Дилдаги аччиқ гаплар
ТАРИХНИ ҲУКУМАТ ЭМАС, ХАЛҚ ЁЗАДИ!
I. Тарих – дарс
Қирғизистонда “Ахси воқеалари” (2002) ва иккинчи Инқилоб (2010) ҳамда 2010 йилдаги “Июнь фожиаси”га аталган ёдгорлик мажмуалари барпо этилган. Бундан ташқари, мамлакат тарихига оид барча фожиали кунларга бағишланган ёдгорликлар ҳам қад ростлаб турибди.
Ҳар йили ўша саналарда бу ёдгорликлар пойига давлат расмийларидан тортиб, оддий одамларгача йиғилиб, ҳалок бўлганлар хотирасини ёдга олишади.
Умуман, бутун дунёда мамлакат тарихида бирор фожиали кун ўтган бўлса, ўша сана ёдга олинади. Бундан асосий мақсад: аввало, ўтганларни хотирлаш, унутмаслик билан бирга тарихдан муносиб сабоқ олиш ва келажак авлодга шундай мудҳиш кунлар такрорланмаслиги учун дарс беришдир.
II. Тарих сиёсат эмас
Ўзбекистонда бўлса, аксинча, фақат расмий ҳукумат ўзига маъқул топган – бугунги сиёсатига тўғри келган саналаргина хотирланади, холос.
Ҳукуматнинг сиёсатига, табиатига қараб, хотира кунлари ҳам, ҳатто, ҳайкаллар ва жой номлари ҳам алмашиб туради. Бунақасини бошқа жойда тополмайсиз.
Ахир, ўз тарихига нисбатан ҳурмат, ўз аждодларига бўлган эҳтиром бундай бўлмайди!
Тарих – турли ранглар билан битилдими, бу тарих эмас, сиёсат! Тарих бошқа, сиёсат бошқа. Бизда, одатдагидек, ҳамма нарса аралаш-қуралаш.
III. “Катюша”дан “Боже, Царя храни!”гами?
Ватанимиз тарихи турли сиёсий даврларда турли ранглар билан ёзилгани учун ҳам бугун аксар ёшларимиз саводсиз. Албатта, бунда ёшларимизни айблай олмаймиз. Улар таълимнинг сифатсизлиги, манбаларнинг чалкашлиги ва сиёсатнинг қурбонлари бўлдилар. Бўлар-бўлмас “ҳайбаракалла”чи мафкуралар онгларни заҳарлади.
Шунинг учун ҳам бугун “Катюша”ни куйлаб, қизил байроғу сариқ тасмаларни кўтариб юришибди. Эртага “Боже, Царя храни!”ни куйлаб юришса ҳам ҳеч ажабланмайдиган бўляпмиз.
IV. Аслимиз – наслимиз
Озодлигимиз байроқдорлари бўлган азиз ота-боболаримизни қизил ҳукумат “босмачилар” деди ва биз ҳам ёппасига “босмачилар” дедик. Кейин яшил ҳукумат уларни “истиқлолчилар” дейиши билан “босмачилар” бир думалаб, “истиқлолчилар”га айланди-қолди.
Кеча ҳукумат қизил байроқни кўриб, ғазаб отига минган бўлса, бугун ўша қизил байроқ пойтахт кўчаларида ҳилпираб юрибди. Эртага ҳукумат, “йиғиштир, бу карам шўрвангни” деса, сичқоннинг ини минг танга бўлиб кетади.
Хуллас, ҳукумат нима истаса шуни қилади, истамаса ҳеч нарса қилмайди. Бу тўғрими, нотўғрими, ҳеч кимни қизиқтирмайди.
Аслида давлат – халқнинг иродасини, унинг хоҳиш-истагини рўёбга ошириши керак эмасми?! Халқ бўлмаса, давлат қаерда?!
Бечора халқимиз эса, нима исташини ўзи ҳам билмай сарсону саргардон. Ярми Россияда, ярми…
V. Халқ кучи – миллат овози
Халқ бу – ҳукумат қўлидаги ўйинчоқ эмас!
Халқ бу – ҳукумат қайси куйни чалса, шунга ўйнайдиган раққос ҳам эмас!
