Дилмурод Саййид: ДИЛДАГИ ГАПЛАР

 МЕНИНГ  “АЙБИМ”  НИМАДА  ЭДИ?

“ДИЛДАГИ ГАПЛАР” ТУРКУМИГА ДЕБОЧА

“Истибдод деган нусха…ХХ асрнинг қора саҳифаларида даҳшатли хотира бўлиб қолмаган экан…”        МУАЛЛИФ.

1

Уйланмаган, йигирма тўрт ёш,

Нигоҳи- ўт, қуюқ қора қош,

Сўзи- тиғли, феъли- ёрар тош

Юки- оғир, лек қадди баланд-

Усмон НОСИР борар кишанбанд!

Золим тузум, Одамхўр тузум,

Сиёсати ирканчли зулм,

Ватан инграр:

ҚЎРҚУВ ва ЎЛИМ-

Қисмат янглиғ эл узра каманд,

Усмон НОСИР борар кишанбанд!

Фитрат кетди, Қодирий кетди,

Беҳбудийни қатағон ютди,

Энди навбат Шоирга етди:

Чўлпон- банди, таъқибда талант,

Усмон НОСИР борар кишанбанд!

Ноҳақликнинг қонли қўллари

Минг бир чиркин усул қўллади,

Ким -Ўлди, Ким майиб- Ўлмади,

Ўпкасида дарди – касалманд-

Усмон НОСИР борар кишанбанд!

Умид – мажруҳ, Ишонч – майда тош,

Қурт кемирган асодек Бардош,

Уйланмаган, йигирма тўрт ёш-

Усмон НОСИР борар кишанбанд!

(Усмон Носир таваллудининг 105 йиллигига бағишланган 105 сатрлик хотирадан,

16 – 17. 06. 17 йил, Қарши ш., 49 – ЖИЭК)

 

   МАҚОЛАнавислик фаолиятим давомида Абдулла Қодирий, Чўлпон, Усмон Носир, Убайдулла Хўжаев каби машъум қатағон йиллари қурбонлари қисматига оид архив ҳужжатлар, маълумотлар билан танишганман, ақлим етганича мақолалар ҳам ёзганман.

Яна Саид Аҳмад, Шукрулло, Шуҳратдек замондош Устоз ижодкорларнинг ХХ аср 50- йиллари истибдод жабрдийдалари бўлиб, ўша қирғин давр ноҳақликлари мавзуидаги хотираларини ўқиганман, ўзларидан ҳам эшитганман.

ИСТИБДОД  деган нусха Сталин жасадига қўшилиб ёниб кетмаган, Берия жисми билан отиб юборилмаган, Беҳбудий қисмати билан бошланиб, Шайхзода домла тақдирида якун топмаган, бир сўз билан айтганда, ХХ аср тарихининг қора саҳифаларида даҳшатли хотира бўлиб қолмаган экан!

ХХ аср 50- 80- йилларида туғилиб, вояга етган авлоднинг салмоқли қисми шаклан “мустақил”, мазмунан  ”мустабид” бўлган, Авторитар этикага асосланиб, Тирания чўққисига етган давлатчиликнинг манқуртфеъл бошқарувчилари яратган ўзига хосу мос қатағон тегирмони қурбонига, мазлумларига айландилар!

     Мен ҳам шу қора кечмиш мазлумларининг бевосита қисматдоши сифатида кўрган- кечирганларимдан айрим лавҳаларни ҳеч бир муболағасиз, бўрттирмаларсиз баёнлаб бориш тадоригидаман. Зеро, бу фақат менинг эмас, энг аввало, ўн тўққиз куни кам ТЎҚҚИЗ йил давомида мен кўрган, танишган, маҳкуму мазлумлик кунларида ёнма- ён бўлган ЎНЛАБ ИНСОНларнинг хоҳиш- истагидир!

