Дилмурод Саййиддан хат

ҲАЛОКАТ ОРТИДАГИ САВОЛЛАР

Ассалому алайкум!

Соғликларингиз яхшими, ижод ва Юрт ташвиши билан толиқмай юрибсизми?

ЖАҲОНГИР АКА!

Келганимдан бери вақти-вақти билан архивларни кўриб чиқишни одат қилгандим. Бундан мақсад хориждаги Ватандошлар юритаётган радиотармоқлар ва электрон саҳифалар фаолияти билан янада яқиндан танишиш ва  муносабатларни йўлга қўйишда аниқ тўхтамга келишликдир. Бу борада, айниқса, Сиз томондан юритилаётган сайтлар ва ижодий жамоа мен каби ноҳақлик кўрганлар  хусусида холисона ёндошганлигингиз катта таассурот қолдирди.

Тўғри, ўзим билган ҳамда дўстона садоқат чегарасини бузмаган Ҳамкорларим хориждаги Ватандошлар кўмаги  ва ҳамфикрликлари ҳақида кўп ва хўб муносабатларни айтишганди.

Архивларни ўрганиш жараёнида Уларнинг нафақат ҳақ эканликларига, балки воқеликнинг юздан биринигина айтишганига ишонч ҳосил қилдим.

Хориждаги Ватандошларнинг мен ва мен каби ҳамкасблари қисматига қайғуриб, холисона муносабатларда бўлганликларидан юрак-юрагимдан қувондим, шундай Инсонларнинг борликлари учун Аллоҳга шукроналар айтдим.

Нафақат бизга, балки зарур бўлганида яқинларимизга ҳамдарду суянч бўлган Ватандошларимиздан ҳар қанча ташаккурлар айтиб, фахрлансак арзийди!

АЛЛОҲ БАРЧАНГИЗНИ САЛОМАТ ВА ЭЪТИБОРЛИ ҚИЛСИН!

Юқоридаги сўзлар аввалдан юрагимда бор иқрорим эди ва мен доимо буни таъкидлаб келганман!

Бироқ бугун қоғозга янада кенгроқ тушуришимга бошқа бир туртки ҳам бўлди. Яъни, бугун архивларни кўриб бориш жараёнида Сизнинг 4 феврал куни “АЛВИДО…” деб бошланувчи сарлавҳали битикларингизни ўқиб бўлгунимча бир неча қайта сигарет чекдим, йиғладим… Ҳозир ҳам…

Агар монеълик билдирмасангиз, шу битикларни “ФЭЙСБУК”ка жойлаштириш истагида эдим.

Маъқул топсангиз, ушбу мактубимга иловалаб, “ТУРОНЗАМИН”да Ўзингиз ҳам такрор эълонларсиз!

Хатимга хулоса ўрнида эса, Сизнинг 2009 йил 10 ноябр куни эълонлаган “ҲАЛОКАТ ОРТИДАГИ САВОЛЛАР” даги эътирофларингиз менинг эътирофларимга мувофиқ эканлигини алоҳида урғулайман. Зеро, мен ҳам шундай хулосага 2009 йил 10 ноябр куни-фожиани эшитган куним келгандим!!! Шу боисдан ҳам ҳозирда маълумотларни йиғяпман ва қиёсий ўрганмоқдаман. Тезда ёйинлай бошлайман! Ўзимга оид уйдирма “Жиноят иши” юзасидан барча ҳужжатларни ҳамда ШИКОЯТномани тайёрлаб бўлганман. Бироқ аввал ОИЛАМ билан боғлиқ фожиавий воқелик хусусида аниқлик киритишим шарт!!!

Сизга доимий самимият ва эҳтиром билан Дилмурод САЙЙИД,

Тошкент ш., 29.04.2018 йил.

“ТУРОНЗАМИН”: Биз Дулимурод Саййид айтган ҳар икки мақолани ҳам қуйида илова қилдик.

