Таҳлил

Абдуфаттоҳ Маннопов

ИНСОНПАРВАРЛИК УСТУВОРЛИГИ

ЁХУД ТЕРРОР ИНСОНИЙЛИККА ҚАРШИ ЖИНОЯТКЕЧИРИЛМАЙДИ 

 “Биз жамиятда вужудга келадиган ҳамма принциплар, қарашлар ва идеалларни ҳаёт олдида мутлоқ хайрихоҳлик ахлоқи асосида, ўта синчиклаб ўлчамлашимиз лозим. Биз фақат   инсонпарварликка монандларини қўллашимиз даркор… Ҳуқуқнинг заминини инсонпарварлик ташкил қилади”. Альберт Швейцер

Расмдаги улуғ инсонпарвар Шоаҳмад Шомуҳамедов ва Баҳри Акромова оиласига пойтахт Тошкентнинг Халқлар дўстлиги майдонига ўрнатилган ҳайкал – дунё тарихидаги энг кўп қон тўкилган, кимдир  Иккинчи Жаҳон, кимдир Улуғ Ватан уруши деб эътироф этишидан қатъий назар, ўша давр, замонамиз ва келажак авлодлар учун, ўзбек миллатининг беқиёс, улкан инсонпарварлиги,  олийжаноблиги, саҳийлиги, раҳимдиллигининг рамзи бўлиб қолиши ақли расо ва элпарварларга шак – шубҳасиздир. Фожиавий даврда миллат амалиёти ва руҳининг инсонпарварлик чўққиларида тура   олиши, ҳаёт олдида мутлоқ хайрихоҳлик ахлоқининг тарихий мужассамидир.  Келажакда золим И. Каримовнинг Ўзбекистон Конституциясининг муқаддимасидаги “инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлат барпо этишни кўзлаб” фаолият олиб бориш кўрсатмасига, миллат истагига, ғурурига туфлаб берган буйруғи билан ҳайкални шаҳар четига чиқариб ташлангани, у “даб” бўлгач ёки “даб” қилингач эса, шаҳар ичига, илгари ҳайкал турган майдонга эмас, унинг яқинидаги истироҳат боғига, янги президент Ш. Мирзиёев тарафидан кўчиртирилишининг ҳақиқий сабаблари, маънавий, тарихий моҳияти муфассал ва расман очиқланади. Шоаҳмад Шомуҳамедов ва Баҳри Акромова оиласига қўйилган ҳайкал жойига қайтарилиши ва майдоннинг Халқлар дўстлиги номи, ўз тарихий масканида тикланиши,  ўзбекнинг ўзлигини, қадрини англаши, ғурурини тикланиши, инсонпарварликка садоқатини забардас нишонаси бўлур.**

АҚШда ва унинг ташқарисида, бу ўлкани улуғ яратувчи, ҳуррият, ҳуқуқийлик, илғорлик тарқатувчи, кўп юртлар муҳожирларини, қочқинларини қабул қилган, бошини силаган, инсонпарвар, олижаноб маскан деб билувчилар, самимий эҳтиромлаган, чин дилдан фуқаролик,  дўстлик ила иззатлаган, суйган инсонлар жуда кўп. Улар америка  миллатининг ва умуман дунё халқларининг озодлик, адолат ва фаровонлик сари ривожини АҚШ бошчилиги, устинлиги, таъсири, кўмаги заминига таянганини билишади ва умумжаҳон барқарорлиги унинг рўли сақланиши билан боғлиқлигига ишонишади. АҚШга нисбатан мўътадил, ўртача муносабатда бўлганлар ҳам талайгина. Ишончсизлар нима дейишларидан қатъий назар, АҚШнинг дунёдаги раҳбарлиги ва устиворлиги қай тарзда бўлмасин, зулимга таянган диктатор, авторитар тузумларни у ёки бу тарзда кучсизланиши, емирилишига хизмат қилади. [Қаранг: З. Бжезинский. Выбор: мировое господство или глобальное лидерство. М., 2005, с. 175-285; А. Маннапов. Великий президент. О некоторых штрихах исторической роли Франклина Рузвельта. https://turonzamin.org/2016/07/03/af-5/] Лекин бу нуқтаи назарларга қаршилар, ғайриамерика амалиётини соҳиблари АҚШнинг ичида ҳам топилади, хорижда эса  анча – мунча бор. Бу салбий муносабатнинг энг кескин ва жирканч кўриниши бўлмиш радикализм, экстремизм, терроризмни АҚШда, бошқа демократик мамлакатларда*** турли кўринишда намоён бўлиши жуда ачинарли хол, лекин ҳаётий реалликдир. [Қаранг: Терроризм. https://ru.wikipedia.org/wiki/Терроризм] Ўтган ўттиз беш кун, 1 октябрь – 5 ноябрь 2017 йил ичида амалга ошган уч   оммавий қирғин Америка ва дунё аҳлини изтиробга солди, ҳанг – манг қилди ва агрессив равишда бошқалар ҳаётига тажаввус қилишни – терроризмни тўҳтатиш муаммосини ҳукумат, жамоатчилик, экспертлар, миршаблар, хавфсизлик ходимлари ва мутахассислари олдига янада кескинроқ қўйди.

АҚШнинг оммавий туризм марказларидан бири бўлмиш Невада штатини Лас – Вегас шаҳри чекасида, 1 октябрь куни, йигирма мингдан зиёд тамошабин кўраётган халқ қўшиқлари (popular country songs) фестивали концертига қараб, Мандалай – Бэй меҳмонхонасининг 32 қаватидаги хонадан, тезкор автомат – милтиғдан,  Стивен Паддок исмли, 64 ёшли, онаси билан биргаликда бир-неча уй эгаси, уларни ижарага бериб пул топувчи ва шаҳар казиноларида покер ўйинини қартабози, нафақага чиқишгача ҳисобчи бўлиб ишланган, фуқаро тарафидан аёвсиз ўққа тутилган. Миршаблар ва Федерал тавтишлар бюросининг маълумотларига кўра, у 59 кишининг ўлдирган ва 527 инсоннинг яродор қилган, оммавий қотилликнинг даҳшатли кўринишидир. У сўнгра ўзини отган. Чамаси хозиргачан терговчилар бу даҳшатли қирғинни сабаби, мотиви ҳақида бирон аниқ хулосага келганлари йўқ, буни уларнинг матбуотда очиқ маълумот тарқатмагани кўрсатмоқда. Стивен Паддокнинг укаси ва норасмий хотинининг (gril friend) айтишларича, у ўзига тўқ ва пулдор шахс бўлган. Стивен Паддокнинг меҳмонхонадаги уйидан 23 қурол – яроғ ва номаълум электрон ускина, уйидан эса 20 қурол – яроғ топилгани, баъзиларда қурол сотиб олиш “енгиллиги” тўғрими саволини туғдирмоқда. [Қаранг: Массовое убийство в Лас-Вегасе. Что нам известно http://www.bbc.com/russian/news-41466241] Мутахассислар, тадқиқотчилар ўртасида  радикализм, экстремизм, терроризмнинг тушиниш ва таърифлаш турлича, лекин уларнинг асосида агрессивлик – тажовузкорлик, деструктивность – бузғунчилик ётишини ҳеч ким инкор этмайди. Бу борада Эрих Фроммнинг “Инсон бузғунчилигининг анатомияси” китоби инсонларни оммавий ўлдириш, қириш ходисаларининг моҳиятини шахснинг руҳи, характери, ҳаёти, иродаси, кечирмалари, мақсадларини таҳлил қилиш заминида идрок этишга ёрдам беради. [Э. Фромм. Анатомия человеческой деструктивности. М.: Республика, 1994]

