Дилмурод Саййид

Тобут ичра Севги келгач чайқалиб…

МУАЛЛИФДАН:

2010 йилдан  “Худо хоҳласа, озодликка чиқсам, иккита китоб қиламан: биринчиси асосан тиканли сим ортида ёзилган ва умуман шу ҳаёт билан боғлиқ воқеликлардан иборат битиклар тўплами; иккинчиси эса, маҳкумлик даврида бевосита ўзим билган-таниган қисматдош маҳкумлару мазлумлар кечмишлари ҳақида бўлади, деб ўйлаб юрардим. 2013 йилга келиб зулм ва тазйиқ кучайиб кетгач, озодликка чиқиш умиди сўниб, бу масалада деярли эсламай қўйдим…

2016 йил охирларидан шу фикр яна тинчимни буза бошлади. 2017 йил Наврўзларидан кейин эса, синашта маҳкумлардан Икром Мирзаалиев, Аъзам Турғунов, собиқ ҳарбий авиация майори Қутбиддин Норалиев каби Инсонлар  билан бу мавзуда  эмин-эркин фикрлашадиган ҳам бўлдим.

Аллоҳ озодликни насиб этди, беадад шукроналар бўлсин!

Озодликка чиққанимдан бери ўтган қарийб етмиш кун давомида, энг аввало, ҳужжатлар масаласида югур-югурларни; яшаш уйимни бироз тартиблаб, коммунал тўловларни ҳал этдим. Соғлигим масаласида ҳам имкон қадар…

-Сиз уйда ишланг, биласизми, қанча мавзуларни гаплашгандик, қоғозга оммабоп қилиб фақат сиз тушура оласиз,-деди Аъзам ака Турғунов,-юриб қилинадиган ишларни ўзимиз амаллаймиз.

 Шу гап туртки бўлдими билмадим, аввалига қоғозга ёза бошладим. Кўп ўтмай яқинларимнинг ёрдами билан эски компьютеримни таъмирлаб, ёзув-чизувга яраб турадиган қилиб олдим. Март ойи ўрталаридан қораламаларни кўчириб, мақола шаклида матнлаб, эълон қилишга киришдим. Апрел ойи бошларидан зса, китоб қилиш фикри ғалаён бошлади.

Мен зоналарда пайтим ўзаро суҳбат-сўзлашувимда ҳам, яқинда ёзган мақолаларимдан бирида ҳам “Тарих бирга-бир ва бирма-бир такрорланаётгани”ни; ҳатто Онамга ёзган хатларимда ҳам “ижодкордан қоладигани унинг битиклари бўлиши”ни қайта-қайта таъкидлардим ва ХХ аср биринчи ярмидаги репрессия мазлумларидан мисоллар келтирардим…

Аксарият зобисифат ходимлар айнан шу – ёза олиш иқтидоримиздан хавфсирардилар. Ҳатто буни ошкор айтиб, ўзлари сезмаган ҳолда тан ҳам олардилар. Мен гарчи зарурат бўлмаса-да, 2010 йил баҳоридан “ДОТС+” деган икки йиллик муолажага ўтказилганимни ёз ойларида англагандим. Айниқса, ўша вақтдаги опербошлиғи мен билан Бош прокурорга ҳукмдан норози бўлиб ёзган шикоятим хусусида суҳбатлаша туриб:

-ДОТС+ оляпсизми, дориларни тўлиқ ичяпсизми?-деб сўраб қолди даб-дурустдан.

Мендан тасдиқ жавобини эшитиб, шубҳасини яширмади:

-Негадир ўхшамаяпти-да, Саидов?

-Нимаси ўхшамаяпти?-саволга савол қайтардим.

