ДИЛМУРОД САЙЙИД

МУҲАББАТНОМА

МАРҲУМА  БАРНО ИЖОДНИ  СЕВАРДИ, БИРОҚ  ОИЛАНИ ҲАМИША  ИЖОДДАН  УСТУН  ҚЎЙГАН! ОИЛА – БАРНО  УЧУН  БИРИНЧИ  РАҚАМЛИ  МАЪВО  ЭДИ!

Танишганимизда аспирантуранинг сўнгги босқичида ўқир, илмий иши деярли тайёр бўлганди. Ёқлашни истарди, аммо менинг райимга қаради…

Барно ижодни севарди! Қалами ҳам чиройли, битикларида ҳаётийлик устун эди. Ихчам ёзилган ҳикоялари, лавҳалари деярли таҳрирсиз чоп этиларди.

Уй бекаси сифатида, энг аввало, пазанда ва саришта АЁЛ бўлган. Кунига икки маҳал овқат қилар ва ҳамиша олдиндан Ойимга олиб чиқиб, кейин ўзимизга дастурхон тузарди. Кунда ҳеч бўлмаса бир  бориб Онам билан суҳбатлашиб ўтиришга албатта вақт топарди.

Саришталиги боисидан мен қамалгач, менинг кийимларимни шундай тартиб билан нафталинлаб, авайлаб тахлаб қўйган эканки, орадан тўққиз йил ўтиб, кийимларимни кўрганимда худди кеча ечганману бугун қайта кияётгандек ҳис этдим. Бу- муболаға эмас! Чунки оёқ кийимлариму костюм-шим, кўйлакларим, плашч ҳатто ич кийимларимгача гард тегмай турганди! Келганимдан буён на кўйлак, на иссиқ ва на ёзги кийим-кечак олишга зарурат сезмадим. Барнодан кейин укам, жиянлар ва келинларим  авайлаб сақлашган, лекин Барно берган тартибни улар ҳам ўзгартирмаганлар.

Боз устига қўлёзмаларимни авайлаб, картон қутиларга тахламлаганки, худди бир-икки кун аввал қўйилгандек сақланган.

Барно шеърлар машқ қилар, шеърий битикларини китобат шаклига ҳам келтириб улгурганди. Таҳрирни эса, фақат менга ишонганди, аммо тугата олмай, қамалиб қолдим.

У ҳеч тинч ўтирмас-доимо ҳаракатда бўлишни ёқтирарди. Айрим тенгдошларига ўхшаб зеб-зийнат, қимматбаҳо кийимларга ҳам толпинмасди. 2006 йили бўлса керак, Олой бозорига кираверишдаги заргарлик растасига олиб бордим. Узук ва зиракни мослаб танлашини айтдим. Кузатиб турсам, эътиборини кичик ҳажмли, нархи нисбатан арзон тақинчоқларга қаратаяпти. Мен қиммат ва ҳажми каттароқ тақинчоқларни кўрсатдим ва шулардан ёққанини танлашини уқдирдим. У бўлса:

-Қўйинг адаси, шу майдароқлари ҳам бўлади, ўзи шарт ҳам эмасди, бор-ку зирагим ҳам, узугим ҳам, ортиқча ҳаражатни нима қиласиз?-деди жиддий. Кейин баҳслашиш бефойдалигини сезиб, мен кўрсатган комплектни олди. Сотувчи ҳайрон қолганди ўшанда..

“Ипподром”га бордик. Пальто танлашини айтдим. Яна арзонига қарайди… Бўлмаса, йўлда пальтонинг нархига эмас, ёққанига қарашини тайинлаганман. Хуллас, бу гал ҳам ўзим ҳал қилдим…

Оилани жуда авайларди! Ёзда қиш учун тузлама-ю, шарбату ёғда қовурилган қиймали помидоргача бир неча хилини банкага ёпарди ва бу ишларни мен уйда йўқ вақтим қилиб улгурарди…

Ҳеч қачон мен билан масала талашган эмас, фақат ИШГА КИРИШ масаласидан бўлак. Ишлашни хоҳларди, менинг райимга қараб уй бекаси бўлганди. Янглишмасам, 2008 йили ярим ставка ишга киришига рухсат бердим. Шартга кўра ишни ўзи топадиган бўлди. Менинг рафиқам бўлгани учун Барнога ҳам матбуот эшиклари ёпилганди. Бироқ “Оила ва жамият” таҳририятидан иш беришди. Бунинг учун Дилбар опа САИДОВАдан самимий ташаккурдамиз! Ишга худди тантанага бораётгандек чиқиб кетар, Рухшонани боқчадан оладиган пайтгача улгуриб келар ва яна…рўзғор ишларига шўнғирди.