  -Дилмурод ака, сизда ёза олиш салоҳияти бор, қонундан хабардорсиз, илтимос, ёзинг ва баёнлаб ёйинланг!- дер эдилар. Ҳатто озодликка чиқиб кетишим олдида хайрлаша туриб:

   -Ака, аввало, ўзингизни эҳтиётланг, соғликка эътибор қилинг, фақат илтимос, кечмишимиз  ҳақида албатта ёзинг, сизга ишонамиз!- деб таъкидладилар.

Умримнинг эллик беш йили шамолдай-

Ўтди гоҳ-тўзонли, гоҳида- майин.

Кутиб қолди қилар ишим бир талай,

Шу кунга ҳам етдим, шукр, ўлмайин!

 (04.11.2017й., Қарши ш., 49- ЖИЭК)

 

ЧИНДАН ЎТМИШМИКАН БУ?..

“Юртим!”- деб ёнганлар куюб кетдилар,

“Элим!”- деб ёнганни сўйиб кетдилар,

Ҳақ излаб, Иймонга чорлаган зотлар

Қамоқ деворига қон ила хатлаб-

“Мазлум!” – дея имзо қўйиб кетдилар!

(26.01.2014 йил, Қарши ш., 49- ЖИЭК)

   2005 йил 24 ноябр “Адвокат пресс” газетасида чоп қилинган “Йўқ ҳақида бадиҳа” сарлавҳали мақола сабаб газетанинг шу сони матбуот дўкончаларидан йиғиб олиниб, таҳририят фаолияти расман тўхтатб қўйилди. Мақола муаллифи бўлмиш менга нисбатан турли “ўйин”лар бошланди. МАСАЛАН:

-мен билан мунтазам ижодий ҳамкорликда бўлган “Даракчи”, “Қишлоқ ҳаёти”, “Сўғди-ёна” каби нашрлар ҳеч бир изоҳсиз ҳамкорликни тўхтатдилар.

– Иккинчи фарзандимизга ҳомиладорлик илк даврини ўтказаётган рафиқам Барнохоним жиддий тиббий ёрдамга муҳтож бўлиб, шифохонага ётади. Барнохонимга : “Турмушдоши Дилмурод Саййидга нисбатан даъво аризаси ёзсагина тиббий муолажа қилишлари” шарти қўйилади. Табиийки, Барнохоним бу иғвогарона таклифни қатъий рад этади. Унга тиббий ёрдам берилмасдан касалхона(туғуруқхона)дан чиқариб юборадилар. Натижада ИККИ ОЙЛИК ҲОМИЛА она қорнида нобуд бўлиб, Барно ЎН КУН давомида ўлик ҳомилани олиб юради. Аҳволи оғирлашган Аёлимга шундан кейингина жарроҳлик ёрдами берилган.

   – менга нисбатан уйдирма жиноий иш қўзғатишликка қаратилган ғаразли ҳаракатлар рафиқам Барнога ҳам тўғридан-тўғри тазйиқлар билан бирга олиб бориларди. Чунончи, менга тегишли хонадонда яшаётган Барно “Уй рўйхатидан ўтмаган”лиги учун (қонунга зид равишда!) ЖАРИМАга тортилади.

  – менинг шахсимга қаратилган ғаразли ва бўҳтондан иборат мақола тайёрланиб, “ГОРИ-ЗОНТ.УЗ” сайтида (2007 йили) рус тилида тарқатилади. Орадан икки кун ўтиб, ушбу русча матн ўзбек тилига ўгирилиб, расмий нашрлардан “МАҲАЛЛА” ва “ҲУРРИЯТ” газеталарида чоп этилади.

   – “Маҳалла” газетасида ўзбекчаланган ушбу матн асосида мен яшаётган маҳалла идорасида муҳокама йиғин уюштирадилар. (Бу ҳолат худди ХХ аср 30-, 50- йилларидаги “сценарий”ларга мос келади… Ушбу ҳолат тафсилотлари  интернет саҳифаларида “ҲУР ФИКР УЧУН ТАҲДИД” сарлавҳали мақолада 2007 йили тўлиқ берилган!)