Жаҳонгир Муҳаммад:

АЛВИДО БАРНО! АЛВИДО РУХШОНА!
6 ноябр, 2009 йил

Бугунги тонгни даҳшатли хабар билан қарши олдим! Миллатпарвар адиб Дилмурод Саййиднинг умр йўлдоши Барно ва қизи Рухшона Навоийга, уни кўрмоққа бораётганда, Сирдарёда автоҳалокатга учраб вафот этишибди. Жойлари жаннатда бўлсин ва Дилмуродга бардош берсин, дейману юрагимдаги вулқон тинмайди.
Бу не кўргулик?
Бу не даҳшат?
Шу йилннг 14 сентябр куни Барно Жуманова деган аёлдан хат олдим. Ўқиб кўрсам, Дилмуроднинг умр йўлдоши экан. Унинг мактуби жуда дардли ва кимсасиз саҳрода қолган кишининг фарёди каби эди. Мен қачондир бу мактубни эълон қилишим мумкинлигини хаёлимга ҳам келтирмаган эдим. Лекин бугун биз кимдан ажралганимиз ва нега ажралганимизни идрок этиш учун бу мактубни эълон қилаяпман.

“МУҲТАРАМ ЖАҲОНГИР МУҲАММАД! Мен турмуш ўртоғим Дилмурод Саййиднинг 11 сентябрдаги апелляция судига бориб, қаттиқ тушкунликка тушдим. Чунки ноҳақ чиқарилган ҳукм қонуний топилиб, ҳеч бир асоссиз ўз кучида қолдирилди. Ундан ташқари Дилмурод аканинг ҳам гаплари юрагимни эзди. Уларнинг аҳволи яхши эмаслиги, озиб-тўзиб кетганлигидан ҳалигача ўзимга келолмаяпман. Энг таъсир қилгани, уларнинг менга айтган қуйидаги гаплари бўлди:

“Барно, мен бу ерда нима бўлишим ноаниқ, ҳалитдан баҳона билан, арзимас сабабни рўкач қилиб, НАРУШЕНИЯ ёзишди. Тўғрисини айтсам, бу ердан тирик чиқишимга ишонмайман. Овқат масаласи муаммо, дори-дармон умуман беришмайди. Бир ёқда соғлигимга путур етиб бўлди. Ҳатто юрагим ёмон бўлганда ҳам биринчи ёрдам беришга шошилишмади. Бу ҳол Тайлоқ туман ВУТИсида ҳам бўлганди. Мен Тайлоқ туман ВУТИси бошлиғига ариза билан мурожаат қилганим учун уйдан келтирилаётган овқатни умуман бердирмай қўйишувди.

Ҳозир Каттақўрғон турмасида ҳам бундан баттар бўлса баттарки, яхши эмас. Энди сендан ягона илтимосим, қизимиз Рухшонага яхши қара, уни ҳеч нимага зориқтирма. Мабодо менга бирор нима бўлса, менинг йўқлигимни билдирма. Бу гапларни ҳеч кимга айта кўрма, орамизда қолсин. Ойимнинг кўнгилларига ҳам қаранглар, хафа қилманглар. Мен Худонинг олдида ҳам, бандасининг олдида ҳам ҳақман! Шунинг учун қаддингни тик тутиб юр, ҳеч қачон йиғлама. Бу гапларни ҳар эҳтимолга қарши айтиб қўяяпман, чунки эртага нима бўлишини худо билади. Ўртамизда яхши-ёмон гаплар ўтган бўлса, мени кечир, мен ҳам сендан розиман…”

МУҲТАРАМ ЖАҲОНГИР АКА! Бу гаплардан кейин баттар сиқилдим. Адолатнинг йўқлиги, ғаразгўйлик юртимиз раҳбарларига, хусусан, суд, ҳуқуқ тартибот органларига теккан касал эканлиги мени бир томондан эзса, иккинчи томондан турмуш ўртоғимнинг касаллигидан сиқиляпман.

Қолаверса, ҳозир ҳеч қаерда ишламаяпман. Қаерга иш излаб борсам, бошида ишга қабул қилишади ва… кимлигимни қаерлардандир, кимлардандир эшитиб, тайёрлаган ҳужжатларимни қўлимга қайтариб беришади. Шунинг учун моддий томондан имкониятларим чегараланган. Тахминан май ойларида “Эзгулик” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи жамиятга турмуш ўртоғим номига ёрдам тариқасида 2.500 АҚШ доллари келганлигини адвокат Суҳроб Эргашев телефон орқали айтувди. Кейин Васила Иноятова билан боғландим ва у менга оилавий ёрдам сифатида икки юз доллар берди. Кейин дори учун яна икки юз доллар берди. Мен судга қатнашга деб ёрдам сўраганимдан кейин 360 000 сўм пул берилди. Ўша пулдан 300 доллар пулни адвокат (аслида ҳамма ишни расво қилган одам!) Ҳасан Маҳбубовга В.Иноятова берган.