-Ўзбекистон матбуоти учун  “қора рўйхат”даги Дилмурод Саййиднинг хотини бўлсам-да, Дилбар опа ҳеч иккиланмай ишга қабул қилдилар!-деганди ўшанда ёш боладек севиниб. Опа пенсияга чиқдилар, Барнонинг ҳам “штати” қисқарди… Агар янги муҳаррир опадек дадиллик кўрсатиб, Барнони ишда қолдирганда ҳам мен рухсат бермаган бўлардим… Бироқ ўша вақтда бирорта муҳаррир Дилбар ОПА бўла олмаслигини мен ҳам, Барно ҳам жуда яхши билардик!!!…………………………………

… Барно ижодни севарди! Қалами ҳам чиройли, битикларида ҳаётийлик устун эди. Ихчам ёзилган ҳикоялари, лавҳалари деярли таҳрирсиз чоп этиларди…

Қуйида БАРНО қаламига мансуб битиклардан бир жуфтини илова қилаяпман. Ушбу битиклар камида 10-12 йил аввал ёзилган. Фикримча, бугун ҳам аҳамиятини сақлаб қолган!

ҲАЁТ  ЧИЗГИЛАРИ!

МУҲАББАТНОМА

Ишқ кўнгли латифликдан пайдо бўлади.

Қалби латиф бўлмаган одам ошиқ бўлолмайди.

«Қобуснома»дан.

«Элакка чиққан хотиннинг эллик оғиз гапи бор!» Қўшниникига бирровга кирган Нозима хола анча ўтириб қолди. Бир маҳал уни невараси йўқлаб келди.

-Дарров ортингдан «совчи» келади-я, бирпас ўтиришгаям қўймайди, чолинг қурмағур, -кулди Фарида хола.

-Ҳа, нимасини айтасан, ўртоқ, сал кўздан йироқлашсам излашга тушади бари,-дугонасининг гапини маъқулларкан,- чолнинг феъли раҳматли қайнотамнинг феълига ўхшайди.

Дунёда хаёлдан-да тез, югурик нарса йўқ. Нозима холани хаёл бундан қирқ беш йиллик хотиралар гидобига улоқтирди.

*   *   *

…Эндигина ўн тўққиз баҳорни қаршилаган Нозима суқсурдек келин бўлди. Қайнонасининг оғир бетоблиги учун тўйни тезлатишганди. Эртасига «Юз очар» маросими ўтказилди. Тўрда зўрға ўтирган касал қайнона келинининг ҳуснидан кўнгли тўлдими, синиқ  юзлари бирпас ёришди. Дарди енгиллашиб, қаддини кўтарди, чоли тутган ёстиққа ёнбошлади.

-Чиройи тиниқ келинимнинг, палаги тоза-да, отаси. Раҳматлик бувиси ҳам маҳалламизда тенгсиз гўзал эди, ошиқ бўлмаганнинг ўзи йўқ эди. Келиним ҳам бувисига тортибди, – оҳиста, дам ола-ола гапирди Сарви кампир, чоли Назар ота маъқуллади.

Кампирни  ўз хонасига Назар ота суяб олиб кетди, ёрдамга шошилганларни бийлатмади. Янги келин қайнона хизматига киришди. Хилма-хил пишириқлар, овқат, чой ташиб чарчамади. Ҳайрон қолгани шу бўлдики, қайнотаси кампирининг олдидан бир зум  нари кетмас, касал кўргани келганларни ҳам аёли чарчаб қолишини айтиб, тезда чиқариб юборарди.

Келинлигининг учинчи куни қайнонасининг чойини янгилашга кирган Нозима ғалати манзаранинг гувоҳи бўлди. Шипга тикилиб ётган кампирнинг бош томонида чоли мук тушиб ўтирар, оппоқ сочларини силаб ёлворарди.

-Онаси, жон онаси, мени ёлғиз ташлаб кетма. Ўлсам мен ўлай, сен ортимдан қол. Сарвигулим, Сарвижон, мени эшитяпсанми?

Отанинг кўзёшлари юзларидан соқолига юмалар, қотма елкалари силкиниб-силкиниб тушарди. Сарви кампир ожиз овозда нимадир деганди, чол тағин ёлвора бошлади.

-Йўқ-йўқ, кетсанг мениям опкет, етимдай ташлаб кетма. Шунча йил бирга бўлдик, энди нега бевафолик қилаяпсан, гулим, гулжоним…- чол аёлининг юзларини силар, пешонасидан, бетларидан оҳиста-оҳиста ўпиб қўярди. Кампирнинг чеккаларидан ёш сизилди.