Халқнинг кимлигини, унинг қудратини бундан бир аср аввал буюк Чўлпон бобомиз (Аллоҳ раҳмат айласин!) куйлаб кетган:
Халқ денгиздир, халқ тўлқиндир, халқ кучдир.
Халқ исёндир, халқ оловдир, халқ ўчдир…
Халқ қўзғалса куч йўқдир, ким тўхтатсин.
Қувват йўқ, ким халқ истагин йўқ этсин.
Халқ исёни салтанатни йўқ қилди.
Халқ истади, тож ва тахтлар йиқилди…
Халқ истаги: озод бўлсин бу ўлка,
Кетсун унинг бошидаги кўланка.
Бир қўзғалур, бир кўпирар, бир қайнар,
Бир интилур, бир ховлиқар, бир ўйнар,
Йўқликни-да, очликни-да йўқ этар,
Ўз юртини ҳар нарсага тўқ этар…
Бутун кучни халқ ичидан олайлик,
Қучоқ очиб халқ ичига борайлик!
7 сентябр, 1921 йил,
Бухоро.
VI. 30 йил – ярим умр
Ўтиб бораётган 30 йил ичида янги Ўзбекистонимиз тарихида: Фарғона, Бўка, Паркент воқеалари, “Талабалар исёни” (1992), “Февраль фожиалари” (1999) ва буларнинг энг мудҳиши “Андижон қирғини” (2005) бўлиб ўтди.
Бу қонли кунларимизда қанчадан-қанча Ўзбекистон ватандошлари ҳалок бўлди. Улар ичида – оналаримиз, оталаримиз, ўғил-қизларимиз, гўдакларимиз қурбон бўлдилар. Бу билан эса, бировнинг иши йўқ!
Дарровда учинчи кучларни ва чет элдан “хиёнатчи”, “ватангадо”ларни “топамиз”да, ўша узоқдагиларнинг гарданига ҳамма айбни юклаймиз, тамом вассалом: шу билан мавзу ёпилди! Дунёда бундан осон иш борми.
Бу воқеаларни ўрганиш, асл илдизини топиш, халққа ҳисобот бериш, деган нарсалар бировнинг ҳаёли кўчасига ҳам келиб қўймади.
Лоақал, ҳукумат 30 йил ичида бўлиб ўтган ўша мудҳиш кунларда ҳалок бўлган ўзбек аскар ва зобитларига атаб бирорта ёдгорлик ҳам қурмади.
Бундан мақсад нима: унутишлик, унуттиришлик, инсонлар хотирасидан ўчиришликми?! Ўтган кунларимизни унутаверсак, унда буюк Чингиз Айтматов айтган “қаҳрамон”га айланиб қолмаймизми?!
VII. Оқ ва қора
Тарих бу – ким(лар)гадир ёқмайдиган жойларини сакраб ўтиб кетадиган спорт майдончаси эмас! Яхшими ёмонми, оқми қорами, тарих бу – тарих! Тарих саҳифаларида фақат оқ чизиқларгина бўлмайди. Оқи ҳам, қораси ҳам худди кўзимизнинг оқу қораси каби ўзимизники! Ўз тарихимиз ўзимиз учун азиз!
Асл тарихимизни яшираверсак, эртага яна ўша кунлар такрорланмаслигига ким кафолат беради? Тарихимизни билмасак, келажагимизни қандай қурамиз?! “Тарихсиз – келажак йўқ!”, деб баралла айтадиган шиорларимиз қаерга кетади унда?!
Тарихчиларимизу адабиётчиларимиз, олимларимизу арбобларимиз, сиёсатчиларимизу журналистларимиз ҳамма-ҳамма фақат ҳукуматнинг оғзига қараб ўтириши яхшиликдан далолат бермайди. Ҳукумат қайси бирини қилсин, қаердан бошлаб, қаерда тугатсин?!
Ҳар ким ўз ишини билиб қилиши керак! Тарихчи тарихчилигини, сиёсатчи сиёсатчилигини, ошпаз ошпазлигини. Тарихчи ошпазга овқат пиширишни ўргатмагани каби сиёсатчилар ҳам тарихчилар ишига аралашмаслиги керак.
Шундагина миллат бўламиз, эл бўламиз, халқ бўламиз!
Бўлмаса, яна қуруқ аравани ҳар ким ҳар томонга олиб қочаверади.
Filed under: 1.BOSH SAHIFA, Uzbek |