НИҲОЯТ:

  -2009 йил 22 феврал куни мени рафиқам ва беш ёшли қизчам кўз ўнгида ҳеч қандай далил-асосларсиз ҳибсга олган Тошкент шаҳар прокуратураси СВОЖДЛҚК департаменти ходимлари  нимага асосан ушлаб турганликларини ҳатто ўзлари ҳам билишмаган.

   – 2009 йил 24 февралда мен билан фуқаро Марғуба Жўраева ўртасида “Юзлаштириш ҳаракати” ўтказилишидан бир неча соат олдин (мендан иқрорлик кўрсатуви олишлик мақсадида!!!”) беш ёшли қизим Рухшонани гаровга олишликка кучишлатар тизим ходилари томонидан ошкора  уриниш бўлган! (Бу борада ҳам хабар ва маълумотлар интернетда ёйинланган!)

   – 2009 йил 5 ноябр. Бу вақтда мен Қизилтепадаги 47-ЖИЭКда муддат ўтаётгандим. Мен билан учрашувга бораётган рафиқам Барно ва қизчам Рухшона Сирдарё-Жиззах вилоятлари туташувига  яқин катта йўлда автоҳалокатга учраб, Шаҳид бўлдилар.

   -Ўзимга нисбатан муносабатлардан айримлари 2010 йи БМТ собиқ Бош котиби Пан Ги Мун номига ёзганим “ЎЛИМИМНИ КУТИБ ЯШАМОҚДАМАН!”-“НЕ ЖИВУ, А СУЩЕСТВУЮ, ОЖИДАЯ СВОЮ СМЕРТЬ!” сарлавҳалари билан жаҳон ЭОАВда ёйинланган. (М-н: “Турон-замин” сайти  4.07.2010 й., 5.05.2011 г.)

ҚАМОҚ  ВА  ЗОНАЛАРДАГИ ҲОЛАТЛАР ХУСУСИДА

   Аксарият ҳамкасбларимиз  айнан шу мазмундаги савол билан мурожаат қиладилар. Аслида “кўрган нарса жойида қолиши керак!” деган принцип мавжуд эди жиноят оламида.  Бироқ айни чоғда бу оламнинг кўплаб ёзилмаган қоидалари билан бир қаторда бу тамойили ҳам ўз моҳиятини йўқотиб бўлган…

    МАМЛАКАТда Конституция, жиноят-ижроия кодекси, шу баробарида ратификация қилинган Халқаро  меъёрий ҳужжатларнинг ҳар бири  ягона нусхада!!!  Аммо … Ўзбекистонда 20 дан ортиқ зона ва бир нечта қамоқхона мавжуд бўлса, ҳар бирининг ўз “тартибномаси” мавжуд. Ўзбекча қилиб айтганда, “ҳар ерда бор тошу торозу!”

Мен қарийб тўққиз йил давомида тўртта зона, иккита турмада сақландим. Гапннг очиғи, “Бирни кўриб-фикр, бирига қараб-шукр” қилардим кўпинча! Айниқса, сил касаллигига чалинган маҳкумлар учун ихтисослаштирилган Навоий шаҳридаги 36-колонияда бўлган вақтим (2010 йил 28 март-2013 йил 5 октябр) Инсонни қанчалар таҳқирлаш мумкинлигини ва бу хўрликларнинг чегараси мавжуд эмаслигини ўз кўзларим билан кўрганман. Сотқинлик, риёкорлик мукофотга лойиқ одатий ҳолатга айланганлигига қараб туриб :         “ Зона – жамиятнинг инъикоси!” деган эски, аммо жиноят оламида таъкидлаб туриладиган нақлни кўп эсга олардим. Дарҳақиқат, шундай! Зеро, сотқинлигу хиёнат қанчалар тақдирланганлигини менга нисбатан ёлғон кўрсатувлар берган Маъруф Абдуназаров, Аннақул Раҳмонов, Шокир Ўроқов каби “қадрдон” фермерлар мисолида кўрдим. Бу- энди алоҳида мавзу!

    Аслида ҳам шундай, биз айниқса, кейинги йигирма йил давомида тубанлик, маддоҳлик, риё асосига қурилган давлатчиликнинг “Келажаги буюк оломони” бўлиб қолгандик…

РУҲИЙ ҚУВВАТ, МАЪНАВИЙ ТАЯНЧ МАНБАИ

   Ушбуни ўқигувчидан: “ Дилмурод Саййид тўққиз йиллик кечмиш хотираларини бошлабди!”  – деган мулоҳазага боришга шошилмасликларини сўрардим. Чунки..энди бошлаш арафасидаман.  Ҳозир ўқиётганингиз “ахборий муҳораба” олдидан босқичли машқларимдан бири, холос!..

   Нафақат савол-жавобларда, балки оддий суҳбатларда ҳам баъзан:

  • Шунчалар аёвсиз руҳий зарбалару жисмоний қийноқлар, маънавий босимларни кўтаришга қувватни қаердан олгансиз? – деб сўрашади.

Бу мазмундаги саволлардан бирига ҳамкасбим  Сид Янишчев билан суҳбатимизда  жуда қисқача жавоб айтиб ўтгандим. Айни чоғда батафсилроқ тўхталиш истагидаман.

  Агар янглишмасам, 2014 йили “Дўстларга нома” сарлавҳали мактуб ёзиб юборгандим.

Мактубда оғир бўлган кунларимда мени ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб, энг муҳими, менга ишонч билдириб турган ҳамфикр, ҳамкасб Инсонларга, улар фаолият юритаётган ташкилотларга ўз самимий ташаккурларим битилган эди. Хусусан, мен ҳибс этилган соатларданоқ ҳимояга турган ҳамкасбу ҳамкорлар, ўзим бевосита танигану сиртдан билган куюнчак Инсонлар эътиборидан чексиз мамнун эканимни яширмагандим. Зеро, менинг ҳолатимдаги одамга ўша дамларда маънавий-руҳий мадад  жуда-жуда зарур эди.

   Менга нисбатан қўйилган айбловлар уйдирма эканлигини жаҳон жамоатчилигига ошкора ва мустаҳкам далиллар келтириб ёйинлаш, фақат қоғоздагина “ҚОНУН УСТУ-ВОРЛИГИ”ни ёқлайдиган мамлакатнинг кечаги қозию пешволарига талаблар билан мурожаат қилиш; менинг руҳиятим, соғлигим борасида бонг уриш орқали нафақат менда, балки ЎНЛАБ-ЮЗЛАБ мен каби мазлумлар қалбида эзгуликка ишончни сақлай олган Инсонлар меҳнати, заҳмати ва тинимсиз ҳаракатлари нафақат таҳсинга лойиқ, балки эртанги кун учун ҳам беқиёс ибратдир!

   Гарчи тиканли симлар тортилиб, тўрт девор билан ўралган, ташқи олам билан кундалик алоқа мутлоқ чекланган ҳудуд-ЗОНАда бўлсам-да, куюнчак ҳамкасблар фаолиятларидан имкон қадар хабардор бўлиб турардим.

   Бир ҳақиқатга қайта-қайта амин бўлдим, яъни ЁВУЗЛИК қанчалар баҳайбат бўлмасин, жиловлаш имкони бор экан! ЭЗГУЛИК заррадек кичик бўлса-да, уни чеклаш мумкин эмас экан! Бу-исбот талаб қилмайдиган воқелик!

   Мени қоралашга, менга “хавфли рцд” тамғасини уришга мамлакатдаги кичик бир туман-нинг қасамхўр қозисидан то Олий суд, Бош прокуратура деб номланувчи олиймақом ташкилотлардаги юмшоқ кресло эгалари -“Авторитар этика”га таянувчи тартибот нонини еган бир ҳовуч манқуртлар кўп тер тўкдилар. Бироқ ўз уйдирмаларига ҳеч кимни ишонтира олмадилар. Аниқроғи, Инсон ҳақлари ҳимояси билан боғлиқ ташкилотлар, мустақил журналистлар, хориждаги ҳамфикр ватандошлар, чегара билмас шифокорлару мухбирлар ва яна кўплаб холис Инсонлар қаршиликлари бу уйдирма нафақат бир шахсга, балки мамлакатдаги мустақил журналистик фаолиятга нисбатан ғаразли қасд эканини таъкидлаб исботладилар.

    Агар бу борада номма-ном санаб, алоҳида урғуласам, жуда узоқ тўхталишимга тўғри келади. Зеро, “Ўзи аён воқеликка алоҳида баён” мавриди келади!!!

    Фақат шу ўринда менинг ижод намуналаримни ўз электрон саҳифаларида; радиоэшит-тиришларида мунтазам ёйинлаб, туғилган кунларимда эслаб-эслатиб турган “ТУРОНЗАМИН”. “ВАТАНДОШ”, “ЖАРАЁН”, “БИРДАМЛИК”,”ББС”, “АМЕРИКА ОВОЗИ”, “ЦЕНТРАЗИЯ”, “ТУҒЁН”, “ОЗОДЛИК” ташкилотларию ижодий жамоаларига;

2013 йили шеърларимни “Маҳкумлар қўшиғи”китобига лойиқ топган Англия ПЕН Клубига ва лойиҳа раҳбари Паҳлавон Содиқ, муҳаррир Абдулкарим Баҳриддинга;

   2014 йили Сочи шаҳри Олимпиадаси вақтида дунё спортчилари ва спорт мухлислари эътиборига Фото-суратим қўйилиб тақдим этилган чақириқ ташкилотчиларига;

  Менинг озод этилишимни сўраб Ўзбекистон раҳбариятига Мурожаат йўллаган АҚШ давлатининг муҳтарам Сенаторларига;

   Яқинларим билан доимий боғланишиб, менинг ҳолатим ва соғлигим хусусида мунтазам қизиқиш билдириб турган,  Халқаро миқёсдаги йиғинларда мен ва мен каби маҳкумлар ҳақ-ҳуқуқини ҳимоялашдан тўхтамаган Мўътабар Тожибоева, Надежда Атаева, Стиф Свердлоу, Ҳусниддин, Миракмал ва Саид Камол каби барча ҳамкасбларимга;

   Менга қўйилган айбловлар асоссиз эканлигини холисона таҳлиллаб, ёзма хулоса берган хорижий ҳуқуқшунослар гуруҳига;

     2014 йил 25 январ кунимен билан хабарлашиш учун 49-ЖИЭКка борган Ўзбекистон Инсон ҳақлари “Эзгулик” Жамияти раиси В. Иноятова, ҳамкасбим А. Ташановга;

     бизнинг суратларимизни кўтариб, Пикетлар ташкиллаган “Бирдамлик” етакчиси  Баҳодир Чориевга ўз самимий ташаккуримни билдираман.

Айнан шу ташкилотлар ва Инсонларнинг холисона мадади менинг учун беқиёс РУҲИЙ қувват, МАЪНАВИЙ таянч бўлди! Буни фақат менинг ҳолатимдаги одам ҳис эта олади, аммо тасвирлаб, таърифлашга ожиз!

    Ўтган қарийб тўққиз йил давомида Адолатсизлик, Тазйиқ фақат ўзимга нисбатан қилинганида бу қадар тез сочимга оқ тушмаган, чўкиб қолмаган бўлар эдим. Бироқ турмушдошим ва қизимнинг Шаҳид бўлиши; унинг кетидан икки йил давомида “Дотс плюс” деб номланган тиббий- экспремент муолажа ўтганим; Онам билан дийдор қиёматга қолгани эзиб ташлади.  Дардим-ичимда юрдим!

  Худди шу оғир дамларда ҳамфикр, ҳамкасб, холис ва куюнчак Инсонларнинг эътибори мен учун гўё жазирама саҳродаги чашмадек  бўлди! Бу- ёлғиз Аллоҳгаю яна ўзимга аён!

МЕНИНГ  “АЙБИМ”  НИМАДА  ЭДИ?

Аксарият мени “журналистик фаолияти учун қамалган”, деб ҳисоблар ва шу мазмундаги саволга ўзимдан тасдиқ ҳам сўрашарди. Бу-умумий ва сиртдан олиб қаралгандаги хулоса! Агар мен фақат оддий (!) журналистик фаолият билан чекланганимда, гарчи танқидий мавзуда мақоланавис (фельетончи)лик қилсам-да, ҳеч кимнинг мен билан иши бўлмасди. Мен айнан “оддийлик чегараси”ни бузиб, таҳлилий муносабатлар ҳудудига мустақил тарзда кириб боргандим. Бунинг учун икки бор “қисқа муддат” билан огоҳлантирилдим ҳам. Бироқ…”яхши гап ҳам”. “таҳдидлар ҳам” кор қилмади.

   2009 йил 22 июл куни суд маҳкамаси тугаганда, “Жиноят иши” тўрт жилдга етганди. Шулардан бири менинг бир неча йиллар давомида ОАВда эълон қилинган мақолаларим “Сайланмаси”дан иборат бўлганди, янглишмасам…

Аслида бундай сайланмани 2006-2007 йилларда ўзим тузиб, “Эгри қозиққа тўғри тўқмоқ” номи билан китобат қилиб бўлганман. Бу тўпламнинг электрон кўриниши мавжуд!

2005 йили ноябрдаги бир мақолам сабаб “қора рўйхат”дан мустаҳкам ўрин эгаллаган бўлсам, 2007 йил феврал бошида ёзган ва интернетда ёйинланган яна бир мақолам “Каримовчилар”ни росмана талвасага солиб, қамалишимга бир баҳя қолганди. (Қаранг: “Кўрганни эшитган енгибди!”, мазкур мақола “Туронзамин”да 31 январ 2013 йили ҳам берилган!)

   Зеро, ОАВ маддоҳлигу мунофиқлик, кўзбўямачилик, ҳатто масхарабозлик минбарига айланиб; “маликаси” яллачи, “шоҳи” раққослик қилувчи мамлакатда танқидни таҳлиллаб, бор бўйича ошкора мақоланавислик қилувчини “ДЕССИДЕНТ” дейдилар. Ва оқибат (гарчи мамлакатнинг собиқ мунофиқ бошқарув кучлари расман тан олмаган бўлсалар-да!) мен жиноят содир этганим учун эмас, балки дунёқарашим ҳокимият деб аталувчи ўша вақтдаги манқуртлар тўдасининг жирканч фалсафасига ошкора (!) зид бўлгани боисидан қамоққа ташландим.

    Ном деймизми, тоифа деймизми, турлича:  ХХ аср 30-,50-йиллари давомида “жадид, пантуркист, панисламист” каби атамалар киритилиб, мазлумларга ёрлиқ қилинди.

   Бизнинг кунларда “Нурчи, Эркчи, Акромий”га ўхшаш ёрлиқлар  “Айблов”ларда ошкора таъкидланди, бироқ “Дессидент” ёрлиғи урғуланмади. Чунки бу ёрлиққа ИЗОҲ ўйлаб топишга фикримча, умри етмай қолди мустабидларнинг!!! Шу боисидан ҳатто энг зўр қонуншунос пайвандлаб ҳам чокини-чокига келтира олмайдиган бир-бирига зид айбловлар – “Товламачилик” ва “Ҳужжат сохтакорлиги” билан қамадилар мени!

Минг йил яшаб Нуҳ кўрган тўфон

Маним Ҳаётимда ҳам ўтди.

Фақат… бу гал… Осийлар омон,

Ҳақгўйларни оқизиб кетди!

(17.02.2016 й., 49- ЖИЭК)

ЧУНКИ  БУ  “ТЎФОН” ИЛОҲИЙ  ҲОДИСА  ЭМАС,  БАЛКИ  “ ИАК”ИЙ  ТАЛВАСА  ҲОСИЛАСИ  ЭДИ!!!

Ватанимизга,  Халқимизга  “Тўфон  балоси”дан қутилганимиз чин ва муборак бўлсин!

Дилмурод  САЙЙИД,

Тошкент ш., 2018 йил 27 феврал

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Dilmurod Sayyid. Bookmark the permalink.