Нозима бир сўз демай ортига қайтди. Чол-кампирнинг самимий меҳр-муҳаббати уни ҳаяжонга солганди. Еттинчи кун қайнонаси бандаликни бажо келтирди. Шундай бўлишини олдиндан билишса-да, бу ўлим оилани бир қалқитиб ўтди. Айниқса, чолга қийин бўлди. Онадан етим қолган бўтадек бўзлади, ғам чекди.

Сарви холани ерга қўйиб келган куннинг эртасига чол ётиб қолди. Ота ҳеч нарса емас, гапга жавоб ҳам қайтармасди. Ичи куйганиданми нуқул сув ичарди. Унга катталарнинг насиҳатлари, болаларининг ўтинчлари ҳам кор қилмади. Тепага тикилганча жим ётаверди. Емоқ-ичмоқдан қолгани учунми танаси ток зангидай қорайиб, қурий бошлади. Тўртинчи куни Нозима тушлик маҳалида қайнотасидан хабар олгани оёқ учида ичкарига кирди. Чол ўзи билан ўзи гаплашарди: “Сарвигулим, мениям опкет, ортиқ чидолмайман. Ортимдан қол, дедим кўнмадинг. Энди ёнингга чақир, чақирақол тезроқ. Иккимизнинг маъракамизни битта қилишсин, гулим. Сени соғиндим, эшитаяпсанми, соғиндим. Сенам менсиз зериккандирсан. Бирга бўлсак яхши бўларди. Юрагим ёниб кетаяпти, во-о-оҳ!..”

Келинчак нима қилишни билмасди. Чолнинг гапини бўлишга ботинмади, раҳми келарди унга. Оҳиста изига қайтди, оғир-оғир нафас олди.

Шу куни ярим кечада алаҳсираб уйғонди, ёнида эри йўқ. Бироз кутди, келавермагач, уйқуси қочиб кийинди. Даҳлизга чиқаркан, қайнота уйидаги чироқ диққатини тортди, юраги ҳаприқди. Оёқ учида юриб яқинлашди. Ичкаридан ғалати овоз эшитиларди. Эшикка бош суқди-ю, қайнотасининг тепасида унсиз ўтирган эрининг икки аммаси, яна учта нотаниш эркак, эри ва бешала қайноғасини кўрди. Ғалати овоз қайнотасининг хириллаши эди. Чол «қих-х-х, қих-х-х» деб хириллар, ўтирганлардан садо чиқмасди. Хотинлар оғиз аралаш бурунларига рўмолча тутганча унсиз титрашарди. Ғалати мавҳумликдан чўчиган Нозима эрини секин чақирди.

-Нодир ака.

Ҳамма ўгирилди. Эри овозсиз, чаққонлик билан турди-да, кўрсаткич бармоғини лабига босиб, «жим» ишорасини қилди. Қўлидан тутиб, ташқарига тортди.

-Овозингни чиқарма, Ноз, кириб ухла, келма буёққа,-бўғиқ овозда шивирлади, сўнг изига қайтди.

Юраги сиқилган келин ҳовлига чиқди. Тандир бошида шумшайиб ўтирган овсинларига кўзи тушгач, ҳайронлиги ортди.

-Отамларга нима қилди,опа?-яқинлашгач сўради,-Нодир акам овозингни чиқарма деб койидилар. Нима бўляпти, тушунмаяпман. Ухламай нега бунақа ўтирибсизлар.

-Отам омонатларини топшираяптилар, овсинжон. Бунақа пайтда чўчитиб юборилса, қирқ кунгача жони узилмай қийналади одам,- овсинлардан бири паст овозда гапирди,-сиз бориб ухлайверинг. Ёш нарса чўчиб-нетиб юрманг.

Нозима  даҳшатдан қотиб қолди, бошқа гаплар қулоғига кирмади. Ўн кун ичида иккита маййит? У шу хонадонга келгунча аза, ўлик нималигини билмаганди. Индамай овсинлари ёнига ўтирди. Ҳеч ким уни кетишга қайтиб қистамади. Ҳамма ўз хаёли билан банд. Ярим кеча бўлгани учун ҳаммаёқ тинч, болалар ухлашарди. Биргина кўкда тўлин ой кўринар, сахийлик билан нур сочиб, теварак-атрофни ёритарди. Сукунатни чигирткаларнинг чириллаши, аҳён-аҳёнда қайлардадир итларнинг ҳуриши бузиб қўярди.

Нозимани уйқу элитди. Кўзи илинган экан, тўсатдан ичкарида бошланган йиғи-сиғи, фарёд овозларидан уйғониб кетди.

-Келин, айтиб-айтиб йиғланг, бўлмаса уят қилишади,-овсинлари кетидан югурган Нозимани кимдир огоҳлантирди.