Суд жараёнларига қатнаганда, пул масаласида жуда қийналдик. Ёрдам пулини суриштиришга мажбур бўлдим. Лекин 2.500 доллар пул келди деганлар бор-йўғи минг доллар келганини, менга хато айтишганини гапириб, узр сўрашди.

Ундан кейин Ҳусниддин исмли йигит ва адвокатимиз Руҳиддин Комиловнинг ҳаракатлари билан менга қайсидир чет эл ташкилоти (номи эсимда қолмади!) 1060 доллар пулни ўз қўлимга беришди.

Шундан бери ўша пулни сиқимлаб ишлатаяпману, аммо шунинг ҳам таги кўриниб қолаяпти. Бизда мелиса билан дўхтирга ишинг тушмасин, деган гап бор. Ростдан ҳам бу гап тўғри экан. Бориш-келиш, у-бу нарса бериш, сарсон-саргардонликда қўлимдаги пуллар сочилиб кетаяпти. Турмуш ўртоғим учун нимаики олиб борсак, қамоқхона мелисалари ярмини беришади ёки умуман беришмас экан. Берилган нарсаларни рўйхат қилиб киритсам, рўйхат йўқолди, дейишади. Шикоят қилишга чўчийман, чунки Дилмурод ака ўшаларнинг қўлида. Бунинг охири нима бўлади, билмайман. Шунинг учун ўйлаб-ўйлаб, Сизга мурожаат қилишни маъқул топдим.

ЖАҲОНГИР АКА! Сиз ҳақингизда орқаворотдан ҳам фақат яхши гаплар эшитганман, яхши инсон сифатида танийман. Дилмурод ака ҳам Сизни тўғрисўз инсон деб ҳурмат билан тилга олардилар. Қолаверса, ўзим ҳам самарқандликман, юртдош сифатида ҳурмат қиламан, газеталарда чиққан мақолаларингизни кўп ўқиганман. Айниқса, Сиз мустақиллик кунида Олий Минбардан туриб, баттол Каримовга қарата “Ўзбекистон онангизнинг маҳрига тушган эмас!” деган сўзларингизни умрбод эсимдан чиқармайман.

Фалакнинг гардишини қарангки, Сиздек тўғрисўз, мард, жасур, фидойи инсонлар чет элларда юришибди. Қодир Худойим тарозининг палласини тенг яратади. Албатта, бунинг ҳам жавоби, савоби, мукофоти бор, насиб қилса. Бир кунмас бир кун Сиз юртимизга қайтиб, Ватан ичида савобли ишларингизни давом эттирасиз, деган умиддаман. Айнан шуларни ҳисобга олиб, Сизга мурожаат қилишни, маслаҳатингизни олишни маъқул топдим. Йўқчилик жўмарднинг қўлини боғлайди, деганлари ҳаққи рост. Мен ҳам ўз ғуруримни синдириб, мабодо иложи бўлса, турмуш ўртоғим учун Сиздан маънавий ва моддий кўмак беришингизни, ҳеч бўлмаса, ўз маслаҳатингизни аямаслигингизни қаттиқ илтимос қиламан. Бизга ёрдам беришни истаганлар бўлса, улар билан боғланишимга амалий кўмак беринг, илтимос. Қаттол КАРИМОВ қатағонининг бир қурбони сифатида СИЗ мени тўғри тушунарсиз, деган умиддаман.

Сизга чексиз эҳтиром ва самимий ишонч билан Дилмурод САЙЙИДнинг турмуш ўртоғи Барно Жуманова”.

Бу мактубни ўқиб жуда эзилдим ўшанда. Умр йўлдоши ҳам Дилмурод каби истеъдодли қаламкаш экан деб ўйладим. Унга жавоб ёзарканман таскин берадиган сўзлар топа олмадим. Унинг мактубини эълон қилиб, оиласига ёрдам тўплашни ҳам ўйладим. Лекин оғзига кучи етмаганлар буни ҳам бошқа томонга буриб, қамоқдаги одам устидан пул қилишмоқда дейишдан қайтмасликларини ўйладим. Хуллас, ўз шахсий имкониятимни кўриб чиқиб, имкон қадар ёрдамимни юбордим. Бугунги коррупцияга ботган Ўзбекистон шароитида бу жуда оз нарса эди. Лекин Барно буни жуда катта ёрдам деб қабул қилди׃

“Ассалому алайкум мухтарам Жахонгир Мухаммад! Юборилган нарсани олдим, илтифотинигиз ва мехрингиз учун яна бир бор рахматлар айтаман. Сизни ва оила аъзоларинигизни якинлашиб келаётган Муборак Рамазон хайит байрами билан чин дилдан табриклайман. Доимо мурод ва максадингизга етинг, болаларингизнинг рохатини куринг. Хаммамизни Аллох узи ярлакасин. Дилмурод ака хакида бериб бораётган материаллар учун миннатдорчилик билдираман.
Самимий хурмат билан Барно. 19 сентябр”.

