Қутлов

 ТАВАЛЛУД КУНИНГИЗ МУБОРАК БЎЛСИН!

ЎЗБЕК КИНОДРАМАТУРГИ АБДУЛАЗИЗ МАҲМУД ТУҒИЛГАН КУН!

Ўзбек кино санъатига ўзининг ёрқин асарлари билан улкан ҳисса қўшиб келаётган атоқли кинодраматург, етук режиссёр, таниқли кинооператор устоз Абдулазиз Маҳмуднинг 67 ёшли таваллуд айёмлари билан чин дилдан табриклаймиз!

Абдулазиз Абдулҳақович Маҳмудов 1950 йил 28 декабрда Қирғизистоннинг Ўш вилояти Мойлисув шаҳарчасида дунёга келган.

У Горький номидаги Туркман университети ҳамда Москвадаги сценаристлар ва режиссёрлар Олий курсида таҳсил олган.

Абдулазиз Маҳмудов 60 дан ортиқ ҳужжатли, илмий-оммабоп ва ўқув филмларини суратга туширган.

Бу филмлари орасида “Тўғрисини айтганда”, “Қайтиш”, “Замондошлар”, “Ер эгаси”, “Паркентдаги қон тўкилиши”, “Ўзбек иши”, “Фарғона фожеаси”, “Жоҳиллар” ва “Норасмийлар” ҳужжатли филмлари машҳур.

Кинорежиссёрнинг “Қуёш билан қайт” филми 1995 йил Париж кинофестивалида намойиш этилган.

2000 йил Москвадаги “Золотой Витяз” халқаро фестивалида “Хонадонингизга тинчлик тилаймиз” филми қўйилган.

2001 йилдаги экологик кинофестивалда Абдулазиз Маҳмудовнинг “Раҳм-шафқат қилинг” филми юқори баҳоланган. (Би-би-си архивидан).

Абдулазиз Маҳмудов 1980 йилдан ҳужжатли фильмлар устидаги ижодий фаолиятини бошлаган, 1980-1990 йиллардаги кўпгина тарихий воқеалар кинорежиссёрнинг филмларида муҳрланиб қолган.

Абдулазиз Маҳмудов 1980 йиллар охирида Ўзбекистонда кенгайган норасмий ташкилотлар фаолиятини изчил тасвирга туширган.

Ижодкор Ўзбекистондаги сиёсий мухолиф ҳаракатлар тарихига бағишланган ҳужжатли филмлари туркуми устидан ишлашда ҳамон давом этмоқда.

Абдулазиз Маҳмуд яратган ҳужжатли фильмлар:

1979 йил – “Организация и технология работ”
1980 йил – “Қайтиш”
1981 йил – “Замондошлар”
1982 йил – “Мотоўқчилар ҳужумга ўтишди” – (Минск шаҳри,соврин)
1982 йил – “Мевали марафон” – (1983 йил Хабарвск, соврин)
1983 йил – “Тўғрисини айтамиз”
1987 йил – “Наштар” 88-бадиий-ҳужжатли киножурнал сюжети
1989 йил – “Қизил Империянинг тугаши”
1989 йил – “Фарғона фожиаси”
1990 йил – “Аланга” видеофильм – муаллиф ва режиссёр
1990 йил – “200 оғирлик” – муаллиф ва режиссёр
1995 йил – “Умид” – муаллиф ва режиссёр
1996 йил – “Ернинг хўжайини” – муаллиф ва режиссёр
2001 йил – “Қутқар ва авф эт” – муаллиф ва режиссёр
2002 йил – “Ким айбдор ва ким бажаради? ”
2002 йил – “Ханжар пичоққа айланганда”
2006 йил – “Кремль остонасида”
2006 йил – “Юзма-юз” – муаллиф ва режиссёр
2008 йил – “Парчалаш” – муаллиф ва режиссёр
2011 йил – “Ўтмиш ва келажак орасида” – муаллиф ва режиссёр.

