Дилмурод Саййид

 Тириклай сўйдилар, тирик кафанлаб

(Шеърият)

 Мени қўлламоққа ожиз бу қуллар,

Сўқирдир нигоҳлар – мени кўролмас.

Сўқмоққа айланмиш мен билган йўллар,

Адолатнинг кесик пойи – юролмас!

               Х             Х             Х

Тириклай ўлдирди ёлғончи очун,

Тириклай сўйдилар маккор ошналар.

Тириклай кафанлаб кўмдилар у кун,

Тирикнинг қонига ўчлар – ташналар.

Зорларим кутдилар, менда зор йўқдир,

Менда исён яшар, яшар интиқом.

Кўзларим бепарво, юрагим чўғдир.

Вужудим жизғанак – оташ батамом!

Нигоҳимдан ўкинч тилади ғаним,

Қаддимни эгмоққа жон чекди қози.

Дунёда яшаб мен ёлғиз топганим –

Шу ғурур ва бир сўз – Ҳақнинг эъзози!

 

Тириклай сўйдилар, тирик кафанлаб,

Тириклай кўмдилар дўст ҳам, ғаним ҳам.

Манқуртлар – ҳассакаш, турар “Ватан!”лаб,

Тириклай кўмилди… оғриқларим ҳам!..

                    Х        Х        Х

Дўстнинг қўлларида ханжар ўйнади,

Занглаган темирдан ясалган тиғи.

Мен ҳеч ўлмадим, ғаним қўймади,

На кулиб боқмадим, келмади йиғи!

 

Дўстнинг кўзларида қўрқув яширин,

Тиззасида айби қалтираб кетди.

Ханжарнинг занг босган нафаси у кун

Ғурурнинг қони-ла ялтираб кетди!..

                       Х       Х      Х

Қизчамни қучоқлаб узоқ йиғладим,

Онамнинг бағрига бош қўйиб тиндим.

Ҳақ излаб кўчага, уйга сиғмадим,

Зиндон бу маконда Ҳақни соғиндим!

7-ТҲ, Каттақўрғон, 22.08.09 йил.

БАҲОР  СОҒИНЧИ
Совуқ кунлар эзиб ташлади

Фалак юзи қат- қат , тўп булут

Изғиринлар кўзни ёшлади,

Ёноғимда қировли сукут!

Юрагимда совуқдан озор,

Кел, бағримга қайтақол , Баҳор!

 

Каллакланган Умид дарахти,

Навдалари ўралган  музга .

Куртакларнинг синиққан шахти,

Жабр бўлди Уйғоқ Илдизга!

Соғинч маним Руҳимга мадор,

Кўришайлик, келақол, Баҳор!

 

Чақмоқ чақсин, ёмғир шаррослаб,

Сўнг Камалак- юз очсин Қуёш!

Совуқ кетсин биздан аразлаб,

Роҳатлансин толиққан Бардош,

Юрагимни тўлдирсин Ифор,

Кел, Умримга қайтақол, БАҲОР!!!

20.02. 2016 йил. УЯ-64/49, Қарши ш.

ШУКРОНА

Умримнинг эллик беш йили шамолдай-

Ўтди гоҳ тўзонли, гоҳида майин.

Кутиб қолди қилар ишим бир талай,

Шу кунга ҳам етдим, шукр, ўлмайин!

Кимлардир қабримни кавлаб қўйганди,

Қарийб тўққиз йилда унутди кимлар.

Суд  ҳукми ўқилгач қўй ҳам сўйганди-

Тантана қилганди қаттол ғанимлар.

Аммо…

Яратганнинг Раҳмонлиги рост;

Мунофиқлар кутган кун келгани йўқ!

Холис дўст-Қаламим дона-дона ёз:

“ДИЛМУРОД САЙЙИД ТИРИК! ЎЛГАНИ ЙЎҚ!”

04.Х!.2017, УЯ-64/49, Қарши ш.