Мана бугун электрон почтамнинг архивида қолган ана шу хатларни ўқирканман, изтиробнинг қиличи мени парчалаётгандек… Мен ушбуни кўзда ёш билан ёзаяпман, ёнимда умр йўлдошим йиғлаб турибди…

Ҳамдардлигимизни кимга айтайлик?

Ҳамдардлигимизмни кимга билдирайлик?

Дилмурод Саййидгами? У ахир зулмнинг зиндонида. Уни руҳан синдирган Каримов зулми бугун уни жисмонан ҳам  букди…

Миллатим, халқим деган буюк инсоннинг бошида бу қадар оғир дардлар бўларканми-а?

Эй,  золим Каримов!  Бугуноқ Дилмурод Саййидни зиндонингдан чиқар,  у севгили ёрининг, дунё қадар азиз Рухшонасининг жонсиз жасадларини сўнгги бор  кўрсин! Сўнгги бор бағрига боссин! Уларнинг қабрини қучоқлаб йиғласин! Балки ўшанда у тирик қолади! Бўлмаса, унинг ҳам қотилисан, ЗУЛМ!

ЖАҲОНГИР МУҲАММАД.

*****

ҲАЛОКАТ ОРТИДАГИ САВОЛЛАР

10 ноябр, 2009 йил

Раҳматли амаким “Ётишдан олдин каравотнинг оёқларини, машинага минишдан олдин баллонларини текшириб кўр”, дер эдилар. Буни кимдир шубҳаланиш касали ҳам дейиши мумкин. Аммо шубҳаланмасангиз ҳақиқатни топа олмайсиз ва кўзингиз очилмайди.

Дилмурод Саййид оиласининг бошига келган фожеани бир неча кунки унута олмаяпман. Савол устига савол қўшилмоқда. Бу саволларни аввал адиб Ризо Обид билан ўртоқлашдим. У ҳам ўйланиб қолди. Кейин ҳуқуқбон Ёдгор Турлибеков билан… У ҳам “Ҳа..я” деб қолди. Сўнг бошқалар билан ҳам гаплашдим. Қолганлар ҳам саволларим қуруқ шубҳа эмаслигини айтишди. Шунинг учун ҳам бугун улар ҳақида ёзишга қарор қилдим.

Автоҳалокат пайшанба куни тушдан сўнг содир бўлди.

Барно Жуманованинг ҳужжатларига кўра, у Тошкентда яшайди. Демак, миршаблар дастлаб Тошкентга хабар беришлари керак. Унинг кекса отаси эса, Самарқанд вилоятининг Булунғур туманидаги олис бир қишлоқда истиқомат қилади. Уни топгунча камида бир-икки кун кетади. Лекин…

“Кеча кечқурун (воқеа куни-ж.м.) соат 10.30 ларда Дилмурод Саййиднинг хотини Барно Жуманованинг отаси телефон қилиб¸ Сирдарë вилояти Оқ олтин туманида автоҳалокатга учраб¸ Барно Жуманова ва унинг қизи (оламдан-ж.м.) ўтганлиги тўғрисида маълумот берди…,-деди Руҳиддин Комилов”. (“Озодлик”. 6-ноябр).

Раҳматли Барно Жуманова отасининг якка қизи бўлган, Рухшона эса унинг бирдан бир невараси. Бундай пайтда ҳар қандай ота даҳшат ичида қолади, ўзини йўқотади ва фикрларини жамлаб олгунча кунлар ўтади орадан…

Бунинг устига  автоҳалокатдан кейин дастлабки текширув учун кетган вақт, тергов очилиши учун  ҳужжатларни ҳозирлаш, ҳалок бўлганларнинг кимлигини аниқлаш, воқеа жойидаги текширув, медицина экспертизаси хулосаси… ва  ҳоказо-ҳоказолар учун кетган вақтни тасаввур қилсангиз  савол туғилаверади.