31 октябрь куни Нью-Йоркда иккинчи қонли амалиёт содир бўлди. Сайфулло Соипов, АҚШга 2010 йил грин карта лотереясида ютиб келган, 29 ёшли ўзбекистонлик муҳожир, кундуз 15:00 дан бир-оз ўтгач ижарага олинган юк машинасида Ғарбий – Хаустон кўчасида велосипедчилар ва пиёдалар йўл бўлмига ҳужум юришини амалга ошириб, 8 кишини босиб ўлдирган ва 11 инсонни турли даражада ярадор қилган. Бошқараётган машинаси мактаб ўқувчилари автобусига урилиб, икки бола ва икки катта ёшли кишини жароҳатлагандан сўнг тўҳтаган ва у қочиб кетмоқчи бўлганда, миршаблар томонидан яраланган ва қўлга олинган. Миршабларга у шунчалик таслим бўлмаган, исломий давлат террорчиларининг шиорларини хитоб қилган. АҚШга келгунча у Тошкентдаги “Саёҳат” меҳмонхонасида ҳисобчи бўлиб ишлаган, маълумотли – Ҳунар – касб коллежи ва Молия институтини тугатган. Бу қонли тажоуз Хэллоуин байрам куни амалга ошган. [Полиция о нью-йоркском теракте: нападавший действовал во имя ИГ https://www.golos-ameriki.ru/a/new-york-terror/4095318.html] У йўл ҳаракат қоидасини бузганлиги жаримасини тўламагалиги учун, бир марта миршаблар тарафидан ушланган.  Унинг ота – онаси анъанавий ислом қарашдаги кишилар. АҚШга келгандан бери уларни зиёрат қилмаган. Доимий яшаш жойи Нью-Джерси штатининг Патерсон шаҳарчасида, Нью-Йоркдан 32 километр узоқликда жойлашган ерда бўлган. Қўшнилар у ҳақда мўътадил фикрларни айтишган. Аммо саволлар туғилади, қандай қилиб, у исломий давлат террорчиларининг таъсирига тушиб қолган? Қандай қилиб, инсонларни ўлдириш – террористик жиноятни виждонан оқлаб, руҳан, иродавий қабул қилиб, амалга оширди? “Бузғунчиликнинг ўткир йўсинда кишида намоён бўлишини маълум маънода, доимий нафрат гирдобида яшовчининг ҳулқи билан  таққослаш жоиз”. [Э. Фромм. Анатомия человеческой деструктивности. М.: Республика, 1994, с. 241]

Ижтимоий тармоқларда Сайфулло Соиповнинг террорчилиги, жиҳодчилик хитоблари борасида асосан икки хил йўналишда  мулоҳазалар ўртага ташланмоқда. Биринчиси, у каримовнинг зўравонлик, коррупция, ёлғон, кўзбўямачилик устивор шароитида  тарбияланган, шакилланган ва ўзини динга урган. АҚШга у 22 ёшда келган, шароитга мослашиши енгил бўлмаган ва ислом давлати халқаро террористик ташкилот таъсирига тушиб қолган. Иккинчиси, Ўзбекистонни ҳалигачан ўз исканжасида, ҳамма соҳаларни, ҳар бир фуқарони назоратда ушлаган МХХ, унинг раҳбар ва ходимлари ўз бойлигани ва чексиз ҳокимиятини йўқотмаслик учун, президент Ш. Мирзиёевнинг ислоҳларга уринишидан қўрқиб, у сайлангандан кейин тўрт мамлакатда – Швеция, Туркия, Россия ва ниҳоят АҚШда С. Соиповни ишга солиб, маҳсус дорилардан фойдаланиб террористик амалиётни ташкил этишганлиги борасидаги фараз. [Қаранг: А. Таксанов. Террор в Нью-Йорке… узбекский след. https://www.proza.ru/diary/alisher1966/2017-11-05] Қандай қилиб янги террорчилар пайдо бўлишининг йўлини тўсиш мумкин, саволига жавоблар эса турлича. Баъзилар Ўзбекистонда диний дарсларни мактабга киритиш керак, деса, бошқалар, мамлакат Конституцияга кўра дунёвий эканлигига Ш. Мирзиёев кўз юмиб, БМТ Бош Ассамблеяси олий минбардан “ислом муқаддас” деган хитоби, Тошкентда Интернет, техника, илм, бизнес ўрганиш Маркази эмас, ислом тараққиёти Марказини, эски шаҳар аҳолисини уйларини бузиш, оилаларни чирқиллатиш, оғир аҳволга солиш ҳисобига қуриш лойиҳаси ноқонуний, ўта зарарли, исломга муккалаб кетганларни – террорчиларни яна пайдо бўлишига хизмат қилади, демоқда. Ачинарли ҳолат, Ш. Мирзиёев,  эски  каримовчи, ислоҳ дегани ниқоб, аслида ўзбек миллатини исломдан, МХХдан фойдаланиб, яна ёлғон ва қўрқув исканжасида, ўрта аср қуллиги даражасида тутмоқчи, ўзи  Ирригация Институтининг комсорги, парткомлигидан ўсканлигини эслаш, бу иддаони ҳақлигини кўрсатади, деганларнинг пайдо бўлганидир.  Аммо Ўзбекистон дунёвий давлат эканини президент ва бошқа раҳбарларнинг унитиш ҳоллари урчиётгани  асосий қонуннинг 31 моддасини эслаш жоизлигин кўрсатади: “Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди”. Конституцияни эсламаслик, иккиюзламачилик – бир ёқдан, исломни “муқаддас” деб мақташ, иккинчи томондан, ким ҳақиқатни, камчиликни айтса, ёзса, уни қамаш, уй эгаларидан уларни хусусий мулклари – турар жойларини, бозор нарҳида сотиб олмасдан, бузиш режасини тузиш, бузиш эса, меросий ёлғон, зўравонлик шароитини ҳалигача сақланаётганидир. “Инсон шахсининг чуқут инқирозини “ёлғонда яшаш”,  шу ҳаёт бунёдкори сифатида келтиради, бу сўзсиз,  ўзининг аҳлоқий натижаларига эга: улар бошқа қатор нарсалардан истисно,  жамиятнинг чуқур маънавий инқирозини юзага келтиради”. [В. Гавел. Сила бессильных. Раздел 9 http://royallib.com/read/gavel_vatslav/sila_bessilnih.html#20480] Республика расмийлари  ўзини оқлашга уриниб Сайфулло Соипов АҚШда жиҳодчи, террорчиларга қўшилган, бунга биз даҳлсизмиз демоқда, ҳақиқатда эса, у худди  Вацлав Гавел айтгандек, Ўзбекистондаги, минг афсус, давом этаётган “ёлғонда яшаш”, маънавий инқироз маҳсулидир.