Эркаклардан ёши улуғроғи чолнинг энгагини рўмолча билан танғигач, кўзини силаб очиқ қолган нигоҳларни ёпди. Бошқаси оёқларини жуфтлаб, бош бармоқларини бир-бирига боғлади. Қўллари қотиб қолмаслиги учун икки ёнга тушириб қўйишди.

-Акажон, бўлди, беринг шуни. Янгамнинг ёнига қўямиз сизни. Берақолинг, акажон, акажоним-м-м…- аммалар йиғлаб ялинишар, марҳумнинг қўлини силаб-сийпашарди.

Нозима қайнотасининг чап қўлида раҳматлик аёлининг қаттиқ ғижимланган суратига кўзи тушди-ю, йиғлаб юборди, чин юракдан ўксиб-ўксиб йиғлади…

*  *   *

Шуларни хаёлидан ўтказган Нозима хола яна бир бор марҳумлар ҳақига Қуръон тиловат қилиб, ис чиқаришни кўнглига тугди.

Кампирини кўрган Нодир чол енгилгина койинди:

-Иш қилмасанг ҳам кўзимни тўйдириб уйда ўтир, онаси, нима бор бировларникида, э-эй, тавба-ей…

Барно  ЖУМАНОВА.

“БОШҚОТИРМА”МИ   ЁКИ   “ТОШҚОТИРМА”?

Ҳозир нима кўп даврий нашр кўп! Ва уларни бугунги кунда “Бошқотирма”ли саҳифаларсиз тасаввур қилиш мумкин эмас. Бироқ…

Асли ақлни пешлашга, изланувчанликка, топқирлик ва фикрлаш доирасини кенгайтиришга қаратилган бу турли номлардаги “Бошқотирма”лар асил моҳиятига мувофиқми?

Мен ҳам шундай саҳифаларни Ўзбек матбуотида илк пайдо бўлган вақтлари қизиқиб ечардим. Лекин кўп ўтмай хафсалам пир бўла бошлади. Сабаби, берилаётган ва ҳозирда “бемаза қовуннинг уруғи”дан-да кўпайиб кетган бу “Бошқотирма”лар, уларга мослаштирилган нашрлар одамлардаги ақлни пешлаш, изланувчанлик, топқирлик ва фикрлаш доирасини кенгайтириш каби инсоний хислатларни ЎТМАСЛАШТИРИБ қўймоқда десам, муболаға бўлмас. Мен бу ўринда алоҳида мисоллар келтиришдан чекланаман. Чунки “ўзи аён нарсага баён” ортиқча! Фақат умумий тарзда айрим жиҳатларни айтиб ўтаман. Масалан:

 Аксарият бошқотирмалардаги камчилик берилаётган жумбоқнинг ўта саёзлиги ва такрорийлигидир. Ва бу нарса унинг тузувчиси нақадар тор доирали фикрловчи шахс эканини кўрсатади. Мантиқан эса, ўзи тор фикрлайдиган, саёз билимли одам қандай қилиб ўзгалар АҚЛини чархлаши мумкин!

 Яна бир кўп учрайдиган жиҳат-САВОДСИЗЛИК! Яъни, сўзлардаги унлилар (“Ў” билан “У”; “А” билан “О”)га эътиборсизлик!

Камчиликлардан яна биттаси тик ҳолатдаги КАТАКлар билан энига келувчи КАТАКлар кесишмаси-даги ҳарфлар уйғунлашмай қолади. Шунингдек, баъзида ё ортиқча, ё катак етишмай қолиш ҳолатлари ҳам учрайди.

Тўғри, иш бор жойда хато бўлиши ва ишламаган одамгина хато қилмаслигини биз ҳам биламиз. Бироқ одамлар онги, фикрлаши билан боғлиқ мавзуда материал тайёрловчи (аниқроғи, “Бошқотирма” тузувчи) бундай масъулиятга қўл уришидан олдин ўз ақл ва фикрлаш даражасини ҳам бир чамалаб олса, фойдадан ҳоли бўлмасди. Бизнингча, “Бошқотирма” тузувчи худди мактабдаги муаллимга ўхшайди. Агар муаллим билими саёз, фақат дарс ўтишнигина кўзлаб, иш олиб борса, пенсиягача ҳам ишлаб юравериши мумкин. Аммо ўқувчининг қобилияти, талаби, энг муҳими, илм олиш ҳуқуқи борлигини идрок этган муаллим ҳеч маҳал ўз касбига хиёнат қила олмайди.

Бир сўз билан айтганда, аксарият “Бошқотирма”лар моҳиятан бошни эмас, ўқувчидаги фикрлаш доирасини ТОШҚОТИРАР савиядадир.

Барно ЖУМАНОВА.

%d bloggers like this: