил вақт мобайнида, Ўзбекистонда барча соҳалар каби инсон ҳуқуқлари жабҳасида ҳам олиб борилаётган жадал ислоҳотларни қўллаб-қувватлаймиз!

Жумладан, касбий фаолияти сабаб узоқ йиллардан буён қамоқда қолган ҳуқуқ ҳимоячилари, журналистлар дохил сиёсий маҳкумларнинг ва кўплаб диний тутқунларнинг озодликка чиқарилиши, 2700 нафар маҳкумларга афв эълон қилиниши, “қора рўйхатлар”да турган 17 минг мусулмондан 16 мингтаси рўйхатдан чиқарилгани, улардан 9 минг 500 нафари иш билан таъминлангани, янги Ўзбекистон учун мисли кўрилмаган воқеликдир.

Қолаверса, жорий йилнинг 12 апрелида “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши ҳамда 4 май куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мамлакатни демократик янгилаш жараёнида фуқаролик жамияти институтларининг ролини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонининг имзоланиши, Ўзбекистонда демократик жараёнлар олдинга силжиётганининг ёрқин ифодасидир.

Бугун Ўзбекистонда матбуот ва сўз эркинлиги кун сайин ривожланиб бораётганлигини дунё эътироф этмоқда.

Ҳали Ўзбекистонда бу йўналишларда қилиниши лозим бўлган ишлар ва муаммолар ҳамда ўз ечимини кутаётган масалалар талайгина.

Шу каби масалалардан асосийси ва айтиш жоизки, энг муҳими, бу шубҳасиз, 2005 йил 13 майда Андижонда содир бўлган қонли воқеалардир.

Айнан “Андижон воқеалари” ортидан Ўзбекистоннинг Ғарб билан муносабатлари тамомила совуқлашди. Йиллар давомида бу совуқликлар музларга айланиб улгурди.

Биргина, 2002 йилда Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги стратегик шерикчилик ва ҳамкорликнинг асослари тўғрисидаги Декларация имзоланган бўлишига қарамай, “Андижон воқеалари” ортидан бу битим амалда ишламади, ўзаро муносабатлар тўхтаб қолди.

Бугун Ўзбекистон янгидан дунёга бўй чўзар экан, “Андижон воқеалари” ҳануз кун тартибидан тушмай турганлиги ҳам айни ҳақиқатдир.

“Андижон воқеалари”ни ўрганиш ва мустақил суриштирув ўтказиш жараёнида бу мавзуга охирги нуқта қўйилиши, энг аввало, Ўзбекистон учун муҳим омилдир. Янги тарихимизнинг энг фожиали саҳифаси бўлган – “Андижон воқеалари” ҳали тўла ўз ечимини топмаганлигини халқимиздан ва қолаверса, дунё ҳамжамиятидан яшира олмаймиз.

Ўтган йиллар мобайнида халқаро майдонларда, хусусан, АҚШ Давлат департаменти ва Конгресси, БМТ, ЕХҲТ ва ЕИ каби нуфузли демократик институтлар минбарларида “Андижон воқеалари” кўп бора янграган пайтларида, расмий Ўзбекистон томони бу оҳангларни кескин рад қилиш ва асабийлашиш билан жавоб бериб келди.

Мисоллар ва эслатмалар жуда кўп эканлигидан ўзингиз яхши хабардорсиз. Фақат бир мисол:

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти “Андижон воқеалари”нинг бир йиллиги муносабати билан 2006 йилда тайёрлаб, дунё ҳамжамияти ва чет эл элчихоналарига тарқатган ҳисоботида “Андижон воқеалари”да ҳалок бўлган 219 нафар кишининг исм- шарифлари ёзилган рўйхатни эълон қилган. Ўзбекистон расмий маълумотида эса, ҳалок бўлганлар сони 187 нафар, деб кўрсатилган. Икки маълумот ўртадаси ҳалок бўлганлар сони 32 кишига фарқ қилади.

Бу тафовут 32 кишига эмас, балки бир кишига фарқ қилганида ҳам ҳукуматнинг расмий маълуомоти ёлғон эканлиги юзага чиқади. Андижон фожиасининг 5 йиллиги муносабати билан Брюсселда ўтказилган анжуманда ҳодисанинг шоҳид ва жабрдийдалари томонидан тайёрланиб, жамоатчиликка тақдим қилинган рўйхатда эса, ўлдирилганлар ҳақидаги маълумотлар бошқачадир.