 

                     АБДУЛҲАМИД СУЛАЙМОН ЎҒЛИ ЧЎЛПОН НИДОСИ
                                                             осмонда йиғлар турналар!Халқ қўшиғидан.

Камон қошлардан сирилди ўсмалар,

Қон янглиғ силқиб кўздаги сурмалар,

Қумри- кесик тил, Сорлар- чарх урмалар,

Чаманлар – файзи йўқ, гўшалар – сокин!

 

Элни тўйдиришдан турма тўлдириш

Одамни таҳқирлаш каби осон иш-

Қамамоқ туҳматлаб- тирик ўлдириш

Бир чеким нос чекиб тупурмоқдек жўн!

 

Маддоҳлар, Сотқинлар суварак сифат,

Номуснинг нархи- бир жез медал фақат,

Ҳатто шу ҳам талош, шунга ҳам навбат,

Ҳамият эгнида эски йиртиқ тўн!

 

Зилол суви ила Зам- зам чашмасин

Жаллодлар юварлар қонли панжасин,

Қанча интилмасин, қанча ишласин-

Фақирнинг косаси оқармас бу кун!

 

Дабдабали шиор таъкидлар бисёр,

Амалда тазйиғу таҳдидлар бисёр,

Ҳақталаб Мазлумлар, Шаҳидлар бисёр,

Шоирлари- СЎҚИР, Дарғалар- жунун!..

02.Х.2014 й.  УЯ-64/49, Қарши ш.

ВАТАН  ВА  ҚЎШИҚ

Ватанга бағишлаб қўшиқ айтарлар,

Сўзларга меҳрини қўшиб айтарлар,

Гоҳи хаёлчан, гоҳ жўшиб айтарлар,

Ватанни куйламоқ осонмас. Дўстим,

Юракка бўйламоқ осонмас, Дўстим!

 

“Ватан!”-деб боболар оловдек ёнган,

Момолар ҳижронга, ҳижратга кўнган,

Не-не бошлар кетган, қиличлар синган,

Ватанни куйламоқ осонмас. Дўстим,

Юракка бўйламоқ осонмас, Дўстим!

 

Ватан севмоқликни ўргатиб бўлмас,

Бўёқларда чизиб-кўрсатиб бўлмас,

Фақат Қўшиқ айтиб-гуллатиб бўлмас,

Ватанни куйламоқ осонмас. Дўстим,

Юракка бўйламоқ осонмас, Дўстим!

 

Бизлар ўйлаб топдик мақтовнинг барин,

Мақтовга муҳтожмас Ватан-камтарин,

Озлик қилар сочсанг Дунёнинг зарин,

Ватанни куйламоқ осонмас. Дўстим,

Юракка бўйламоқ осонмас, Дўстим!

 

Қўшиқ айтма, севсанг-жимгина севгин,

Халқини авайла ва яна севгин,

Кўксингга урмасдан Мардона севгин,

Ватанни куйламоқ осонмас. Дўстим,

Юракка бўйламоқ осонмас, Дўстим!

18-21. 04. 2017 йил,  УЯ-64/49, Қарши ш.

БУЛУНҒУР  БИТИКЛАРИ

ИЛК БИТИК

ЙИГИРМА САККИЗ ЙИЛга яқин якка шахс бошқарувида бўлган Юрт ва юрт аҳлининг кечмиши хусусида ўсиб келаётган Авлодни хабардор этиш 45 ёшдан ўтган Авлод учун муҳим синов!

Мен собиқ ТИРАНИЯ тузумини қурган ва бошқарган И.Каримов йўл қўйиб берган сиёсат пойдевори ШАФҚАТСИЗЛИК, ҚОНХЎРЛИК, ҲАРОМХЎРЛИК қоришмалари АДО-ЛАТСИЗЛИК қотишмасидан қуйилганлигига куни кеча – 30 март куни марҳума қизим Рухшона ва рафиқам Барно зиёратларига борганимда яна бир карра иқрор бўлдим!