-Хотирангиз жуда яхши-ку…-бу таъкидни билиб айтдими, билмайми менга қоронғу. Ўзимни англамаган гўлга солиб:

-Ўпкамда яхши томонга ўзгариш бўлганини сезяпман,-дедим…

Бироқ опербошининг тугалланмаган охирги жумласи менга кўп нарсани англатди. Шундан сўнг ўзимни катта хавфга қўйсам-да, БМТнинг ўша вақтдаги Бош котиби номига “Фақат ажални кутиб яшамоқдаман!” сарлавҳали Мурожаатимни ёзиб, чиқариб юборишга эришгандим, минг раҳмат, ҳамфикр дўстларимиз ўша Мурожаатни ёйинлагандилар. Ундан кейинги “машмаша”ларнинг ўзи бир алоҳида боб бўладиган воқелик… Ва бундай қайғули, ғайриинсоний кўринишларга асосланган воқеликлар бир дунё…

…Ҳозирча эса,  асосан тиканли сим ортида ёзилган ва умуман шу ҳаёт билан боғлиқ бадиий воқеликлардан иборат битиклар тўпламини (тахминан олти босма табоқ ҳажмида!) китобат шаклида тузиб бўлдим. Тўғри, айни чоғда бу тўпламни Ўзбекистонда чоп эттириш имкони бор, деб билмайман. Бироқ ишонч борки, кун келиб бу масала ҳам ҳал этилиб қолар!

  Қуйида шу битиклардан бир лавҳасини Сиз билан бўлишиш истагидаман. Холис баҳо Сиз азизларга ҳавола!

 Дилмурод Саййид, Тошкент шаҳри.

 

Тириклай ўлдирди ёлғончи  очун”

тиканли  сим  ортидаги  назмий битиклардан

Собиқ шўро даврида Афғон можароси туфайли армияга кетган Ватандош йигитларимиз Цинкли тобутларда қайтдилар. Ўша-ХХ аср 80-йиллари охирларидаёқ таниқли ҳамкасбимиз Карим БАҲРИЕВ жасорати билан бу борадаги маълумотлар ўзбек матбуоти юзини кўрди!

Бундай бевақт ўлим топиш 2002-2015 йиллар давомида ҳам ошкора юз берди. Бу гал ҳарбийдан эмас, тергов изоляторлари, қамоқ ва зоналардан келди Шаҳидлар…

 Минг афсуски, бугун-ХХI аср 18-йилида Ўзбек матбуоти “ЎЗ Карим БАҲРИЕВи”ни кашф эта олмаяпти…Бизнинг кунларда тергов изоляторлари, қамоқ ва зоналарда бевақт, қийноқ ва ғайриинсоний муносабатлардан ажал топган ўнлаб маҳбусу маҳкумларнинг аксарияти ҳали чимилдиқ кўрмаган ёшда эдилар! -1-

                                                             Сулувлар юзларин тилдилар, эвоҳ,

Тирноқлар изидан тирқиради қон.

Бир марта ўт бўлиб қадалган нигоҳ

Бир умр тош қотди-тош бўлди Армон!

Ёш эмас сурмалар қон-ла ювилди

Масъума тилаклар ўт ичра қолиб.

Сандиқда сарполар-қора тугилди

Тобут ичра Севги келгач чайқалиб…

Остонага ҳолсиз йиқилиб Она

Ер тирнаб оҳ чекар-куяр жизғанак.

Не учун сочилиб, айт, кетмайсан-а-

Шунчалар қаттиқми юрагинг, ФАЛАК?!.

Не эди муштипар Онага ёзиқ,

Не эрур хокисор Ота гуноҳи?

Шунча нотекисми чарх юрган чизиқ,

Қайси гуноҳ учун бу фарзанд доғи?

Онанинг кўксига сиғмас Юраги

Ўт бўлиб ёнмоқда-ҳасратлари чўғ!

Йўқ унга дунёи дуннинг кераги-

Энди унинг ўғли-бу дунёси йўқ:

-“Кенг дунёга келиб, менинг шўру тор-

Пешонамга сиғмаган болам-ей, болам!

Унсиз қаро ернинг бағрида не бор,

Кошонамга сиғмаган болам-ей, болам!..”