Бу фожиа бўйича нафақат ҳукуматнинг расмий талқини акс этган ҳисоботи, балки халқаро ташкилотларда мавжуд бўлган муқобил талқинлар ҳам инобатга олиниши ва ўрганилиши керак, деб ҳисоблаймиз.

Шу кунгача Ўзбекистон фуқаролик жамияти фаоллари ва халқаро ташкилотлар расмий Тошкентдан “Андижон воқеалари” бўйича мустақил тергов ўтказилишини талаб қилиб келишига қарамай, Ўзбекистон ҳукумати бу талабларни кескин рад қилиб келди.

Қолаверса, “Андижон воқеалари” ортидан фуқаролик жамияти вакилларининг оммавий қатағонга учраши, қамоққа олиниши, мамлакатни тарк этишга мажбур бўлиши билан чегараланмаган ҳукумат Ўзбекистонда фаолият юритаётган барча халқаро матбуот ва демократик институтларни ҳам бадарға қилди.

Натижада Ўзбекистон дунёдан юз ўгирди, дунё эса ўз навбатида Ўзбекистондан…

Жаноб Президент!

Сиз такрор ва такрор таъкидлаб келаётганингиздек, ҳар бир инсоннинг тақдири билан қизиқишлик, ҳар бир инсонни рози қилишлик, бугун Ўзбекистон сиёсатининг устувор йўналишларининг асосидир.

Ўз нутқларингизда, ватанимизда тарихий адолат тикланиши лозимлигини айтиб келябсиз.

“Андижон воқеалари” юзасидан тарихий адолат тикланишига эришсак, бугунги Ўзбекистон сиёсати юксак чўққига чиққанлигининг ифодаси ўлароқ, халқаро майдонда давлатимиз обрўси янада юксалашига хизмат қилади.

Бугунги ислоҳотлар замирида “Андижон воқеалари” қайта кўриб чиқилиб, адолат қарор топишига эришишимиз керак.

Бу бўйича бизнинг ташкилотимиз ўзида мавжуд бўлган барча далилий ҳужжатларни Ўзбекистон расмийларига тақдим қилишга ҳар вақт тайёрлигини билдирамиз.

Бугун хориждаги ОАВ ватанга қайтишни интиқлик билан кутиб турибди. Шу ўринда, “Америка овози” радиосига Ўзбекистонга қайтиб, фаолият олиб бориши учун расмий рухсат берилганлигини олқишлаймиз ҳамда яқин кунларда қолган журналистларнинг ҳам мамлакатга қайтиши учун изн берилишига умид қилиб қоламиз.

Шу билан бирга ўтган чорак аср мобайнида турли сиёсий сабабларга кўра, Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлган фуқаролик жамияти вакиллари: сиёсатчилар, ҳуқуқбонлар, журналистлар ва бошқа соҳа мутахассислари ҳамда диний фаолларнинг ватанга қайтиши учун махсус ҳукумат комиссияси тузилиб, уларнинг ишлари кўриб чиқилиши бугунги кунда долзарб масаладир.

Ватанга қайтишга интизор бўлиб, умидини узмаган юртдошларимиз бугун Сизнинг эътиборингизга кўз тикиб туришибди.

Умид қиламизки, янги Ўзбекистон хориждаги ватандошларга ҳам тез фурсат ичида ўз бағрини очади.

Сизнинг жонажон Она-Ватанимиз равнақи йўлидаги машаққатли, лекин юксак шарафли ишларингизда улкан омадлар тилаймиз! Ҳамиша саломат бўлинг!

Тошкентга яхши етиб олинг! Сафарингиз бехатар бўлсин!

Яқин вақтлар ичида Сизни Европада – Брюсселда кутиб қоламиз!

Рамазон айёмингиз муборак бўлсин, жаноб Президент!

Эътиборингиз учун ташаккур!

Ҳурмат ва эҳтиром ила,

Улуғбек Бакир, 

“Ўтюраклар клуби” Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш

Халқаро ташкилоти раҳбари в.и.э.

17 май, 2018 йил                                                                                                                          Тронхейм, Норвегия

 

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Uzbek. Bookmark the permalink.