ХХ аср 30-йиллари иккинчи ярмида “Ажал Амири” рутбасига эришган Сосо Жугашивили сиёсати “римкс”тарзида бизнинг кунларда амалий ва изчил қўлланилди. Собиқ раҳбар: “ Ўзимизга хос, ўзимизга мос Ўзбек модули” таъкидини алоҳида урғулаб турарди. Ва бу борада ҳақ эди! Собиқ НКВДнинг, айниқса, 00447-, 00486-Буйруқлари “Ўзига хос ва мос шакл”да қайта ишлангач, собиқ МХХ босими остида беўхшов /ўхшаши йўқ!/ модулга айланди.Бу модул Атом ё Водород бомбаларидан фарқли ўлароқ, энг аввало, ИНСОН қалбини жароҳатларди. Ўз даврида “сосоизм идеологи” ўз ихтиролари учун “Ажал амири” рутбасига эришган бўлса, “ИАКизм мафкурачиси”ни ҳеч иккиланмай “Амирал-умарои ажал” “унвони билан хотирлаш мумкин! Чунки “сосоизм”да аксарият ЖОҲИЛлар Худони инкор этувчи мафкура тарафдорлари эди. “Иакизм” устунларининг кўпчилиги эса, туғилганда Азон эшитган, (балки!?) суннат ҳам қилинган манқуртлар тўдаси бўлган.

Айримлар ё қизиқиб, ё дунёқараши оқсоқланиб, баъзан сўрашади: “Шунча ёвузликлар тепасида турган Диктатор бўлса, нима учун номи абадийлаштирилиб, ҳатто ҳайкаллар қўйиляпти?

ХХ аср қатағонлари асли 20-йиллардан бошлаб “куртак ёзиб” 30-, 50-йиллари “шиғил ҳосил”га кирганди. Бу мавзуда жуда кенг манбалар мавжуд. Бу ҳақда ХХ аср 53-йил баҳоридан кейин ҳам билишарди. Бироқ янада аниқлик киритиш ва изоҳлаш учун УЧ йилга яқин вақт керак бўлган…Зеро, ИСТИБДОД тарихи бирга-бир ва бирма-бир такрорланиб келмоқда!..

2011 йил апрел ойи охирлари, Навоийдаги 36-ЖИЭКда эдим, “опер” чақиртириб қолди. Мақсад-навбатдаги интизомий жазо қўлланилиши учун мендан “Тушунтириш хати” олиш экан. Очиғини айтдим:

Менинг изолятордан, бу сохта қоғозбозликлардан чўчийдиган жойим йўқ. Фақат уч кундан кейин туғилган куним, 86 ёшли Онам ва укам албатта келишади. Шунча йўлга овора бўлиб кетишмасин,-дедим.

Шунда “опер”:

Саидов, офицерлик сўзимни бераман, изоляторга ёпилмайсиз, фақат “хайфсан”...-деб ишонтирмоқчи бўлди. Кулиб қўя қолдим. Ўша – 26 апрел куни кечга томон УЧ суткага ШИЗОга ёпилдим. Мени изолятор томон олиб кетишаётганда “сўз берган опер” штабдан чиқиб қолди. Тўхтаб:

Нима, Саидов, ШИЗОга ёпяптими?-деб сўради.

Офицерлик сўзингизни инобатга олиб, 3 сутка берибди, бўлмаса 10 сутка олардим,-дедим масхаралаб.

Эртаси куни эрталабдан изолятор ғала-ғовур бўлиб кетди. Билсам, укам учрашувга келган экан. Катта сумка тўла “передачка”ни олиб қолишимни илтимос қилиб 5-6 та ходим кирибди. Анчагача рад этиб турдим. Бу-қонунга зидлигини ҳам айтдим атайлаб. (Аниқ биламан шу сумкадагиларни олиб қолмасам, барибир кетишмайди). Лекин учрашув берилмади. Баҳонани қаранг:

Онангиз келмаган экан, агар келганларида учрашувга чиқарардик, команда берилганди..