Хабарни бунча тез Булунғурнинг чанг кўчаларидан аранг етиб бориладиган қишлоғига ким етказди? Наҳотки, Ўзбекистонда миршаблар шунча тез ишлайдилар?  Америка филмларидаги каби ”супер миршаблар” борми ёки?

Шу куниёқ воқеа жойига етиб келган кекса ота дарҳол Тошкентдаги адвокатга  қандай телефон қилди?  Фарзанди ва неварасидан ажралган одамнинг дарҳол адвокатга телефон қилиш хаёлига келадими ёки унинг ёнида “шу номерга сим қоқинг” деган,  балки номерни териб берган одам бормиди?

Одатда тергов идораларидан хабар чиқиши жуда қийин. Лекин бу воқеа ҳақида эртасигаёқ улар етарли қадар маълумот сиздиришгани ва ҳатто “Нексия” машинасининг шофери ургутлик эканлигини ҳам билдиришгани сизни ўйлатмадими? Ёки Ўзбекистон ДАН ходимлари шу қадар илгарилаб, воқеа ҳақида шунча тез маълумот берадиган бўлиб қолганларми? Агар шундай бўлса, бирор жойда ҳалокат юз берганда ҳафталаб хабар ололмаган одамлар туҳматчи эканларда-а?

Суд-мед экспертизаси Ўзбекистонда шунча тез ўтказиладимики, марҳумлар воқеадан 24 соат ҳам ўтмай дафн қилинди?

Ўзбекчиликда бундай пайтда қишлоқ оқсоқоллари ҳукумат идорасига бориб, илтимос қиладилар, “Барака топгурлар, оила бошлиғи қамоқда, бир кунга бўлса ҳам жавоб беринглар, хотини ва боласини ўзи кўмсин, қабрларига тупроқ ташласин”… Йўқ, бунақа гап йўқ. Худди кимдир пешанага таппоча ўқталиб турган каби марҳумларни дарҳол кўмишди. Нега?

Воқеа содир бўлган кундан бери Барно Жуманованинг отаси авария тасодиф эканлигини бот-бот урғуламоқда. Худди унинг ёнида биров ўтириб шу гапни айтинг деяётган каби. Ахир ҳар қандай инсон ҳам энг аввалло шубҳага боради-ку? Айниқса, куёви таниқли журналист, ҳукумат унга туҳмат уюштириб, зиндонбанд этган бўлса? Бунинг устига ”паспортини олиб кел” деб қизини қамоққа чақиришган бўлишса?

Дарвоқе, мен билган Ўзбекистонда паспорт деганини суддан олдин, терговдан олдин олиб қўйишарди. Тергов қилинаётган одамнинг кимлигини аниқлаш учун энг аввало унинг ҳужжати олинади, ахир? Ёки Ўзбекистон судлари кимлиги аниқланмаган одамларни суд қилаверадими? Ҳатто бирор сабаб билан олиб қўйишмаган бўлишса ҳам қамоқ маъмурияти паспорт талаб қилганини мен 55 йиллик ҳаётимда илк бор эшитиб турибман… Сиз эшитганмисиз?!

Мен бу ҳалокатни ҳукумат уюштирган деган хулосадан йироқман. Булар тасодифдир, балки? Аммо битта воқеада тасодифлар шу қадар кўпки, улар савол устига савол қалаштиради.

Ҳукумат одамлари Барно Жумановани кузатиб юришган ва  ҳалокат юз бериб, улар нима қилишларини билмай, воқеани апал-тапал тинчитиб юбормоқчи бўлишдими? Кўринмас куч ҳаракат қилганга ўхшамаятими, сизга?

Ҳукумат бу воқеа жамиятдан норози одамларни бир жойга жамлашидан қўрқдими? Ундай бўлса нега хабарни бунча тез чиқаришди?

Ўзбекистонда ҳамма нарса шунчалик назорат остидами?  Бунга ҳам ишона олмайман!

Гумон қилишга ҳаққим йўқ, аммо савол беришга ҳамма каби менинг ҳам ҳаққим бор.  Жавоб эса йўқ. Худди ҳар доимгидагидек…

Дарвоқе, даҳшатли бу воқеа сизда ҳеч қандай савол уйғотмадими?

Хўш,  автоҳалокат тасодифлигига урғу берган Би-Би-Си, “Озодлик” ва “Америка овози” радиолари-чи? Улар нега бундай саволларга жавоб изламаётирлар? Энди бу ҳам савол!

ЖАҲОНГИР МУҲАММАД

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Dilmurod Sayyid. Bookmark the permalink.