Ҳозирда “Абдулазиз-М” студияси директори.

Устоз кинорежиссёр Абдулазиз Маҳмуд ҳақида адабиётшунос олим, филология фанлари доктори, профессор Ботир Норбой ёзади:

“Мухолифатчилар орасида алмаштириш қийин бўлган, беназир иккита зот бор: булардан бири етук режиссёр, оператор, истеъдодли кинодраматург Абдулазиз Маҳмуд бўлса, иккинчиси буюк сиёсий қўшиқчи ва шоир Дадахон Ҳасандир. Дадахон ака бир суҳбатимизда: «Абдулазизнинг мухолифат сафларида бўлиб қилган ишини на бир шоир, на бир журналист, на бир зиёли қила олади. Унинг киноларида поэзия ҳам, проза ҳам, драма ҳам бор», деган эди.

1950 йил декабрида туғилган Абдулазиз Маҳмуд ўзбек ҳужжатли киносининг дарғаларидан бири Малик Қаюмовнинг шогирдидир. У ўз устозидан фарқли равишда ҳаётининг кўп қисмини норасмий ташкилотларнинг фаолиятини лентага туширишга бағишлади. Зеро, унинг қонида мавжуд тузимга нафрат бор эди.

“Менинг она томондан бобом ер эгаси эди, уни Мирзааҳмад полвон дейишган. Андижонда таниқли полвон бўлган…Ўтган асрнинг 30 йилларида қулоқ қилинган. Сургунда ўлиб кетган. Унинг ерлари колхозга топширилган. Яна бир бобомни эса, Маҳмуд қори дейишган. Бухоро мадрасасини тугатиб Исфаранинг Навгилем маҳалласида имом хатиблик қилган. У ҳам ўтган асрнинг 30-йилларида ҳалқ душмани сифатида сургун қилинган, сургунда вафот этган. Отам Абдулхақ Маҳмудов фашистларга қарши курашган. Урушдан кейин пахта заводида ишлади, онам раҳматлик болаларни боқишда отамга ёрдам бериш учун дўппи тикарди…” – деб ҳикоя қилади у.

Демак, у мухолифатчилар орасида тасодифан пайдо бўлган эмас. Унинг қонида зулмга нафрат, халққа муҳаббат бор. Унинг ўзи мухолифат сафларига қандай келгани ҳақида: «Биз мухолифат сафларига тайёр ҳолда келдик. Ҳаммамизнинг ўзимизга яраша касбимиз, шаклланган дунёқарашимиз бор эди», дейди. Қолаверса, у Ашхободда ўқиётганда, армияда хизмат қилаётганда ва Ўзбекистонннинг турли ташкилотларида ишлаётганда талай қийинчиликлар ва ноҳақликларга дуч келди. Шу тариқа унинг дунёқараши шаклланиб, ҳаётга муносабати ўзгариб борди…

Абдулазиз Маҳмуд СССР «гуллаб-яшнаётган» пайтларда ҳам қатор ҳужжатли илмий-оммабоп фильмлар ишлади. Баъзи воқеаларга (масалан, Ўзбекистондан олиб кетилаётган мева ва сабзавотларнинг Россияга бориб етгунча ириб-чириб кетишини акс эттирувчи) «Фруктовый марафон» фильмини яратиб, воқеъликка ўзининг фуқаролик муносабатини билдирди. У қайта қуриш давригача ва қайта қуриш пайтлари «Узкинохроника», «Ўзбекфильм», «Останкино» ижодий ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиб кўплаб ҳужжатли ва илмий оммабоп кинолар ижод қилган… Бир неча марта Орол бўйларига бориб, кинолавҳалар тайёрлаган ва Оролнинг ўлиб бораётгани ҳақида ҳаққоний фильм яратган.

Оператор ва режиссер Абдулазиз Маҳмуд 1989 йили Фарғона фожеаларини ёритгувчи лавҳаларни суратга олгандан кейин ЎзКомпартиянинг ўша пайтдаги саркорлари томонидан миллатлараро муносабатларга бағишланган «Кичик ука» номли фильмни тасмага олишдан четлаштирилди. 1989 йилнинг августидан бошлаб Америка, Буюкбритания, Япониянинг телевизион компаниялари билан ҳамкорликда иш олиб борди ва Россиянинг «Взгляд», «Ярим тунгача ва ундан кейин» каби кўрсатувлари учун жонли суратлар тақдим этди….

Абдулазиз Маҳмуд киномотаграфик фаолиятининг гуллаган даври «Бирлик» ҳалқ харакати ва мухолифатнинг, шунингдек, Москвадаги «Демократик Россия», Вилнюсдаги «Саюдись» харакатлари ва «Демократик ташкилотларнинг худудий бирлашмаси» каби ташкилотлари фаол ишлаётган пайтга тўғри келади.

Абдулазиз Маҳмуд 1989 йил июнидаги Фарғона ва Қўқонда, 1990 йил мартидаги Паркентда юз берган фожеали воқеалар, ўша йилнинг май ойидаги Андижондаги бузғунчиликлар, июн ойида Жанубий Қирғизистоннинг Ўш ва Ўзган шаҳарларидаги қатлиомларни, Намангандаги оммавий чиқишларни кинога олди. Бинобарин, Абдулазиз Маҳмуд олган ҳужжатли кинолар туфайли Ўзбекистоннинг 20-30 йиллик сиёсий ижтимоий ҳаётининг энг муҳим, ноёб лавҳалари сақланиб колди: биз бу лавҳалардан Оролни асраш кўмитасида 1987-89 йиллар орасида олиб борилган ишлар, ўтказилган ижтимоий фойдали мажлислар, «Бирлик ҳалқ харакати»нинг митинглари ва Қурултойлари, Марказий Кенгашининг мажлислари, СССРни бўлинишга олиб келган Москвадаги Янаев исёнини ва бунинг оқибатларини, Петербург ва Болтиқ бўйидаги етук сиёсатчиларнинг чиқишларини аниқ тасаввур қила оламиз, кўплаб зиёли олимлар, курашчиларнинг қарашлари билан танишамиз. Агар у ўз вақтида шу тарихий дақиқаларни ҳужжатлаштирмаганда, биз, собиқ СССР тарихининг энг муҳим воқеаларидан бебахра қолган бўлардик… Бу киноленталар ўзбекнинг фожиали ва жўшқин даврларини акс эттириб, улардан анча-мунчаси интернетларда ёйинланган. Бинобарин, тарихни қайта ёзишаётганда улар тарихчиларга ҳам иш беради.

Бу ижтимоий-сиёсий воқеаларни кинога оларкан, Абдулазиз Мазхмуд бир неча бор таъқиб ва қувғинга учради. Митингларни суратга олаётганида милиция ўзини дўппослаб қўлидаги киноаппаратни олган, 10-15 суткалаб қамоқларда ётиб чиқди, суд қилинди.

1989 йилнинг май ойида «Бирлик»нинг таъсис Қурултойида Марказий Кенгаш ҳайъатига сайланди. 1991 йилнинг иккинчи ярим йиллигида у ўз сафдошларини «Ўрта йўл» тутишга чақирди ва раҳбарият бу таклифга рози бўлмагани учун ҳайъат аъзолигидан истеъфо берди. Аммо мухолифат сафларидан бутунлай чиқиб кетгани йўқ. У ўз касби билан мухолифатнинг ижодий-ташкилий ишларида ёрдам берди. Кейинчалик «Абдулазиз М» кинофирмасини ташкил килиб, йиллар давомида олган киноларини алоҳида номлар билан монтаж қилиб, Абдулла Қаххор таъбири билан айтганда, «қайта бичиб, қайта тикди» . Унинг Гдлян ва Ивановнинг Ўзбекистондаги фаолияти ҳақидаги «Ўзбеклар иши», Горбачевнинг кайта куриши даври тўғрисидаги «Тоза хаво», СССРнинг қулашини акс эттирувчи «Империянинг емирилиши», «Амир Темур соясида» фильмлари ҳужжатли кинонинг энг ноёб намуналаридир.

Маълумки, 91-92-йилларидан кейин, ўзбек мухолифати қувғинга учради, лидерлари Ўзбекистонни тарк этди. Мухолифат нега енгилди? Лидерлар ўртасидаги келишмовчиликларнинг илдизлари қаерда? СССР нега тарқаб кетди?…Ўзбекистондаги фермерлик ишлари қай даражада «ривожланяпти»? Абдулазиз Маҳмуднинг кўплаб кино тасмалари кенг оммага етиб борса, юқорида айтилган қатор саволларга оҳорли жавоб топилган бўларди.

Абдулазиз Маҳмуднинг фильмлари жаҳон жамоатчилиги томонидан илиқ кутиб олинди. Аскар оналарининг Москва ва Тошкентда бўлиб ўтган намойишлари, СССРнинг турли регионларида хизмат қилаётган ўзбекистонлик аскарлар ҳақида олиб борилган депутатлик сўровлари, Тошкент мачитларидаги диний мухолифатнинг митинглари, Болтиқбўйи, Кавказорти, Россия, Қозоғистон ҳамда Марказий Осиёда олиб борилган ишлар ҳақидаги фильмлари жаҳон жамоатчилиги тамонидан тақдирланди. Маслан, унинг «Қуёш билан қайтиб кел» фильми 1995 йилги Париж кинофестивалида яхши баҳо олди. 2000 йилнинг июнида Москвада ўтган «Олтин витяз» халқаро кинофестивалида «Уйимизда тинчлик бўлсин», деган фильми билан қатнашди. Бу фильмлар ҳақида жамоатчилик матбуотда яхши фикрлар билдирди…

Туркманистон давлат Университетининг филология факултетини ва Москвадаги «СССР киномотографистлари Иттифоқи» икки йиллик курсини битирган Абдулазиз Маҳмуд фақат кинооператор ва режиссёргина эмас, ёзувчи ва сценарист хамдир. Унинг фикрлаш доираси Ўзбекистоннинг бугун юр ичида яшаётган зиёлиларининг даражасидан бир неча поғона баланд. Гаплашиб қолсангиз, халқимизнинг хозирги аҳволи, ўтмиши ва келажаги ҳақида шундай фикрларни илгари сурадики, буларни ўзбекистондаги биронта адиб ёки журналистдан эшита олмайсиз. Афсуски, биз ҳатто ноёб фаолларни ҳам тириклигида эъзозлай олмаймиз. Ҳеч бўлмаса, улар ҳақидаги илиқ гапларимизни айтишдан ҳам эринамиз. Ўлгандан кейин эса, гоҳ ростдан, гоҳ ёлғондакам кўз ёши тўкамиз”… (munosabat.org архивидан)

Устознинг айёмлари билан чин дилдан қутлаб, домлага узоқ умр, мустаҳкам сиҳат-саломатлик, ижодий ишларида улкан омадлар тилаймиз!

Ҳамиша саломат бўлинг, азиз Устоз!

70, 80, 90, 100 ёшли юбилей айёмларингизни жонажон она Ватанимизда азиз халқимиз билан бирга қарши олишлик барчамизга насиб айласин!

ТАВАЛЛУД КУНИНГИЗ МУБОРАК БЎЛСИН!

Сафдош дўстларингиз,
шогирдларингиз номидан,

Улуғбек Бакир

28 декабрь, 2017 йил,
Норвегия

 

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Tarix saboqlari. Bookmark the permalink.
%d bloggers like this: