Улуғбек Бакир

Мухолифат ва диний гуруҳлар ҳақида
ДХХ РАИСИНИНГ НУТҚИДАН ОЛДИН: ТОШКЕНТДАН КЕЛГАН ИККИ ХАТ

11.04.2018

30 март куни Sputnik нашри тарқатган хабарга кўра, Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) раиси Ихтиёр Абдуллаев Олий Мажлис сенатининг XIV ялпи мажлисида сўзлаган нутқида, “Бирлик”, “Эрк” сингари бузғунчи сиёсий кучлар бугунги кунда Ўзбекистонда ўз фаолиятини қонунийлаштиришга уринмоқда. “Уларнинг режаси бугун қонунийлаштириш, эртага эса вазиятни издан чиқариш”, — деб таъкидлаган эди.

31 март куни Facebook саҳифамда: “Ўн беш кун ичида Тошкентдан иккита хат олдим. Лекин, ишонмай тургандим. Ўша хатни ДХХ раиси кеча исботлади. Бу ҳақда ёзаман. Гап кўп…”, деб ёзгандим.

Шундан бери бу ҳақда ёзишга ҳеч вақт тополмадим. Бугун имкон топиб, шулар ҳақида ёзмоқчиман.

Хўш, бу қандай хат эди ва у менга кимдан келганди?

Гап шундаки, шу йил март ойининг ўрталарида Ўзбекистон ҳукуматига яқин доираларда ишлайдиган Тошкентдаги бир танишим (хавфсизлик нуқтаи назаридан исмини сир тутамиз) менга бир хат юборди. Бу хатдаги маълумотлар ҳаққоний эканлигини ва уни оммага эълон қилишим мумкинлигини шама қилганди. Мен эса, шошилмадим. Кейинроқ яна шу мазмунда батафсилроқ ёзилган хат келди.

Аввалига ушбу хатларда ёзилган маълумотлар каминага жуда ваҳимали туюлгани сабабли, унчалик ишонгим келмади. Балки бу кишига атайлаб мазкур маълумотлар сиздирилгандир ва у бунга ишонгандир, деган гумонга бордим. Аслида бу манбадан келган аввалги бир қатор информациялар ўз тасдиғини топганди. Яъни, бу манбага ишончимиз юқори. Акс ҳолда, эътибор қаратмаган бўлардик…

Эҳтиёткорлик билан қараганимнинг сабаблари бор, албатта. Чунки, Ўзбекистонда бўлаётган ислоҳотлар тўлқинига мазкур хатда ёзилган маълумотлар мутлақо зид эди. Лекин, қалбимдаги бу ғалаёнлар узоқ давом этмади.

30 март куни ҳаммаси аён бўлди. Шундан кейин гап нимада эканлигини тушунгандек бўлдим ва 31 март куни юқоридаги эълонни ёздим.

Икки хатнинг мазмуни қуйидагича эди:

1. Хориждан Ўзбекистонга қайтмоқчи бўлган мухолифатдаги кишилар тўрт тоифага ажратилган бўлиб, улар: демократлар, диндорлар, диний-радикал шахслар ва гуруҳ вакиллари ҳамда секуляр-радикал сиёсатчилар;

2. Бу тўрт тоифадан қайси бири Ўзбекистонга киритилиши мумкинлиги бўйича жорий йилнинг январь-февраль ойларида юқори расмий идораларда музокаралар бўлган;

3. Хавфсизлик кучлари, расмий диний ташкилотлар ва ҳукумат идораларининг узоқ давом этган баҳс-мунозараларидан кейин бир тўхтамга келган қарорига кўра, хориждаги демократларни мамлакатга киритилиши масаласи 2018-2020 йиллар давомида кузатув жараёнига қўйилган;

4. Қолган уч тоифадаги гуруҳ ва шахсларни мамлакатга киритилиши Ўзбекистон хавфсизлигига катта таҳдид, деб баҳоланган;

5. Хориждаги ўзбекистонлик демократларнинг мамлакатга киритилиши масаласи 2018-2020 йиллар давомида Халқаро ташкилотлар, БМТ, Европа Иттифоқи, ЕХҲТ каби нуфузли институтлар ҳамда улар яшаётган давлатларнинг махсус хизматлари ва ҳукуматлари билан ҳамкорлик ишлари доирасида, уларнинг тавсиялари билан кўриб чиқилади;

6. Демократларнинг 25 ёшдан 40 ёшгача бўлганлари биринчи гуруҳга, 40 ёшдан 60 ёшгача бўлганлар иккинчи гуруҳга ва 60 ёшдан юқорилар учинчи гуруҳга бўлинади;