Ҳа, “Ўзига хос модул”нинг энг асосий бўғинларидан бири- ҚОНУН ЭМАС, команда (Буйруқ) ижро қилинарди. Шу УСТУВОРЛИК боисидан НОҲАҚЛИКдан бошланган ИСТИБДОД тез орада чексиз ҚИЙНОҚЛАР ва ҚОТИЛЛИКЛАРга кенг шароит яратиб берди!

Телевизордан корейс тарихий мавзуидаги фильмлар берилган пайтлар. Салтанатга фитна уюштиришда айбланаётган одамларни айбга иқрор қилдириш учун ҚИЙНОҚлар бор лавҳалардаги қийноқ услубларидан айрим маҳкумлар ҳайратга тушганда, “Бу биз кўрган, СНБ ва турма подвалларидаги қийноқлар олдида ҳеч нарсамас”,-дейдиган маҳкумлар ҳам анчагина эди…

Бундай таъкидни “47”да ҳам, “Девятка”да ҳам, “36”да ҳам, “49”да ҳам такрор-такрор эшитганман…

Сизни ҳам “пресс”га солишганми, “рубашка”, “противогаз” кийгизиб қийнашганми?– деб сўрашарди.

Сигарет чекиб туриб:

Маним жонимни суғуриб олишган, бу юрган қуруқ танам! – дердим.

БАРНО  БИЛАН  РУХШОНА МЕНИНГ  ЖОНИМ  ЭДИЛАР!!!

Токи аниқ далилларни кўрмагунимча содир бўлган автоҳалокатни бахтсиз ҳодиса деб ТАН  ОЛМАЙМАН! Агар бу – менга тушунтирмоқчи бўлганларидек, бахтсиз ҳодиса бўлган тақдирда ҳам, бунинг учун АДОЛАТСИЗЛИКка йўл очиб берган ТУЗУМ ва унинг авторитар этикага таянган СИЁСАТИ ҳамда ТИРАНга айланган раҳбарини ҚАТТОЛ, деб; шу баробарида ТИРАН шахсига нисбатан заррача бўлсин эҳтиромни эса, МАЗЛУМлар ва ШАҲИДларга нисбатан ҳақорат, деб ҳисоблайман. Бу борада аниқ бир тўхтамга келиш фурсати етиб қолди, менимча. Бу – менинг қатъий ва ягона сўзим! Буни бутун ДУНЁ эшитсин!

Шу ўринда Улуғбек Бакир ва Жамшид Каримов суҳбатидан кичик иқтибос келтириш жоиз кўринди:

Улуғбек Бакир: Озод бўлган кунингиз сизга қизингиз: “Дада, амакингиз ўлди”,  дега-нида, унга нима дедингиз?

Жамшид Каримов: –Худога шукрей, ва ниҳоят қутулибмиз! Шу кунгача тирик етиб келганим учун Яратганга чексиз ҳамдлар бўлсин! Энди ўзбек халқи ҳам чинакам озодликка чиқибди, дедим ва Ислом Каримовнинг шаънига ёмон сўзларни айтдим.  Ҳозир у сўзларни сизга айтишга, тўғриси, уяламан. Ўша пайтда қизим ҳам қулоғини беркитиб, ерга қараб қолганди..

Ёнма-ён ўтирган кўйи мен қайнотамдан, қайнотам эса, мендан унсиз кўзёшларимиз-ни яширишга уринамиз. Барно ва Рухшонанинг қабрларига қўйилган ёдгорлик-мармар лавҳалардаги Барнонинг жиддий сиймоси, Рухшонанинг кулимсиб турган чеҳрасига тикилганча беихтиёр Онамни эсладим. Марҳума Онам Барнони жуда яхши кўрардилар. Эринмасдан Рухшонани кўргани келардилар. Барно ва Рухшонадан кейин беш йил ўтиб-2014 йил 10 октябр куни 90 ёшда вафот этдилар. ҚАТТОЛ сиёсатни кўрингки, Онамизнинг жанозалари куни “махсусидора”чилар укамни ва кўпқаватли уй раиси(домком)ни чақиришиб “Марҳуманинг маъракаларини ТИНЧ-ЛИКда ва ОСОЙИШТА ўтказишлик хусусида “Тилхат” ёздирганлар…

Бундай разолат ҳатто Иван Грозний замонасида ҳам бўлмаган чиқар!