-2-

Дардингни олайин муштипар Она,

Доғ бўлган кўксингга малҳам қўяйин.

Фарзандинг суратин сўз билан яна-

Чизайин-шеър билан ҳайкал ўяйин!

Қаддингни кўтар, эй падари бузрук,

Тошларга сиғиниб, бош урма, эй мард!

Сен ахир ОТА, сен-қоядек буюк,

Қалбингдан силқиган ёшларингни арт!

СИНГИЛЖОН! Оғасиз қолдим, деб айтма

Ҳар ўғлон оғангдир, оғанг ҳар ўғлон.

Дунёдан дарғазаб ортингга қайтма,

Дунёнинг қарзи кўп сендан СИНГИЛЖОН!

Қиёматга қадар айланиб бу кўк

Юздан бир қарзини узмоғи қийин…

Дардингни олайин падари бузрук,

Муштипар волида, дардинг олайин!

НОН  ТАЪМИ

“Бобур Мирзо Ҳинду Синдни забт этиб, ўша Юртларда Фарғонадан келти-

рилган қовундан бир тилик татиб кўргач, Она диёрини ёдга олган экан.

ОНАЖОН! Бугун мен Сиз ёпган нондан бир тишламни оғзимга солдиму

жаҳонгашта шоҳ-БОБУР ҳолатини ўз вужудимда ҳис этгандек бўлдим…”

Бобур кўзларидан томган ёш охир

Маним кўксим узра тошга айланди.

Тарих бир қалқиди ўтиб беш аср,

Соғинчнинг дардлари ёшга айланди.

Бобур йиғлаб турар қаршимда маним,

Мижжаларга сувмас гўё хун тўлди:

“Ўз юртни қўюб Ҳинд сори юэландим,

Эвоҳ,ки бу не юз қаролиғ бўлди!”

Бобур йиғлаб турар, мен ҳам силкиниб

Кўзларимни юмиб фарёд ураман.

Ҳинднинг йўлларидан чопиб-юлқиниб

Бобур ҳолатини такрор кўраман.

Бир тилик қовун, оҳ, битта бурда нон

Наҳот, такрорласа тарихни ахир?

Мен подшоҳ эмасдим, кўринг Онажон,

Мени шоҳ кўтармиш телба бу тақдир!

Мозийдан сас келар титроқ ва ғамгин

Беш аср беридан тинглаб юрибман.

Шоҳлик ҳавасимас, туюб Нон таъмин

Шоир Бобур бўлиб йиғлаб турибман!

САДОҚАТЛИ  АЁЛЛАРГА

“Оламни гўзаллик қутқарар!”

 ЁЛҒОН!!!

Оламни Садоқат сақлаб турибди.

Садоқат бор учун муаллақ Осмон,

Замин узра Қуёш чақнаб турибди!

Эркин ҳаёт билан Қамоқ орасин

Тиконли сим, метин девор кесади.

Садоқат бор учун Маҳкумнинг ҳазин-

Кўнгил кўчасида Умид кезади!

Ҳатто шу совуқ сим, ҳиссиз тошдевор

ОЖИЗ!

 Садоқатнинг ўткир риштаси:

Темир эшиклар ҳам очилар ночор

Тикилса Аёлнинг Пок-Фариштаси!

Ғамбода Юракдан чекинар алам,

Вужудни қоплайди бир сархуш Хаёл.

Қайтадан яралур наздингда Олам

Йўқлаб келган куни Содиқа – АЁЛ!

ЭЪТИРОФ

 Номуси топталган шошқалоқ қиздек

Тушкун мўлтирайди Умид нотавон.

Фарзанди доғида куйган Бахтсиздек

Телбанамо боқар Ишонч бу замон.

Ташландиқ гўдакдек Қалбим йиғлайди,

Ўйлар Бева аёл мисоли ғариб,

Мен сиққан дунёга Сабрим сиғмайди.