АҚШ, ривожланган мамлакатлар ва умуман дунё бўйлаб амалга оширилаётган террористик жиноятларнинг кўпчилигини мусулмонлар, жиҳодчилик шиорлари асосида қилаётганидан виждонли кишилар, соғлом ақл соҳиблари кўз юма олмайди.  Терроризмнинг ҳар қандай кўринишини қораловчи ва инкор қилувчи тинч мусулмонлар, хозирги оғир шароитда жим туришга, пешанамиз белгилайди деб, ўзларини четга олишга ҳақсизлар. “Хуллас, бугун мусулмоннинг тақдири ва келажаги мусулмоннинг қўлида! Ҳар бир мусулмон, ҳар бир диндор ишидчиларга “Жиҳодингга лаънат!” деб ҳайқирмас экан, унинг дастакчиси деган тамғани олиши ҳеч гап эмас”. [Ж. Маматов. Жиҳодингга лаънат! https://turonzamin.org/2015/12/08/munosabat-103/] Бу жуда муҳим хитоб, чақириқни тушинтириш, тарғиб қилиш мусулмонлар билан бирга дунёвий қарашдаги – атеист, агностик миллатдошларимиз учун ҳам ҳаётий, кундалик заруратга айланиши, янги радикалларни, экстремистларни, террористларни пайдо бўлишига маълум тўғон бўлиши мумкин. Террорчиликни йўқ қилиш учун, аввало уни ҳар қандай қўллаш ва ресурслардан маҳрум  қилиш зарур. [Қаранг: С. Ковалев. Методы борьбы с терроризмом. http://echo.msk.ru/programs/magazine/754305-echo/#element-text А. Маннапов. Мысли вслух: нет альтернативы осознания роли узбеков в Туркестане, мире, значения коренных реформ и реальной демократии. https://turonzamin.org/2017/10/26/абдуфаттах-маннапов-2/#more-24817]  Ғоявий ақлли курашчангликни ёшлар, жамоалардаги янги кишиларга йўналтириш, АҚШ, Ғарб мамлакатларининг камбағал ўлкаларга кўрсатаётган улкан ёрдамини мисоллар билан тушинтириш, ҳуқуқийлик, Конституция, қонунлар устиворлиги, америкаликлар ва озод мамлакатлар аҳли руҳига, маданиятига сингиганини билдириш, уларда маъсулиятни оширишга хизмат қилиши шак – шубҳасиздир. “Ҳаётни сақлаш ва бахтга интилиш – бу икки алоҳида нарса эмас, балки бир мақсаднинг икки тарафидир. Биз ўз ҳаётимизни энг олий қийматга эга, ўз бахтимизни эса энг олий мақсад деб билишимиз даркор”. [Айн Рэнд. Апология капитализма. В разделе: Объективистская этика. https://royallib.com/book/rend_ayn/apologiya_kapitalizma.html] “Ҳаётни сақлаш ва бахтга интилиш” жаҳон бўйлаб пардек сочилиб кетган ўзбеклар учун алоҳида аҳамиятга молик. Уларга демократия, плюрализм, ҳуқуқийлик, инсон ҳуқуқларини устиворлиги, дунёвийлик, давлат билан диннинг айримлиги, ҳақиқат йўлини Америка овози, Озодлик, Би – Би – Си радиолари тушинтириши, терроризм, экстремизм, радикализмнинг қонли ботқоғига ботмасликдан элдошларимизни сақланишига ёрдам бериши керак. Бунинг учун бу радиолар тутамаслиги, аксинча ғарб қадриятларини ёниб, фаоллик билан ақлли равишда нурлантириши, тарқатиши лозим.

5 ноябрь ерли соат билан 11.30 Техас штатининг Сазерленд-Спринг шаҳарчасидаги (Сан-Антонионинг жанубий-шарқида, 50 км масофада жойлашган) баптистлар черковига ярим автомат ҳужим-милтиқ билан қуролланган, қора кийим, бронежилет кийган, 26 ёшли  Дэвид Патрик Келли кириб, ибодат қилаётганларни аёвсиз ўққа тутган. Натижада 27 киши ўлдирилган ва 20 киши яродор бўлган. Ўлдирилганлар 5 ёшдан 72 ёшгачан бўлган инсонлар эканлиги айтилмоқда. Дэвид Келли 2010 йилдан 2012 йилгачан Нью-Мексика штатининг “Холломэн” ҳарбий авиобазасида хизмат қилган. Лекин 2012 йил унга қарши хотинини дўппослагани ва ўгай фарзандини ургани борасида трибунал жиноий иш қўзғаб, уни 12 ой қамоқ жазосига ҳукм қилган. 2014 йил у ҳарбий унвонлардан маҳрум қилинган ва ҳарбий хизматдан бўшатилган. АҚШ федерал қонунларига кўра ҳарбий хизматдан салбий сабабларга кўра бўшатилган кишиларга, у эгалик қилган ярим автомат ҳужим-милтиқ сотилмаслиги керак эди. Лекин у Сан-Антонио  шаҳрида 2016 йил шу милтиқни ёлғон манзил кўрсатиб ва маҳкама қилинган ёки қилинмаганлиги ҳақидаги саволга эса, йўқ деб, нотўғри жавоб бериб сотиб олган. Черковда оммавий қирғин ўтказиб, қочиб кетмақчи бўлиб машинасига ўтирганда, шу ерга етиб келган қуролли фуқаролардан бири тарафидан отиб ўлдирилган. [Қаранг: Стрельба в церкви Техаса: не менее 26 погибших, нападавший мертв http://www.bbc.com/russian/news-41880630] Худди Стивен Паддокнинг Лас-Вегасдаги қирғини каби, Дэвид Келлининг қотиллигини аниқ мотивлари ноаниқ қолмоқда. Синчиклаб ўрганиш, тергов амалиётини ўтказиш жараёнида сабаблар, мотивлар очиқланиши мумкин. Шу билан бирга иккала қотилда психопатик – руҳий нобарқарорлик хислатлар борлиги борасида гапирилмоқда.

Сўнги пайт Россияда ғайриамерика (антиамериканизм) қарашларини янада кўп урчиб кетганини, ҳалигачан совет империясининг емирилиши борасида “тимсоқ кўз ёшларини тўкувчи” ёзувчи ва сиёсатчи Эдуард Лимонов, қария Стивен Паддок ва ёш Дэвид Келлининг оммавий қотиллигини, тизим сифатида намоён бўлувчи америкаликларнинг “Ватанга бўлган нафрати” билан изоҳлашга уриниши яққол кўрсатади. [Э. Лимонов. Ненависть к Отчизне. http://svpressa.ru/world/article/185517/] У ўзининг беш йилдан зиёд АҚШда яшаганини, шунинг учун бу ўлкани билишини рўкач қилади. Лекин у Россия борган сари реал демократия, ҳуқуқийлик, инсон ҳуқуқларига ҳурмат, парламентаризм, ҳокимиятни қонуний алмашишини, оддий инсон – фуқаро ҳокимият манбаи эканлиги, мухолифат фаолиятини у ёки бу шаклда чил – парчин этган Туркистон республикаларига – Ўзбекистон, Қозоғистон, Туркманистон, Тожикистон, Қирғизистонга етиб олишига оз қолганини эсламайди. [Қаранг: А. Маннапов. За людей, у которқх топчут человеческие права. К 90-летию Людмилы Алексеевой – известного правозащитника, общественного деятеля, публициста. https://turonzamin.org/2017/07/20/na/#more-24708] АҚШда, умуман озод дунё мамлакатларида инсонлар ҳаёти ижтимоий, сиёсий, иқтисодий, технологик, маънавий, молиявий, шахсий мураккабликларнинг бир – бирига чатишиб, сингиб кетганлиги, улар ечимини танлов имконияти маълум ривож даражаси, ўз – ўзини ташкиллаштириш зарурати билан боғлиқлигида номоён бўлади. Жуда муҳим жиҳат, ҳар бир фуқарога, инсонга ишонч, турли – туман имкониятлар (land of opportunity) танловининг реал ҳуқуқийлиги, ранг – баранг ҳаётийлигида кўринади. Дунё тарихидаги инсонпарварлик йўлчи юлдузларидан, улкан ва бебаҳо шифокор, файласуф, мусиқашунос, органист, тинчлик жарчисининг фикрини яна бир бор ёдга олайлик: “Биз жамиятда вужудга  келадиган ҳамма принциплар, қарашлар ва идеалларни ҳаёт олдида мутлоқ хайрихоҳлик ахлоқи асосида, ўта синчиклаб ўлчамлашимиз лозим. Биз фақат   инсонпарварликка монандларини қўллашимиз даркор… Ҳуқуқнинг заминини инсонпарварлик ташкил қилади”.

 Абдуфаттоҳ Маннопов   28. 11. 2017

Изоҳлар:

*Эпиграф: Альберт Швейцер. Культура и этика. М.: Прогресс, 1973, стр. 326

** Бу И. Каримовнинг ўзбекларга нисбатан нафрати, кўра олмаслигининг ва бизнинг тилимизни яхши билмаслиги оқибатида, икки марказий, бир – бирига яқин майдон, бир хил маънони билдирувчи Истиқлол ва Мустақиллик номи билан ҳато юритилишига чек қўйиш бўларди. [Қаранг: Ўзбек тилининг исоҳли луғоти. 1 – том. М., 1981, 338, 483 – 484 бетлар] Наҳотки шуни Ш. Мирзиёевга ёнидаги маслаҳатчилари тушинтирмаса? Президент атрофида миллатпарварлар, ҳақиқатпарварлар борми?

*** АҚШ ва бошқа демократик мамлакатларда ҳақиқатда радикализм, экстремизм, терроризм амалиётлари кузатилади. Аммо кўп пайт диктаторлик, зулимкор давлатларида, диктатор ё унинг кўппаклари ўз жиноятларини яшириш, хаспўстлаш учун, халқни қўрқув исканжасида ушлаш истагида соҳта террор, экстремистик, радикал бузғунчилик, тажавускорликни уйиштиришларининг анча –  мунча фактлари жаҳон жамоатчилигига маълум. Россия, Ўзбекистон, Тоджикистон, Туркманистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Туркия, Зимбабве, Миср, Филлипин, Бирма ва шуларга ўхшаш мамлакатларда.

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Uzbek. Bookmark the permalink.