Телевидение, радиоканаллар, матбуот ўша кунлари “Юксак маънавият-енгилмас куч” асарини чираниб мақтаб, ҳар жумлага китобдан иқтибосли безаклар бериб ўз-ўзини алдаб яшарди!

БУГУН ОММАВИЙ АХБОРОТ ВОСИТАЛАРИ ҲАМ ХАТОЛАРИНИ ҲЕЧ ИККИЛАНМАЙ ТАН ОЛИБ (!), ТУЗАТИШГА ХОЛИСОНА КИРИШИШЛАРИНИНГ МАВРИДИ ЕТДИ!

Дилмурод  САЙЙИД,

Тошкент, 31.03.2018.

“У  ДУНЁГА-РАФИҚАМГА МАКТУБЛАР!”                                                          ТУРКУМИНИНГ БИРИНЧИ ФАСЛИ

“Кўп синовларга, ноҳақликларга чидаган эдим, лекин оиламнинг фожеали ҳалокатга учраб, Шаҳид бўлиши  менга нисбатан Синов ҳам, Ноҳақлик ҳам эмас, балки чеки-чегараси йўқ  ШАФҚАТСИЗЛИКдир!

… Худо Одамни яхшиямки , лойдан яратган, дарз кетса ҳам озгина кўз ёши билан қулаб тушмайди…

Агар Одам тошдан яралган бўлганида мен ҳозир майда-майда шағалу оҳакка айланиб кетишим аниқ эди!..” 

(Тошкент, 64/18-муассаса -“Сангород”, Туб.зона, 2009 йил 30 декабр)

*      *      *

Қизчамда гуноҳ йўқ эди-ку,Ёраб,

Аёлим “гуноҳи”- менга теккани.

Ва менга соғлигу озодлик сўраб

Ортимдан куюниб азоб чеккани!

 

Қизчамда гуноҳ йўқ эди-ку,Ёраб,

Олчанинг гулидек беғубор эди,

Беш ёшли Гўдакни кафанга ўраб

Очофат Қаро ер оғринмай еди!

 

Қизчам эмас У кун ерга кўмилган

Менинг дунёга тенг умид-тилагим.

Вужуди зарбадан Қонга чўмилган-

Аёлим эмас, У-менинг Юрагим!

 

Қизчамда гуноҳ йўқ, бўлмаган асло

Жаннат иси келиб тутарди гўё !!!

Тошкент, 64/18-муассаса -“Сангород”, Туб.зона, 30.12.2009.

*   *   *

Эгним-бут, қорним-тўқ, Юрагим бўм-бўш,

Бағримда ҳар кеча АЛАМ ухлайди.

На ёзув ёқмайди, малолдир ўқиш,

Мен билган Ишончлар қон-қон йиғлайди!

 

Бир Жоним Вужудни тутиб турибди,

Қаттиқроқ силкинсам учгудек У ҳам.

Теграмда шарпалар пойлаб юрибди-

Кўринмас сояга айланган Олам!

 

На жоннинг ғами бор ва на вужуднинг,

Дунёнинг ташвиши ҳаром луқмадек.

Калласи узилган Онгсиз Умиднинг,

Эртанинг илинжи бир тўқимадек.

 

Оғриқсиз аъзода дардим кучаяр,

Бошимда хаёллар атала мисол…

Наздимда кун сайин Олам кичраяр-

Бу майда Дунёга Ҳаётим увол!!!

                                                                Тошкент, 64/18-муассаса -“Сангород”, Туб.зона, 14.02.2010.

*      *      *

Марҳума Қизчамни қўмсаб йиғладим,

Дунёга сиғмади Юрак ноласи.

Одамнинг ўзи ўлсин экан, ким-

Ўлмасин экан ҳеч кимнинг боласи!

 

Дод солиб йиғлашга бир пана жой йўқ,

Гўёки, Қуёш йўқ, Юлдуз йўқ, Ой йўқ.

Бунчалар шафқатсиз Ҳаётнинг панди;

Ўлмасин экан ҳеч кимнинг Фарзанди!

 

Минг битта ситамга сабот топгандим,

Энг оғир дамда ҳам нажот топгандим,

Бу кун ожизликдан кўзим ёшланди-

Ўлмасин экан ҳеч кимнинг Фарзанди!

 

Оҳимнинг олови кўксим куйдирар,

Қолмади сочимнинг қора толаси.

Ғамнинг харсанглари қаддим эгдилар-

Ўлмасин экан ҳеч кимнинг боласи!!!

Тошкент, 64/18-муассаса -“Сангород”, Туб.зона, 06.03.2010

*        *        *

Туркумнинг  ” Иккинчи фасли”ни Навоий шаҳридаги 36-туб.зонада вақтим – 2010 йил 16 декабр куни ҳеч кутилмаганда “опер”лар тинтув ўтказиб, “бир кўриб бериш”га олди ва йўқ қилди… Бу масалада қўлёзмани олган “опер”га бир неча қайта мурожаат қилдим. У фақат юқоридаги – Ўзидан каттароқ “кўппак”ларни айтиб, соқит бўлди. Аслида ҳам У – ҲЕЧ КИМ! Жуда нари борса, боқувдаги лайча мисол бир маҳлуқ, холос!

Қуйидаги битик “ИАК”изм даври тарбиялаган ўшандай ТОЗИларга айтилган…

 

2010 йил  16  декабр…

Сичқонлар еб кетди сўнгги шеъримни!..”

                                                                         Рауф ПАРФИ ЎЗТУРК.

Қашқирлар тишлади, кўппаклар талаб,

Каламуш ғажиди гўштсиз теримни.

Таги паст югурдак нонтўрвам кавлаб-

Олди ШАҲИДларга ёзган Шеъримни!

 

Хотира эди У битиклар, ахир-

Марҳумлар Руҳига бахшида калом.

Золим қайдан билсин Қадрият надир,

Ўтганлар ёдига недир Эҳтиром!

 

Юрак қоним сиёҳ бўлган Битиклар

Билмам қайси Темир сандиқда экан.

Имоми  ЭШАК бу жоҳил ҲЎТИКЛАР

Балки қўлёзмани йиртиб ташлаган?..

                                                31.05.-03.06. 2014. 49-ЖИЭК, Қарши ш.

*        *        *

Мен яшаб юрибман беш йилдан бери

Туман ичра гўё ўтмоқда кунлар.

Бунчалар аламли Дунёнинг сири:

Қисмат тасбеҳида яккаш тугунлар!

 

Мен яшаб юрибман беш йилдан бери

Юрак узра тоғдек Армон яралган.

Эзгин кўксимда ҳам Қафас тасвири-

Кўкрак қафасига Руҳим қамалган!

 

Мен яшаб юрибман беш йилдан бери

Рухшонамдан айро, Барнодан жудо.

Ҳурлик не, кўринмас ХЎРЛИК охири-

Синов бўлса магар мезонсизми ё?..

Мен яшаб юрибман аллақандайин;

На Одам, на Маҳлуқ ҳаёти билан…

Ишонч-Фоҳишадек гўзал-бетайин,

Фақат харсанг тошнинг саботи билан!

 

Мен яшаб юрибман беш йилдан бери

Яшамоқ лаззати унут оламда.

Руҳим-тутқун Вужудимнинг асири-

Нафратга айланар Мазлум танамда!..

16-17. Х . 2014. 49-ЖИЭК, Қарши ш.

*        *        *

Йиғладим, кўзларда ёш қолгани йўқ,

Кўз ёшлар дардимни ҳеч олгани йўқ.

Соғинч чақмоқ бўлиб кўксим ёндирар:

ҚИЗАЛОҒИМ ТИРИК! Йўқ,ўлгани йўқ!