Шундан сочларим ҳам қолган оқариб..

Яна қамоқ, яна ноҳақ жазодир,

Яна Адолатнинг кўзларида ёш.

Бир варақ Ҳукмга боғланган Умр,

Бардош билан Исён аро Ҳис талош!..

Кунлар ўтаётир, ҳафталар, ойлар,

Барибир кўксимда бир пинҳон матлаб.

Нотавон Умидим нимадир пойлар

Совчи кутган паҳмоқ қиздек мўралаб…

АБДУЛҲАМИД СУЛАЙМОН ЎҒЛИ ЧЎЛПОН НИДОСИ
                                                             “…осмонда йиғлар турналар!” Халқ қўшиғидан.

Камон қошлардан сирилди ўсмалар,

Қон янглиғ силқиб кўздаги сурмалар,

Қумри- кесик тил, Сорлар- чарх урмалар,

Чаманлар – файзи йўқ, гўшалар – сокин!

Элни тўйдиришдан турма тўлдириш

Одамни таҳқирлаш каби осон иш-

Қамамоқ туҳматлаб- тирик ўлдириш

Бир чеким нос чекиб тупурмоқдек жўн!

Маддоҳлар, Сотқинлар суварак сифат,

Номуснинг нархи- бир жез медал фақат,

Ҳатто шу ҳам талош, шунга ҳам навбат,

Ҳамият эгнида эски йиртиқ тўн!

Зилол суви ила Зам- зам чашмасин

Жаллодлар юварлар қонли панжасин,

Қанча интилмасин, қанча ишласин-

Фақирнинг косаси оқармас бу кун!

Дабдабали шиор таъкидлар бисёр,

Амалда тазйиғу таҳдидлар бисёр,

Ҳақталаб Мазлумлар, Шаҳидлар бисёр,

Шоирлари- СЎҚИР, Дарғалар- жунун!..

                                            02.Х.2014 й.  УЯ-64/49

УСМОН  НОСИРГА

Ноҳақлик битмабди-Зулм бор ҳануз,

Қонунни кўр билган Ҳукм бор ҳануз,

Адолат истаган Адоват топган

Кишани Аламдан Мазлум бор ҳануз!

Сўз учун бўғзига сиртмоқ қадалган,

Сўз учун қувилган, Хоин аталган-

Ижодкор бор ҳануз, битик бор ҳануз-

Асоссиз, Исботсиз Сиздек қамалган!

                                                             УСТОЗ УСМОН НОСИР!

                    Сизни сил этган

Азоб-ўйлар бу кун маним елкамда.

Орадан чорак кам бир аср ўтган,

Аммо… Ташҳис ўхшаш… Қисмат экан-да!..

                                                                  09.02.2014 й., Қарши ш., 49 – ЖИЭК

Таассурот

“Қаландар қуруқшаб-қовжираган лабларини эшик тирқишига тутди:

-Бону, азизам!

Жавоб ўрнига эшик зулфинларининг шарақ-шуруғи эшитилди”

(Одил Ёқубовнинг “Улуғбек хазинаси”дан)

Ана-У! Кетмоқда эгнида жанжа

Бошида кулоҳу кўкси тўла ғам.

Ана-У! Қолмоқда дил пароканда,

Лаблари пичирлаб: “Алвидо, Мирзам!”

Ана-У! Кетмоқда ҳижрон аталмиш-

Сўқмоқдан, дунёга силтаб этагин.

Ана-У! Қолмоқда баҳорлари-қиш,

Кўксига кўмганча Умид чечагин!

Ана-У! Кетмоқда… Ўзи ҳам билмас

Манзилу маъвосин тугар жойини.

Ана-У! Қолмоқда… Оҳ, қайтиб келмас-

Бахтининг ўпганча гарди пойини!                                                        

 

Сурат 2008 йил 29 сентябр куни олинган.                                                                               

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Dilmurod Sayyid. Bookmark the permalink.