Дилмурод Саййид

Хотира

СУРАТЛАРДА ҚОЛГАН СИЙМОЛАРИМ…

ОНАМ иккита олий ўқув юртини тамомлаган, ўз таъбирлари билан айтганда, қўшалоқ дипломли олий маълумот эгаси эдилар. Ҳам юридик, ҳам педагогик соҳалар бўйича тушунчалари кенг, тажрибалари пухта эди.

Эсимни таниганимдан бошлаб, Онам кўпнинг хизматида эканликларини биламан: урушда ҳалок бўлганларнинг оиласига нафақа ундириш, уй шароитини яхшилаш, хуллас, қайсики қўшни ёки бирор танишнинг ҳукумат идораларига боғлиқ муаммоси бўлса, ариза-шикоят, илтимос хатлари ёзиб беришдан эринмасдилар.

Ўттиз олти йил муаллималик қилиб, бошланғич синфларга таълим бердилар. Ўзим ҳам ҳарфни Онамдан ўрганганман.

Эл-юрт олдидаги камтарона ва беминнат хизматлари озми-кўпми давлат томонидан ҳам тақдирланган.

Иккинчи жаҳон уруши йиллари 16-20 ёшларида уқувлари борлиги сабаб маҳаллада иш юритувчи котиб бўлган эканлар.

Ўша суронли йилларни хотирлаб, баъзан:

-Болам, уруш даврида ҳам одамлар орасидан оқибат бу қадар кўтарилмаган эди…- деб қўярдилар 2000 йил бошларида…

Мен Онам ҳақида кўп маълумотга эга эмасман. Фақат бир нарсани ОНАМ доимо бизни деб яшаганликларини биламан.

2010 йил 85 ёшда эдилар. Тошкент билан Навоий шаҳрининг ораси сал кам беш юз километр. Нафақат кунлик, ҳатто икки соатлик учрашувга ҳам борар эдилар. Укамга:

-Узоқ йўлга толиқтириб олиб келма, айниқса, икки соатлик учрашувга келиб овора бўлиб юрманглар,-дедим бир сафар.

-Ойим борамиз деганларидан кейин йўқ деб бўлмайди, ака,-жавоб қилди укам. Шунда Онам менга қараб туриб:

-Болам, нима мени кўргинг келмайдими, менинг кўргим келади,-дегандилар ўшанда…

…Озодликка чиқиб, эски компьютеримни жиянлар ёрдамида созлатиб олдим. Ичидаги файллар сақланиб қолган экан. Ҳаммаёқ Ариза, шикоят матнлари ва асосан Онамнинг номларидан ёзилган. Нафақат оддий мурожаатлар, балки улар орасида ҳимояга қаратилганлари ҳам бор эди:

“Мен яқинда Самарқанд вилоят Прокуратурасида ишловчи бир масъул ходим билан учрашдим. Ўша ходимнинг айтишича, ўғлимни қамоққа олиш ҳақида суриштирувчи И.Шеров ўз “Илтимоснома”сида ўғлимнинг айбдорлигини кўрсатувчи диктофон ёзувлари борлигини айтган, аммо уларнинг синхрон матнини тақдим қила олмаган. Масъул ходим шуларни таъкидлади: “Бу аудиотасмаларда Д.Саййидга тегишли ҳеч қанақа гап йўқ. Уларда фақат М.Жўраева ва А.Ўринбоевнинг телефон суҳбатлари мавжуд, холос. Мабодо Д.Саййидга нисбатан қилинган туҳмат иш бермаса, суддагилар қалбаки “Диктофон ёзувлари” саҳнасидан фойдаланишади. Яъни, олдиндан тайёрланган диктофон ёзуви – М.Жўраевани мажбурлаб ўқитиб, айбдорлик даражасини белгиловчи ёзув тайёрлашади ва далиллар етишмаганда  қўйиб эшиттиришади. Аслида ёзув тасмаларини монтаж қилиш мумкинлиги учун қонун бўйича ёзув тасмалари гувоҳликка ўтмайди. Шунинг учун номи бор-у, аслида ўзи йўқ диктофон ёзувлари айнан суд кунида эшиттирилади ва бу билан унга қарши адвокатнинг бирор чора кўра олмаслигини режалаштиришади, бу бизнинг касб сиримиз. Мен ўғлингизнинг чинакам мухлисиман, унинг ростгўйлиги, ҳақиқатпарварлигини қаттиқ ҳурмат қиламан ва шунинг учун бу гапларни очаяпман. Ўғлингизда бирортаям гуноҳ йўқ. Буни Самарқанд Прокуратурасидагиларнинг барчаси билади, аммо айтмайди, айта олмайди…”

Ўғлимнинг иши юзасидан шикоят аризамга 8 март куни “Иқтисодий жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бошқармаси” бошлиғи У.Ж.Суннатов номидан хат олдим. Хатда ёзилишича, ўғлим “Д.Саидовнинг айби тергов жараёнида жиноят иши бўйича тўпланган далиллар мажмуи билан тасдиғини топган” (?) эмиш. Менимча, жаноб У.Ж.Суннатов ўз стулида ўтириб, биз топшираётган аризаларни Самарқандга юбориб, ҳақиқатни аниқлаяпман, деб ўйлаётган бўлса керак. Мабодо шундай бўлса қаттиқ адашади!”

Юзга яқин аризалар: туман судидан бошлаб Президентгача, прокуратураларнинг вилоят босқичидан Омбудсмангача, Ўзбекистондаги ўнга яқин матбуот нашрларидан Сенатгача ёзилган арзномалар…

2010 йили учрашувга борганларида менга қараб туриб:

-Қаддингни тик тутиб юргин, кўчада қандай юрардинг, бошинг эгилмасин, болам,-дедилар кўзимга тик қараб туриб, кейин қўшиб қўйдилар,- сенинг жиноятчи эмаслигингни мен биламан, шунинг ўзи етарли!

Озод бўлдим, Адолатни тиклаш учун ҳаракатдаман…Минг афсуски, бу кунларни Онам кўрмадилар, қанчалар орзу қилгандилар…

Ҳаёт бўлганларида 9 май куни 93 ёшга тўлардилар менинг куюнчак ОНАМ!!!

*   *    *

Суратларда қолди ҳаммаси:

Онамнинг нуроний чеҳраси,

Меҳрибон, Интизор нигоҳлар,

Ажинлар-синовлар кўлкаси!

Қизчамнинг болача ёниши,

Эркалик, Араз, Соғиниши,

Йўл кутиб энтик толпиниши-

Суратларда қолди ҳаммаси!

Рафиқам нигоҳи беғубор,

Юзида табассум муҳри бор,

У онлар гўё қайтмас Баҳор-

Суратларда қолди ҳаммаси!

Суратлар! Бир тахлам Хотира!

Оппоқ тонг мисоли Бокира,

Фақат… Афсус… У дамлар сира-

Ортига қайтмайди, қайтмайди!!!

Суратларда қолди ҳаммаси-

Фоний Саодатнинг нафаси!

                                                                      

*  *   *

“Жаннат – Оналарнинг зери пойида!”

Бу ҳикматни айтиб сира тўймаймиз.

Юрармиз Жаннатнинг илинж – пайида,

Лек ОНА пойин бир ўпиб қўймаймиз!

Дилмурод Саййид, 8 май 2018 йил.

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Dilmurod Sayyid. Bookmark the permalink.