 

Ҳайқириқ бўғзимда тош каби қотар,

Бағримда Аламим найзадек ботар.

Соғинч яшин бўлиб вужудим ёқар:

РАФИҚАМ ТИРИКДИР! Йўқ, Ўлгани йўқ!

 

Хотирот ўқ мисол ёниб учади:

Покиза ИККИ РУҲ сокин кечада-

Вужудим сийпалаб майин қучади-

Бу-ҚИЗЧАМ, РАФИҚАМ-Бедор икки Руҳ!

                                            14.Х. 2014. 49-ЖИЭК, Қарши ш.

 

 Юқорида туғилган куним ҳақида эслагандим. Марҳума Онам суткалик учрашувни канда қилмасдилар. 2011 йил 7 январ куни икки суткалик учрашувда кўришгандик! Ўшанда 86 ёш арафасида эдилар. Келолмаганларининг сабабини май ойида бўлса керак, учрашувда укамдан билдим: тойиб кетиб, оёқлари анча қаттиқ жароҳатланиб, гипсда эканлар. Хуллас, 2012 йил август охирида “сангород”га жўнатилдим. Сентябр ойи бошларида икки соатлик учрашувга кирдим. (Суткаликка “сангород”га даволангани келганларга рухсат берилмайди!) Укам Онамиз билан бирга келишибди учрашувга. ОНАМ қўлтиқтаёқда жуда қийинчилик билан яна укамнинг кўмагида юрардилар. Қисқа учрашув тугади. Чиқишда укам ва Онам билан менинг орамиз атиги бир-икки одимгина, ўртада торроқ эшик ярим очиқ эди. Остонада эса, учрашув хонаси назоратчиси эшикни тўсиб туриб олганди. Укам нозирга:

-Камандир, Онамизнинг аҳволларини кўриб турибсиз, рухсат берсангиз, акамни бир қучоқлаб, бағриларига боссинлар!-деди босиқ овозда.

Назоратчи қўрс оҳангда “мумкин эмас” деган жавобни айтди. Укам яна:

-Камандир, Сизни ҳам Она туққан-ку, кўриб турибсиз, шу аҳволда ҳам кўргани келдилар, бир йилдан ошганди кўришишмаганига! – деб илтимос қилди.

Жавоб эса, “мумкин эмас” бўлди…

Бу – ўша вақтга хос – Инсонни ҳар қандай усулда қийнашга ўргатилган, инсоний тушунчалардан йироқ тарбия маҳсули эди! Аслида ўша нозир бир пулга қиммат бир нусха, холос. Бироқ манқуртлик, айниқса, маълум бир Ваколат эгалари учун касбий малакага айланган ЎША КУНларда бу – бор-йўғи “хизматчилик” саналган… Ўша учрашувдан кейин орадан икки йилу икки ой ўтиб Онамнинг вафот этганлари хабарини эшитдим! Дийдор Армон бўлиб қиёматга қолаверди…

 

… СОҒИНДИМ ЖУДА…

 

Йўл эмас, ҳар лаҳза дийдор кутганча

Айвон дарчасидан кўча қараган,

Почтачи аёлни гапга тутганча

Мендан хат – бир энлик хабар сўраган-

Муштипар  Онамни соғиндим жуда!

 

Тўқсон ёшида ҳам куюниб-ёниб

“Болам! “ – деб кўксини нолиш ўраган.

Ҳар куни гоҳ  ялинч, гоҳи тўлғониб

“Келар-келмасим”ни минг бор сўраган-

Муштипар Онамни соғиндим жуда!

 

Дунё тиланмаган, дийдор тилаган,

Тоқати тоғларни қумдек элаган,

Хаёлан мен билан сўзлашиб кундуз,

Ҳатто тушларида бошим силаган-

Муштипар Онамни соғиндим жуда!!!

14.04.2014 й.,  Қарши ш., 49-ЖИЭК

 

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Dilmurod Sayyid. Bookmark the permalink.