7. Уларнинг ўзлари яшаб турган давлатларнинг фуқаролигини олганлар бир гуруҳга, Ўзбекистон фуқаролиги билан қолганлар яна бир гуруҳга ажратилиши кўзда тутилган;

8. Демократларнинг ўзлари яшаб турган мамлакатларига келган вақтларидан бошлаб, шу пайтгача қайси хориж давлатларига, нима мақсадда сафар қилганликлари ўрганилиши ҳам қарорда назарда тутилган;

9. Уларнинг молиявий ресурслари, мол-мулки манбалари ва оилавий шароити, фаолият доираси ҳам ўрганилиши белгиланган;

10. Яшаётган давлатларида ноқонуний ҳатти-ҳаракатлар содир этилган ёки этилмаганини ҳам ўрганиш алоҳида эътиборга олинган.

11. Диндорлар, диний-радикал шахслар ва гуруҳ вакилларига қаратилган тадбирлар режаси қуйидагича белгиланган:

а) уларнинг интернет саҳифалари ва ОАВдаги ҳамда ижтимоий тармоқлардаги чиқишлари ва ёзишмалари алоҳида назоратга олиниши;

б) Ўзбекистон расмий диний ташкилотлари вакилларига ҳамда ҳукумат сиёсатига бўлган муносабати ўрганилиши;

в) расмий диний йўналишдан ташқари, Ислом динидаги бошқа турдаги оқимлар ва назарияларга бўлган муносабат ва ташвиқотлар таҳлил қилиниши;

г) Ўзбекистон ичида ва хорижда соқол қўйган диндорлар, диний либослардаги аёл-қизларнинг фаолиятлари ва қарашлари ўрганилиши;

д) хорижда соқол қўйган диндорлар ва диний либослардаги аёл-қизларнинг Ўзбекистон фуқаролари билан муносабати: ижтимоий тармоқлардаги ёзишмалар, телефон ва интернет мулоқотлар, банк-молия, халқаро почта алоқалар, чет эллардаги учрашувлар ўрганилиши ҳамда уларнинг Ўзбекистон фуқароларига таъсир доирасини кузатиш; турли йўналишлардаги таҳдидларга қарши тадбирлар ишлаб чиқиш;

е) Ўзбекистон ҳудудидаги масжидлар ва бошқа диний институтлар ҳамда диний нашрларнинг фаолияти тўла давлат назорати доирасида ушлаб турилиши; хавфсизликка таҳдид элементлари кўрилган заҳоти зудлик билан кўриладиган чора-тадбирлар режаси янги ислоҳотлар негизида кўриб чиқилиши;

ё) диний адабиётлар ва электрон нашрлар, бошқа турдаги диний материаллар мамлакатда тарқатилиши ва ўрганилиши янги тартибда жорий этилиши;

ж) чет элдаги мусулмон давлатлардан Ўзбекистонга кириб келиши мумкин бўлган турли оқим ва диний йўналишларни янги тартибда назоратга олиш;

з) ИШИД, Толибонлар ҳаракати ва бошқа турдаги исломий ташкилотлар ҳамда жангари гуруҳларнинг Ўзбекистонга қаратилган позицияларини назардан қочирмаслик, уларга ҳайрихоҳ бўлган хориждаги кучларни мамлакат чегараларига яқинлатмаслик чора-тадбирлари янги ислоҳотлар негизида кўриб чиқилиши.

12. Хориждаги ўзбекистонлик секуляр-радикал сиёсатчилар фаолиятини ва ташвиқот ресурсларини доимий таҳлил қилиб бориш, кузатув ишларини янги тартибда жорий этиш;

13. Ўзбекистонга келаётган инвестициялар ушбу давлатлар ҳукуматларининг кафолатлари билан мамлакатга киритилади. Инвестициялар кўринишидаги турли зарарли кучларнинг Ўзбекистон ҳудудига киритилишининг эҳтиёт чоралари кучайтирилади;

14. Ўзбекистон давлат чегаралари ҳудудларида турли провокацияларга йўл қўйилмайди;

15. Хориждан келаётган озиқ-овқат ва бошқа турдаги маҳсулотлар назорати янги ислоҳотлар негизида қайтадан кўриб чиқилади.

Шундай қилиб, март ойида олганим – икки хатнинг асосий мазмуни билан сизларни таништирдим.

Эслатиб ўтамиз, мактубдаги маълумотларнинг масъулияти бизнинг зиммамизда эмас.

Воқеалар ривожини кузатишда давом этамиз…

Улуғбек Бакир
Норвегия

www.facebook.com/ubakirov

 

%d bloggers like this: