Дилмурод САЙЙИД

МАВЗУГА ҚАЙТИБ!

ОЛИНГАН ЖАВОБЛАР МАХСУС КОМИССИЯ ШАРТЛИГИНИ  ТАСДИҚЛАЙДИ!

Икки ҳафтанинг нари – бериси биз томонимиздан “ДИҚҚАТ: ТАКЛИФ!” рукни остида айни чоғда жуда муҳим масала юзасидан мақолалар ёйинланганди. Минг афсуски, мақолалар бизга номаълум сабабларга кўра биз кутганчалик даражада сайтларда эълонланмади. Тўғриси, биз бунга деярли ажабланмадик. Чунки шундай эҳтимолликни олдиндан таҳмин ҳам қилгандик. Сабабини ҳам Аъзам Турғуновга қисқача шарҳлаб ўтгандим…

Шу нуқтаи назардан имкон даражамизда йўл тутиб, бизни қувватлаши мумкин бўлган Инсонларга хат ёзиб, шароит бўлганида Улар билан кўришиб, мазкур мавзуда ўз мулоҳазаларимизни батафсил изоҳлаб бердик. Айниқса,Надежда Атаеванинг бу борада катта қизиқиш билдириши, Стив Свердлоунинг ўша кунлари Тошкентда бўлиши бизга жуда қўл келди. Аввали 29 март куни, кейин Стивнинг Оврўпога кетишидан бир кун олдин кўришиб, бу мавзуда яна бир бор батафсил фикрлашиб ҳам олдик.

Икки кун аввал ҳамкасбим Сид Янишев ҳам илтимосимизни ижобий қабул қилиб, биз билан кўришди ва бизга ўз йўналиши доирасида кўмаклашиш учун савол-жавоб тарзида суҳбат тайёрлашини билдирди.

ХЎШ, БИЗ НИМА УЧУН ВА ҚАНДАЙ МАСАЛАЛАР АТРОФИДА ШУНЧАЛАР КУЮНИШДАМИЗ?  

Аввало, бунгача биз томонимиздан “ДИҚҚАТ: ТАКЛИФ!” рукни остида бир неча қайта тарқатилган таклиф-мақолалардан айрим ўринларни қисқача эсга олайлик:

ТОЧКОВКАдаги маҳкумлар аввалига икки-уч нафардан “қора рўйхат”дан чиқарилиб, инсонпар-варлик далолатномалари қўлланила бошланди. Кейин бу жараён тезлашиб кетди. Гуруҳ-гуруҳ тарзда озод этила бошландилар. Тан олиш керакки, уларнинг орасида мутлақо айбсиз, фақат “КЕРАК БЎЛГАНИ УЧУН; арзимас айблов шиширилиб, адоват туфайли қамалганлар ҳам анчагина Бу борада Ўзбекистон Президенти ҳам олий минбардан туриб бир неча марта таъкидлаган.

Фақат “КЕРАК БЎЛГАНИ УЧУН” ёки айблов шиширилиб, адоват туфайли қамалганлар айнан ноҳақлик сабаб соғликларидан, йиллаб озодликларидан маҳрум бўлдилар ва бу йўқотишларни қайтаришнинг ҳеч бир имкони йўқ! Бироқ ИНСОН учун соғлик ва умрдан-да қимматлироқ неъ-мат бор, бу-шаън, қадр-қиммат! Инсон умри ва соғлигини ШАХСИЙ бойлик деб ҳисобласак, Унинг шаъни, қадр-қиммати, аввало, бутун насли-келажак авлоди учун маънавий мерос ҳисобланади! Ҳар бир Инсон ўзидан кейин яхши ном ва амал қолдиришни истайди, шунга интилади!

Ноҳақлик қурбони бўлиб, суднинг ҳукми билан гарчи адолатсиз жазога тортилган бўлсин, бу- истаймизми-йўқми тамға бўлиб туравериши аниқ. Бу тамғани фақат ва фақат АДОЛАТнинг тикланиши ювиб ташлаши мумкин, холос!..”(“МАХСУС КОМИССИЯЛАР ТАШКИЛ ҚИЛИНИШИ ЗАРУР!” мақоласидан).

Биз яна шундай таъкидни алоҳида урғулаб ёзгандик:

“…Истаймизми-йўқми токи АДОЛАТ қарор топиб, шаънимиз тикланмагунича тегишли органлар назоратида бўламиз, биз яшаётган ҳудудда бизга қўйилган айбловга мувофиқ бирор қилмиш содир этилса, “судра-судра”дан бошимиз чиқмаслиги аниқ!

Хўш, АДОЛАТЛИ ҲУКМни қаердан ва кимдан кутамиз?

Албатта, мамлакат Олий Суди ва одил судьядан!

ҚАНЧА  ВА ҚАЧОНГАЧА КУТАМИЗ?

Бу саволнинг жавоби анчайин мавҳум!..”

Шу ўринда “саволнинг жавоби анчайин мавҳум!..” лиги сабабига изоҳ берсак. Гарчи Конс-титуция ва амалдаги тегишли қонунлар Инсон ўз ҳақ-ҳуқуқини ҳимоялашига имкон берса-да, лекин бирорта судья ёки прокурор “ОҚЛОВ  ҲУКМИ” чиқариш билан боғлиқ жараён учун масъулиятни ўз зиммасига олишни мутлақо истамайди! Айниқса, бизга ўхшаб йиллар давомида “ҚОРА РЎЙХАТ”да бўлган “собиқ”лар масаласида!

Шу ўринда фикримиз шунчаки иддао бўлиб қолмаслиги учун иккита мисол келтирайлик:

  1. 2017 йил апрел ойида 49-ЖИЭКдан туриб Ўзбекистон Президенти номига “ИЛТИМОС АРИЗАСИ” чиқардим. Ва бу ҳаракатимни Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон Декларация-си” 6-моддаси принципи билан изоҳлаб кўрсатдим. Мен томонимдан ёзилган мазкур мурожаатни қандай бўлса шундайлигича укам Президент виртуал қабул-хонасига 2017 йил 6 июн куни топширган. У ердаги масъуллар эса, жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят судига жўнатган.(?) Энди эътибор қилинг, менинг мурожаатим укам томонидан Президент виртуал қабулхонасига 2017 йил 06 июн куни топширилган бўлса, у ердан яна Самарқандга юборилган мурожаатга ЖИБ Самарқанд вилоят суди раиси Р. АБДУЛЛАЕВ 2017 йил 08 июн № 1-ЖЮМ/845-2017-рақам билан укамга жавоб йўллаб ҳам улгурган:

Сизнинг Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонасига 2017 йил 06 июн куни йўллаган 8226-ар/17-сонли мурожаатингиз ўрганиб чиқилди.

Мурожаатингизда, судланган Д.Саидовнинг айби йўқлиги сабабли оқлов ҳукми чиқаришни сўрагансиз.

…Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 498,510-моддаларига мувофиқ,…ҳукм ва ажримлар устидан маҳкум ёки унинг ҳимоячиси назорат тартибида шикоят беришга ҳақлидир.

Шу боис,…судланган Д.Саидов ёки унинг ҳимоячиси суд қарорларидан норози бўлган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси Олий судига назорат тартибида шикоят қилиш ҳуқуқига эга эканлиги тушунтирилади.”

Ваҳоланки, укам бу борада ҳеч қандай мурожаат қилган эмас, фақат менинг ёзганимни топширган, холос. Мен ҳам ўз мурожаатимда ҳеч қандай “ОҚЛОВ” сўрамаганман, балки мен Ўзбекистон Конституцияси 93-моддаси 1-қисми таъкидидан келиб чиқиб, “…ушбу “Илтимос аризаси”  Сизни бефарқ қолдирмаслигига ишонаман”,- деб якунлаганман мамлакат Президенти номига ёзган ўз мурожаатимни.

Виртуал қабулхонадаги масъул ҳам, ЖИБ Самарқанд вилоят суди раиси ҳам Президент номига ёзилган уч варақли мурожаат ва унда келтирилган ўндан ортиқ эътирофларни ИККИ КУНда ўрганиб чиқиб, жавоб ҳам қайтаришга улгурганлар.

  1. Аъзам Турғунов 2018 йил 16 март куни Ўзбекистон Президенти номига “МУРОЖА-АТНОМА” топширганди. Ушбу мурожаатномага 2018 йил 27 март № 44858-s/18 рақами қўйилган ва Олий Суд жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раисининг ўринбосари В.НАЗАРОВ имзолаганлиги кўрсатилган жавоб хатидан ўқисак:

 “Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонасига йўллаган № 44858-s/18-сонли, 2406-г/18-сонли, 7729-ар/18-сонли мурожаатларингиз Олий судда кўриб чиқилди.

Мурожаатда айбсизлигигиз ҳақида важлар келтиргансиз.

Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 498,510-моддаларига мувофиқ,…ҳукм ва ажримлар устидан маҳкум ёки унинг ҳимоячиси назорат тартибида шикоят беришга ҳақлидир…”

 Энди шу ўринда жаноб қозиларнинг ҳақлидир” деган таъкидларига нисбатан ҲАҚЛИЛИК борасида бир саволни қўйсак:

ЎЗБЕКИСТОН ПРЕЗИДЕНТИ НОМИГА ЁЗИЛГАН МУРОЖААТ ЮЗАСИДАН ЖАВОБ ЙЎЛЛАШ-га Олий суд ЖСҲ раиси ўринбосари ва Вилоят ЖИБ суди раиси ҲАҚЛИМИ?(кан)

Яна бир эътироф: Аъзам Турғунов 2018 йил 16 март куни Ўзбекистон Президенти виртуал қабулхонасига НЕЧТА МУРОЖААТНОМА топширган? Менимча, рақамлардан кейин қўйилган ҳарфларга қараганда фақат 7729-ар/18-сонли мурожаат бўлса керак!..

Учинчи эътироз: бир эмас, учта мурожаат қандай қилиб 16-27 март кунлари давомида “кўриб чиқилди” экан? (20-22 март дам олиш кунлари бўлганлигини эътиборга олсак, жаноб қози Аъзам Турғунов мурожаат(ЛАР)ини ўрганиб ва яна Олий суддек маҳкамада кўриб чиқилишига эришгани таҳсинга сазовор!) Агар “ИШ” шундай жадал олиб борилса, ноҳақликдан қамалган жабрдийда – мазлум АДОЛАТ ва ҚОНУН УСТУВОРЛИГИ ҳақида орзу қилмаса ҳам бўлаверар!

Биз айнан шундай “ОТПИСКА”- ЖАВОБлар оқимини кесиш учун ҳам (мавзу бошланишида рукн сарлавҳаси эслатилган!) мақола-таклифларимизни кўпнинг кенгашига ҳавола этгандик.

Биз шундай ёзгандик:

Тўғри, Ўзбекистон Президенти томонидан фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини янада мустаҳкамлашга қаратилган жуда эътиборли ҳужжатлар қабул қилинди. Суд, проку-ратура идоралари зиммасига бу борада жуда катта  масъулият ҳамда вазифалар юклатилди. Бироқ бу- мазлумлар масаласи ҳал бўлиб қолди дегани эмас! Қолаверса, суд, прокуратура идоралари ташвиши фақат бизнинг киритадиган мурожаатимизни ўрганишдан иборат эмас! Ва бу усулда АДОЛАТНИ тиклашга жуда-жуда кўп вақт керак бўлади!

Бизнингча, бу муаммони ҳал қилишнинг ягона йўли-МАХСУС КОМИССИЯЛАР ТАШКИЛ ЭТИШ! Бу (рамзий маънода!) Комиссия таркибига Адвокатлар, прокурорлар, судьялар билан бир қаторда Инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан боғлиқ мамлакатдаги нодавлат ҳамда Халқаро  ташкилотлар вакиллари ҳам киритилсалар, кўзланган мақсад-АДОЛАТНИ ТИКЛАШ қисқа муддатда ижобий ва сифатли амалга ошади!”

МАХСУС КОМИССИЯЛАР ТАШКИЛ ЭТИШ қанчалар зарур ва шарт эканлигини юқорида келтирилган (мен ва А.Турғуновга боғлиқ!) иккита конкрет мисол ҳам тасдиқлаб турибди!

Биз ҳам айни шу жиҳатларни эътиборга олган эдик. Бироқ биз фикр сўраб мурожаат қилган мамлакатдаги ҳамкасбларимиз балки ишлари кўплигидан бу борада ҳануз муноса-бат билдирганларича йўқ! Фақат Инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан боғлиқ Халқаро ташки-лотлардаги ҳамкасбларимиз эътибор қаратаяптилар. Ваҳоланки, бу-энг аввало, бизни-мамлакатдаги мустақил журналистларни ва ҳуқуқ ҳимоячиларини жонлантириши зарур. Нафақат мустақил журналистларни ва ҳуқуқ ҳимоячиларини,балки мамлакатдаги барча оммавий ахборот воситалари ходимларининг, адвокатларнинг ҳам бурчидир. Сабаби, кўплаб шу соҳалар эгаларининг ўзи бўлмаса-да бирор таниши, қариндоши, ҳатто яқин одами у ёки бу айблов қўйилиб, ноҳақ қамалган!

Шу ўринда энг муҳим жиҳатга эътибор берилишини истардик. Яъни:

Шан, қадр-қиммат нафақат тирикликда, балки Инсон вафотидан кейин ҳам ўчмайдиган қадрият ҳисобланади. Биз ҳозирда тириклигимиз учун ҳам Мурожаатларни ўз қўлимиз билан ёзиб – ҳаракатдамиз. Энди айтинг-чи, НОҲАҚ ҚАМАЛИБ, ЖИНОЯТ КОДЕКСИНИНГ 155-,157-, 159-, 242-МОДДАЛАРИ БИЛАН ҚИЙНОҚ ВА ҒАЙРИИНСОНИЙ УСЛУБЛАРДА АЙБЛОВЛАР ҚЎЙИЛГАН, ЖАЗО ЎТАШ ДАВРИДА ЗОНАЛАРДА ВАФОТ ЭТГАН МАЗЛУМЛАР ҚАДР-ҚИММАТИ, ШАНИ УЧУН КИМ ЖОН КУЙДИРАДИ? Балки “яқинлари бор-ку!” дегувчилар топилар?.. Яқинларининг ҳаракатлари якуни эса, Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 498,510-моддаларига мувофиқ,…ҳукм ва ажримлар устидан маҳкум ёки унинг ҳимоячиси назорат тартибида шикоят беришга ҳақлидир…”деган “отписка” билан барҳам топмаслигига ким кафил?!.

Биз таклиф қилаётгандек, муаммони ҳал қилишнинг ягона йўлиМАХСУС КОМИССИЯЛАР ТАШКИЛ ЭТИШ!  Бундай комиссиялар истаймизми-йўқми жамоат ташкилотлари тарафидан ҳам тақдим этиладиган Мурожаатларни ўрганиб, кўриб чиқиш масъулияти(ваколати)га эга бўлиши табиий! Бу-энди биз эришадиган натижага боғлиқ! “Биз” деганда  мамлакатдаги мустақил журналистлар ва ҳуқуқ ҳимоячиларини, барча оммавий ахборот воситаларида фаолият юритаётган  ўз мустақил фикрига эга ҳамкасбларимизни, адвокатликни чин маъ-нода шарафли соҳа даражасига кўтаришни истаган ҳуқуқшуносларни назарда тутаяпман!

Биз шунингдек “ДИҚҚАТ: ТАКЛИФ!” рукни билан  “КОНСТИТУЦИЯ КУЧЛИМИ  ЁКИ КОДЕКС?” сарлавҳали ИККИНЧИ МАҚОЛАни ҳам эълон қилгандик. Бу мақола-таклифимизда жумладан шундай фикрларни билдиргандик:

“Ўзбекистон Республикаси Конституцияси (Асосий Қонун) 26-моддасида: “…Судда айбланаётган шахсга ўзини ҳимоя қилиш учун барча шароитлар таъминлаб берилади”, – деб аниқ ва тиниқ белгилаб қўйилган.  Аслида-чи?

 … Амалда эса, гумондор ё айбланувчини фақат ЎзР ЖПК 40-, 44-моддалари талаби доирасида ҳимоялаш мумкин. Бу ўринда Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон Декларацияси ва мамлакат Конститу-цияси(26-модда, биринчи хатбоши) тамойиллари амалиётда эмас!

Дейлик, ҳуқуқий ҳимояга муҳтож шахс  ё моддий имкониятсиз, ёки адвокатга ишончи йўқ. Яқин танишининг бу борадаги илми ҳам, малакаси ҳам етарли эканига тўлиқ ишонади. Бироқ таниши ЖПК талабига мувофиқ  келмайди.

Энди савол: “Судда айбланаётган шахсга ўзини ҳимоя қилиш учун барча шароитлар таъмин-лаб берилади”-деган Конституциявий принцип амалиётининг ижросини ким таъминлайди?

Августо Аврелийнинг асрлар оша келаётган таъкиди бор: “Қонунлари ишламаган мамлакатда ҳокимият згалари қароқчилар тўдасига айланади!”

Мустақил журналистларни, Инсон ҳуқуқлари фаолларини чеклаш, қамаш, қувғин қилиш оқибати-да ўзи зўрға юриб турган қонунлар ижроси деярли тўхтади. Натижасини эса, вақт кўрсатиб турибди: Бош Прокурору не-не генераллар, тумандан Олий Судгача бўлган қанча-қанча қозилар, ИИВ тизимидаги казо-казо мансабдорлар бугун нима учун ҳибсга олиниб, судланиб кетаяпти?

КОРРУПЦИЯ-Қароқчилик эмасми?!

Инсонни исботсиз айблаш, узоқ муддатга қамаб юбориш-чи?!.

Бу мавзуни яна ўнлаб рақамлару рўйхатлар билан бойитиш имкони мавжуд, бироқ муҳими бу эмас.

Бизнингча, Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексига  Инсон Ҳуқуқлари Умумжаҳон Декларацияси ва мамлакат Конституцияси принцип-ларига асосланган тарзда:

а) гумонланувчи, айбланувчи, судланувчи, маҳбус ва маҳкум ўз ҳуқуқини ҳимоя қилиши учун қонун доирасида барча шароитлар билан таъминланади;

б) гумонланувчи, айбланувчи, судланувчи, маҳбус ва маҳкум, уларнинг яқинлари ўз хоҳиш-ларига кўра касбидан қатъий назар Ишончли вакил тайинлаш ҳуқуқига эга;

в) ишончли вакил шахси ва “Ишончнома” нотариал тасдиқланиши фаолият кўрсатиш учун асос ҳисобланади;

г) адвокат ёллаганлик мазкур ҳуқуқни чеклашга ҳамда ишончли вакил фаолиятига чегара қўйилишига сабаб бўла олмайди

деган мазмунда қўшимча киритилиши бугунги куннинг муҳим талаби бўлиб турибди. Шунингдек, “Ишончли вакил”нинг  ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳам қонун билан аниқ белгилаб қўйилиши керак , деб биламиз”…

Бу борада ҳам, сал юқорида таъкидлаганимиздек, биз муносабат сўраб мурожаат қилган мам-лакатдаги ҳамкасбларимиз ҳозирча фикр билдирганларича йўқ! Фақат Инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан боғлиқ маълум Халқаро ташкилотлардаги ҳамкасбларимиз эътибор қаратишмоқда. Ваҳоланки, бу ҳам, энг аввало, биз-мамлакатдаги мустақил журналист-ларни ва ҳуқуқ ҳимоячиларини жонлантириши зарур. Нафақат мустақил журналистларни ва ҳуқуқ ҳимоячиларини, балки мамлакатдаги барча оммавий ахборот воситалари ходим-ларининг, адвокатларнинг ҳам бурчидир. Сабаби, ноҳақлик ва зулмдан, қийноқ ва қамоқдан ҲЕЧ КИМ СУҒУРТАЛАНГАН ЭМАС!!! Зеро, биз томонимиздан билдирилиб, ёйинланган ҳар икки таклифдан ҳам ягона мақсад-ИНСОН ШАНИ ВА ҚАДР-ҚИММАТИ ДАҲЛСИЗЛИГИНИ АМАЛДА ТАЪМИНЛОВЧИ ҚОНУН УСТУВОРЛИГИ кўзланилган!

Кейинги–“КОНСТИТУЦИЯ КУЧЛИМИ  ЁКИ КОДЕКС?” сарлавҳали мақоламизни шундай якунлаган эдик:

“Истардикки, мамлакатда фаолият юритаётган ва ўзларини Инсон ҳуқуқлари ташкилоти, деб ҳисоблаган жамоалар бу борада нафақат Ўзбекистондаги депутатлару сенаторларга, балки Халқаро ташкилотларга аниқ баёнлар билан мурожаат қилсалар. Зеро, Инсон ҳуқуқлари масаласи минтақавий эмас, умумжаҳон аҳамиятига молик жараёндир!

Бу борада, энг аввало, мамлакатда расман рўйхатга олинган (академик А.Саидов, В.Иноятова раҳбарлик қилаётган!) нодавлат ташкилотлар  Парламентга ўз таклифларини билдира-дилар, деган ишончдамиз”.

Биз ҳам имкониятимиздан келиб чиқиб, бу масалада мамлакатимизга расмий ташриф билан келган HRW ташкилоти вакиллари орқали март ойи охирида тегишли масъулларга фикримизни оғзаки тарзда бўлса-да, етказишга интилдик. Бироқ асосий таянч шу соҳанинг мамлакат ичида расман рўйхатдан ўтган ташкилотларининг  ҳаракати ва эътиборига боғлиқдир!

Дилмурод  САЙЙИД, Тошкент ш., 09.04.2018 й.

ФОТОЛАВҲАЛАРДА:

-Аъзам Турғунов билан Тошкент оқшомида сайр;

-олинган жавоблардан кўчирмалар;

-таклифларимиз борасидаги суҳбатлардан бири.

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Dilmurod Sayyid. Bookmark the permalink.